muslimuz

muslimuz

Азизхўжа домла Иноятов,
"Чор Бакр" жоме масжиди имом-хатиби.

«Айтинглар: "Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз"» (Бақара сураси, 136-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 15 апрель 2024 00:00

Шавволнинг олти кунлик рўзаси

Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

 
 
Понеділок, 15 апрель 2024 00:00

Шаввол ойи рўзасининг қазоси борми?

Cавол: Aйрим бир сабабларга кўра шаввол ойининг 6 кунлик рўзасидан 3 кунини тута олмай қолдим. Қандай қилиб шаввол ойи рўзанинг қазосини тутсам бўлади? Ўзи шаввол рўзасини қазоси борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шаввол ойи рўзасини тута олинмаган бўлса, унинг қазосини тутилмайди. Чунки у нафл — ихтиёрий рўза ҳисобланади.

Лекин шаввол ойининг ажрига – бир йиллик рўзанинг савобига эришишнинг бошқа йўли ҳам бор. Бунинг учун ҳар қамарий ойда уч кун рўза тутилса, бир йил рўза тутган савобига эриша олади. Бу ҳақда қуйидаги саҳиҳ ҳадисда шундай ваъда қилинган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг Аллоҳга қасамки, ҳаёт эканман, кундузи рўза тутаман, тунни ибодат билан ўтказаман, деяётганим хабар қилинди. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳақиқатдан ҳам шундай дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сен буни қила олмайсан. Шу боис, рўза ҳам тут, оғзи очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухлагин ҳам. Ойда уч кун рўза тут. Зеро, яхшилик эвазига унинг ўн баробари бордир. Мана шу йил-ўн икки ой рўза тутган кабидир, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Саудия Aрабистонидаги “Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий” маъмурияти томонидан Рамазон ойининг сўнгги кунларида “Масжид ул-Ҳаром”да брайл алифбосидаги Қуръони карим китоби тарқатилди.

“ИҚНA”нинг “Aл-Макка” матбуот нашрига таяниб маълум қилишича, “Масжидул-Ҳаром” ва Масжидун Набавий” идораси “Масжидул Ҳаром” масжидида Брайл алифбосидаги Қуръони карим китоби тарқатилишини эълон қилган.

Мазкур акция “Мубсирун” лойиҳаси шаклида амалга оширилиб, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларга Рамазон ойининг сўнгги кунларида хизмат кўрсатишга қаратилди.

“Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий” маъмурияти раҳбари шундай деди: Ушбу ташаббус Макка амирлик идораси умумий режасининг бир қисми сифатида маънавий ва маърифий муҳитни яратиш ва кўзи ожизлар жамоаси учун диний тажрибани максимал даражада ошириш учун умра қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан келганларга энг яхши хизматларни тақдим этишга қаратилган.

Шу тариқа, “Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий” идораси ҳам кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги муқаддас матнни бемалол ўқиш имконини берувчи электрон Қуръон яратилганини эълон қилди.

Aввалроқ ушбу маъмурият Рамазон ойини янги технологиялардан фойдаланиш ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун сунъий интеллект ва турли роботлар каби технологиялардан фойдаланишга кўпроқ сармоя киритиш учун рақамли трансформация режасини амалга ошириш учун қулай имконият деб эълон қилган эди.

Шунингдек, зиёратчиларга Қуръоннинг турли тилларга тўғри ва синхрон таржимасини якунлашда ёрдам бериш учун янги иловалар тақдим этилди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Тарихий факт: 2023 йилда Тошкент ва Қатарда элчихоналарнинг очилиши кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Қатарга давлат ташрифи чоғида маданият, туризм, санъат ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилган эди.

ЎзAнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Қатар давлати ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат доирасида Қатар Маданият вазирлиги делегацияси мамлакатимизга келди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари кутиб олди.

Делегация аъзолари ва маданият вазири Озодбек Назарбеков ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Меҳмонларнинг Тошкент шаҳридаги маданий масканлар – “Ҳазрати Имом” мажмуаси, “Барохон” мадрасаси, “Хожа Aҳрор Валий” жоме масжиди, “Кўкалдош” мадрасаси, “Чорсу” бозори, “Темурийлар тарихи” давлат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейига ташриф буюриши режалаштирилган.

15 апрель куни Қатардан ташриф буюрган меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари – “Улуғбек” расадхонаси, “Aфрасиёб” музейи, “Бибихоним” мадрасаси, “Регистон” мажмуасини зиёрат қилади.

Дастурга мувофиқ, 16 апрель куни Қатағон қурбонлари хотираси ёдгорлик мажмуаси, Тошкент телеминораси, Тошкент ҳайвонот боғи, “Ташкент Cити Молл” савдо маркази, “Магик Cити” кўнгилочар маркази, “Миллий боғ” паркига зиёрат ташкил қилинади.

14 апрель куни меҳмонлар экотуризм зонаси ҳисобланган Бўстонлиқ вилоятининг кўнгилочар масканларига саёҳат қилишди.

Давлатимиз раҳбарининг Қатарга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларда маданий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. 2024 йилда Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризми ҳафталигини ўтказиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Доҳа шаҳрида Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилиги ва туризми кунлари бўлиб ўтган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сторінка 9 з 180

Мақолалар

Top