Ўзбекистон янгиликлари

“Ислом фиқҳи асослари” китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари” номли китоби нашрдан чиқди.


Мазкур китобда ислом фиқҳининг пайдо бўлиш тарихи ва илдизлари ҳақида баён этилган. Ислом шариатининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги ушбу китобнинг ёзилишидан мақсад динимиз воқеий дин экани ва барча замону маконларга ҳам мувофиқ келишини илмий асослашдан иборатдир.


Ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларга келиб мужтаҳид уламолар томонидан Ислом шариати аҳкомларини ўзида ифодаловчи мазҳабларга асос солинди. Жумладан, Кўфада Имом Абу Ҳанифа, Мадинада Имом Молик, Ҳижозда Имом Шофеъий ва Бағдодда Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ ўзларидан аввалги зотларнинг таълими асосида кейинги авлодга шариат аҳкомларига амал қилишнинг йўл-йўриқларини кўрсатиб бердилар.


Уларнинг илмий асосга эга усуллари ва жорий қилган қоидалари ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келаётгани мавжуд мазҳабларнинг нақадар пухта ва мустаҳкам эканига далолат қилади. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларини ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган.


Аллоҳ таоло ушбу китобни илм талабида бўлган китобхонларга манфаатли айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

569 марта ўқилди

Янгиликлар

Top