Мақолалар

Жарроҳлик амалиёти билан ошқозонни кичрайтириш

Cавол: Бир танишим жуда ҳам семириб, семизлик уни соғлиғига зарар бераётган экан. Бир ишончли шифокор ошқозоннинг бир қисмини кесиб ташлаш керак, дебди. Амалиётдан яхши чиқишига кафолат билан амалга оширилар экан. Шу мақсадда бундай амалиёт ўтказиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Саволда сўралган ушбу жарроҳлик амалиётида рухсат берилган ва рухсат берилмаган ҳолатлар бор. Чирой, кўркамлик учун бўлса, жоиз эмас. Чунки бу ишлар зарурат ҳисобланмайди. Танадаги айб-нуқсонни тўғрилаш мақсадида бўлса, жоиз бўлади. Чунки бу ҳолат заруратга айланади.

Замонамизнинг кўзга кўринган уламолари ошқозонни кичрайтириш амалиётини бир қанча шартлар билан рухсат берганлар:

  1. Бу шунчаки озиш ёки тананинг шаклини чиройли қилиш учун бўлмаслиги керак.
  2. Бу амалиёт натижасида бошқа касалликка дучор бўлмаслиги керак.
  3. Семизликни йўқотишнинг мазкур амалиётдан бошқа йўли бўлмаслиги керак.
  4. Аврат масаласига риоя қилиш керак.

Уламолар мазкур фатволарига фиқҳий манбаларда келган қуйидаги ибораларни асос қилиб келиб келтирадилар:

“Бирор аъзога тушган қорасон касаллиги бошқа аъзоларга тарқаб кетмаслик учун шу аъзони кесиб ташлашда гуноҳ йўқ. Қорасон касаллиги теккан қўлни кесишда, қориннинг ичини даволаш мақсадида қоринни ёришда гуноҳ йўқ” (“Фатавои Оламгирия” китоби).

“Ортиқча ёғли шиши бор инсон шу шишни олиб ташламоқчи. Агар бундай муолажалар аксар ҳолатда ҳалок бўлиш билан тугаса, жоиз эмас. Агар ундай бўлмаса, яъни аксар ҳолатда муваффақиятли ўтса, зарари йўқ. “Хизонатул муфтийн” да шундай келган” (“Фатавои Оламгирия” китоби).

“Ортиқча аъзони кесиб ташлаш каби ишлар Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартиришга кирмайди. Балки у айб ёки беморликни йўқотиш қабилидан ҳисобланади” (“Фатҳул мулҳим” китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1084 times
Tagged under

Мақолалар

Top