muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 21 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

Ёшлигингда ўйнаб қол (ми)!

Вақтингизни шундай ўтказингки, кексалигингиз беҳуда ўтказган ёшлик йилларингиз учун сизни таҳқирламасин.

Ж. Боккаччо

Ёшлар шуни англаб олмоқлари лозимки, ёшлик дегани бу – болалик ва кексалик ҳамда қарилигу заифликнинг  кириб келиши ўртасидаги ўткинчи бир вақтдир. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир”, деб марҳаат қилинган (Рум сурасининг 54-ояти).  

Бу оят пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифида қуйидагича тасдиқланган: Беш нарсани беш нарса келмасидан ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни; беморлик олдин соғликни; банд бўлиб қолишдан олдин бўш вақтни; ажал келиб қолмасидан тирикликни; қашшоқлик етишмасидан олдин бойликни (Имом Аҳмад ривояти)

Исломга интеграциялашув жараёнида шахснинг ўзини бошқариш қуввати инсоннинг асосий сармояси бўлган юксак ахлоқийликка асосланади. Шу жиҳатдан, ёшларнинг ахлоқий камол топиши ғоят муҳим ҳодисадир. Айнан шундай ёшлар исллм дини тараққиётида муҳим роль ўйнайди.

Саломатлик ва бўш вақтни қадрлаш керак. Инсонлар ана шу иккисига эътиборсиз бўлгани боис Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида умматларини Аллоҳ таоло берган икки неъмат – саломатлик ва вақтни қадрлаш зарурлигини айтиб огоҳлантирганлар. 

Ислом динида бўш вақт тушунчаси бошқа дин ва таълимотларга амал қилувчиларникидан тамоман фарқ қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Бас, (Эй Муҳаммад!) Қачонки, (намоздан) фориғ бўлсангиз, (ўрнингиздан) туринг ва Раббингиз сари рағбат (билан дуо) қилинг” (Шарҳ сурасининг 7-8- оятлари), деб намоздан бўшаган вақтни дуо билан ўтказишга амр этмоқда. Иймони мустаҳкам ёшлар бўш вақтларини Раббимизга янада яқин бўлиб Унинг раҳматига эришмоқ учун ўзларини камолга етказишга сарфламоқлари лозим. Ислом олимларининг таъкидлашича, қиёмат кунида жавоби энг оғир савол бўш вақтнинг нимага сарфлангани ҳақидаги сўроқ бўлар экан.

Ҳар тонг кириб келган янги кун инсонга мурожаат қилиб: “Эй одам ўғли, мен сенинг янги кунингман ва қиёматда Аллоҳнинг қошида мени қандай ўтказганинг ҳақида гувоҳлик бергувчиман. Мендан Ҳақ йўлида фойдаланиб қол, мен қиёматгача қайтиб келмайман”, дер экан (ҳадиси қудсий).

 Маълумки, Ньютон мутлақ вақт ғоясини илгари сурганда мутлақ вақни Аллоҳнинг абадийлиги билан изоҳлаган эди. Инсоннинг умри эса уни Яратувчининг белгилаб қўйган вақтига боғлиқ.

Таассуфки, ёшларнинг ўлимдан қочиб бўлмаслигини идрок этишлари заифроқ бўлгани боис уларнинг бўш вақтларини кўп исроф қилишига сабаб бўлади.  Қуръони каримда:  “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон, 185), деб огоҳлантирилганмиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб саҳобалари жуда ёшлик чоғиданоқ вақтнинг қадрини жуда яхши ҳис қилган ва умрининг ҳар бир дақиқасини ислом шариатига мос равишда ўтказган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг атрофида тўпланиб илм ўрганган ҳамда исломнинг ёйилишига ҳисса қўшган. Ёшликда қилинган ибодатнинг нақадар фазилатли экани экани ҳақида қуйидаги ҳадисни Имом Муслим ривоят қилган: “Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган Қиёмат кунида етти тоифа одам Аршнинг соясида бўлади: адолатпарвар ҳукмдор, ёшлигидан ибодатга машғул бўлиб Аллоҳнинг розилигига етишган инсон...”

Шунинг учун ҳам ёшлар вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоғи, айниқса, тонгги ибодатдан бошлаб барча ибодатларини ўз вақтида бажармоғи даркор экан. Беш маҳал ўқиладиган фарз намозлари вақти тонг чоғида “Намоз уйқудан яхшидир!” деб азон чақирилган пайтдан бошлаб куннинг турли вақтларига тақсим қилинган.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам барака эрта тонгда, бомдод намози билан бирга кириб келишини марҳамат қилганлар. Демак, бомдод намози билан бирга кириб келган барака кейинги намозлар билан кўпайиб бораверар экан. Бундан ҳар бир намозни вақти кирганда адо этиб Аллоҳ таоло юборган баракадан баҳраманд бўлиб қолиш керак экан деган хулоса чиқади.

Мўътабар манбаларда келтирилишича, Нуҳ алайҳиссалом узоқ яшаб – 950 йил умр кўрган эканлар. Қазо вақти етиб Азроил алайҳиссалом жонини олгани келганда ундан: “Эй Аллоҳнинг Расули!  Бу дунё ҳаёти ҳақида нима дейсиз?” деб сўраган экан. Нуҳ алайҳиссалом бу саволга: “Бу дунё худди икки эшиги бор уйга ўхшайди – биридан кирасан ва иккинчисидан чиқиб кетасан” деб жавоб берибдилар.

Аллоҳ таоло ояти каримада: “Уларни жамлайдиган кунда (қиёматда ўзларини бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар” (Юнус сурасининг 45-ояти), деган.

Аёнки, вақтни чўзиб ёки ортга қайтариб бўлмайди, у чегараланган. кексалик кирганда у: сенинг ёшлигинг қайда қолди? деб сўрайди.

Шундай яшангки, ёшлик йилларингиз мақсадсиз, адашишлар билан ўтмасин, умрингизнинг ҳар бир дақиқасидан самарали фойдаланиб, ундан нимадир олиб қолишга интилинг, агар ёшлик даврингиздан шу ишни батартиб равишда бажариб борсангиз, кексайгунча кўп нарса ғамлаб оласиз ва қиёматга тўлиб-тошиб, мўл-кўл. ажру савоблар билан борасиз!

Муҳаммад Бухор ҲАМИДУЛЛАЕВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор,  Халқаро фан ва амалий ишлаб чиқариш академиси академиги

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

الخميس, 21 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

Муҳаррам ойи фазилатлари

Ҳижрий сананинг бошланиши бўлган Муҳаррам ойи юртимиз ва элимиз учун баракали бўлсин. “Муҳаррам” ‒ луғатда “ҳурматланган”, “ҳаром қилинган” маъноларини билдиради. Яъни Аллоҳ таоло тўртта ойда урушни ҳаром қилган бўлса, уларнинг бири шу ой эрур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазондан кейинги рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи”, ‒ деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Рамазон ойидан кейин рўза тутишга қайси ойни буюргайсиз?” ‒ деб сўраганларида “Рамазон ойидан кейин рўза тутадиган бўлсанг, Муҳаррамда тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидур. Бу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва шу ойда  бир қавмнинг тавбасини қабул қилгай”, ‒ деб жавоб берганлар.   (Термизий ривояти )

Бу ойнинг ўнинчи кунида улуғ воқеалар бўлгани учун халқимиз Ашуро (ўнинчи кун) ойи деб аташга одатланган. Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳис салом Ашуро кунида туғилганлар. Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳис саломлар, Арш – Курси, Ер, осмон ва жаннат ҳам мазкур кунда яратилган.

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида қишлоқ аҳлларининг имон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлганларини баён қилар экан жумладан шундай дейилади: “Юнуснинг қавми, қачонки имон келтирган эдилар, Биз улардан дунё ҳаётида хўрлагувчи азобни кашф қилиб (олиб) қўйдик”.

Имом Насафий ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо тафсирларига кўра, Юнус алайҳис салом қавмини ҳидоятга ҳар қанча чақирса ҳам даъватга ижобат қилишмаганлари туфайли дарғазаб бўлиб, уч кун ичида азоб келиши хабарини айтиб, юртдан чиқиб кетди. Бало келиши муқаррар бўлиб қолганидан сўнг бола-чақа, эркагу-аёл, чорва ҳайвонларигача бир жойга тўпланиб, подшоҳлари бошчилигида ҳаммалари хокисор кийимда Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб қирқ кун нола қилдилар. Қирқ кунгача бало ҳам уларнинг тепасида кетмай туриб қолди. Ниҳоят, қирқинчи куни бало қайтиб кетди, қавм нажот топди. Ўша қирқинчи кун Ашуро  кунига тўғри келиб қолган, шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб, балони қайтариб юборган экан. 

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ким Ашуро кунида оиласига нафақани кенг қилса Аллоҳ унга йилнинг қолганини ҳам кенг қилиб қўяди”, ‒ деганлар. Шунинг учун бу кун ибодат куни бўлиши билан бирга, ўша кунги дастурхонга имкон даражасида кўпроқ неъматларни тўкиб солинадиган ҳақиқий байрамона шодиёна куни. Уламоларимиз ушбу башоратни ҳаётда синаб кўрдик, деганлар. Ушбу ожизона жумлалар муаллифи ҳам бунинг гувоҳи бўлган.

Ашуро кунида имкони борича, яхши амалларни қилиш марғуб. Жумладан қариндошлик ришталарини боғлаб, муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш, камбағал ва мискинларга эҳсон-садақалар қилиш, рўза тутиш каби манфаъатли ишларни қилиш лозим.

Илоҳи, Парвардигор! Юртимизга, барча мусулмонларнинг юртларига баракаларингни ёғдиргин. Халқимизга тақво ва ҳидоятни бардавом айла.

 

  Шаҳобиддин  ПАРПИЕВ,

Асака тумани бош имом хатиби.

الأربعاء, 20 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

ЎЗИНГДАН ЎЗГА...

Тақдирнинг одилу ноодил турфа тошдек синовлари бошимга дўлмисол ёғилди. Сабримнинг сабр жомини лиммо-лим этиб, тўкилишини кутди. Бардошимни, иродамни маҳв этди. Эндигина қаддим синиш учун букилаётганда дардимни енгиллатиш учун шамолга ёрилдим. Шамол:

  • Мен елларим қанотида дардларингни олиб учаман. Уни бориб теккан ҳар бир туйнукка, тоғу тошга, инсонларга, борки тирик мавжудотга ёяман, – деди.

Сўнгра сувга юзландим. У:

  • Оқимимда оқириб, тўлқинларимда кўпиртириб, гирдобимда гириллатиб айлантириб олиб кетаман. Етиб борган жойимга ҳаёт бағишлайман, яйратаман, яшнатаман. Айниқса, экинларга, ниҳолларга жон бўлишим баробарида дардингни улғайтираман. Сенга шу керакми? – деди.

Шундан сўнг чўнг тоғлардан ёруғлик кутдим. У оғир чайқалди-ю,  чуқур хўрсиниб:

  • Кечир, буни эплолмайман. Йиллар армонидан, кўнгиллар фарёдидан, йўқотмоқ азобидан тош бағрим эриб бормоқда. Қанчалар улуғвор ва чўнг бўлиб кўринмай, ҳар бир тошларимда, чўққиларимда армон изи бор. Ортиқча дард оғирлик қилади...

Ерни она деймиз, ардоқлаб, эъзозлаб она-Замин деймиз. Нажот истаб унга ёлворганимда, у:

  • Майли, дардларингни қаъримда кўмаман. Аммо қаъримда шундай унсурлар борки, улар нималардир бўлиб бағримни ёриб чиқади, ниш уради. Мен яширишга, азобингни енгиллатишга ҳарчанд уринмай, у барибир нимагадир айланиб униб чиқади. Демакки, мен уни сақлашга қодир эмасман.

Узоқ ўйладим. Хаёлларим дунёи дунни чарх уриб айланди. Ҳеч қаердан, ҳеч нарсадан, борки мавжудотдан нажот топмадим. Шу пайт ожиз қалбимга бир нур оқиб кирди ва деди:

  • Сен нега мени кўрмаяпсан? Сиғиниб, нажот кутиб, умид қилиб борганинг ҳамма нарса – борлиқ, мавжудот, коинот – барча-барчасини яратган, ўзингни ҳам бор қилган Менман-ку! Менинг ҳукмим билан бор бўлган-ку бу дунё!

Ё Аллоҳ, мени кечир. Танимаганим учун, кўзларим шу кунгача юмуқ бўлгани учун кечир. Англадимки, Сендан ўзга меҳрибоним, Сендан ўзга дарддошим, Сендан ўзга суянчим йўқ экан. Кўзим очилди-ю, руҳимда енгиллик туйдим. Билдимки, Ўзингдан ўзга қудратли зот йўқ!

                                                                          Зебо ОМОНОВА

 

الأربعاء, 20 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

Яхшилик ва ёмонлик баробар бўлмас

Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир (Фуссилат, 34-35).

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас”

Ибн Аббос (Розияллоҳу анҳу): “Яхшилик “Ла илаҳа иллаллоҳ”, ёмонлик қўполликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оиласини севиш, ёмонлик уларга ғазаб қилишдир”, деган. Имом Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ): “Яхшилик илм, ёмонлик фаҳшдир”, деган. Яхшиликни тоат-ибодатнинг бирор навига, ёмонликни ҳам гуноҳ масиятнинг бирор турига хослаб қўйилмайди. Оятдаги сўз умумий бўлиб, барча яхшиликларни ва ёмонликларни қамраб олади. 

Имом Зажжож (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг тафсирида бундай дейди: “Тоат билан масият, имон билан куфр баробар бўлмас”. Бошқа олимлар ҳам уни турлича тафсир қилганлар: “Кўрувчи билан кўзи ожиз, сабрли билан бесабр, озорга бaрдошли билан ёмонлик қилувчи тенг бўлмас”, деганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Абу Жаҳл кўп озор бергани учун уни кўрсалар ғазабланардилар, шунда Аллоҳ таоло уни афв қилишга, кечиришга буюрди.  

“Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг!”

Яхшилик ва ёмонлик ўртасида катта фарқ бор. Сизда иккита яхшилик қилишни имконияти бор, шу иккисининг гўзали билан баъзи душманлар томонидан келган ёмонликни даф қилинг. Шунингдек, сизга бир кимса ёмонлик қилса уни кечиришингиз яхшилик бўлади. Унга яхшилик қилишингиз эса гўзал амал бўлади. Ёки болангизни ўлдирган кимсанинг фарзандини душман қўлидан қутқариб қолиш яхшиликнинг гўзалидир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “гўзалроқ (муомала) билан” деган маънодаги оятнинг қисмини “Ғазаб чиққанда сабр қилиш, жоҳиллик вақтида ҳалим бўлиш, ёмонлик қилинганда афв этиш”, деб тафсир қилган. Имом Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмон кўрган кимса билан учрашиб қолганда салом бериш, рўбарў келиб қолганда қўл бериб кўришиш деган маъно тушунилади”, деган. 

Яхши сўз билан ёмонини, “ла илаҳа иллаллоҳ” билан ширкни, сабр билан ғазабни даф қилиш каби маънолар тушунилади.

“(Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур”

Ёмонликни гўзал муомaла билан даф қилсангиз сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қариндошингиз каби яқин бўлиб қолади.

Ушбу оятни Набий (алайҳиссалом)га кўп озорлар берадиган душман бўлиб, кейинчалик у зотга яқин дўстга айланган Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган дейилади. Бошқа ривоятда Набий (алайҳиссалом)га кўп азият берган Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳақида нозил бўлган дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сабрга чақириб, у билан қўл бериб сўрашишга буюрган.

“Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”

Яхши сўз ва ёмонликни даф қилиш, Аллоҳни тоати ҳамда фарзларни адо қилишда сабр қилган ва охиратда буюк насибаси бор бандаларга берилади.

Али ибн Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни тафсири ҳақида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Аллоҳ таоло мўминларни ғазаб чиққанда сабрга, жаҳл келганда ҳалим бўлишга, ёмонлик қилинганда афв қилишга буюрди. Мана шуларни бажарса, Аллоҳ уни шайтондан сақлайди, душманларини бўйсундириб яқин дўстдек қилиб қўяди. 

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “улуғ насиба” калимасини савоб деб тафсир қилган. Имом Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) эса: “жаннатдан бошқа улуғ насиба бўлмайди”, деган. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) “улуғ насиба” жаннат бўлади. Шунинг учун, у жаннат вожиб бўлган инсонларга берилади деб айтган.  

“Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг”

Шайтон сизни васваса қилса уни ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини, бардош билан туришни сўранг. Имом Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида: “Шайтондан сизга фитна бўлса Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганлар. Имом Калбий (раҳимаҳуллоҳ): “Ёмонликни даф қилиш мобайнида бирор гуноҳ содир бўлиш хавфи пайдо бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деб айтганлар.

Икки киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларида бир-бирларини сўкдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир сўзни биламан ким уни айтса, ғазаби кетади”, дедилар. Буни эшитган кишиларнинг бири “Мени мажнун деб ўйлаяпсанми?” деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир” оятини ўқидилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

“Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир”

 Аллоҳ таоло паноҳ сўрашингизни эшитувчи, кофирларни сўзини ҳам азобланишини ҳам билувчи зотдир.

 

Манбалар асосида

Баҳриддин Жўрабек ўғли

тайёрлади

(Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқидан таъсирланиб) 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами ва жаҳон афкор оммасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мазкур нутқда давлатимиз раҳбарининг долзарб минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан билдирган фикрлари билан бир қаторда, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, уни зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирмаслик зарурлиги, Марказий Осиёнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб ёрқин намояндалари, жумладан Имом Бухорий бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, Самарқанд ва Тошкентда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, ёшларни зўравонлик ғояси "вируси”дан ҳимоя қилиш юзасидан билдирган жуда қимматли фикрлари алоҳида эътиборга моликдир.

“Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.  Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз.

Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деди жумладан юртбошимиз.

Дарҳақиқат 2017 йил бошидан буён мамлакатимизда муқаддас динимиз, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 241 диний ташкилот, жумладан, Тошкент ислом институти, 9 ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси улар сафига келиб қўшилди.

Бу ҳақда ўз фикрини давом эттириб Президентимиз шундай деди:

“Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.

Юртбошимиз нутқида бугунги куннинг яна бир оғриқли муаммоси – терроризмдан ёшларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди:

“Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради.

Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда.

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ.

Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир.

Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Бизнинг назаримизда, мазкур ҳужжатни имзолайдиган давлатлар ушбу соҳани ўз ижтимоий сиёсатининг асосий ва муҳим ҳаётий устувор йўналишларидан бири даражасига кўтариш бўйича қатъий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши керак”.

Айтиш мумкинки, терроризм ва экстремизмга қарши курашда маърифат ва диний бағрикенглик асосий омил бўлади. Бу борада давлатимиз раҳбари халқаро ҳужжат қабул қилиш зарурати юзасидан фикр билдирди:

“Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”.

Юртбошимизнинг эзгу ташаббуслари жаҳон жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланишига аминмиз.

 

 

Уйғун Ғафуров,

Тошкент ислом институти ректори

 

 

 

 

Видеолавҳалар

Top