muslim.uz
Замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия ўзбек тилига таржима қилинмоқда
Куни кеча “Aзон китоблари” нашриёт-матбаа бирлашмасида “Катта фиқҳ энциклопедияси” китобининг 1-жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Унда уламолар, таржимонлар, мухлислар ва китобхонлар иштирок этишди.
Лойиҳа иштирокчиларига кўра, ҳозирга қадар унинг жилдлари 45 та бўлиб, ўзбек тилида 47 жилдда нашр этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу таржима жараёнлари 5 йил аввал бошланган.
Шу ўринда ушбу китоб ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсак. “Катта фиқҳ энциклопедияси” – замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари катта ҳажмда бўлган 45 жилдга етган бўлиб, улар тадқиқотчилар ва қозиёт мутахассис (суд эксперт) лари талабаларига қулай бўлиши учун, луғавий тартибда (алфавит бўйича) жойлаштирилган.
Қирқ беш жилддан иборат бу йирик ва нуфузли асар дунё ислом уламолари орасида жуда машҳурдир. Аллома шайх Мужоҳидул Ислом Қосимий бошчилигидаги Ҳиндистонда Ислом Фиқҳ Академияси олимларининг саъй-ҳаракатлари билан урду тилига таржима қилинган. Аммо энциклопедия ҳали урду тилидан бошқа мусулмон халқлари тилига тўлиқ таржима қилинмаган.
Ушбу илмий лойиҳа бошланиши 1951 йил Парижда бўлиб ўтган Исломий Фиқҳ ҳафталиги конференциясидан сўнг бошланган эди. Конференциянинг якуний қарор ва тавсиялари қаторида исломий ҳуқуқий маълумотларни замонавий услублар ва лексик тартибга кўра тақдим этиладиган ҳуқуқшунослик энциклопедиясини тузиш ҳам бор эди.
Ушбу икки юз таниқли олим томонидан тайёрланган энциклопедия 1956 йилда Миср ва Суриядан иборат араб давлатлари бирлашмаси қўмитаси томонидан бошланган. Сўнгра эса маблағ тақчиллиги сабабли Қувайт давлатида давом этирилган. Унинг ёзилиб тугалланишига қирқ йилдан ошиқроқ (1965-2005) вақт кетган бўлиб, Қувайт давлатида ниҳоялангани учун “Қувайт фиқҳ энциклопедиси” номини олган. Энциклопедия кўплаб мусулмон мамлакатларда нашрдан чиққан бўлиб, фиқҳ ва қонунчиликда маҳкама, муассаса ва олимларнинг асосий мурожаат қиладиган манбаси бўлиб қолган.
Фиқҳ энциклопедиясини тайёрлашда ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги юзлаб таниқли олимлар қатнашдилар. Энциклопедия қатъий равишда Вақфлар вазирлигида тайинланган ҳуқуқшунослар орасидан маъмурият ходимларига таянар эди. Фиқҳ энциклопедиясининг ҳуқуқшунослик ва уни қўллаб-қувватловчи илмлар соҳасида ихтисослашган ушбу яхлитлигида, Кувайтнинг ичкарисидан ва ташқарисидан жуда кўп сонли олимлардан фойдаланган, улар ёзиш учун ягона режада ва илмий кўриб чиқиш ва якуний тасдиқлаш учун бошқа режада маълум атамаларни ёзиш учун тайинланган. Фиқҳ энциклопедияси маъмурияти доирасидан ташқарида ёзганлар сони турли мусулмон мамлакатларидан келган икки юз таниқли ҳуқуқшунос етган этди.
Фиқҳ энциклопедиясининг бош котиблари (масъул шахслар)
Ўтган қирқ йил ичида “Катта фиқҳ энциклопедияси”нинг бош котиблари:
- Шайх Мустафо Зарқо.
- Доктор Бадр Мутавалли Абдулбосит
- Доктор Абдусаттор Абу Ғудда.
Ушбу энциклопедиядан кўпроқ манфаатланиш борасидаги ҳаракатлар боис, у CD-дискка ва яна замонавий воситаларга жойланиб, тадқиқотчиларга тақдим қилинмоқда. Ҳозирда фиқҳ энциклопедияси ҳуқуқшунослик материалларини ислом ва ғайриислом дунёси тилларига таржима қилиш устида жиддий ишлар олиб борилмоқда.
Энциклопедия ўз ичига фиқҳий масалаларни тўрт мазҳаб далиллари асосида қиёсий-таҳлил қилиб жамлаган асардир. Ҳар бир мавзу доирасида истилоҳнинг таърифи, унга оид алоқадор сўзлар, ижмолий ҳукми ва ўрганилган ўринлари жой эгаллаган. Ўз навбатида, буларнинг барчаси мавзунинг катта қамровли экани ёки аксинчалигига қараб эҳтиёж доирасида бир қанча бандларга тақсимланган. Истилоҳ “таърифи”да атаманинг луғат китоблари ва уламолар берган тушунчалари келтирилган бўлса, “алоқадор сўзлар” бандида истилоҳнинг бошқа сўзлар билан боғлиқлиги ва уларнинг қисқа тавсифи ўрганилган. “Ижмолий ҳукм”да эса истилоҳнинг фиқҳий жиҳатдан мавзули жойлари, мазҳаблар қарашлари ва уларнинг бунга доир далиллари бирор тарафга оғмаган ҳолда, объектив келтирилган. Истилоҳнинг “ўрганилган ўринлари” бандида мавзу ҳақида бошқа манбаларда келтирилган фикр ва мулоҳазалар тадқиқ қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нейрофизиологлар Худога ишонишнинг илмий изоҳини топдилар
Нейрофизиологларнинг аниқлашича, яширин нақшларни онгсиз равишда кўриш қобилиятига эга бўлган одамлар динга эътиқод қилишлари ва Худога ишонишлари эҳтимоли кўпроқ. Уларнинг тадқиқотлари натижалари Nature Communications илмий журналида эълон қилинди.
"Биз онгсиз равишда аниқ бўлмаган муносабатлар ва нақшларни пайқаган одамлар, агар улар динга эътиқод қилмаган оилада ўсган бўлсалар ҳам, кўпроқ диндор бўлишади деб ўйлаймиз", деди Адам Греен, тадқиқот муаллифларидан бири, Жоржтаун университети (АҚШ) доценти.
Экспериментлар давомида дисплейда бир қатор фикрлар пайдо бўлди, улар кейинчалик тезда йўқ бўлиб кетди. Кўнгиллилар ўзларининг позицияларини ёдлаб олишлари ва клавиатура ёрдамида кўпайтиришлари керак эди.
Яширин нарса шундаки, нуқта экранда тасодифан пайдо бўлмади, улар тушунарсиз, аммо ҳисоблаб чиқиладиган нақшга бўйсунишди. Буни билиб олгач, тадқиқот қатнашчилари улардан биттасининг координаталарини билиб, деярли ҳеч қандай хатоликсиз барча рақамларнинг ўрнини ҳисоблашга муваффақ бўлишди. Қоида тариқасида, синов пайтида кўпчилик илгари тахмин қилишга вақт тополмайди, аммо яширин нақшларни кўриш қобилияти уларнинг баъзиларига ушбу синовдан муваффақиятли ўтишга ёрдам беради.
Ислам.ру хабарига кўра, Вашингтон ва Қобулнинг 200 га яқин аҳолиси иштирок этган бундай тажрибалар натижаларини таққослаб, олимлар ҳар икки маданият вакилларига хос бўлган, ҳар жиҳатдан бир-биридан жуда узоқ бўлган қизиқарли нақшга эътибор қаратдилар.
Маълум бўлишича, бундай синовларда энг яхши иштирок этган кўнгиллилар экспериментнинг бошқа иштирокчиларига қараганда кўп ҳолларда диндорлар бўлиб чиқишган. Қизиғи шундаки, бу нафақат насронийлар ва мусулмонларга, балки динга эътиқод қилмаган оилаларда ўсиб, кейинчалик диндор бўлганларга ҳам хос бўлган, деб хабар беради ТАСС.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эр-хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуйида эр-хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритилади.
Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа
Хотин киши ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.
Аллоҳ таоло айтади: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).
Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар.
Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар» (Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.
Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.
Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам тааллуқлидир.
Рўзада оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва ҳаж вақтида жинсий яқинлик қилиш
Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.
Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.
Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.
Улуғ Аллоҳ айтади: «Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 197-оят).
Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.
Афзал Аброр таржимаси
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат
Оиланинг муқаддас эканлиги шу даргоҳда инсон насл-насабини давомчилари дунёга келишидир. Оила сўзи “Аёл” сўзидан иштиқоқ қилинган бўлиб, оила деганда аёл тушунилади. Демак, аёл муқаддас ҳисобланар экан.
Муқаддас динимизда аёлларнинг алоҳида тутган ўрни бор. Жамиятда унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:
“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги замонамизда ҳам, жаҳолат қолдиқларидан баъзи ҳолатларни кўриб, наҳотки шунчаликка боришадими деб истиғфор айтишдан нарига ўтмайсиз.
Самарқанд шаҳрида юз берган воқеа бутун Ўзбекистон халқини тинчини бузди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёлнинг эри томонидан шафқатсизларча калтакланиши аёлнинг оиладаги ўрнини билмасликдан бошқа нарса эмас. Кишини яхши ёки ёмон эканини билиш учун динимизда бир қоида бор. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларида: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деб марҳамат қиладилар. Оила раҳбари эркакнинг зиммасига аҳли-аёлини моддий ва маънавий томонлардан ўз ҳимоясига олиши вазифа қилиниб белгиланган. Шундай экан эр кишилар бу масалада эътиборли бўлишлари жуда зарур.
Ижтмоий тармоқларда тарқалган, қалбни оғритадиган мазкур ҳолатни содир этган эркак кишининг ҳатти-ҳаракати мусулмон кишининг қиладиган иши эмаслигини айтиб ўтамиз. Тезроқ тавбага шошилишини маслаҳат берамиз. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби қаттиқдир.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби
Халит ЭРЕН: Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ташаббусларини Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ва халқаро майдонда тўла қўллаб-қувватлаймиз
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида барча соҳаларда юксалишлар кўзга ташланмоқда. Илм-фан, таълимни қўллаб-қувватлаш, диний соҳадаги ўзгаришлар хорижий экспертларнинг эътирофига сабаб бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халит ЭРЕН, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори:
— Ўзбекистон илм-марифат ривожланган мамлакат, Ислом маданияти бешигидир. Ислом тамаддунининг бой манбаларини ўзида мужассам этган бу ажойиб мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизда катта таассурот уйғотмоқда. Ислом таълимотини чуқур ўрганиш, илм ва тамаддун ғояларини тарғиб этиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотларда илгари сураётган ташаббусларини жуда катта қизиқиш ва мамнуният билан кузатиб бораяпмиз. Ва биз бу эзгу ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлаймиз.
Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланганидан бери Ўзбекистонни дунёга очиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бунда ўлканинг бой маданий маънавий меросини кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг 2016 йил Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо-давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида ва 2017 йил БМТ Бош ассамблеясида илгари сурган ташаббуслари у кишининг нафақат ислом умматининг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг келажаги ҳақида қайғураётганидан далолат беради.
IRCICA Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган муассасалар — Имом Бухорий Халқаро тадқиқот маркази, Ислом тамаддуни маркази, Ўзбекистон Ислом академияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ислом академиясида IRCICA кафедраси ташкил этилган. Бундан ташқари биз юқорида зикр этилган муассасалар билан ҳамкорликда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Шавкат Мирзиёевнинг маърифатпарвар дунёқарашини жаҳон афкор оммасига таништиришда фаол иштирок этаяпмиз.
Биз Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган диний-маърифий соҳалардаги барча ташаббусларни Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ва кенг халқаро майдонда қўллаб-қувватлаймиз ҳам уларни тарғиб этишга ҳисса қўшамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати