muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан “Энг маърифатли имом” танловини юқори савияда ўтказиш белгиланиб, мазкур танловни юқори савияда ташкил этиш бўйича катта тайёргарлик ишлари кўрилди. Танловда ўз ҳудудида маънавий-маърифий ишларда фаоллик кўрсатган, юқори касбий маҳоратга эга, халқ орасида юксак обруга эга бўлган, ташаббускор, инновацион ғоялар яратувчиси, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган энг иқтидорли имом-хатибларни аниқлашдан иборат.

Уч босқичда ўтказилиши белгиланган танловнинг биринчи шаҳар ва туманлараро босқичи жорий йил 5,6 октябрь кунлари Нукус шаҳри, Элликқала ва Амударё туманларида ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммадайюб Ҳомидов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қорақалпоғистонлик уламолар ва диний соҳа ходимларига йўллаган саломини етказди. Сўнг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов сўзга чиқиб, бундай диний-маърифий танловларни ўтказишда ташаббускорлик кўрсатган Диний идора Раҳбариятига миннатдорчилик билдирди ва иштирокчиларга омадлар тилади.

Танловда турли номинацияларда имомлардан ташқари масжидларда фидокорона хизмат қилиб келаётган ходимлар ҳам Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тарафидан «Фахрий ёрлиқ» ва эсдалик совғалар билан муносиб тақдирланди. 

“Энг маърифатли имом” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари:

I ўрин: Матсапаев Абдурахман (Амударё тумани “Юсуф эшон бобо” жоме масжиди имом-хатиби);

II ўрин: Абуджанов Тоиржон (Турткул тумани “Турткул” жоме масжиди имом-хатиби);

III ўрин: Жумамуратов Яқуб (Тахиятош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жоме масжиди имом-хатиби).

“Энг намунали имом-ноиби”

- Жолаушиев Айбек (Нукус шаҳри Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди имом-ноиби),

“Энг кўп обуна уюштирган имом”

Идрисов Азат (Қораузяк тумани “Идрис эшон” жоме масжиди имом-хатиби),

“Энг тарғиботчи имом”

Сейтжанов Бекмурза (Чимбой тумани “Хан” жоме масжиди имом-хатиби),

“Энг хушовоз муаззин”

Алламбергенов Илҳом (Нукус шаҳри “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди муаззини),

“Энг ишбилармон мутавалли”

Абдижамилов Бахрам (Нукус шаҳри “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди мутаваллиси)

“Энг миришкор боғбон”

Нажимов Рахманберди (Кегайли тумани “Эшон қалъа” жоме масжиди боғбони),

“Энг намунали масжид”

- Тахиятош тумани “Сариқ эшон” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Умирзақов Рафатдин)

“Энг намунали таҳоратхона”

- Турткул тумани “Ёнбошқалъа” жоме масжиди  таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Қличев Досназар) 

 

Исламатдин Алланов

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.

Вторник, 23 Октябрь 2018 00:00

Сўнаётган юлдуз

Сиз расмда кўриб турган сурат НАСА (Америка аэронавтика ва космик тадқиқотлар агентлиги) томонидан эълон қилинган. Бу расм Ҳаббл телескопининг Wide Field Planetary Camera 2 камераси ёрдамида 2009 йил 4 майда олинган.

Ушбу туманликнинг номи К4-55 бўлиб, у аввал Қуёшга жуда ҳам ўхшаш юлдуз бўлган. Мазкур туманлик Ердан 4600 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Ушбу ҳолат юлдуз ҳаётининг тугаш арафасидир. Юлдуз ўз қобиғига ўралиб, аста-секин нури беркилиш жараёни бошланган. Бу жараён давом этиб, у бутунлай сўниб, қизил гигант фазасига ўтган. Бу фазага ўтганда қобиқлари бузилиб, планетар туманлик ҳосил бўлган. Астроном ва физик олимларнинг айтишича, Қуёш ҳам худди шундай тарзда ниҳоясига етар экан.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ

“Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса” (Таквир сураси, 1-оят).

Қуръон нозил бўлган пайтларда одамлар бу нарса ҳақида умуман билмас эдилар. Ушбу оят Қуёшнинг ниҳояси борлигига энг катта далилдир. Бугунги кун олимлари ҳам “Қуёш яна 5 миллиард йил нур сочиб туриши мумкин” деяптилар.

Маълумки, Қуёш 73 фоиз водород ва 25 фоиз гелийдан ташкил топган. Ҳар сонияда 600 миллион тонна водород 596 миллион тонна гелийга айланади. Қолган 4 миллион тонна эса турли энергияга айланади. Натижада Қуёш нурлари ҳосил бўлади.

Албатта, Қуръони карим юқоридаги оятда бизга Қуёшнинг нўри сўниб, тугаш ҳолатини ўта нозик услубда васф қилиб берган. Бу васф كُوِّرَتْ (куввирот) “ўралса” калимасида ўз ифодасини топган.

Бошга киядиган саллани ҳаммамиз яхши биламиз. Уни тайёрлаш учун докани дўппининг атрофида айлантириб, охири дўппи ҳам кўринмай қоладиган ҳолатга олиб борилади. Дўппининг фақат устки қисмигина кўриниб туради. Ўралиш деганда шуни тасаввур қиладиган бўлсак, Қуёш ҳам ўз қобиғига ўралиб боради ва нури сўниб, Ер юзида ҳаётнинг барча шакллари тугайди. Бугунги кунда олимлар К4-55 туманлигида кўраётган жараён худди шу ҳолатни эслатади. Субҳаналлоҳ!   

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

  

Кеча, 22 октябрь куни Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келди. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари элчи билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари Хенди Ассанни элчи этиб тайинлангани билан қутлаб, диний идора фаолияти, диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жуда катта ишлар қилингани ҳақида гапириб бердилар.
Мулоқот давомида муфтий ҳазратлари бир тарихий воқеани шундай ҳикоя қилиб бердилар:
– Мен Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий масжидида имом-хатиб бўлиб 30 йил ишладим. Кўп давлат раҳбарлари билан учрашдим. Айниқса, 1987 йилда Малайзия бош вазири Муҳаммад Мухатир жаноблари билан бўлиб ўтган учрашув ҳамон ёдимда. У кишининг олийжаноблиги, оқил ва доно сиёсатчи экани менда жуда катта таассурот қолдирган. Шундан менда Малайзия халқига меҳр уйғонган.
Малайзия элчиси Хенди Ассан шундай сўзларни баён қилди:
– Ўзбекистон билан Малайзия давлатларини бир-бирига боғлайдиган жуда кўп ришталар бор, айниқса, Имом Бухорий номини эшитганда, бутун Малайзия халқи қувонади. Муфтий ҳазрат сиз эслаб ўтган Малайзия бош вазири Муҳаммад Мухатир жаноблари эса Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатган биринчи дипломат ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан Малайзияга нисбатан визасиз тартиб жорий этилганидан кейин сайёҳлар сони ортди. Бу заминнинг зиёрат туризми борасидаги салоҳияти жуда катта. Шу йил октябрь-ноябрь ойларида Малайзиянинг Салава штати муфтийси Ўзбекистонга келиши режалаштирилган. Ислом уламолари ўртасидаги мана шундай ташрифларнинг кўпайиши жуда яхши натижаларни беради.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Нурли йўл вокзал мажмуасида йўловчи ва меҳмонлар учун ибодат қилиш имконияти яратилди. Бу ҳақда вокзалнинг расмий саҳифасида хабар берилган.

Тантанали очилиш маросимида "Нур Остона" масжиди имоми Серикбай Адилхан Иманилули, Остона мадрасаси директори Канат Онгарбаев ва "Телеубай" масжиди имоми Салимов Асхатлар иштирок этган.

muslim.kz нашрининг ёзишича, вокзал маъмурияти намозхонани мебел билан жиҳозлашда кўрсатилган ҳомийлик кўмаги учун Канат Онгарбаевга миннатдорлик билдирган. Намозхона вокзалнинг биринчи қавати К блокида жойлашгани айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, 17 октябрь куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Республика босқичи 18-25 ёшлилар ўртасидаги ҳифз йўналиши 1-ўрин соҳиби, Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти талабаси Муҳаммадисо қори Маҳмудовнинг Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш бўйича Россия Федерациясида ўтказиладиган "XIX Халқаро Қуръони карим мусобақаси"да иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Мусобақанинг дастлабки саралаш босқичи Москва жоме масжидида ўтказилган. Мусобақа иштирокчиларини Индонезия, АҚШ, БАА, Қувайт ва Россия давлатларидан келган ҳакамлар баҳолашган.

Мусобақа ғолиблари қуйидагилар:
1-ўрин: Яманлик Абдул Хаким аль-Аусажи;
2-ўрин: Тунислик Мухаммад Абдул Қадир;
3-ўрин: БААлик Валид ал-Марзуки;
4-ўрин: Босния ва Герцеговина давлатидан Харис Карпо эгаллаган.

Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти талабаси Муҳаммадисо қори Маҳмудов ҳам мамлакатимиз номидан мусобақада иштирок этди ҳамда юқори рейтинг баллари билан фаол иштирокчилар қаторида қайд этилди.

Мусобақа иштирокчилари учун Москванинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилган.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top