Ўзбекистон янгиликлари

Жаҳолатга қарши маърифат – шиоримиз

Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатларида мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишлари, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган долзарб масалалар ўз аксини топган.

Жумладан, давлатимиз Раҳбари: “Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”, - дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний қадриятларни эъзозлаш, исломнинг чинакам тараққиёт, илм-маърифат дини эканини халқимиз, айниқса, эртанги кунимиз бўлган ёшларимизга етказиб беришга қаратилган тизимли, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ислом дини инсониятни эзгуликка бошлайди. Ҳақиқий мусулмон, ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, ўзгаларга озор бермайдиган, ўзидан яхшилик, илм-маърифат, ҳидоят таратадиган инсондир. Мазкур ҳақиқат бугун бутун дунё ҳамжамияти англаши, бағрикенглик ва аҳилликни ҳаётий мезон сифатида қабул қилиши лозим бўлган долзарб масала ҳисобланади.

Маърифат ва жаҳолат бир-бирини инкор этадиган тушунчалар бўлиб, қаердаки маърифат бўлса, ўша ерда нур бўлади, яхшилик уруғлари куртак очади, одамлар бахтиёр ва фаровон ҳаёт кечиради. Аксинча, жаҳолат бор жойда маърифат заифлашган, меҳр-оқибат чекинган бўлади. Ўша ердан қут-барака, файз кўтарилади.

Мурожаатда ушбу йилда улуғ мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Айниқса, муҳаддислар султони Имом Бухорий, ақида илми алломаси Абу Мансур Мотуридий, улуғ мутасаввиф Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ халқаро миқёсдаги тадбирларнинг ўтказилиши ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бахш этди. Айниқса, ният ҳақида келтирилган ҳадис маъно-моҳиятига кўра ҳар бир амалимизни эзгу ният ва холислик билан бошлашга даъват этади. Ҳақиқатда, ниятни холис қилсак, яхши, эзгу ниятларни қилсак, натижаси ҳам шунга яраша бўлади.

Нуриддин Холиқназаров,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

2159 марта ўқилди

Янгиликлар

Top