Ўзбекистон янгиликлари

Термизда афғонистонликлар учун қулайлик яратилади

Айни вақтда Афғонистонда ишчи ташриф билан бўлиб турган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Афғонистонга ташрифи давомида Термизда Афғонистон консулхонасини очишга келишиб олинди. 8 июль куни қўшни давлат президенти Муҳаммад Ашраф Ғани «Арг» саройида Ўзбекистон делегациясини қабул қилди.

«Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, биринчи навбатда Афғонистон президентининг 2017 йил декабрдаги Ўзбекистонга расмий ташрифи ва юқори даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда йирик инвестицион, транспорт-коммуникациявий, савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда Ўзбекистон Афғонистоннинг Термизда консуллик очиш тўғрисидаги мурожаатига розилиги тасдиқланди», – дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишган.

Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик жараёни ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган.

Учрашувда ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибида турган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.



ЎМИ Матбуот хизмати

2725 марта ўқилди

Янгиликлар

Top