muslim.uz
Мўминлар учун Ҳужурот сурасидан 5 одоб
- Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).
Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.
Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Аллоҳнинг Расули, мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми?” дедилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Йўқ”, деб жавоб бердилар (Имом Молик ривояти).
- Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.
“Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
- Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
- Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
- Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.
“(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Мадрасаларга қабул имтиҳонлари ўтказилмоқда
Бугун, 16 сентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Тест жараёнларини Давлат тест маркази олиб бормоқда.
Айни пайтда юртимиздаги мавжуд 10 та мадрасадан 8 тасида, яъни Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ал-Беруний”, Андижондаги “Саййид Муҳйиддин Махдум”, Намангандаги “Ҳидоя”, Бухородаги “Мир араб” ва “Жўйбори калон”, Хоразмдаги “Фахриддин ар-Розий”, Сурхондарёдаги “Имом Термизий”, Қашқадарёдаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
Тошкентдаги “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртларида эса имтиҳон ўтказилгани йўқ. Уларда имтиҳон эртага, 17 сентябрда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили бўйича қуйидаги фанлардан қабул имтиҳонлари ўтказилади:
- 1-блок “Чет тили” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
- 2-блок “Тарих” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.
Қабул имтиҳонлари тест синови шаклида ўтказилади.
Мадрасаларга қабул имтиҳонлари тафсилотини сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Диний ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши мумкин
Дангасаликнинг сабаблари I 3-сабаб: Ҳимматсизлик
Ҳар қандай ишда ҳимматлилик яъни: тиришқоқлик ва ғайратли бўлиш кўзланган ва мақсад қилинган ишларга эришиш омилидир. Зеро, кишининг олий ҳимматлилиги нажот топиш белгиси бўлса, бунинг акси эса маҳрум бўлиш белгисидир.
Иродасизлик ва ҳимматсизлик кишининг қалб идрокини заифлигидан далолатдир. Қачонки ҳиммат олий ва ирода бақувват бўлса, шундагина қалб ҳаётга теран назар солади.
Қуръонда ҳиммати олий бўлган кишилар мақталган: “Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир” (Тавба сураси, 100-оят).
Ислом тарихидан муҳожир ва ансорларнинг қай даражада ҳимматли ва ғайратли бўлганларини яхши биламиз. Уларнинг бу сифатга эга бўлганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиш билан бир қаторда, уларга охиратда берилажак мукофотлар башоратини ҳам берди.
Бошқа бир оятда эса: "(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар. Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар" (Нур сураси, 36-37 оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин, Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан суюклироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳиммати ва иродаси кучсиз бўлган дангаса кишилар эса Қуръонда қораланади: "Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар" (Аъроф сураси, 175-176-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло темир қалқон ўғирлаб, қўли кесилган ва арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрини лаънатлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар ушбу ҳадисдан ҳимматсиз ва ғайратсиз дангаса кишидан яхшилик умид қилинмаслиги ва шу йўсинда яшар экан ундан фойда умид қилинмаслиги намоён бўлади деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган кишилар олдида тўхтаб, бундай дедилар: “Сизларга яхшингиз ва ёмонингиз ҳақида хабар берайми?”. Улар сукут қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба сўрадилар. Шунда бир киши: "Ҳа Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг яхшимиз ва ёмонимиз кимлиги ҳақида хабар беринг", деди. “Сизларнинг яхшингиз, ундан яхшилик умид қилинадигани ва унинг ёмонлигидан омонда бўлинадигандир. Сизларнинг ёмонингиз, ундан яхшилик умид қилинмайдигани ва унинг ёмонлигидан омонда бўлинмайдиганидир”, дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динда ҳам, дунёда ҳам барчамиздан ҳимматлилик, тиришқоқлик ва ғайратли бўлиш талаб қилинади. Шундагина барчамиз дунё ва охиратда кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз. Аллоҳ таоло барчамизга ҳимматни бериб, дангасаликдан йироқ қилсин.
Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби