muslim.uz

muslim.uz

Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жумладан “Ахбар ал-Йаум”, “Ал-Аҳром”, “Ал-Хабар ал-Йаум”, “Сада ал-Балад”, “Ал-Васила” нашрлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан Миср жамоатчилигини таништиришда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Хусусан, “Ал-Аҳром” газетаси Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси билан уюштирган интервьюсида мамлакатларимиз ўртасида туристлар сонини ошириш, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш имкониятларига тўхталиб ўтган.

Мисрнинг нуфузли “Ахбар ал-Йаум” газетаси эса Имом Мотуридий таълимотига оид мақола чоп этди. Унда Ислом дунёсида мўътадил қарашларни ёйиш, Мотуридий таълимотини ўрганиш, соҳага оид хорижий ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатишда Ўзбекистонда ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган.

Мазкур газета Имом Мотуридий стипендиясининг жорий этилиши, ушбу таълимот билан боғлиқ қўл ёзмаларни йиғиш, библиографиясини тайёрлаш ва уларни электрон шаклда кутубхоналарда тарқатиш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аллоҳу таоло Қуръони Каримда, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадиси шарифларда билдирган ва бизнинг ибодатларимизда учрайдиган бир гуруҳ муборак калималар бордир. Бу калималар ҳам Аллоҳга эътиқод масаласида ниҳоятда чуқур маъноларга эга.

Масалан:

لا اله الا الله

«Лаа илаҳа иллаллоҳ». Бу калимани намозда, ибодатларимизда турли сифатлар билан айтамиз. Ва буни айтишда кўп савоб борлиги бизга билдирилади.

سبحان الله

«Субҳаналлоҳ», Аллоҳу таоло ҳар турли нуқсондан покдир. Ҳар турли камолотга соҳибдир. Унга мафтунман. Уни турли нуқсонлардан пок, холи кўраман, дегани бўлади. Булар, мусулмонлар энг кўп такрорлайдиган калималардир.

الحمد الله

«Алҳамду лиллаҳ», ҳамднинг, бутун мақтовларнинг Аллоҳга хослигини, бутун гўзалликларнинг, шукур этиладиган нарсаларнинг Аллоҳ томонидан яратилганлигини ифода этади.

الله اکبر

«Аллоҳу акбар», Аллоҳу таолонинг ҳар қандай борлиқдан юқори эканлигини, ҳеч бир нарса билан муқояса қилиб бўлмас даражада улуғлигини кўрсатади.

و لا حول و لا قوة الا بالله

«Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ», куч ва қувватнинг фақат Аллоҳдан эканлигини кўрсатади. Олимлар буни «Тавҳиди софий» деганлар... «Лаа илаҳа иллаллоҳ» – «Аллоҳ ягонадир» дегани. Аммо «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ», – ишнинг сирридир. Куч-қувват – Аллоҳдандир.

حسبی الله

«Ҳасбияллоҳ», ҳар қандай кучга қарши Аллоҳ кифоя эканлигининг ифодаси.

 

توکلت علی الله

«Таваккалту аълаллоҳи», инсон Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга ёрдам этажагининг ифодаси.

 

...وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ... (سورة الطلاق: 3)

«Ва ман ятаваккал аълаллоҳи фаҳу ҳасбуҳ» /»Ат-талоқ» 3./» – Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир.

Бу калимлар мўъминнинг амалий ҳаётига шу қадар сингиб, қоришиб кетганки, мусулмон бу ишончлар билан Аллоҳу таоло ҳазратлари ҳақида жуда бақувват, ўнгу чапга оғиб кетмайдиган гўзал бир эътиқодга эга бўлади. Қуръони Каримнинг мана шундай таълими билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари, кўрсатган ҳаёт тарзи ва ибодатлари билан мусулмон Аллоҳ наздида шундай бир адабга эга бўлади.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

الأربعاء, 31 آذار/مارس 2021 00:00

Отинойилар билим савияси оширилди

Кеча 30 март куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги туман ва шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва жойларда фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди.

Ўқув-семинар, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Дастлаб семинар иштирокчиларига куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Ўзбекистон 24” телеканали орқали эфирга узатилган ёшларга мурожаати намойиш этилди.

– Дарҳақиқат, бугун келажак тарбиячилари – аёлларнинг, опа-сингилларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов. – Чунки ёшлар тарбиясида кузатиладиган бўшлиқни дарҳол “тўлдирадиган” кучлар пайт пойлаб юрганини яхши биламиз. Улар бундай имкониятлардан шундай устомонлик билан фойдаланишадики, афсуски, бунинг аччиқ хотиралари ҳали-ҳамон юрагимизни тирнайди. Шу боис аёлларнинг фарзандлар тарбиясига эътиборини янда кучайтириш зарур.

Ўқув-семинарда А.Юнусов “Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолатларининг олдини олиш” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакилининг аёллар масалалари бўйича ёрдамчи З.Соатова “Диний ва миллий маросимларни тўғри ташкил этишда ҳамда ёшлар тарбиясида ва уларни илмга, касб-ҳунарга тарғиб қилишда отинойиларнинг ўрни” мавзусида йиғилиш иштирокчиларига маъруза қилди.

Ўқув-семинарда отинойилар фаолиятига доир турли мавзулардаги саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Ахборот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бирмингем университетининг олими Мари Свиергула 2015 йил 22 июлда Англиянинг Бирмингем шаҳрида топилган Қуръон қўлёзмасини углерод тадқиқотлари билан тасдиқланган ва қўлёзма Муҳаммад пайғамбар алайҳиссалом даврларида ёзилган деган фикрда. Университетнинг хабар беришича, қўлёзма VII асрнинг бошларига оид муқаддас Ислом динининг "ажойиб даражада тушунарли" матни билан тўлдирилган икки варақдан иборат.

Қўлёзма Ўрта Шарққа оид қатор бошқа китоблар ва ҳужжатлар билан бирга сақланган, аммо ҳеч ким ушбу ҳужжатлар билан бирга Қуръоннинг дунёдаги энг қадимги нусхаларидан бири сақланганлигини билмаган. Ҳужжатлар бир аср давомида университет кутубхонасида ётган ва ҳеч ким уларга эътибор бермаган.

Британия кутубхонаси қўлёзмалар бўйича мутахассиси доктор Муҳаммад Исо Вали бу ажойиб топилма мусулмонларнинг қалбига қувонч келтирганини айтади. Ёшини аниқлаш учун қўлёзма радиоуглеродли текширувдан ўтказилган ва олимлар натижани кўргандан кейин қаттиқ ҳаяжонда қолишди.

Университетдаги махсус гуруҳлар директори Сюзан Уорроллнинг айтишича, ҳужжат бу қадар қадимий бўлиши мумкинлиги тадқиқотчиларнинг хаёлига ҳам келмаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, илк араб хат турларидан бири бўлган Ҳижоз усулида ёзилганидан бу дунёдаги энг қадимги Қуръон нусхаларидан бири ҳисобланади.

Оксфорд университетининг радиоуглерод технологияси бўлимининг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, матн қўй ёки эчки терисига ёзилган. Ушбу текширув қўлёзманинг ёшини 95 фоиз аниқлик билан аниқлади ва ушбу терилардаги матн милодий 568-645 йиллар оралиғида ёзилганлигини кўрсатди.

"Мен ушбу саҳифаларни кўрганимда жуда таъсирландим", деди Бирмингем Марказий масжиди кенгаши раҳбари Муҳаммад Афзал.

Британия кутубхонасидан форс ва турк қўлёзмаларининг таниқли мутахассиси доктор Валининг айтишича, чиройли ва ҳайратланарли даражада тушунарли Ҳижозий хат турида ёзилган ушбу икки ўрам қоғоз хулафои рошидийнлар замонида ёзилган.

 

azon.uz

Видеолавҳалар

Top