muslim.uz

muslim.uz

Жанубий Корея армиясида вегетарианлар ва мусулмон ҳарбий хизматга чақирилувчилар учун 2021 йилдан гўштни истисно қилувчи махсус ишлаб чиқилган парҳез жорий этилади, дея хабар бермоқда 27 декабрь куни YonHap News ахборот агентлиги Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб.
Вазирликка кўра, 2021 йилнинг февралидан бошлаб бўлажак хизматга чақирилувчилардан вегетарианларми ёки йўқми тиббий кўрикдан ўтаётганда қайд этиш сўралади. Шаклда тўлдириш учун корейс ва инглиз тилида "вегетариан" сифатида белгиланган икки устун мавжуд бўлади. Islam.ru маълумотларига кўра, бундай шахсий маълумотлар чақирилувчилар хизмат қиладиган бўлинмага юборилади. Бу вегетариан ва мусулмон аскарлар учун тизимли парҳез дастурини таъминлайди.
"Келаси йили вегетариан ва мусулмон аскарлар сонини аниқлагач, тайёрланган менюларни ишлаб чиқамиз", - дейди ҳарбий муассаса вакили.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الأربعاء, 30 كانون1/ديسمبر 2020 00:00

Сохта салафийлик

Ҳозирги кунда муқаддас ислом номидан ҳар хил оқимларнинг ўзларини жозибадор исмлар билан номлаб олиб, гўёки тўғри йўлни даъво қилиб, ғараз мақсадлари йўлида ушбу ниқобдан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Ана шундай оқимлардан бири “Сохта салафийлар”дир.
Бу оқимга мансуб бўлганлар исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида кўпроқ тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.
Исломда “салаф” (арабча – “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар”) деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеинларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Сохта салафийликнинг ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий асослари суриялик Ибн Таймия (1263-1328 й.) фаолияти билан боғлиқ. Умри давомида ўзининг агрессив қарашлари туфайли тўрт марта (1307, 1309,1322 ва 1326 йилларда) қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган бу шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этадилар.
Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари суради. Уларнинг бу хатокор қарашларига аҳли сунна вал жамоа уламолари муносиб раддиялар билдирганлар.
Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобий ва авлиёларнинг қабрини зиёрат қилиш ҳамда тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилди, кескин кураш олиб борилди. Шундай бўлса-да, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди.
Жумладан, улар қуйидаги эътиқоддаги ғояларни илгари сурадилар:
- ҳар қандай янгиликни инкор этиш,
- тасаввуфни асло тан олмаслик,
- тавассул (восита орқали Аллоҳга мурожаат қилиш)ни куфр, деб ҳисоблаш,
- ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қиладилар.
Уларнинг фаолияти натижасида “Пайғамбаримиз шафоатидан ҳеч қандай фойда йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, саловотлар баён қилинган китоблар ёқиб юборилди, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди.
Уларнинг адашган йўлда эканликларини билиш ҳар бир ақлли инсонга қийин эмас. Биз эса айнан мавзумизга доир жиҳатига тўхталамиз.
Хўш улар ўзларига эргашмаганларни кофир деяптиларми? Унда ким мусулмон. Уларга ким ҳуқуқ берди, чин мусулмонларни кофир дейишга. Улар кофир деяётган инсонлар, Роббим Аллоҳ, диним ислом деяётган бўлса, уларга куфр нисбатини бериш мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир инсонни кофир деб чақирса ёки Аллоҳнинг душмани деса, айтганидек бўлмаса, айтган сўзлари ўзига қайтади”.
Сохта салафийлар эса, ҳеч қандай шаръий сабабсиз, бир-икки киши эмас бир неча кишиларни кофирга чиқармоқдалар. Ваҳоланки, бесабаб эмас,балки гуноҳ қилган кишининг гуноҳи учун ҳам кофирга чиқарилмайди. Машҳур ватандошимиз Нажмуддин Умар Насафий ҳазратлари мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни айтадилар:
“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди. Ундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни авф қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайди”.
Уларнинг яна бир қарашлари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда саҳобалар ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишни куфр деб ҳисоблайдилар.
Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга насиҳатларида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир,....Бас, нимани ният қилса, ўшани эътиборга олинади”.
Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади.
Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.
Сохта салафийларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналарини кофирликда айблашларида ҳам яққол кўринади.
Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра, милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийиш ҳам имонсизлик ҳисобланади. Бу мутаассибона қарашлар жамиятда айирмачилик кайфиятини келтириб чиқариши билан ҳар хил низоларни пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу нарса муқаддас динимизда тарғиб этилган бағрикенглик тушунчасига ҳам зид келади.
Азизлар ҳар бир ялтираган нарса олтин бўлмагани каби, ҳар бир динни даъво қилувчи тўғри фикрда бўлавермайди, шундай экан ғараз ниятли оқимларнинг “ялтироқ” тузоқларидан огоҳ бўлайлик, муқаддас динимизнинг соф эътиқодини мустаҳкам сақлаб, келажак авлодга софлигича етказайлик.

Бектош ҲАКИМОВ
Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби

الثلاثاء, 29 كانون1/ديسمبر 2020 00:00

Хайру саховат дилларга қувонч бахш этмоқда

Хайр-саховат, яхшилик, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бағишлаб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам этган инсон эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатларга эга бўлади.

Инсон ҳаётдан мамнун яшаши учун тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик энг асосий омилдир. Одамлар дарду қувончига шерик бўлиш, оғирини енгил қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг ҳикмати ўзгача. Бу билан юртдошларимиз калбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғулари янада мустаҳкамланади.

Таъкидлаш жоизки, синовли келган жорий йилда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларига рўшнолик олиб кириш ва қалбларига мамнунлик бахш этиш ҳар қачонгидан-да кенг қулоч ёйди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар боис оғир дамларда ҳеч бир инсон эътибор, ғамхўрлик ва мурувватдан четда қолмади. Бу халқимизнинг меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаб, қийинчиликларни енгиб ўтишда катта аҳамият касб этмоқда.

Шу кунларда бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилаётир. Бутун мамлакатимиз бўйлаб ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирлари амалга ошириляпти. Жумладан, Наманган вилоятида ҳам жонлиқлар сўйилиб, кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд кишиларга тарқатиляпти, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳадялар, зарур жиҳозлар Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларига етказилмоқда.

Шунингдек, масжидларимизда синовли кунлар ортда қолиши, ёруғ кунлар бардавом бўлишини сўраб, Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони карим хатмоналари ва эзгу дуолар қилинмоқда. Албатта, кўпни кўрган халқимиз юртимизга тинчлик, барқарорлик, бошимиздан бу балолар кўтарилишини сўраб жўр бўлмоқда.

Бу каби хайрли ишлар янги Ўзбекистон шароитида давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ишлари билан чамбарчас олиб борилаётир. Ўз навбатида, бундай улуғвор ва элпарвар ишлар юртдошларимиз бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини юксалтириб, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этади, инша Аллоҳ.

Ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, яхшилик улашиш инсонни икки дунё саодатига етиштиради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмонни (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда уни (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ёрдам қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун меҳр-мурувват, инсонпарварлик, олижанобликка тарғиб қилувчи динимиз таълимотига амал қилган ҳолда, доимо инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга ҳаракат қилайлик. Халқимизга наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзимизга шараф, деб билайлик.

Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзандларини мурувватли қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга жиддий эътибор берган. Ҳақиқатан ҳам, ўзаро оқибат, меҳр-мурувватнинг нишонаси хайру саховатдир. У қалбларга таскинлик бахш этади. Унинг сабабидан инсон икки дунёда азизу мукаррам бўлади. Бу мўътабар манбалар билан тасдиқланган ҳамда ахлоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

Зотан, мўмин-мусулмонларнинг меҳр-мурувватли бўлишини хоҳлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам сахийлик ва карам билан йўғрилган эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ҳамда энг шижоатлиси эдилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Саховат ва карам муборак динимиз кўрсатмаларида, мўътабар манбаларда кенг тарғиб қилинган. Зеро, жамият саховатпешалик ахлоқи туфайли аҳил-иноқ бўлиш мартабасига эришади. Бу эса халқнинг доимо жамулжам, тинч-хотиржам ҳаёт тарзини таъминлайди. Шу боис инсон сахийлик, қўли очиқлик орқали Яратганга, одамларга ва жаннатга яқинлашади.

Энг муҳими, атрофдагиларда шукроналик, ҳаётдан, жамиятдан розилик кайфияти шаклланади. Шукр эса қувончдир.

Ислом манбаларида “шукр – имоннинг ярми” экани келтирилган. Демак, шукроналик – бахт, фазилат билан сифатланган инсонга жамият ва оилада ҳар доим бахту саодат ҳамроҳ бўлажак.

Айтиш жоизки, бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самарасида оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб бормоқда. Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, меҳр-мурувват, аҳиллик ва меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг ягона, бирдан-бир йўлидир.

Илоҳим, ҳаловатли кунлар бошимизда доим соябон бўлсин! Осойишта ва хотиржам дамларимиз бизга доим ҳамроҳлик қилсин! Меҳр-оқибатимиз йўқолмасин! Барчамизни саховатпешалик сурури тарк этмасин!

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистан мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили
Манба: “Халқ сўзи” газетаси,
2020 йил 29 декабрь, № 275 (7777)

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Президентимиз 2021 йил номини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» деб эълон қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top