Ўзбекистон янгиликлари

Отинойиларимиз меҳнати эътироф этилиб, юксак мукофот билан тақдирланди

Оила ва фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни беқиёс бўлгани каби жамият ҳаётида ҳам отинойиларнинг мавқеи жуда муҳим. Дин ва дунёвий илмлар билимдони, аёл-қизлар мураббийси, диний маросимларга бошчилик қиладиган маърифатли аёл бўлган отинойиларимиз ўрни пандемия даври ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовлар оқибатларини бартараф этишда, айниқса, ёққол намоён бўлди.

Куни кеча Юртбошимиз фармони билан бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида бир қатор отинойиларимиз ҳам юксак давлат мукофоти билан тақдирланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти хотин-қизлар масалалари бўйича қози ёрдамчиси, бош отинойиси Досимбетова Тамара Жумабаевна “Дўстлик” ордени билан; Тошкент шаҳар Учтепа тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Карабаева Нафиса Кутпитдиновна, Тошкент вилояти, Янгийўл тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Нишанова Ханифахон Собировна, Андижон вилояти, Андижон тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Юнусова Хамидахон Халдаровналарга “Шуҳрат” медали берилди.

Отинойиларимизнинг фидойи хизмати ҳар қандай мақтов ва мукофотга лойиқдир! Зеро, Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, дея марҳамат қилинади. Ушбу юксак мукофот ҳам келгусида отинойиларимизнинг юртимиз тинчлиги ва равнақи, халқимиз фаровонлиги ва динимиз тарғиби йўлидаги хайрли ишларда янада шижоат билан фаолият олиб боришига туртки бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло отинойиларимизга ушбу мукофотларни муборак қилсин, халқимиз маърифатини ошириш йўлидаги фаолиятига ривож берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1541 марта ўқилди

Янгиликлар

Top