muslimuz

muslimuz

Четвер, 02 ноябрь 2023 00:00

Билим ўрнига тахминлар - 54 қисм

Нафснинг бу иллатига учраган инсон фақат ўзи тўғри деб ҳисоблаган тахмин ҳамда хулосалари асосида Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқларини бажаришдан қоча бошлайди.

Муолажа услуби

Бу балодан қутилишнинг ягона йўли – илм эгаллаш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир (Нисо сураси, 59-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).

Бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким илм талабида йулга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Илмдан бир бобни ўрганиб бирор мусулмонга ўргатишим мен учун бутун дунёни Аллоҳни йўлида садақа қилишимдан яхшироқдир”, деганлар.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Кечаси бир соат илм ўқиш кечаси ибодат қилиб чиқишдан кўра Аллоҳга суюклироқдир”.

Аллоҳнинг каломи Қуръони карим – илм манбаи. Унинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Қуръоннинг ҳар бир оятида яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача инсониятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади. Уни ўрганишдан олимлар чарчамайди, такрорлашдан маънолари эскирмайди, илҳом ва ҳайратга сабаб бўлаверади.

Қуръон оятларини эшитиш, инсу жин, бутун борлиқнинг қалбини ларзага келтиради. Жинлар илк бор Қуръони каримнинг оятларини тинглаганларида бундай дедилар: «Улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, ҳақиқатан, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқловчи, Ҳақ (Дин)га, тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга чақирувчи (Муҳаммад даъвати)ни қабул қилинглар, унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади, сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват этувчини қабул қилмаса, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутилувчи эмас. Унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).

Қуръонга амал қилганлар ажр-мукофотлар оладилар, унга мувофиқ қарор қилганлар хато қилмайди, унга чақирувчилар энг тўғри йўлга чорлайдилар.

Зуннун ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ислом динини илм билан зийнатлади”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Вівторок, 31 октябрь 2023 00:00

Текинхўрлик - 53 қисм

Яна бир нафс касаллиги бу – инсоннинг бошқаларга ўзини Аллоҳга таваккул қилувчи қилиб кўрсатиши саналади. Бу дардга мубтало бўлган банда ризқнинг келиш сабабларини қилмайди, фақат ризқининг келишини кутиб ўтиради. Келмаса сабрсизлик ва норозилик кўрсатади.

Муолажа услуби

Ёлғон таваккулдан халос бўлиш учун инсон ризқи учун ҳаракат қилиши ва сабабларини ушлаши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бундан келиб чиқадики, банда меҳнат қилиб пул топиши, ҳалолдан ризқини излаши, албатта, айни пайтда у Аллоҳ таолога таяниши ва Унинг раҳматидан умидвор бўлиши ҳам керак. Чунки касб қилиш – баданнинг иши, таваккул эса қалб амали.

Мавлоно раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Ризқни талаб қилишни унутиб, фақат ибодат билан машғул бўлишдан сақланинг! Агар мева истеъмол қилишни истайсангиз аввал кўчат экинг!”.

Ҳадиси шарифларда Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишиларни ёмон кўриши айтилган. Бундай киши на дунёси учун ва на охирати учун ҳаракат қилади.

Исо алайҳиссалом бир одамни учратиб, ундан:

“Нима иш қиласан?” деб сўрадилар.

У киши: “Ибодат қиламан”, деди.

“Қайдан қилиб таомланасан?” дедилар.

“Биродарим таом тайёрлаб беради”, деди.

Исо алайҳиссалом: “Сенга таом бериб турадиган биродаринг сендан обидроқ экан”, дедилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб, касб қилишдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла тангаларни осмондан ёғдирмайди”.

Муҳаммад ибн ал-Кассор раҳимаҳуллоҳ: “Меҳнат қилишни хоҳламаслик одамни тиланчилик қилишга мажбур қилади”, деган.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Жиззах вилояти сафарлари давомида Жиззах шаҳридаги “Хўжа Нуриддин ҳожи” масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонлар билан маърифий суҳбат қилдилар.

Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, замонавий масжидлар бунёд этилаётгани, мавжудлари таъмирланаётгани, ҳудудларда Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти кенгаяётгани, мадрасаларда таълим сифати ошаётгани, ҳаж-умра қилувчилар сони ортиб борааётганини мамнуният билан таъкидладилар. Энг муҳими, бундай ўзгаришларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осудалик меваси экани, шу маънода, ушбу доруломон кунларнинг қадрига етиш лозимлиги ҳақида ҳам тўхталдилар.

Маърифий суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари, хусусан, кишилар ўртасидаги кечиримлилик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ота-онани эъзозлаш ва умр бўйи уларнинг хизматларини бажо келтириш борасидаги набавий кўрсатмаларга амал қилишни ояти карималар, ҳадиси шарифлар, улуғ зотлар ибратлари мисолида тушунтириб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

  1. Муносиб исм қўйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирганидир”, деганлар. (Абдуллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Абдураҳмон каби).

  1. Чақалоқнинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзанди Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён[1] зарар етказа олмас”, дедилар.

  1. Чақалоқнинг сочини олиш, унга атаб ақиқа қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир”.

Агар фарзанд туғилганидан сўнг етти кунда ақиқа қилишга имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Бу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлади.

  1. Чақалоқнинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтади: “Ўғлим туғилганда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот алайҳиссалом ўғлимга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар. Унга барака тилаб дуо қилдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

5. Чақалоқнинг ҳаққига дуо қилиш.

Туғилган чақалоқнинг ҳаққига ушбу дуони қилиш: "Аллоҳуммажъалҳу тақиййан баарон рошийдан ванбитҳу фил Ислами набаатан ҳасанан".

Даврон НУРМУҲАММАД

[1] Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифаси.

П'ятниця, 27 октябрь 2023 00:00

Сиз қайси бирини танлайсиз?

  1. Одамларнинг энг олими бўлишни истасангиз – Аллоҳга тақво қилинг.
  2. Одамларнинг энг бойи бўлишни истасангиз – Аллоҳ берган неъматларига қаноат қилинг.
  3. Одамларнинг энг адолатлиси бўлишни истасангиз – Ўзингизга ёққан нарсани бошқаларга ҳам раво кўринг.
  4. Одамларнинг энг яхшиси бўлишни истасангиз – Инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилинг.
  5. Аллоҳга энг яқин банда бўлишни истасангиз – Аллоҳ таолони кўп зикр қилинг.
  6. Иймонингиз комил бўлишини истасангиз – Хулқингизни гўзал қилинг.
  7. Муҳсинлардан бўлишни истасангиз – Аллоҳ таолога Уни кўриб тургандек ибодат қилинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз У Зот сизни кўриб турганини унутманг.
  8. Итоат этувчилардан бўлишни истасангиз – Аллоҳнинг фарзларини ўз вақтида адо этинг.
  9. Қиёмат куни юзингиз нурли бўлишини истасангиз – Ҳеч кимга зулм қилманг.
  10. Қиёмат куни Аллоҳ таоло сизга раҳм қилишини истасангиз – Инсонларга раҳм қилинг.
  11. Аллоҳ гуноҳларингизни кечиришини истасангиз – Истиғфор айтинг.
  12. Инсонларнинг энг саховатпешаси бўлишни истасангиз – Мусибатларингизни одамларга билдирманг, уларга шикоят қилманг.
  13. Одамларнинг энг кучлиси бўлишни истасангиз – Аллоҳга таваккул қилинг.
  14. Аллоҳ ризқингизни кенг қилишини истасангиз – Доимо таҳоратли ҳолда юришга одатланинг.
  15. Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббатли бўлишни истасангиз – Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган нарсаларни яхши кўринг.
  16. Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабига учрамасликни истасангиз – Аллоҳ яратган бирорта махлуқотга ғазаб қилманг.
  17. Дуоларингиз қабул бўлишини истасангиз – Луқмангиз ҳалол бўлишига эътиборли бўлинг.
  18. Қиёмат куни Аллоҳ таоло айбларингизни беркитишини истасангиз – Одамларнинг айбларини яширинг.
  19. Гуноҳларни нима ювиб юборади? – Кўз ёшлари, хушуъ-хузуъ ва беморлик.
  20. Қайси яхшилик Аллоҳ учун энг севимли? – Хусни хулқ, тавозеъ, мусибатларга сабр қилиш.
  21. Аллоҳнинг наздида амалларнинг энг ёмони қайси? – Ахлоқсизлик ва бахиллик.
  22. Аллоҳнинг ғазабини нима кетказади? – Махфий садақа ва силаи-раҳм.
  23. Жаҳаннам оловини нима ўчиради? – Бало-офат ва мусибатларга сабр қилиш.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top