www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 15 июль 2019 00:00

Онажоним

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди” (Исро сураси, 23-оят).

Машаққатли лаҳзаларда, ишинг осонлашишини, машаққатинг аришини дуо қилиб сўраб, ёнингда турадиган — онанг.

Бемор бўлиб турганингда, шифо сўраб, дори ичириб, пешонангни силаб, ёнингда турадиган — онанг.

Йиғлаётганингда, кўз ёшларингни артиб, «Нега йиғлаяпсан?» деб ёнингда турадиган — онанг.

Ишинг орқага кетиб, сен учун жонини «фидо» қилмоқчи бўлганлар йўқолиб қолганда, ёнингда турадиган — онанг.

Хурсанд бўлганингда, шодлигингдан севиниб, юзида табассум билан ёнингда турадиган — онанг.

Қўполлик билан хафа қилсанг ҳам дарров кечириб, «Ўз боламдан хафа бўлармидим» дея бағрига босадиган ҳам — онанг.

Дилини оғритиб, дунёни кўзига тор қилиб юборганингда ҳам сени қарғамайдиган, балки “Сени туғмай мен ўлай” дея ўзини ёмонлайдиган ҳам – онанг.

Жаннатга киришинг учун биринчи бўлиб рози қилишинг керак бўлган инсон ҳам – онанг.

Дуоларингда ўзингдан аввал эсга олишинг лозим бўлган инсонинг ҳам – онанг.

Қорни оч бўлса ҳам, таомини сенга узатадиган, усти юпун бўлса ҳам сенинг янги либос кийишингни истайдиган, ўзи кўрмаган кунларни кўришингни юрагининг туб-тубидан хоҳлайдиган инсон ҳам – онанг.

Аллоҳ таоло ота-оналаримизни Ўз паноҳида асраб, вафот этганларини раҳматига ғарқ этсин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Понеділок, 15 июль 2019 00:00

Олийжаноб эркак

Қуръони Каримда эрига бош кўтарган аёлни тартибга чақириш борасидаги кўрсатмаларда уриш тури ҳам бор.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилган:

وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيّاً كَبِيراً

“Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир” (34-оят)

Ушбу оятдаги “уринг” сўзининг маъноси нима?

Аёлни уриш, баъзилар ўйлаганидек, кўкартириб, аъзоларни синдириб, майиб қилиб, қонатиб уриш ёки тепиш эмас! Асло ундай эмас!

Уламоларимиз бу уришни мисвок билан ёки бармоқ билан аёлнинг биқинига туртиш, деб тушунтирганлар.

Ҳадисда фақат олийжаноб эркак аёлини ҳурмат қилиши ва фақат пасткаш кимса аёлини хўрлаши айтиб қўйилган. Аёлини хумордан чиққунича, чарчаб қолгунича, қўллари оғригунича урадиган кимсаларнинг пасткаш нусхалар эканлиги мазкур ҳадисдан маълум.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин “Аёлларга яхши муносабатда бўлинглар!” деган маънодаги гапни кўп таъкидлаганлари ҳам эр аёлига юмшоқ муносабатда бўлиши, ҳалимлик, оғир-вазминлик билан иш тутиши лозимлигини англатади.

Аллоҳ таоло бизни Ўзининг ҳукмларига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий мавзулардаги кўрсатмаларига амал қилиб боришимизни насиб этсин!

Жорий йилнинг 10 июль куни Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилди. Маросимда Зафаробод тумани ҳокими И.Қаршибоев, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқалар иштирок этишди.

Масжидимиз биноси 2000 йили қурилган бўлсада, бироқ бугунги кунга келиб хонақоҳ ва таҳоратхона тагидан емирилиб, авария ҳолатига келиб қолган эди. Сабаби бу ерларда шўрланиш кучли. Янги қуриладиган масжидда албатта ана шу шароитлар ҳисобга олинган ҳолда зарурий чора-тадбирлар кўрилади”, дейди масжид имом-хатиби Фахриддин Расулов.

Янги масжид сиғими 250 кишига мўлжалланган бўлиб, шу йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари халқ ҳашари ва маҳаллий тадбиркорлар кўмагида амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда Жиззах вилоятида “Боймоқли”, “Қоратепа” (Зомин т.), “Янгиқишлоқ” (Дўстлик т.), “Янгиқишлоқ-2” (Фориш т.) “Жиззахлик” (Ш.Рашидов  т.) масжидлари қулай шароитларга мувофиқ ҳолда янгидан қурилмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

11 июль куни  Тошкент вилоятида фаолият юритаётган  имом-хатибларининг 2019 йил биринчи ярим йиллиги якуни бўйича умумий мажлиси бўлиб ўтди.
Унда 2019 йил биринчи ярми якуни, ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар, имом-хатиблар, имом ноиблар, бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларининг меҳнат фаолияти самарадорлигини янада ошириш, имом-хатиблар ва фуқаролар йиғинлари раислари ўртасидаги ҳамкорлик чора-тадбирларини такомиллаштириш ва ОИТС инфекцияси ва унинг олдини олиш масалалари атрофлича танқидий тарзда муҳокама этилди.

 

Унда жумладан, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, эрта никоҳ ва туғруқ ҳолатларининг олдини олиш, ёрдамга муҳтож, бемор, шунингдек, нотинч, диний ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан Сурия жангоҳларидан ватанга қайтарилган фуқаролар билан яқиндан ишлаш, улардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чораларини кўриш масалалари муҳокама этилди. Амалдаги ҳамкорлик ишлари танқидий баҳоланиб, йилнинг иккинчи ярмидаги вазифалар бирма-бир белгилаб олинди.


Ўз навбатида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази масъул ходими Ҳ.Латипов “ОИТС инфекцияси ва унинг олдини олиш” мавзусида атрофлича тушунчалар бериб, қатнашчиларни ОИТС инфекцияси ва унинг олдини олишга доир қўлланмалар билан таъминлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси Масжидлар бўлими

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 2019 йил 16-23 июл кунлари амалий ташриф билан АҚШга боради.

Ташриф давомида Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи Вазирлар конференциясида иштирок этади. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ташриф дастуридан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top