muslim.uz

muslim.uz

Биз хеч кимни ташлаб кетмадик. Ўзлари хоҳлаган жойларида қолдириб кетдик холос!

С.Жобс

***

Ўтинчининг болтани ўткирлашга кетган вақти, бу йўқотилган вақт эмас.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Кекса, ёш — ҳаётга ҳар кимки етар —
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.

Умар Ҳайём

***

Ҳаёсиз юз жонсиз жасадга ўхшайди.

Чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир.

Ибн Сино

***

Ҳеч ким эмасмисан? Ҳеч кимга керак эмассан...

Саййид Аброр Умар

***

Одамлар ўзлари ёқтирган кишиларини тарафини олиб, ёмон кўрган кишиларига маломат қилишади.

Абу Райҳон Беруний

***

Ҳамиша ҳақ бўлишга интилиш – ақлнинг тарбия топмаганлиги белгисидир.

Албер Камю

***

Ҳар бир одам ҳақида роман ёзиш мумкин, лекин ҳамма одам ҳам           таъзияномага арзийвермайди.

Ўзингдан кетганингда қайтиб келишни унутма.

Диамонд

***

Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.

Ж.Румий

***

Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.

Имом Мотуридий

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Ислом оламида беқиёс ақида алломаси Тоҳа Ал-Дассуқий Ал-Ҳубайший вафот этди.

Аллома жуда ҳам йирик олим, машҳур шайхлардан бўлиш билан бирга, ўта камтарин, кичиккўнгил, мурувватли, олийжаноб инсон эдилар. Фазилатлари беқиёс эди.

Шайхнинг кўзлари аъмо бўлса‑да, илмлари уммон эди. Уйлари айланасига тўла китоб, кўпроқ шогирдлар ўқиб беришади. У кишининг ёзган китоблари жуда ҳам кўп. Хусусан, ақида, фалсафа ва тасаввуфга оид асарлари машҳур ва ўта дақиқ. Охирги китобларидан бири «Таҳовий ақидаси»ига ёзган шарҳлари эди.

2018 йилда Ўзбекистонга Миср араб Республикасидан «Ал-Азҳар» университети Ақийда ва фалсафа кафедраси мудири устоз аллома Тоҳа Дассуқий Ҳубайший ташриф буюрган эдилар.

Доктор Тоҳо Дасcуқий Ҳубайший Имом Бухорий, Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг юрти, хусусан Имом Бухорийнинг мақбарасини зиёрат қилганидан беҳад хурсанд эканини айтиб ўтган. У кишининг Ўзбекистонга, бу ўлка алломаларига бўлган муҳаббатлари ўзгача. «Ўзбекистонга қилган сафарим» деган китоб ёзиб, нашр қилдилар. Унда юртимизнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида жуда ҳам яхши гаплар, қайноқ фикрлар ёзилган. Умуман олганда, Шайх ватанимизни, халқимизни жуда ҳам яхши кўрар, ўта ҳурмат қилар эдилар.

Ҳубайший ҳазратларининг кўзлари ожиз бўлса-да, қалб кўзлари нурли эди. Кўришган кишиларини овозидан таниб олар эканлар.

Аллоҳим бу садақаи жорияларини қиёматга қадар Ислом уммати учун бардавом манфаатли бўлишини насиб этсин.

Аллоҳ таоло улуғ алломанинг барча хайрли ишларини, солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, охиратларини обод қилсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

Бугун, 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар ва кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Муфтий ҳазратларига Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.
Тошкент вилояти Зангиота туманида ўтказилган ана шундай мулоқотларга муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар ҳам таклиф этилди.
Мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.
Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди, кимдир тадбиркорлик, кимдир, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланмоқда, яна кимлардир давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.
Давлатимиз Раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармонлари қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда сўзга чиққан муфтий ҳазратлари томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар, иш фаолиятни янада такомиллаштириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top