muslim.uz

muslim.uz

1044-CАВОЛ: Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаром экани ҳақида хабар тарқалди. Шу хабар қанчалик асосли? Шунга аниқлик киритиб берсангизлар?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин, ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган:
وأما المواد التي تستخرج من الحشرات وتتحول بعمليات كيميائية إلى مواد أخرى فهذه العملية تسمى في الفقه الإسلامي بالاستحالة، وهي انقلاب العين من حالة إلى أخرى، فتنقلب من النجاسة إلى غيرها بحيث تفقد صفاتها
Яъни: “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.
Бу масалада ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деганлар:
لأن الشرع رتب وصف النجاسة على تلك الحقيقة، وتنتفي الحقيقة بانتفاء بعض أجزاء مفهومها فكيف بالكل ونظيره في الشرع العصير طاهر فيصير خمراً فينجس ويصير خلاً فيطهر
Яъни: “Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.
Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: “Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.
Демак, юқоридагилардан кармин — E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани маълум бўлмоқда. Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлсада, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор.
Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Бугун 9 апрель куни Тошкент ислом институти талабаси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Иордания Ҳошимийлар Қироллигида ўтказиладиган 30-халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Аммон шаҳрига жўнаб кетди. Мазкур мусобақа 11-17 апрель кунлари ўтказилиб, унда 43 та давлатдан келган қорилар Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида ёддан ўқиб бериш йўналиши бўйича ўзаро рақобатлашади. Ҳабибуллоҳ қорига ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Субота, 08 апрель 2023 00:00

Ёсин сураси фазилати

Бугун, 8 апрель куни жомеларимизда “Аҳзоб” сураси 31-оятидан “Ёсин” сураси 27-оятигача ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво маркази уламоси, Тошкент ислом институти катта устози

МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ

https://youtu.be/SjNGHGdKnJc 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муборак Рамазон ойи муносабати билан Жиззах вилоятининг қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида меҳнат фаолиятида алоҳида хизмат кўрсатган нуроний отахон ва онахонлар, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар аъзолари учун муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштирилиб, ифторлик дастурхонлари ташкил этилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бахмал туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ кам таъминланган фуқаролар ҳомийлар ҳисобидан  ҳамиша навқирон ва  қадимий шаҳар Самарқанд  зиёратида бўлиб қайтди.  

Шунингдек, тумандаги “Нўшкент” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, кам таъминланган оилалар вакиллари ҳамда рўзадор нуроний отахон ва онахонларнинг 200 нафарига “Само” тўйхонасида туман ҳокимлиги, cектор раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ифторлик дастурхони ташкил қилинди.  

***  

Арнасой тумани 2-сектор ҳудудига қарашли “Чинобод” МФЙда “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларга Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳомийлигида ҳам ифторлик дастурхони ташкил этилди.  

Ифторлик сўнгида Қуръон тиловат қилиниб, ўтган марҳумлар ҳаққига бағишланди ва Яратгандан юртимизга тинчлик, ҳалқимизга фаровонлик, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа барча соҳаларга қут-барака сўралди.  

Бундан ташқари, тумандаги ётиб қолган беморлар, ўзгалар кўмагига муҳтож якка ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилмоқда.  

***  

Муборак Рамазон ойи муносабати билан бир гуруҳ зарбдорлик меҳнат фахрийлари учун ҳам қадимий Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига зиёрат ташкил этилди.  

Ушбу саёҳат давомида 40 нафар зарбдорлик отахон ва онахонлар шаҳарнинг диққатга сазавор жойлари, зиёратгоҳлари, кўҳна ва ҳамиша навқирон  Самарқанднинг асору атиқалари ва янгидан барпо этилган объектларида бўлдилар.  

Зиёратчиларга саёҳат якунида ифторлик дастурхони ёзилиб, иштирокчилар юртимизга тинчлик, осмонимизга мусаффолик, халқимизга фаровонлик ва оилаларга тотувлик тилаб дуо қилди.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

Мақолалар

Top