Мақолалар

«Арвоҳ капалак» борми?
Инсон табиати қизиқ. Баъзан кимдир бирор иш қилса, унга эргашишга уринамиз. Бу иш нотўғри эканини билсак-да, “Ҳамма қиляпти-ку, мен ҳам қилсам нима бўпти?!”, деган фикрга борамиз. Бунинг оқибатида муқаддас динимиз таълимотига зид турли қарашлар, фикр-мулоҳазалар, ҳатто нотўғри одатлар урфга айланиб боряпти. Шулардан бири марҳумларнинг арвоҳлари билан боғлиқ нотўғри тушунчалардир.
 
Бир одат анъанага айланиши учун жуда кўп вақт керак. Халқимизга хос, миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган, ҳатто қадрият даражасига кўтарилган гўзал анъаналаримиз бисёр. Лекин бугун, назаримда, бу анъаналардан кўра кўпроқ ботил тушунчалар ҳаётимизни эгаллаб олаётгандек.
 
Яқинда бир танишим, тўғрироғи, қўшним Олим Маматов арвоҳ капалак, шумланиш ҳақида сўраб қолди. Ушбу саволга батафсил жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон ИНОМОВга мурожаат қилдим.
 
САВОЛ: – Бундан беш йил аввал қизимни турмушга узатгандим. Куёвим билан қизим хорижга кетди. Бахтсиз ҳодиса туфайли қизим чет элда вафот этди. Унинг вафотидан сўнг уйимга ҳар куни бир хил капалак кела бошлади. Жониворни тутиб, бир неча марта деразадан чиқариб юборсам ҳам барибир яна уйда пайдо бўлаверди. Бу ҳолатни мен ўзимча қизимнинг арвоҳи келибди, деб тушундим. Адашмадимми, арвоҳ капалак борми? Бу ҳақда динимизда нима дейилган.
 
ЖАВОБ: – Вафот этган инсоннинг руҳи реинкарнация (таносух) бўлади, яъни бошқа инсонга ёки ҳайвонга ўтади, деган тушунча ислом динига мутлақо зиддир. Бу авом халқ томонидан ўйлаб топилган ботил ақидадир. Руҳларнинг таносухи, яъни кўчиб юриши нотўғри. Бунга диндан бехабар кишилар ишонишади. Ислом динида шумланишдан қайтарилган ва бирор нарсани кўрганда унинг зараридан эҳтиёт бўлган ҳолда, у ҳақида яхши гумонда бўлиш тавсия этилган.
 
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Касаллик юқиши йўқ, бойқушдан шумланиш йўқ, навъу йўқ, руҳларнинг қушга айланиб юриши йўқ, сафар ойида шумланиш йўқ” (Имом Бухорий ривояти). 
Аслида “арвоҳ капалак” кечаси чироқ ёруғига келадиган ҳажми нисбатан катта, қўнғир рангли капалакдир. “Арвоҳ капалак”нинг турлари жуда кўп. Мутахассислар унинг 300 га яқин тури борлигини исботлашган. Бу капалакнинг ранги ҳам турли-туман, баъзилари жигарранг, баъзилари оқ-қора, тим қора, қизғиш ва ҳоказо. Юртимизда арвоҳ капалакнинг 20 га яқин тури мавжуд экан.
 
Таъкидлаш жоизки, “арвоҳ капалак”нинг вафот этган инсон руҳи билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизда нотўғри тушунча оқибатида бу капалакка “арвоҳ капалак” номи берилган. Бошқа миллатларда ҳам унинг ўз номи бор экан.
Айрим кишилар “арвоҳ капалак”ни кўрса, ҳар хил ҳолатга тушади. Баъзилар қўрқиб кетса, бошқалар хурсанд бўлади ва марҳумларнинг руҳига Қуръон тиловат қила бошлайди. Бу икки ҳолат ҳам шариатга зиддир. Сабаби капалакни кўрганда қўрқиш ёки вафот этган учун тиловат қилиш жоиз эмас. 
 
Муқаддас динимизнинг асосий манбаи, барча эзгу ишларнинг асоси – Каломуллоҳ фақат арвоҳ капалак кўрилганда ўқилмайди. Капалак бизга Қуръон ўқишни эслатиб қўймаслиги керак. 
 
Илмий тилда “Бражник”, деб аталадиган арвоҳ капалак икки сабабга кўра халқ орасида шумланишга сабаб бўлган.
  
Биринчидан, бу капалак кураклари ўртасида инсон бош чаноғига ўхшаш ҳошияси бор. Яъни капалак қанотида скелетга ўхшаш сурат бор.
 
Иккинчидан, бу капалак асосан тунда учади. Маълумки, тун билан боғлиқ жониворлар, ҳашаротлар кишиларда ваҳима ва шумланишни келтириб чиқаради.
 
Қуръони каримда инсон вафот этгандан кейин унинг руҳи қаерда бўлиши жуда яхши таърифланган. Аллоҳ таоло “Мутаффифун” сурасининг 7-оятида: “Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари «Сижжин»да бўлур”, дея марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 18-оятида: “Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари, албатта, «Иллийюн»дадир”, дейилади.
 
Демак, инсон вафот этгандан кейин унинг руҳи Иллийюн, яъни олий жой ёки Сижжийн – тубан жойда бўларкан. Инсон руҳи ҳайвон ёки жонзотларга ўтмас экан. 
 
Ислом ақидасига кўра, инсон бир марта дунёга келади ва қиёматда қайта тирилади. Вафот этгач, турли ҳайвон ва ҳашарот шаклида дунёга қайтиб келиш ҳақидаги ақида нотўғри ва ботилдир. 
 
Мусулмон киши “арвоҳ капалак” деганда эти жунжикиб кетадиган даражада бўлмаслиги, уни ўлдириб қўйишдан қўрқиши, уни кўрганда худди бобосини кўргандек ҳурмат бажо келтириши ноўриндир. У ҳам бир жонивор, инсонга зарари тегмайди. 
 
САВОЛ: – Ўтган ҳафта ишхонамга бир киши бўри терисини олиб келди. Ака, буни олинг, сизга бахт келтиради, мартабангиз улуғ бўлади, дея терига ўралган бўрининг тиш-тирноғи ва яна аллақандай аъзоларини кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам бўрининг териси, тиш-тирноғи бахт келтирадими? Бу ҳақда муқаддас динимизда нима дейилган?
 
ЖАВОБ: – Халқимиз орасида, саволда айтилганидек, турли нотўғри одатлар, афсуски, учраб туради. Мисол учун, айримлар: “Бўри терисини машинада олиб юриш керак, шунда ишинг бароридан келади”, “Бўрининг тиши ёки тирноғини тумор қилиб осиб юриш керак, бало-қазо яқинлашмайди”, дейишади. Ахир, бундай қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди-ку. Бундай одатлар динимизда қаттиқ қораланади.
 
Шунингдек, халқимиз орасида жониворларга оид турли нотўғри тушунчалар бор. Буларнинг нотўғри эканини динимиз исботлаган. Қуйида ушбу одатлардан баъзиларини келтирамиз. Мақсадимиз – одамларни ҳақ йўлга бошлаш.
 
Балиқ. Орамизда айрим кишилар Рамазон ойидан олдин балиқ еса, жиғилдон покланади, луқмаси ҳалол бўлади, деб ўйлайди.
Ислом дини инсон учун яратилган чорва ва паррандаларни шаръий йўл билан сўйиб ейишни ҳалол қилган. Ношаръий йўл билан ёки ҳаром ўлган ҳайвонларнинг гўштини ейиш мумкин эмас. Буни тиббиёт ҳам исботлаган. Балиқнинг эса ўлиги ҳам, тириги ҳам ҳалолдир. Шу боис у “луқмаи ҳалол”, дейилади. Айрим кишилар истеъмол қилинаёган таомларнинг ҳалол-ҳаромлигини суриштирмай тановул қилаверади. Рамазон ойи яқинлашгач, “Балиқ есак, луқмамиз ҳалол бўлади”, дейишади. Тўғри, балиқ луқмаи ҳалол. Лекин фақат Рамазон ойи арафасида эмас, балки ҳар доим ҳалол нарсаларни истеъмол қилиш керак.
Баъзилар аквариумда боқиладиган балиқларни турли касалликларни ўзига олади, деган тушунчага боради. Аслида балиқларни томоша қилиш асабларни тинчлантиради, лекин инсонлардаги касалликларни ўзига олмайди.
 
Мусича. Бошқа қушлар қатори мусича ҳам хонадонларимизда ин қуради. Мусичаларни ўзаро уришаётганини кўрганлар: “Тезроқ мусичаларни ҳайдаб юборинглар, бўлмаса хонадонда уруш бўлади”, деган хаёлга боради. Бу нотўғри.
 
Бойўғли. Исломдан олдин жоҳилият даврида “Бойўғли бехосият қуш, у қўнган жой харобага айланади”, деган ботил тушунча бўлган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу иш нотўғри эканини ўз ҳадисларида айтганлар.
 
Ҳакка. Юртимизнинг баъзи ҳудудларида яшовчи кишилар хонадонига ҳакка келса, меҳмон кута бошлайди. Бу ҳам нотўғри.
 
Хўроз. Жоҳилият даврида эрта тонгда қичқирган хўрозни бехосият жонивор, дея сўйиб юборишган. Аслида хўрозлар фаришталарни кўрганда қичқиради.
 
Қора мушук. Кўчада кетаётиб олдимиздан қора мушук чиқиб қолса, ортга етти қадам ташлаш керак, деган нотўғри тушунча бор. Баъзилар: “Кимнинг олдидан қора мушук ўтса, унинг иши юришмайди”, дейишади. 
 
Пашша. Уйда катта пашша учиб юрса, меҳмон келади, деган ирим ҳам исломга зид тушунчадир.
 
Какку. Баъзи кишилар какку сайрашни бошласа, ундан: “Мен қанча яшайман?”, деб сўрайди. Каккунинг сайраши инсон умрини белгиламайди. Кимнинг қанча яшашини фақат Аллоҳ таоло билади.
 
Ари. Баъзи тижоратчилар ари инини сотиладиган моллар орасига қўйишади. “Харидорларим ғуж-ғуж бўлсин”, деб умид қилишади. Аслида савдонинг бароридан келиши арининг инига эмас, муомалага боғлиқ.
 
От. Айрим дарвоза, эшиклар тепасига отнинг тақаси илиб қўйилади. “Тақа инсонларга омад ёки бахт олиб келади”, деган ирим бор. Бу ҳам нотўғри.
 
Товус. Хонадонда товус боқилса, бахтсизлик келтиради, деган қараш ҳам динимизга зид.
 
Бундай ботил одатларга амал қилиш бидъат-хурофотдан бошқа нарса эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ақл билан иш тутиш, тафаккур юритиш, динимиз кўрсатмаларига риоя қилиш мақсадга мувофиқдир.
 
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Толибжон НИЗОМОВ ёзиб олди.
 
 
Read 7345 times

Мақолалар

Top