muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 01 نيسان/أبريل 2021 00:00

Ёшлар – БМТ ва Ўзбекистон нигоҳида...

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг  жорий йилнинг 31 март кунида берган расмий маълумот ва хабарларида қайд этилганидай, Ўзбекистон ташаббуси билан «Ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи» ташкил этилди.

БМТ Бош котибининг ёшлар билан ишлаш бўйича вакили Джаятма Викраманаяке Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган «Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг тақдимотида иштирок этди.  Ушбу халқаро лойиҳа доирасида сайёрамиздаги ёшларнинг ҳуқуқларини илгари суриш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Бугунги кунда дунёда деярли 2 миллиард ёшлар яшамоқда – бу инсоният тарихидаги энг катта авлод.  Дунёнинг айрим мамлакатларида ёшлар аҳолининг 70 фоизини ташкил қилади.

Шу билан бирга ҳозирги инқироздан олдин нашр этилган БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар бешта ёшлардан бири ўқимайди, касбий тайёргарликдан ўтмайди ва ишсиз.  Тўрт кишидан бири тўқнашувда яшайди.

Пандемия вазиятни янада оғирлаштирди: мактаб ўқувчиларининг камида учдан бир қисми таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинди, ярим миллиардга яқин ўқувчи мактабга бормади.  “Бир қатлам авлод офатга дуч келмоқда, – дея огоҳлантирди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда қилган чиқишида.  Шу билан бирга экстремистик гуруҳлар ижтимоий тармоқларда фаоллашиб, нафратни ёйиб, ёшларни ўз сафларига қўшилишга ундашмоқда.

«Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг асосий мақсади – ёшлар сиёсати ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришдир.  

Хабаримиз бор, БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни қабул қилишни таклиф қилди.  Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.  Бугунги кунга қадар ўнлаб мамлакатлар гуруҳга қўшилишди, жумладан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатлари.

«Ёш авлоднинг жамоат ҳаётидаги роли ўсиб бораётганига қарамай, уларнинг иштироки кўпинча ўзларининг келажаги учун муҳим бўлган қарорлар ва жараёнларга бевосита таъсир ўтказиш билан эмас, балки фақат маслаҳатлашувлар билан чекланади», – дея таъкидлади Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов.

Элчи жаноблари «Дўстлар гуруҳи» ёшлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришда, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида мунозараларни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнашлигини таъкидлаб, бошқа мамлакатларни ҳам гуруҳга қўшилишга даъват этди.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ўзбекистонга бағишланган мақола Туркиянинг машҳур «Vatan» газетаси саҳифаларида чоп этилди.

– Ўзбекистон бой тарихга, бутун маънавият ва илм-фан кашшофлари галактикасига эга диққатга сазовор марказдир, - дейилади мақолада – Асрлар давомида бу юртда диний уламолар таълим олган айрим мадрасалар бугунги кунда бу вазифани бажаришда давом этмоқда.

Муаллифлар Ўзбекистонни аждодлар ватани деб атайдилар, унинг ҳар бир бурчаги улуғ ўтмишнинг таъсирчан изларини ўзида ташийди, Ислом маданияти жавоҳири ҳисобланади.

"Ўзбекистон раҳбари мамлакат кун сайин янада тараққий этиши учун тинимсиз меҳнат қилмоқда. Эҳтимол шунинг учундир унинг исми бизнинг умумий оиламизнинг эъзозли аъзоси сифатида катта ҳурмат билан зикр этилаётгандир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 2019 йилда Ўзбекистон яна бир бор туркий дунё тарихида олтин ҳарфлар билан ўз номини ёзиб, Туркистон Кенгашига аъзо давлатга айланди", - дейилади мақолада.

Таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатимиз бундан бир неча йил аввал бўлганидан жуда фарқ қилади – "мамлакат ўзининг ноёб тарихий фактурасини сақлаб қолган ҳолда, жуда юқори ривожланишни бошдан кечирмоқда, мамлакат бутунлай ўзгариб бормоқда".

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда муаллифлар Ўзбекистон Турк дунёсининг беқиёс тарихий-маънавий таянчи ва охиригача кашф этилмаган сайёҳлик маркази эканлигини таъкидлайдилар. Бу Яқин Шарқ ва Марказий Осиё тарихини шакллантирган буюк ҳукмдорлар, ёрқин стратегларни етиштирган замин. Бу жаҳон илм-фанига чуқур таъсир кўрсатган буюк олимларни тарбиялаган юрт. Ўзбекистонга ташриф буюрар экансиз, атрофингиздаги нафақат мафтункор гўзалликни, балки маънавий куч-қувват оладиган, ҳақиқий ўзлигингизни англай оладиган илдизларингизни ҳам кўришингиз мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الخميس, 01 نيسان/أبريل 2021 00:00

Ҳаддан ошган қавм – помпей

Қадимда Помпей деган шаҳар бўлган. Бу ҳозирги Италиянинг Неапол шаҳри яқинида жойлашган. Бу шаҳар аҳолиси фаҳшга, ҳатто ҳайвонлар қилмайдиган иш: лўттибозликка ўта берилган, ҳатто уларнинг фаҳш билан шуғулланиши ҳозирги бузуқчилик авж олган давлатларда бўладиган фаҳшлардан-да ўтиб кетган эди. Бу шаҳарда зино, жирканчликлар одамлар кўз ўнгида, кўчаларда, дўконларда, уйларда, майдонларда, омманинг кўз ўнгида, фарзандлар олдида содир этиларди. Энг ачинарлиси, улар қилаётган ифлосликларидан фаҳрланишарди.

 Келинг, Аллоҳ таоло Помпей аҳолисини қандай ҳалок қилгани ва Қуръони Каримда ўн тўрт аср олдин бунга қандай ишора этилгани борасида сўз юритсак.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло ушбу шаҳар аҳолисини милодий 79 йил 24 августда ҳалок қилган. Ўшанда шаҳар яқинидаги Везувий вулқони отилиб, ундан чиққан лава (ўта юқори даражадаги суюқ олов) шаҳар аҳолиси устига ёғилган. Вулқон лаваси ва куллари шаҳар устига шу қадар тезлик билан катта миқдорда ёғилганки, бунинг оқибатида аҳолининг ҳаммаси турган жойида тош бўлиб қотиб қолган. Эътиборлиси Аллоҳ таоло уларни кул қилиб юбордмади тошга айлантирди. Қотиб қолган жасадлар устида лава тошлари излари, уларнинг юзида эса азоб, оғриқ аломатлари яққол сезилиб турганини кўриш мумкин.

Ўша воқеанинг гувоҳи бўлган сиёсатчи ва ёзувчи кичик Плиний ўз эсдаликларида шундай ёзиб қолдирган: “Улкан қора булут тезлик билан яқинлашиб кела бошлади. Ичида эса жуда катта ҳажмда чақмоқ чақишига ўхшаган олов кўриниб турарди”.

Ҳа, мазкур ҳодисадан анча йиллар ўтгач, ўлик шаҳарларни қазиш жараёнида ўша ҳудуддаги ҳамма нарса асл ҳолатида сақланиб қолганлиги маълум бўлди. Қалин кул остидан кўчалар, тўлиқ жиҳозланган уйлар, одамлар ва ҳайвонлар қолдиқлари топилди. Помпей аҳолисининг аксарияти ҳодисада ҳалок бўлган.

Помпейшунос тарихчи олим Пиер Паоло шундай дейди: “Аввалига ер силкинишлари бўлган, кейин қаттиқ портлаш юз берган. Ундан кейин Везувий устида улкан қора тутун пайдо бўлиб, кратердан катта босимдаги қайноқ газ ажралиб чиқа бошлаган. Вулқондан чиқаётган иссиқлик энергиясининг миқдори Хиросимага ташланган атом бомбаси чиқарган иссиқлик энергиясидан бир неча баробар кўп бўлган. Вулқон отилиши натижасида шаҳар тарафга майда қаттиқ жинслар, вулқон куллари ва ғовакли тошлардан иборат тутун жуда катта тезлик, чамамда – соатига 500-700 км тезликда кела бошлаган. Тутуннинг баландлиги 30-50 метрдан юқори бўлган. Осмонни қоплаб олган улкан массали тутун шаҳар устига тушиб, қисқа муддат ичида Помпейни қоплаб олган”.        
        
Помпей аҳолиси кўчаларни тарк этиб, уйларига яширинишади. Улар уйнинг томи ишончли, бизни сақлаб қолади деб ўйлашади. Шаҳар эса тутун сабабли зулмат ичида қолган эди. Оғир массали кул ва қайноқ тошлар уйларнинг томларини ҳам бузиб, ичкарига кира бошлаган. Камига заҳарли газ одамларни карахт қилган ва натижада ҳеч ким қочишга улгурмаган.

Газнинг ўзи заҳарли бўлиши билан бирга ҳарорати 500-700 даражада иссиқ эди. Бундай кулли ва иссиқ ҳароратли газ йўлида учраган барча нарсани ёндириб юборарди. Кўчада, йўлларда, уйларида бўлган барча кимсалар иссиқдан, заҳарли газ ва тошларнинг баландликдан тушишидан ҳалок бўлдилар. Археологлар кўп миқдорда отлар ва бошқа ҳайвонларнинг қотиб қолган жасадларини ҳам топдилар.

Шу ўринда бир савол туғилади? Ўта юқори ҳароратдаги тутун ва кул инсонни эритиб юбориши керак эди. Аммо Помпей аҳолиси мазкур ҳалокатдан пайтида эриб кетмай, қотиб қолган. Нима учун? Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло фаҳш ва зинога берилган кимсаларни қандай аҳволга солганини, қандай ҳалокатга дучор қилганини кейинги инсониятга билдириш, ибрат қилиш учун уларни қотириб қўйди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلَوْ نَشَاء لَمَسَخْنَاهُمْ عَلَى مَكَانَتِهِمْ فَمَا اسْتَطَاعُوا مُضِيّاً وَلَا يَرْجِعُونَ

“Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” (Ёсин сураси, 67-оят).

Ушбу оят муфассирларни лол қолдирган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу оят маъносининг таржимаси “Агар хоҳласак, уларни уйларида турганларида ҳалок қилурмиз” бўлади” деганлар.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида бундай деганлар:

“Оятдаги “масх” сўзининг маъноси ташқи кўринишни ўзгартириб, уни тош ё жонсиз нарса ёки ҳайвонга айлантириб қўйишдир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва Қатода раҳимаҳуллоҳ “Бу оят уларни оёқлари турган жойда қотириб қўямиз” деган маънодадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар” деган. Ҳа, улар бир ҳолда қотиб қоладилар. Олдинга ҳам, орқага ҳам силжий олмайдилар” дея тафсир қилишган.

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида бу оятни “Агар хоҳласак, уларни ўз уйларида ўтирганларида тошларга айлантириб қўямиз. Уларнинг руҳлари бўлмайди” дея тафсир қилганлар.

Эътибор берсак, ушбу тафсирда Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ оятда зикр қилинаётган кимсаларнинг руҳлари бўлмаслигини, фақатгина шакллари бўлишини, ўзлари эса уйларида тошга айлантирилган ҳолда ўтиришларини айтяптилар.

Бу эса биз сўз юритаётган Помпей аҳолисининг ҳалок этилиши ва ундан кейинги қотиб қолган қолдиқларига айнан мос келади.

Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин мазкур ҳодиса ҳақида айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳақ каломи эканлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ Пайғамбари эканликларига яққол далилдир!

Азизлар, барчамиз зино, фаҳш ва лўттибозлик каби ифлосликларнинг барча кўринишларидан узоқ бўлиб, иффатли, ҳаёли бўлайлик! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

         وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً

“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.) (Исро сураси, 32-оят).      

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло пайғамбари Лут алайҳиссаломнинг қавми билан мунозара қилгани ҳақида хабар бериб, шундай дейди: “Сизлар бутун оламлардан (ажраб – ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошгувчи қавмдирсизлар” (Шуаро сураси, 165–166). 

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан ва унга олиб борувчи барча фаҳш ишлардан йироқ қилиб, иффатли, ҳаёли бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

        
Манбалар асосида Саййид Аброр Умар тайёрлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда ҳар бир йил, ҳар бир ойнинг бошланишида оммавий ахборот воситаларида, айниқса интернет саҳифаларида мазкур йил, ой ва кунларга хос бўлган хабарлар, қизиқарли маълумотлар ёки нишонланадиган байрамлар ҳақида мақолалар берилади. Жумладан, интернет саҳифаларида 1 апрел кунига тегишли баъзи маълумотлар ҳам берила бошланди. Бу маълумотлар янгиликка ўч бўлган ҳар қандай одамнинг эътиборини ўзига тортмай қўймайди. Бу менинг ҳам эътиборимни тортди. 1 апрелга тегишли маълумотларни турли интернет саҳифаларидан қидириб, топиб ўқиб кўрдим. Бу маълумотларнинг савияси турлича. Баъзилари илмий маълумотларга асосланган, баъзиларини эса оддий ҳаваскорлар ёзган. Яна баъзилари олди-қочди, сафсата гаплар. Лекин энг асосийси, мазкур маълумотларнинг ҳеч бирида 1 апрель куни ҳақида инсонийлик, маънавият, илм-маърифат, ахлоқ-одоб, дину диёнатга мос келадиган бирорта ижобий тушунча йўқ. Балки барчаси бошидан охиригача байрам баҳона қандайдир кўнгилхушлик билан шуғулланиш. Демак уларнинг мақсадлари битта – у ҳам бўлса, ҳар қандай йўл ва услуб билан кимнидир алдаш, кулдириш, мазах қилиш, масхаралаш, ташвишга қўйиш, қўрқитиш, чўчитиш, асабини бузишдир. Буларнинг натижасида қандайдир фожиалар келиб чиқиши ҳам мумкин, аммо улар бунга этибор бермайдилар. Балки 1 апрел ҳазил куни деган баҳона билан ўзларининг кирдикорликларини яширадилар.

1 апрель кунини байрам сифатида нишонлашнинг тарихи, келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар ҳам турли-туман. Бирида «оммавий қирғин, бир дин вакилларини қатлиом қилиш куни» дейилган бўлса, бошқасида Оврўпадаги баъзи императорларнинг кўр-кўрона қилган ишлари ва тадбирларини яшириш мақсадида 1 апрелга асос солинганлиги ва бу милодий XVI асрдан бошланганлиги айтилади.

Ҳозирги кунда 1 апрелнинг қандай кун деб аталиши тўғрисидаги интернет саҳифаларида берилган баъзи маълумотлардан иқтибос келтирамиз:

«Ҳозир Оврўпада нишонланаётган биринчи апрель куни одамларнинг бир-бирини алдашидан бошланган».

«1 апрель – алдаш ва лақиллатиш куни муносабати билан танлов эълон қиламан».

«1 апрель куни дунёнинг бир қатор мамлакатларида Кулги куни, Ҳазил куни, Алдаш куни нишонланади. Шу куни яқин дўстлар бир-бири билан ҳазиллашадилар».

«1 апрель куни бир марта бўлса ҳам жилмайиб қўймайдиган одам топилмаса керак. Биринчи апрель бир-бирига ҳадди сиғадиган, қалби пок инсонларнинг байрами»

«1 апрель – аҳмоқлар куни».

Мазкур иқтибослардан кўриниб турибдики, бу куннинг қандайдир ном билан аталиши ёки байрам қилинишида ҳеч қандай хайр йўқ. Чунки бу кунда шариатимизда ман этилган бир қанча маънавий ва моддий жиноятлар содир этилади, аммо мазкур жиноятлар ҳазил, кулги ниқоби остида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам мазкур жиноятларни содир этаётганлар ҳам, бундан жабр кўраётганлар ҳам гўёки бир-биридан хафа бўлмайди. Лекин инсон гуноҳкор бўлиши учун бировни хафа қилиши шарт эмас, балки шариат гуноҳ деб баҳолаган ишни қилишнинг ўзи кифоя. Келинг, мазкур қўштирноқ ичидаги «байрам» кунида қандай гуноҳлар содир этилишини ўрганиб чиқайлик.

1. Аввало, бу «байрам»нинг номиданоқ кўриниб турибдики, 1 апрель – алдаш куни. Алдаш – ёлғончилик, каззоблик, фирибгарлик деган маъноларни ўз ичига олади. Ёлғон эса шариатимизда қатъий ҳаром қилинган. Унинг ҳаром экани оятларда, ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ёлғончилардир» (Наҳл сураси, 105-оят).

Аллоҳнинг оятларига иймон келтирадиганлар мўмин-мусулмонлардир. Улар ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Ёлғон тўқиш эса Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларнинг энг ёрқин аломатларидан биридир.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам ёлғончи бўлиши мумкинми?» деб сўрашган эди, «Йўқ!» дедилар».

Имом Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф юқоридаги ояти кариманинг маъноларини янада таъкидлаб, қувватлаб келяпти. Мазкур маъно янада тушунарли бўлиши учун бу ҳадис савол-жавоб тариқасида ворид бўлган. Демак, мўминда ҳам баъзи иллатлар бўлиши мумкин экан, лекин иллатларнинг энг ёмони бўлмиш ёлғончилик ҳеч қачон мўминда бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг иймонига футур етади. «1 апрел»чилар эса ўзининг нодонлиги, жоҳиллиги оқибатида иймонидан айрилаётганини оммавий байрам сифатида нишонлайдилар.

2. Биринчи апрель ҳазили деб, бир кишини алдаш оқибатида унинг қони, мол-мулкига тажовуз қилинади, обрўси поймол қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажида шундай деганлар:

«Сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўингиз бир-бирингизга ҳаромдир»!

Имом Бухорий ривоят қилган.

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар» (Нисо сураси, 29-оят).

3. Мазкур алдов бирор шахснинг бирор иллатини айблаш маъносида бўлса ва ўша иллат унда ҳақиқатдан ҳам бор бўлса, бу иш ғийбат бўлади. Агар ўша иллат унда бўлмаса, туҳмат ёки бўҳтон бўлади. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам шариатимизда ҳаромдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. У зот: «Биродарингни унинг ўзига ёқмаган нарса билан зикр қилишинг», дедилар. Шунда: «Мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?» дейишди. У зот: «Агар айтган нарсанг унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Айтган нарсанг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дедилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

4. Мазкур алдовга мазах, истеҳзо ҳам аралашади. Буларнинг ҳар иккаласи шариатда ман этилган.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар».

Янада тушунарлироқ бўлиши учун 1 апрель кунида бўладиган баъзи бир ҳазиллардан мисол келтирамиз.

Бир неча улфатлар чойхонага тўпланиб, тўкин дастурхон атрофида маишат қилишибди. Зиёфат охирига етиб, ҳамма уй-уйига кетиш учун чойхонадан чиқиб, уловининг олдига келибди. Улардан бири не кўз билан кўрсинки, улови қўйган жойида йўқ экан. Унинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмабди. Ранги оқариб, тили калимага келмай қолибди. Нима қилишини билмай турса, улфатлари унга ҳамдарддек атрофида тизилишиб тураверишибди. Ҳамма ҳайрон. Жабрдийда одамнинг асаблари бузилиб, мазаси қочибди. Вазият борган сари чигаллаша бошлабди. Бирор жиддий фожиа рўй беришидан қўрққан улфатлар дўстини хотиржамликка чақириб, уловини нариги маҳалладаги бир кўчага яшириб қўйганини айтиб, «Бу 1 апрель ҳазили эди» деб, унинг устидан мириқиб кулишибди.

Бошқа бири эса уловига миниб, ўт олдиргач, рулни ушласа, не кўз билан кўрсинки, рулга каттагина олачипор илон ўраб қўйилган экан. Бечора қўрққанидан юраги ёрилиб ўлишига бир баҳя қолибди. Улфатлар эса уни ҳам масхара қилиб, роса кулишибди.

Бошқа бир улфатлар янада бошқачароқ ҳазил ўйлаб топишибди. Улфатлардан бирининг аёлига телефон қилиб, унинг эри жазмани билан фалон жойда кайф-сафо қилаётгани тўғрисида ёлғондан хабар беради. Рашк ўтида куйган аёлнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай, айтилган манзилга бир аҳволда етиб келибди. У ердаги манзара қандай бўлганини тасаввур қилаверинг.

Улфатларнинг ичида уч-тўртта дўкони бор тижоратчи ҳам бор экан. У оиласи билан кечки овқатни еб, хотиржам ўтирган пайтда тўсатдан телефони жиринглаб қолади. Улфатларидан бири ташвишли оҳангда унга ўта совуқ хабар етказади: «Дўконингни текширув босди! Мол-мулкингни мусодара қилишяпти! Сен нима қилиб ўтирибсан, тезлик билан етиб келиб, ишни жойида «ёпди-ёпди» қилмасанг, ишинг газак олар экан!». У бечора эса оғзидаги таомини ютиш-ютмасликни ҳам билмай, оёқ кийимини ҳам кияр-киймас, машинага ўтириб дўкони томонга елдек учиб кетади. Бундай ҳолатларда йўлнинг ўзидаёқ бирор фожиа бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Ёки улфатлар ичида шунга ўхшаш ҳазиллар бўлмайди деб ким айта олади?

Азизлар! Айтинг-чи, шунча иллатларни ўзида мужассам этган «байрам»ни яхши кайфият билан нишонлаш мумкинми?

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устига асал суртилган заҳарга ўхшаш бу «байрам»да тилга тегишли бўлган барча жиноятлар содир этилади ва бу оддий ҳол деб қабул қилинади. Юқорида уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтирмадик, ақл эгаларига эслатма ва огоҳлантириш бўлсин, дея бир неча мисоллар келтирдик, холос.

1 апрелни алдов ва ҳазил куни деб нишонлагандан кўра «Ёлғонга қарши кураш куни» деб эълон қилсак бўлмайдими?

Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғли

Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғи ҳудудида янги “Юсуфхон ўғли Қосимхон” масжиди қуриб битказилди.

– Юртингизга дунёда ягона нусхадаги санъат асаримиз билан келдик, – дейди Туркиянинг “Teknikel Avize” ширкати раҳбари Серкан Озжелик. – Масжидга махсус буюртма асосида узунлиги 17 метр, баландлиги 14 метрни ташкил этувчи қандилни ясаб, ўрнатяпмиз. Қандил ёнганида Асмои Хусана – Аллоҳнинг 99 исми, Калимаи тавҳид ва Бисмиллоҳ калималари унинг нурида акс этади.

– Бу ерда каттагина кутубхона ҳам жой олган бўлиб, кейинчалик электрон кутубхона тизими ҳам йўлга қўйилади, – дейди масжид имом-хатиби Мусохон Аббосиддинов. – Яъни, масжидга кирган намозхон ибодат вақтига қадар диний китобларни электрон мутолаа қилиш имкониятига эга бўлади.

Мазкур янги масжид ишга тушиши билан Наманган шаҳрида масжидлар сони 38 тага, вилоятда эса 189 тага етди.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА

Видеолавҳалар

Top