muslim.uz
Ҳаётимни янгидан бошламоқчиман
Билиб-билмай тўғри йўлдан адашганлар орасида Ҳурматилло Хўжаев ҳам бор. У Андижон шаҳридаги Ал-Бухорий маҳалласидаги Мумтозбегим кўчасида яшайди. Суҳбат жараёнида Ҳурматилла кўплаб режалари борлигини, ёнига фарзандларини олиб астойдил меҳнат қилишини айтди. Тинч замон, одил Юртбошимиз, кечиримли халқимиз олдида қарздор эканини бот-бот такрорлади. 4 йилу 10 ой 28 кун. Бу муддатнинг ҳар лаҳзаси Ҳурматиллонинг юрагида, шуурида соат кафтгиридек бонг урган. Вақт жуда секин, баъзида тўхтаб қолгандай туюлган.
– Аслида вақт жуда тез ўтаркан. – дейди у биз билан суҳбатда. – Буни “ташқари”да билдим. Шундан бўлса керак, яхшиликка, эзгуликка улгуриб қолай дейсан. Тадбиркорлик билан шуғулланар эдим, ёмон адашдим. Озодликнинг, ҳурликнинг тотини тутқун бўлган одам юрак-юрагидан ҳис қилади. Давлатимиз раҳбарининг муруввати, кечиримлилиги туфайли оилам бағрига, хонадонимга қайтдим. Атрофдаги ўзгаришлар мени лол қолдирди..
Олти нафар фарзандим бор. Каттаси 24 ёшда. Олийгоҳнинг 3-курсида ўқийди. Яна бири мактабни бу йил олтин медалга битирди. Кенжатойим 12 ёшда. Уларнинг ютуғини кўриб, ота-онанинг айбу хатолари фарзандларга дахл қилмайдиган адолатли замонда яшаётганимдан мамнун бўлдим. Афсус, болаларимнинг бу ютуқларида менинг ҳиссам йўқ. Аксинча, булар мен қочган, шунча йиллар ёмон кўрган давлатимиз яратиб берган имкониятлар самарасидир.
Шаҳримизда бунёд этилаётган замонавий иншоотлар, янги-янги маҳаллаларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Мана шу ўзгаришлар мен каби адашганларни “Энди хато қилмаслигим керак”, деган бонг билан ҳар дақиқа безовта қилиб туриши шарт. Президентимизнинг ишончини оқлашга, оиламни ҳеч кимдан кам қилмасликка аҳд қилганман.
Менинг оғир жиноятимни афв этган Президентимиздан бир умр миннатдорман. Халқимиз кечиримли, Юртбошимиз бағрикенг. Ҳаётимни янгидан бошламоқчиман. Энди умрим бўйи мана шу бағрикенгликни оқлаш, халқимизга, озод ва обод юртимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.
Ҳокимлик Андижон туманидан 1 гектар ер берди. Боғдорчилик илмини ўрганяпман. Насиб бўлса, яқин йиллар ичида боғимда етилган дармондориларга бой меваларни нафақат ички бозорда , балки хорижда ҳам татиб кўришади.
Ҳурматиллонинг яхши ниятлари қанот ёзиши учун ўзи айтганидай, астойдил меҳнат қилиши керак. Асосийси, у тўғрилик, яхшилик сари дадил қадам ташлади.
Авф этишни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳокимликлар билан ҳамкорликда афв этиш актининг қўлланиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва озодликка чиққан фуқароларни ижтимоий ҳимояга олиш борасида ташкилий-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларидан афв этилаётган шахсларни профилактик ҳисобга қўйиш, кўникма маркази томонидан моддий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича зарур вазифалар белгилаб олинган.
Саломатлигидан шикоят қилган ёки бирон касаллик аниқланган шахсларнинг даволанишига, фуқаролик паспортини йўқотган бўлса, уни қайта олишига, шу каби бошқа ҳаётий масалаларда муаммога дуч келганларга яқиндан кўмаклашиляпти.
Намоз ўқиш мумкин ва мумкин бўлмаган вақтлар...
Намозни ўз вақтида ўқиш фарз ва лозимдир. Вақти кирмасдан ўқилган намозлар ҳисобга ўтмайди. Вақтида ўқишга улгурилмаган намозларнинг қазоси ўқилади.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй Алий, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар»
Имом Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).
Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг ўқиш вақти қуйидаги пайтларда бўлади:
1. Бомдод намозининг вақти – субҳи содиқдан (чин тонг отгандан) кун чиққунчадир.
2. Пешин намозининг вақти – қуёш заволга (оғишга) кетганидан сўнг то нарсаларнинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўз узунлигига нисбатан икки баравар ортгунига қадар.
3. Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўзига нисбатан икки баравар ортганидан бошлаб қуёш ботгунчадир.
4. Шом намозининг вақти – кун ботган пайтдан бошлаб кунботар томонда шафақ (қизғиш нурлар) ғойиб бўлгунчадир.
5. Хуфтон намозининг вақти – шафақ батамом йўқолгандан кейин киради.
Витр намози вақти эса хуфтон ўқилгандан кейингина киради. Хуфтон ва витр намозларини субҳи содиққача ўқиса бўлади.
Бомдод намозини тонг ёришганда ўқиш мустаҳаб, аълороқдир. Соат бўйича ҳисобланса, бомдодни кун чиқишидан 40 дақиқача илгари ўқиш мустаҳаб вақтига мувофиқ бўлади.
Пешин намозини ёз фаслида бироз кечиктириб, қиш фаслида эса вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир.
Аср намозини қуёш тиғини ўзгартирмай, нурсиз ҳолатга киришидан олдинроқ ўқиш мустаҳабдир.
Шом намозини доимо қуёш ботиши билан ўқиш мустаҳабдир.
Хуфтон намозини кечанинг учдан бирининг охирида ўқиш афзал ва ниҳоятда аъло бўлади. Витр намозини эса тун охирида уйғонишга қодир бўлган кишилар субҳ олдидан ўқисалар, мустаҳаб амал қилган бўлишади.
Ҳаво булутли кунларда аср ва хуфтон намозларини аввалги вақтларида ўқиш ҳамда бомдод, пешин, шом намозларини эса (вақти киргани маълум бўлмаса) бироз кечиктириб ўқиш мақсадга мувофиқдир.
Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас):
– кун чиқаётган пайтда;
– кун қиём (тикка)га келганида;
– кун ботиш чоғида;
Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди»
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Нафл (ихтиёрий) намозларни имом хутба ўқиш учун минбарга чиққанида, субҳи содиқдан кун чиққунича, асрни ўқиган киши шом намозини ўқигунча адо этиши макруҳдир, яъни жоиз эмас.
azon.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Ҳафсанинг турмушга чиқиши (Аудио)
Муслима аёлнинг илмий ишлари халқаро эътирофга сазовор бўлди
Келиб чиқиши жазоирлик бўлган Квебек университети талабаси Линда Алиан халқаро эътирофга сазовор бўлган компьютер тизими хавфсизлигининг янги моделини ишлаб чиқди.
Ислам.ру хабарига кўра, магистр даражасини олиш доирасида Линда ҳар қандай компьютер тизимига кириш назоратни таъминлайдиган хавфсизликнинг янги моделини ишлаб чиқиш уддасидан чиқди. Бу ҳижобдаги талабанинг биринчи бундай ютуғи эмас. Аввалроқ, унинг Science Direct платформасида чоп этилган илмий мақоласи тармоқлар ва коммуникацияларнинг келгуси ривожланиши бўйича ўн тўртинчи халқаро конференция мукофоти билан тақдирланди. Унинг иши Springer Journal of Ambient Intelligence ва Humanized Computing халқаро илмий журналларда ҳам чоп этилди.
HoBAC аббревиатураси остидаги модель ҳар қандай компьютер тизимининг рақамли активларини рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Юксак қалб соҳиби эди
Ўлим ҳақ, аммо, ёнингизда кўп йиллар давомида бирга хизмат қилиб, умргузаронлик қилиб юрган инсон оламдан ўтса , жуда аччиқ ва қайғули бўлар экан. Элимиз, юртимиз забардаст ва фидоий бир фарзандидан айрилди. Узоқ йиллар эл-юрт хизматида бўлган, ўзининг илмий салоҳияти билан барчаларимизга зиё таратиб, диний соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган муҳтарам домламиз Хайрулло ҳожи Турматовни бешафқат ўлим орамиздан олиб кетди.
Муҳтарам устоз Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини муваффақиятли тугатиб, узоқ йиллар Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби вазифаларида ишлаб келди. Сўнгги йилларда эса Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган эди.
Мен шу соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган мутахассис сифатида Хайрулло ҳожи Турматовнинг диний соҳадаги фаолияти билан анчагина таниш эдим. Бу Инсон қаерда фаолият кўрсатмасин, ўша жой обод ва кўркам масканга айланган. Бу Инсондаги самимият, соддадиллик ва очиқ чеҳралик бир вақтнинг ўзида масъулият ҳамда бурч тушунчалари билан уйғунлашган ҳолда намоён бўлар эди.
Хайрулло ҳожи Турматов Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро марказининг илк тингловчиларидан бири эди. Шу жойда ҳам домланинг фаоллиги, илмга бўлган муҳаббати ҳамда ҳозиржавоблиги яққол кўринди. Тингловчилар сардори сифатида барчани ўз атрофида бирлаштириб, ўқув жараёнларининг самарадорлигини оширишда катта ҳисса қўшди.
Устознинг телеканаллардаги барча чиқишлари мазмундор, салмоқли ва таъсирли эди. У кишининг ҳар бир айтган сўзи эшитувчи қалбига муҳрланиб қоларди.
Таассуфлар бўлсинки шундай азиз инсон орамиздан кетди. Ҳали юртимиз, халқимиз учун жуда кўп хизматлари бор эди. Илоҳим Яратган зот ҳожи биродаримизни ўзи раҳмат айлаб, жойларини жаннати Фирдавслардан қилсин. Оила ва фарзандларига чиройли сабри жамил ато айласин.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими
Фахриддин Муҳаммадиев