Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн: Олий таълимда қизлар учун қўшимча имтиёзлар берилади

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси 700 нафар зиёли олимлар, профессорлар ва тадқиқотчилар давлат гранти ҳисобидан хорижга малака ошириш учун юборилади. Бу кейинчалик икки баробарга оширилади. Бу ҳақда Президент ўз нутқида маълум қилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномада бугунги кундаги энг долзарб масалаларга тўхталяпти. Хусусан, таълим соҳаси ҳақида гапираркан, Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини қайд этди.
Республикамизда 348 та таянч мактаби белгиланиши, 6000 дан зиёд ўқитувчининг халқаро миқёсда малака ошириши таъминланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда 340 та касб-ҳунар мактаблари, 200 дан ортиқ ихтисослашган умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши тизимни ривожлантиришга бевосита хизмат қилади.
Президент олий таълим тизимида ҳам келажакда катта ўзгаришлар рўй беришини айтиб ўтди. Мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш 2020 йилда 25 фоизга, яқин келажакда эса 50-60 фоизга оширилади.
Энг муҳими, олий таълимга қамраб олиш тўлов-контракт масаласига боғлиқ бўлиб қолиши керак эмас, дея алоҳида таъкидлади Президентимиз. Бунинг учун грант асосида олий таълим олиш кўрсаткичи икки баравар ошади. Қизлар учун эса алоҳида қўшимча имтиёзлар яратилади. Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари олқишлар билан кутиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1895 марта ўқилди

Янгиликлар

Top