muslim.uz

muslim.uz

— Яқинда турмушга чиқаман. Қиз билан йигит тўйдан аввал учрашиши, якка ўзлари хиёбонларда сайр қилиши каби одатлар урфга айланган. Лекин мен бундай қилиш шариатда мумкин эмаслигини ўқиганман. Оиламдагилар эса мени тушунишмаяпти…

— Гаплашиб юриши мумкин эмас. Чунки бу ишлар зинога эшик вазифасини бажаради. Аллоҳ ва Унинг Расули қайтарган ҳар бир ишнинг ортида инсоннинг ҳалокати ётади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, бегона аёл билан унинг маҳрамларисиз ҳоли қолмасин. Чунки уларнинг учинчиси шайтон бўлади, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Фақат икки томон бир-бирини юзаки билиб оладиган даражадаги учрашувга, у ҳам хилватда бўлмаслиги шарти билан рухсат берилган. Бундай маълумот бир-икки учрашув билан ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Муқаддас масканларни зиёрат қилиш, ажойиботлардан ҳайратланишнинг сурури ўзгача. Юртимизнинг муборак қадамжолари дилларга руҳий қувват бағишлайди, оҳанрабодек ўзига тортади. Буюк ипак йўлида жойлашган кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳри нафақат миллий ҳунармандчилиги билан, балки тарихий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари билан машҳур.

ЎзА хабарига кўра, бугунги кунда бу ердаги маданий мерос объектларини чуқур ўрганиш, уларни муҳофаза қилиш борасида муйян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятидаги халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозланиб келинаётган археологик ёдгорликлар ва меъморий обидаларга ҳам қайтадан жон бахш этилди. Уларнинг аксарияти таъмирланиб, баъзилари янгидан бунёд қилинди. Бугун нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги келиб кўрса, маънавий озиқланса арзийдиган муқаддас қадамжоларга айлантирилди.

– Марғилон шаҳрида 42 та маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган, – дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мирзараҳмон Ғофуров. – Шундан 1 таси археология, 33 таси архитектура объектлари, 1 таси монументал санъат ёдгорлиги ва 7 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Обидаларнинг барчаси хатловдан ўтказилиб, ҳар бирининг маълумотлар базаси яратилди, Шунингдек, туризмни янада ривожлантириш мақсадида зиёратгоҳлар, азиз қадамжолар таъмирдан чиқарилмоқда. Жорий йилда 4 та объект республика бюджети маблағлари ҳисобидан реставрация қилиш режалаштирилган. Юртдошларимиз обод бўлган муқаддас қадамжолар, тарихий масканларни зиёрат қилиб, бой ўтмиш билан ҳам танишмоқда.

2000 йилда қадимий шаҳарда Бурҳониддин ал-Марғиноний мажмуаси қурилиб, катта тантаналар билан очилди. Бу улуғ алломаларга бўлган юксак эҳтиром намунаси бўлди. Марғилоннинг 2000 йиллик тўйи муносабати билан кўплаб маданий мерос объектлари таъмирдан чиқарилди, кўркам қиёфа касб этди. Саййид Аҳмадхонхўжа мадрасаси ана шулардан бири. Унинг қурилиши 1907 йилда бошланиб, 1909 йилда номаълум меъмор томонидан қуриб битказилган. 18 та ҳужра ва 2 та айвонли масжиддан иборат. Бу маскан айни пайтда Миллий ҳунармандчилик маркази маскани сифатида сайёҳлар билан гавжум.

Пурсиддиқ мажмуаси ҳам Марғилон шаҳрининг энг қадимий масканларидан бири. Бу ер “Каптарлимозор” номи билан ҳам машҳур бўлиб, юртдошларимизнинг азиз зиёратгоҳига айланган. Мажмуа XVIII аср ўрталарида қурилган бўлиб, уни машҳур саҳоба Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) номлари билан боғлайдилар. Бухоро амири Субҳонқулихон (1680-1702) томонидан Марғилондаги Пур Сиддиқ мозорига берилган вақфномада бу зиёратгоҳга Мовароуннаҳрда “Чаҳорёрлар” деб аталган тўрт халифадан биринчиси Абу Бакр Сиддиқ (572-634) нинг авлоди дафн этилган, деган маълумотлар келтирилган. Ёзма ҳужжатларда Ҳазрат Пур Сиддиқ номи билан қайд этилган. Вақтлар ўтиши билан унинг атрофида масжид, минора, мақбарали ҳовли, дарвозахона ҳамда каптархонадан иборат архитектура комплекси пайдо бўлган. Шу сабабли у халқ орасида “Каптархона”, “Каптарли мозор” деб ҳам аталади.

Ўрта Осиёдаги машҳур зиёратгоҳларда каптарлар билан боғлиқ халқона қарашлар бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, ҳар бир зиёратчи зиёратга келган вақтда шу каптарларга дон бериши зиёратнинг маълум бир одатларидан ҳисобланган. Агар улар каптарларни чўчитмай дон бера олсалар, ишлари юришиб, бало-қазодан холос бўлади, деб ишонилган. Шунингдек, каптар, товус, тустовуқларга ёруғлик ва гўзаллик, тинчлик ва хотиржамлик рамзи сифатида ҳам қаралган бўлиб, X-XII асрларга келиб, ҳунармандчиликда каптар “бахт қуши” тимсолида тасвирлана бошланган.
Айни кунларда мазкур мажмуага зиёратга келганлар гала гала бўлиб учиб юрган каптарларни кўриб, янада завқ олади. Кафтингиздан дон чўқилаётган беозор ва чиройли қушларнинг хатти-ҳаракатидан руҳингиз ором топади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мақбара тўғри бурчак шаклда бўлиб (11.8х11м), пештоқ равоқли, сағанали тўрт бурчак хона билан уйғунлик ҳосил қилади. Мақбара ичида иккита, узунлиги 5 метрли қабрлар мавжуд. Ривоятларга кўра, бу зиёратгоҳга Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг авлодлари, яъни жиянлари Шожалил ва Пошшобиби дафн этилган.

Мажмуадаги каптархона биноси масжид биноси билан деярли бир вақтда, яъни XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Масжид биноси олдида жойлашган минора эса, 1920 йилда қурилган. Бу ҳақда кириш эшигининг тепасига ғиштдан терилган ёзув-сана далолат беради. Шу ерлик аҳоли ҳамда архитектор В.Л.Воронинанинг “Фарғона вилояти халқ меъморчилиги” асаридаги маълумотларга кўра, минора марғилонлик Уста Кичик деган шахс томонидан қурилган.

Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг чиллахонаси ҳам айнан шу ерда бўлганлиги ҳақида ҳам турли қарашлар бор. Маълумотларга кўра, буюк аллома Абу Бакр Сиддиқ авлодларидан бўлган. Шу сабабдан ҳам ул зот Пур Сиддиқ мозорига, яъни аждодлари дафн этилган мозорга зиёрат учун тез-тез келиб турган. Олимларнинг таъкидлашича, унинг айнан бу мозорга бўлган ихлоси шу ерда кейинчалик чилла тутганлигига сабаб бўлган бўлса керак.

Мажмуа 2007 йил Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейи арафасида бутунлай қайта таъмирланиб, ислом дунёсининг машҳур намояндаси, ислом қонуншунослигининг йирик олими Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг чиллахонаси ҳам тикланди.

Улуғмозор зиёратгоҳи шаҳарнинг Машат маҳалласида жойлашган. Халқ орасида “Машат мозор”, “Чаққа мозор” номи билан машҳур. Этнограф олим А.Ч.Писарчикнинг таъкидлашича, бу ер энг қадимий мозор ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бу ерга Имом Абдулазиз ибн Абдураззоқ ибн Наср ибн Жаъфар ибн Сулаймон ибн Суккон ал-Марғиноний дафн этилган. У жуда ҳам машҳур олим бўлган, кўплаб маърифатли инсонларни тарбиялаган. Хўжа Маъоз ибн Жабал зиёратгоҳи XVIII асрга оид тарихий ёдгорлик ҳисобланади. Ёдгорлик Муҳаммад пайғамбарнинг хизматида бўлган араб саркардаси Мағиз ибн Жабал номи билан боғлиқ. Унинг жанубий томонидан “Мўйи Муборак” зиёратхонаси бор. Нақшларининг соддалиги, шаклларнинг бежримлиги ва мутаносиб эканлиги ушбу иншоот маҳаллий меъморчилик анъаналари ривожланган XVIII аср бошида қурилган деган хулосага асос бўлади.

“Киргил мозор” зиёратгоҳи Марғилон шаҳрига жанубий томондан киришда шу ном билан аталувчи маҳаллада жойлашган. Иккинчи номи “Кирғил мозор”. Нақл қилишларича, бундан таҳминан икки юз йил муқаддам яшаб ўтган Кирғил ота ёки “Мушукни тирилтирган тўрам” номи билан машҳур бўлган Ҳазрат Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ҳожага атаб қурилган мақбарадир. Халқ орасида бу зиёратгоҳ ҳақида ҳам турли ривоятлар тарқалган.

Маданий мерос объектлари халқимизнинг ноёб дурдонасидир. Уни асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказиш эса бурчимиздир. Ўтган йилда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Марғилондаги қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди тарихий биносининг бузилиши жамоатчилик орасида норозилик уйғотгани, бу иш бўйича жиноят иши қўзғатилгани сабоқ бўлиши керак. Кўҳна шаҳарда тарихий-маданий обидаларни муҳофаза қилиш, ўрганиш бўйича қилинадиган ишлар кўп.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Хиванинг Ичан-қалъа тарихий маркази Япония ҳукумати кўмагида Жаҳон мероси маркази томонидан жорий йилнинг январь ойида чоп этилган ЮНЕСКОнинг асосий йиллик тақвимига киритилди, деб хабар қилмоыда «Дунё» АА.

Тақвимда мазкур тарихий ансамблнинг ранг-баранг ва бир бирини такрорламайдиган фотосуратлари билан бирга француз, инглиз ва испан тилларида Ичан-қалъа ҳақида маълумот жойлаштирилган.

Ичан-қалъа Хивадаги ички шаҳар (10 м баландликдаги ғишт деворлар билан ўралган) экани, тарихда Эрон сари йўл олган карвонлар учун чўлни кесиб ўтишдан олдин сўнгги бекат вазифасини ўтагани таъкидланган.

«Шаҳарда кўплаб қадимий ёдгорликлар сақланиб қолинган. Шу сабабли у Марказий Осиё меъморчилигининг ажралмас ва яхши сақланиб қолган намунаси сифатида эътироф этилади, - дейилади ЮНЕСКО тақвимида. – Қадимий қалъа ичида Жума масжиди, мақбара ва мадрасалар каби бетакрор иншоотлар, шунингдек, 19 аср бошларида Хива хони Оллоқулихон томонидан қурилган иккита муҳташам сарой мавжуд».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четвер, 03 февраль 2022 00:00

Ризқ адашиб кетиши мумкин эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ибн Аби Дунё ва ал-Ҳоким ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Руҳул қудус менинг кўнглимга «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас. Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони солди», деганлар.

Бу ҳадисдан ҳам бир неча муҳим фойдалар оламиз:

1. Ҳар бир жон ризқини тўла олиши муқаррар экани.

2. Талаби ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан қилиш зарурлиги.

3. Ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл уриш мумкин эмаслиги.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага эришаман деган одам У Зотга тоат қилмоғи лозимлиги.

Имом Байҳақий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Албатта, ризқ бандани худди ажали уни қувгандек қувиб юради».

Демак, ризқ адашиб кетиши мумкин эмас экан.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Албатта, Аллоҳ покдир ва покдан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилган, «Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман», деган».

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди. Ажру савоб ҳам шунга боғлиқ. Аллоҳ таоло ҳаром, нопок ризқни қабул қилмайди. Балки унинг сабабидан жазолайди, азоб беради.

Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканлигига иймон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди.

У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат билан саодатли турмуш кечиради.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар

Top