muslimuz

muslimuz

الخميس, 22 شباط/فبراير 2024 00:00

Солиҳ дўст танланг

Ўзингизга солиҳлардан дўст танлашга ҳаракат қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Киши дўстининг динидадир, шундай экан, кимни дўст тутаётганингизга боқинг”.

Дўст бу қувончингизни бирга баҳам кўрадиган, қийинчиликда суянадиган, хурсанд вақтингизда ҳам, маҳзун вақтингизда ҳам ёнига югурадиган, талпинадиган шахсдир.

Унинг Аллоҳ учун холис дўст бўлгани, тўғри йўлдалиги доим кўзингиз олдида турсин. Уни муҳофаза қилин, ўзингиздан бериб қўйманг, чунки уни йўқотсангиз, ғамингизга шерик бўладиган, сизни яхшиликка чорлайдиган одам топа олмай қоласиз!

Абдуллоҳ ибн Жаъфар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бирга юрагнингизда сизга зийнат бўладиган, йўқлигингизда сизни ҳимоя қиладиган, бирор нимага муҳтож бўлсангиз ёрдам берадиган, сизда бирор камчилик кўрса, уни бошқалардан беркитиб, ислоҳ қиладиган дўст танланг”.

Катта-ю кичик ҳар нарсага ҳам уни айблайверманг, хатоларидан кўз юминг, чунки мукаммаллик фақат Аллоҳга хосдир!

Бармоқларингизга қаранг, ҳаммаси бир-бирига яқин жойлашган, фақат бош бармоқ улардан узоқроқ. Лекин шундай бўлса ҳам бармоқлар ўзларидан узоқроқ жойлашган бошбармоқсиз ҳеч нарса қила олмайди, ҳеч нарсани ушлай олмайди! Ўзингизда бир синаб кўрингда, бошбармоғингизни ишлатмаган ҳолда ёза олармикинсиз ёки кийимизнгиз тугмасини қадай олармикинсиз?!

Демак, бундан келиб чиқадики, гап атрофингизда дўстлар кўп бўлишида эмас экан. Гап уларнинг сизга меҳр-муҳаббатли, сиз учун фойдали бўлишидадир! Ҳатто сиздан узоқ жойдади битта содиқ ва солиҳ дўст яқингиздаги тайин-тутруқсиз мингта дўстдан яхши!

Қуръони каримда бундай оят бор: “Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар” (Зумар сураси, 73-оят).

Уламолар бунга тафсир ўлароқ айтадилар: “Аллоҳ одамлар жаннатга алоҳида-алоҳида киришини хоҳламади. Ҳамма дўстлар тенг, биргаликда жаннатга кирадилар”.

Аллоҳ таолодан қўлимиздан тутиб жаннатга етаклайдиган дўстлар беришини сўрайлик!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

الخميس, 22 شباط/فبراير 2024 00:00

Улар ҳақиқий мўминлар

Аллоҳ таоло мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 2–4).

Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир:

“...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...”

Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб, 41-42); Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).

Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё­ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо­йишта ва хотиржам бўлади.

“...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...”

Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.

“...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...”

Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд, 123).

Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.

“...Намозни баркамол ўқийдиган...”

Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади. “...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...”.

Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.

Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (саво­бини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун “...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...”.

Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

 Даврон НУРМУҲАММАД

الأربعاء, 21 شباط/فبراير 2024 00:00

“25 йилдан бери маҳримни олганим йўқ”

Cавол: Турмуш қурганимизга 25 йил бўлди. Эрим маҳримни бермаган, ўзим ҳам сўрамаганман. Бу ҳақда бизга ҳеч ким айтмаган ҳам. Уни ўзим сўраб олишим шартми? Маҳримни бермагани учун эрим гуноҳкор бўлмайдими? Аслида, бермаса ҳам розиман.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. “Маҳр” никоҳ битими тузилгандан кейин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган молиявий мажбуриятдир. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида қуйидагича марҳамат қилади: “Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг” (4 оят).

Аллоҳ таолониг ушбу сўзи маҳр бериш вожиб эканини англатувчи ояти карималардан биридир. Оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Никоҳ бўлиши билан, ҳаттоки қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам маҳр бериш вожиб бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва қалбларига меҳр-муҳаббат ҳадя этишнинг муҳим бир кўринишидир.

Никоҳ ақдидаги ушбу вожиб амални келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейиш орқали соқит қила олмайдилар. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳатто эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.

Ана шундай маҳр белгиланмай ўқилган никоҳ сабабли, эрнинг зиммасига маҳри мисл вожиб бўлади. “Маҳри мисл” (бошқаларнинг маҳрига тенглаштирилган маҳр)нинг қиймати аёлнинг опа-сингиллари, аммалари, аммаларининг қизлари (яъни, отасининг қавми)нинг маҳрларига тенг маҳрдир. Онаси ва холасининг маҳрига қаралмайди. Фақат онаси отасининг қавмидан бўлса, уни эътиборга олинади. “Маҳри мисл”да (қиёсланадиган) икки аёл ёш, чирой, мол, ақл, дин, шаҳар ва вақт (яна бокиралик, илм, одоб ва чиройли хулқ)да баробар бўлиши эътиборга олинади” (Мухтасарул Қудурий, Лубоб фи шарҳил китоб китоби Никоҳ боби).

Демак, ота томондан ҳар томонлама тенг бўлган қизларга никоҳларида қанча маҳр белгиланган бўлса, эрингиз сизга ҳам шунча маҳр беришлари керак. Ана шундан кейин ўзаро келишиб, агар чин кўнгилдан розиман бермасангиз ҳам майли десангиз, иншааллоҳ, эрингиздан соқит бўлади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб: «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин», дея бошлади”.

Эй Абу Дардо! Туни билан фақат ҳусни хулқ ҳақидагина дуо қилдингиз-а? дедим.

Эй Умму Дардо! Мусулмон банда хулқини гўзал қилса, ўша гўзал хулқи уни жаннатга элтади. Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритади. Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкин, деди.

“Эй Абу Дардо! Қандай қилиб ухлаётган одам мағфират қилинади?” дедим.

“Унинг бир биродари кечаси туриб, таҳажжуд ўқийди. Сўнг Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилади. Шунда унинг дуосини қабул қилади. Ва биродарининг ҳаққига дуо қилади. Шунда унинг бунинг ҳақидаги дуосини ҳам қабул қилади”.

Бу ривоят машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан қилинмоқда. У кишининг эрлари Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам обидлиги билан машҳур бўлган зотлардандир. Бу оила ниҳоятда ибодатли оила бўлган.

Ривоятда келишича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу кечаси туриб, намоз ўқидилар ва сўнг тонг отгунча: Менинг халқимни, яъни кўринишимни яхши қилиб қўйдинг. Энди хулқимни яхши қилгин, деб Аллоҳ таолога йиғлаб ёлвордилар.

Бу буюк саҳобийларнинг оилавий ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли воқеа. Албатта, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, у зотдан таълим олган инсонларнинг ҳаёт тарзидир.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳусни хулқ шундай қадрли нарса эканки, улуғ бир саҳобий бир кеча давомида намоздан сўнг фақат шу сифат берилишини сўраб, «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, энди хулқимни ҳам гўзал қилгин», деб дуо қилиб чиқибдилар. Чунки ҳусни хулқ ўз соҳибини жаннатга олиб борар экан. Аллоҳ сақласин, хулқ ёмон бўлса, эгасини дўзахга олиб борар экан.

Энди ушбу ривоятнинг иккинчи қисмидаги дуо ҳақида.

Демак, мўмин-мусулмонлар ўз биродарларининг ҳаққига ғойибдан, хусусан, кечалари, таҳажжуд намозларидан кейин қилган дуолари ижобат бўлар экан, бундай дуоларда бирор кишининг ҳаққига қилинган дуо қабул бўлиб қолса, дуо қилинган киши бу пайтда ухлаб ётган бўлса ҳам, гуноҳлари мағфират бўлиши, баъзи ҳожатларини Аллоҳ таоло раво қилиб қолиши мумкин экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

Кечаси туриб, намоз ўқиш фазилатли иш экани.

Тонг отгунча йиғлаб дуо қилиш фазилатли иш экани.

Хулқини яхши қилишини Аллоҳ таолодан сўраб туриш кераклиги.

Мусулмон банда хулқини яхши қилса, ўша яхши хулқи уни жаннатга элтиши.

Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритиши.

Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкинлиги.

Кечаси туриб, намоз ўқиб, Аллоҳ таолога дуо қиладиган кишиларнинг дуоси қабул бўлишидан умидворлик борлиги.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди.

الأربعاء, 21 شباط/فبراير 2024 00:00

Дунёдаги энг кичик Қуръон намойиш этилди

 Шу кунларда Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақасининг бешинчи кунида дунёдаги энг кичик босма Қуръон тақдимоти бўлиб ўтди.

“IQNA” сайти маълумотига кўра, 40-халқаро Қуръон мусобақасининг сўнгги кунида Эронда бундан 150-200 йил аввал босилган энг кичик босма Қуръон ҳам тақдим этилди.

Ушбу Қуръон соҳиби Оқил Рофиий Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръон мусобақасининг тўртинчи куни арафасида “IQNA” сайтига берган интервьюсида бундай деди: “Мен бу Қуръонни отамдан тахминан 20 йил аввал совға сифатида олганман. Бу китобни отам ҳам амакисидан олган”.

Қариндошларимизнинг ҳаммаси уламо бўлгани ва қадимий тилда  “мулла” атамасини ишлатиб, ўтмишда муллалар Қуръонни биладиганлар бўлган, – деди Рофиъий.

 Рофиъий яна бундай изоҳ берди: “Бу Қуръон менга бир неча авлодлар олдин келган ва мен унга қарийб йигирма йилдан бери ғамхўрлик қиламан.  Мутахассисларнинг фикрича, бу Қуръон 150 ёшда. Эшитилганларга кўра, бу китобнинг 10 та нусхаси Мисрда чоп этилган ва ҳозирда Қуръоннинг ягона нусхаси оммага эълон қилинадиган нусхадир”.

  Бу Қуръоннинг сақланиш ҳолати ҳақида бундай деди: “Бу Қуръон қадим замонлардан бери кумуш метал қутида сақланган, унинг ўз ҳолатини сақлагани ва саҳифаларининг бутунлигича қолиши сабабларидан бири, лекин бу Қуръоннинг муқоваси мавжуд эмас. Ушбу Қуръонни музейга ҳадя қилмоқчимисиз, деган саволга Рофиъий: “Мен бу Қуръонни асраш вазифасини давом эттиришга қарор қилдим”, деб жавоб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

الصفحة 3 من 144

Видеолавҳалар

Top