Мақолалар

Мусо алайҳиссаломнинг илм ўрганишдаги одоблари

Илм олиш одоби ва унинг таълими ҳақида гап кетганда Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ тафсирларида келтирган гапларини ташлаб кетишга ҳеч кўнглим бўлмайди. Мазкур тафсирда Каҳф сурасида баён қилинган Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссаломга нисбатан одобларини  (пайғамбаримизга ҳам энг афзал салавот ва саломлар бўлсин) қуйидагича ҳикоя қилиб келтирган:

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

«Мусо унга: «Сизга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?» деди» (Каҳф сураси, 66-оят).

“Ушбу оят Мусо алайҳиссаломнинг таълим олишга киришган вақтларида кўплаб одобларга риоя қилганларига далолат қилади:

Биринчи одоб.  Мусо алайҳиссалом “сизга эргашсам майлими?” деб, ўзларини Хизр алайҳиссаломга тобе қилганлар; 

Иккинчи одоб.   Ушбу тобеликни қарор топтириш учун: сизга тобе бўлишимга изн берасизми? деб рухсат сўраганлар. Бу эса тавозенинг юқори чўққисидир;

Учинчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун” деб ўзларининг билмасликларини ҳамда Хизр алайҳиссаломнинг илмда устоз эканларини ифодалаганлар;

Тўртинчи одоб. У зот “Сизга ўргатилган рушддан” деб, Хизр алайҳиссаломга берилган илмдан бир қисмини ўргатишга ишора қилганлар. Бу ҳам тавозе кўрсатиш ҳисобланади. Гўё зот гўё: “Сиздан мени илмда ўзингизга тенг қилишни  эмас, балки сизга ато этилган илмдан бир озини менга ҳам ўргатишингизни сўрайман” деганлар. Яъни у зот худди камбағалнинг бойдан озгина мол сўраши оҳангида сўраганлар; 

Бешинчи одоб. Мусо алайҳиссалом яна “Сизга ўргатилган” деб, устозига Аллоҳ таоло илм берганини эътироф этганлар;

Олтинчи одоб. У зот яна “рушддан” (рушди-ҳидоятдан) деб, устоздан иршод қилишни (яъни тўғри йўлга йўллашни) сўраганлар. Зеро, устоз иршоди бўлмаса, илмда туғёнга кетиш ва адашиш юзага келади;

Еттинчи одоб. У зотга “рушддан менга ҳам ўргатмоғингиз учун” деган сўзлари Аллоҳ таоло сизни тўғри йўлга йўллаб қўйган ва ўша тўғри йўлга мени ҳам эргаштиришингиз учун маъносида гапирганлар. Бундай дейишлари сизнинг менга ушбу таълим борасидаги инъомингиз худди хўжайиннинг  ўз қулига таълим беришидаги инъомига ўхшашдир, деган маънога далолат қилади. Зеро, “Мен ундан бир ҳарф ўрганган инсоннинг қулиман” деган  деган ибора ҳам шу маънога яқиндир;

Саккизинчи одоб. Эргашиш деганда эргашилган кишининг иш-ҳаракатларини у қилгани учун айнан такрорлаш тушунилади.  Аммо ушбу маънога кўра  бизнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейишимиз, шу калималарни биздан олдин айтиб ўтган яҳудийларга эргашиш ҳисобланмайди. Чунки биз бу калимани улар айтганлари учун уларга эргашиш маъносида айтмаймиз. Балки уларни айтишимизни вожиб қилган бошқа далил сабабли айтамиз. Лекин беш маҳал намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам феълларига мувофиқ бажаришимиз у зотга эргашиш ҳисобланади.  Чунки биз мазкур амалларни у зот бажарганлари (ва бажаришга буюрганлари) учун бажарамиз. Шунга кўра ушбу намозларни адо этишда у зот алайҳиссаломнинг феълларига эргашувчи бўламиз.  Ушбу сўзлардан келиб чиқиб айтамизки, Мусо алайҳиссаломнинг “сизга эргашсам майлими?” деган сўзлари у зотнинг устоз бажаргандек бажаришга изн сўраганларига далолат қилади. Яъни мазкур феълларни ўша устоз бажаргани учун худди ўшандай бажариш лозимлигига далолат қилади. Бу эса шогирд аввал бошдан устоз билан тортишиш ва эътироз билдиришдан сақланиб, унга тўлиқ таслим бўлиши лозимлигини англатади.

Тўққизинчи одоб. У зотнинг “сизга эргашсам” деган сўзлари бирор ишни хосламасдан, барча ишларда мутлақ эргашишни талаб қилганларига далолат қилади. (Яъни у зот сизга фалон ишда эргашсам майлими деб қайдламасдан умум қилиб “эргашсам майлими”, деганлар);

Ўнинчи одоб. Дарҳақиқат Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг мақомларини билганлар. Яъни у зотнинг  Бани Исроилга пайғамбар этиб юборилганини, Таврот соҳиби эканини, Аллоҳ таоло у зот билан бевосита гаплашганини ва бошқа кўплаб улуғ мўжизалар билан хосланган пайғамбар эканларидан Хизр алайҳиссалом хабардор бўлганлар. Бундай улкан мартабалар ва олий даражалар соҳиби бўлган Мусо алайҳиссалом илм олишга ана шундай ўта ҳокисорлик ва ниҳоятта тавозе билан келганлар.  Ҳа, албатта бу иш у зотга муносибдир. Чунки киши қанчалик кўп илм эгаллаган бўлса, илмдаги бахту саодатдан шунчалик кўп хабардор бўлади ва шу сабабли илмга шунчалик кўп интиладиган, илм аҳлини шунчалик кўп улуғлайдиган бўлади.     

Ўн биринчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?” дейишлари билан дастлаб эргашишни, кейин эса таълим беришини сўраганлар. Бу эса илмни аввал устозга хизмат қилишдан бошлаш кераклигини кейин ундан илм талаб қилиш мақомига кўтарилишни англатади;

Ўн иккинчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?” деганлар. Ушбу эргашишга таълим олишдан ўзга бирор нарсани аралаштирмаганлар. Гўё у зот: “Сизга ушбу эргашишимдан мол-дунё ҳам, обрў ҳам кўзлаганим йўқ. Менинг илм олишдан бўлак дардим йўқ” деганлар”.

(Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг “Одобул ихтилоф” асаридан таржима).

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари-ю саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

8292 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top