Мақолалар

Ой Аллоҳнинг мўжизаси: самога боқинг!

Еру-осмонларни яратиб сайёраларни аниқ йўналишларга солиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Севикли Пайғамбаримизга саловоту саломлар ёғилаверсин. Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилиб бундай деган: “У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг (ойнинг) манзилларини ўлчовли қилган зотдир…”. Юнус сураси, 5-оят. Дарҳақиқат, ой ернинг табиий йўлдоши бўлиб ер атрофида аниқ ўлчов ила ҳаракатланади: “Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ясин сураси, 39-оят). Ойни кузатувчи киши ойнинг ҳар куни ўз ўрнини ўзгартираётганини билиб олади. Лекин, ойнинг қанчалик даражада аниқ ўлчов билан ҳаракатланишини ҳамма ҳам билавермайди. “бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз” сўзидан Аллоҳ таолонинг буюк қудрати намоён бўлмоқда. Ой ҳақида мусулмон ва бошқа фалакшунос олимлари жуда кўп изланишлар олиб боришган ва қимматли маълумотларни мерос қолдиришган.

Йигирманчи асрга келиб космосни забт этган фазогирлар ва астрономия фанининг фидоийлари аввалги маълумотларга қўшимча равишда ақл бовар қилмас кашфиётларни инсониятга тақдим қилишди. Аниқроғи, Аллоҳ таоло бундан 15 аср олдин нозил қилган оятларида айтилган ҳақиқатларни исботладилар. Маълум бўлишича, энг замонавий лазерли ускуналар билан ўлчанганда ой билан ернинг ўртасидаги ўртача масофа 384 467 км эканлиги аниқ бўлди. Бунда бор йўғи бир неча сантиметр хатолик бўлиши мумкин. “Бир неча манзилга белгилаб қўйганмиз”, оятидаги ҳақиқатни юзага чиқариш учун илмий кузатувлар натижаси шуни кўрсатадики, ой фазода бир секундда ўртача 1км, бир соатда 3600 км тезликда сузади. Шу тариқа бир ой мобайнида ой ўз орбитасида 2 414 000 кмга тенг жуда катта масофани босиб ўтади. Синодик ой 29 кун, 12 соат, 44 минутда ер сайёрасини тўлиқ бир айланиб чиқади. Ой ер атрофида эллипс кўринишда айланади. Баъзида ердан 406 000 кмгача узоқликка кетади (Апогей), баъзида ер юзига жуда яқин келади. Бунда ер билан ойнинг орасидаги масофа 357 000 кмни ташкил қилади (Перигей). Яна бир қизиқ жиҳати шулки, ойнинг ер юзига фақат бир тарафи кўринади. Бунинг сабаби шулки, ой ер орбитасини бир марта айланиб чиққанда ўз ўқи атрофида ҳам бор йўғи бир маротаба айланади. Ер сайёраси эса 23.5 градус ҳолатида қуёш атрофида бир йилда бир маротаба айланиб чиққанида ўз ўқи атрофида 364 маротаба айланади. Бу мураккаб жараён бўлиб ойнинг ер атрофида спирал кўринишда айланишига олиб келади. Бу ҳолат эса ойнинг бизга кўриниш ҳолатларининг турлича бўлишига ва турли ихтилофларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Лекин, диққат билан кузатиш натижасида вақтни унга қараб аниқ белгилаш имконияти бор. Ой ҳар куни 53 минут фарқ билан фазода 13 градус масофани босиб ўтади. Бунинг йиғиндиси ўлароқ тахминан 29,5 кунда ер орбитасини тўлиқ бир маротаба айланиб чиқади. Демак, ойнинг бундай аниқ ўлчов асосида ҳаракатланиши ер юзидаги инсонлар учун энг буюк неъматлар сарасига кирар экан. Аллоҳ таоло Қурьони каримда: “Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. “Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир”, деб айт…”. (Бақара сураси 189-оят).

Дарҳақиқат, мўмин мусулмонлар рамазон, ҳаж ва бошқа диний байрамлари ва ибодатларини ойни кузатиш билан белгилайдилар. Бугунги кунда деярли барча вақт бирликлари шамсий тақвим билан амалга оширилгани учун ой билан ҳисоб китоб қилишдан андак узоқлашгандекмиз. Ҳатто, баъзи диндошларимиздан ҳилол ҳақида сўрасангиз бу ҳақда бирон маълумотга эга эмасликлари маълум бўлади. Ваҳоланки, мусулмонлар қадимдан қамарий ҳижрий тақвим асосида йил ва ой ҳисобини юритишган. Бу эса ўз ўрнида ойни аниқ кузатиш ва шунга қараб вақт белгилашни тақазо этади. Аждодларимиз бундай масьулиятли ишни ҳайрон қоларлик даражада гўзал ва мукаммал ўзлаштиришган. Ойдан бир неча миллион баробар узоқликда жойлашган юлдузлар харитасини тузишиб қиблани қандай топиш, чўлу-биёбонларда адашмай тўғри йўл топиш сирларини аниқлаганлар.
Исломнинг беш рукнидан бири рамазон ойида бир ой рўза тутишдир. Рамазон ойи кириб келиши билан рўза тутишга салоҳиятли барча мусулмонлар рўза тутиб Аллоҳнинг ризолигини исташади, гуноҳларидан покланиб олишади. Рамазон ойида рўза тутиш вақтини аниқ билиш учун эса набавий кўрсатмага амал қилиб ойни кузатиш лозим бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ сав бундай дедилар: “Ойни кўриб рўза тутинглар, ойни кўриб рўзани очинглар. Агар ҳаво булутли бўлиб (ойни кузатиш имконияти бўлмай) қолса, Шаъбонни 30 кун қилиб мукаммал қилинглар”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган. Рўза китоби, 1909-ҳадис. Бу ҳадисда айтилган ҳукмнинг ижроси учун барча замонларда мусулмон кузатувчилар чуқур изланишлар олиб борганлар.

Ҳисоб китоблар қанчалик тўғри деб топилсада, юқоридаги ҳадисга доим амал қилинган, масьул кишилар томонидан мунтазам кузатув ишлари олиб борилган. Ҳатто, фақатгина ҳисоб билан кифояланишнинг кароҳиятли эканлиги барча фиқҳий китобларимизда зикр қилинган. Янги ойнинг биринчи кунини белгилашда мазҳаббошимиз имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилинади. Абу Ҳанифадан ушбу ривоят келтирилган: агар ой қуёшдан аввал ботиб кетса, бу кеча эски ойнинг охирги кечаси деб ҳисобланаверади. Яна ўша саҳифада “Мунтақо”дан ушбу ривоят келтирилади. Абу Ҳанифа айтади: агар ой қуёш олдида юриб қуёш унга эргашиб ботса, бу ўтган кеча деб ҳисобланади. Агар ой қуёш ортида қолиб қуёш ботиб кетгандан кейин ботса, демак бу янги ойнинг биринчи кечаси деб эътибор қилинади. “Ал Муҳийтул бурҳаний фий фиқҳин нўъманий” китоби, 378-бет. (Мактабатуш шомила). Бошқа масалаларда ҳам худди шунга ўхшаш амал қилинади. Ҳаж мавсумида Зулҳижжа ойининг 9-10 кунларини белгилашда ҳам мана шундай кузатув ишлари олиб борилади. Бу ой ҳақидаги баъзи маълумотлар эди. 

Манбалар асосида Зомин тумани «Боймоқли»жоме

масжиди имом-хатиби

 Лутфуллоҳ МИРЗАҚУЛОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6147 times

Мақолалар

Top