muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 26 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Сийрат ўрганишнинг тўққиз фойдаси

Сийрат китобларини ўқишга киришган ҳар бир инсон аввало сийратнинг қадрини ва кўп фойдалари бор эканини билмоғи лозим. Ҳозир биз сизларнинг эътиборингизга улардан муҳимларини келтириб ўтамиз:

  1. Қуръони каримни тушунишда ёрдам беради.

Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Қуръонни тушунишга ёрдам беради. Қуръон бўлак - бўлак ҳолатда, бирор ҳодиса орқасидан ёки бирор мушкил ишни баён қилиш учун нозил бўлган.

Масалан: Қуръони каримда Бадр, Уҳуд, Аҳзоб, Табук ғазотлари ҳақида оятлар нозил бўлган. Сийратни ўқиб ўрганиш ушбу оятларнинг тафсирини тушунишда ёрдам беради.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунишда ёрдам беради.

Сийрат воқеаларидан бир ҳодиса ҳадис китобларида жуда қисқа ҳолатда келтирилган бўлиши, муҳаддислар бутун бошли ғазотдан бир ёки икки ўринни келтириш билан кифояланишлари мумкин. Бундай ҳолат ўқувчини сийрат китобларини ўқишга, бу воқеани қандай бўлгани, уни қайси вақтда бўлгани ва қандай ҳолатда бўлганини билишга ундайди.

  1. Ислом ақидасини тушунишга ёрдам беради.

Сийрат фанини ўрганиш фойдаларидан яна бири бу ислом ақидасини тушунишга ёрдам бериши. Чунки сийратни ўрганган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ислом ақидасини қандай услубда етказганини кўради. Ислом динини етказишда бошларидан ўтказган имтиҳонларни фақатгина сийратни ўрганиш орқали билиш мумкин. Масалан: Макка даврида мушриклар келтирган турли шубҳали саволларга гўзал ва чиройли тарзда жавоб берганлар. Бу даврда нозил бўлган оятлар ўлимдан сўнг қайта тирилиш қандай бўлишини ва жаннат, дўзах, ваҳий, пайғамбарлик каби ислом ақидасига тегишли бўлган нарсаларни тушинишга ёрдам беради.

Сийрати Набавий Ислом динининг ақидавий дарсларини ўргатишда Қуръон карим ва ҳадис шарифдан  кейинги манба десак хато бўлмайди.

  1. Сийрат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади.

Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аҳли аёллари ва бошқа инсонлар билан бўлган ахлоқларини, У зотнинг саҳобалари ва дин душманлари билан бўлган муомалаларини ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш У зотнинг сийратларини ўрганиш билан янада мукаммаллашади.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади.

Сийратни ўрганиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизни иймони токи мен унга ота онаси, боласи ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча иймони комил бўлмайди” деганлар.

Агар сиз У зотга муҳаббат қўймоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сиз У зотнинг қадрини билмоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафсингиздан ҳам севикли  бўлишини хоҳласангиз, унда тезлик билан сийрат китобларини варақлашга тушинг. У зотга бўлган муҳаббат У зотнинг тарихларини ўқиш, ҳамда ундаги ҳикматларга  амал қилиш билан бўлади.

  1. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аҳли оилаларига бўлган муҳаббат пайдо бўлади.

Сийратни ўқиш билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қадрларини, Умар розияллоҳу анҳу ҳақдан ботилни ажратганларини, Усмон розияллоҳу анҳунинг дунёни жаннатга алмаштирганларини, Али розияллоҳу анҳунинг шижоатларини, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳалимликларини, Ҳаббоб розияллоҳу анҳунинг дин йўлидаги сабрларини, Билол розияллоҳу анҳунинг собит қадамлигини, Муоз розияллоҳу анҳунинг фақиҳ эканларини, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг тўғри сўз эканлигини, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг зеҳнлари ўта кучли бўлганини, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонни қай даражада билганларини билиш мумкин. Оналаримиздан Хадича розияллоҳу анҳони Исломга биринчи кирганларини, Оиша розияллоҳу анҳонинг илмларини, Савдо розияллоҳу анҳонинг фазлларини, Жувайрийя розияллоҳу анҳонинг баракаларини билиш мумкин.       

       7. Сийрат шаръий ҳукумларга кирувчи воситадир.

Сийратни ўрганишнинг фойдаларидан бири: толиби илмлар  учун бошқа илмларни ўрганишда нарвон вазифасини бажаради. Балки, сийрат шариат илмларининг онаси ҳисобланади. Ислом тарихини қандай бошлангани, Исломда биринчи ҳукмлар қандай татбиқ қилинганини ўргатади.  Исломий адабиёт қандай ривожланганини, Ҳассон ибн Собитнинг шеърларини ўргатади. Ҳаж амали биринчи бор қандай қилинганини ўргатади. Фиқҳ фанини ўрганаётган инсон ҳам сийратга мурожаат қилади. Бир ҳукм “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги даврларида бўлганми?” ёки “Мадина даврида бўлганми?” Мана шуларни ўрганиб  сўнгра ҳукм қилади. Бу ишида бўлса, унга сийрат жуда зарурдир.

  1. Сийрат мусулмон, унинг оиласи уйи ва жамиятининг маданиятини ўргатади.

Сийрат ҳаёти бир йўлдир. Сизга Ислом ҳақида кенг тарзда маълумот беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб мусулмонни, унинг оиласини ва жамиятини шакллантирганликларини ўргатади. Мадинада янги жамият қурилиши, Исломдаги биринчи масжиднинг барпо қилиниши, элчилик маданияти қандай бўлишини ўргатади. Ўша пайтдаги дунё подшоҳлари билан қандай муомала қилинганини ўргатади. Mусулмонлар нима сабабдан Бадр жангида ғалаба қозондилар, нима учун Уҳуд жангида мағлубиятга учрадилар, Аҳзоб куни қамалдан қандай қутилганларини ўргатади.

  1. Сийрат бу руҳий бир саёҳатдир. Бундан нафслар уйғонади. Қалблар шижоатланади. Кўзлар ёш тўкади, жисмлар, руҳлар, ақллар, аъзолар шижоатланади. Сийрат сизга исломий тарбиянинг расмини чизиб беради. Ер юзида ҳали бирор кишининг сийрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари каби тарбия устунларга заҳира бўлган эмас.

Сийрат ўрганишдаги амалий услуб:

  1. Чин ихлос билан ўрганиш. Ниятни аввалдан яхши қилиш лозим бўлади.
  2. Қалбда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан виқорни пайдо қилиб, сийратни хурмат билан ўрганмоқ.
  3. Ўз олдига сийрат китобларини ўқишда вазифа қилиб олиш.

Мисол: Бугун фалон мавзуни ўрганаман деб ўз олдига вазифа қилиб олиш лозим.  

Тошкент вилояти Қибрай тумани

“Саъдулла ота” жоме масжиди

имом- хатиби,

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.

 

 

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан Ислом умматини мислсиз яхшиликлар билан, бошқа умматларда бўлмаган фазилат ва хусусиятлар билан неъматлантирди. Қуйида бу умматга ато қилинган хусусиятлар билан танишамиз. 

БИРИНЧИ ХУСУСИЯТ 

БУ УММАТДАН ОҒИР МАШАҚҚАТЛАР ОЛИБ ТАШЛАНГАН

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Улaр уммий расулга – исми ўзлaридaги Тaврот вa Инжилдa ёзилгaн набийгa эргaшувчилардир. У (пaйғaмбaр) улaрни яxшиликкa буюрaди, ёмонликдaн қaйтaрaди, пок нaрсaлaрни ҳaлол қилиб, нопок нaрсaлaрни улaргa ҳaром қилaди ҳaмдa улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини (қийинчилик) олиб тaшлaйди» (Аъроф сураси, 157-оят).

Ояти каримада зикри келган набий – Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Оятда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз умматларига тааллуқли вазифалари ҳақида айтиляпти.

Оят охирида «улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини», дейилган. Ҳаммамизга маълумки, одам елкасига ортмоқлаган юки оғирлашган сари уни кўтаришга тоқати етмай бориб, охири умуман кўтара олмай қолади.

Бошқа умматларга жорий қилинган шариатидаги оғир ҳукмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бу умматдан олиб ташланган. Масалан, Бану Исроил қавмига бир қатор оғир амаллар ва машаққатли мажбуриятлар юкланган эди. Бу мажбуриятлар бамисоли бўйинга солинган кишандек, уларнинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймас эди. Оятдаги юк ва кишан – бошқа умматларнинг шариатидаги машаққатли ҳукм ва қийинчиликлардир.

Аввалги умматларнинг шариатидаги оғир ва машаққатли амаллардан баъзилари қуйидагилардир:

 

  1. Либоснинг нажосат теккан жойни кесиб ташлаш.

Унга кўра, бирон кийимга нажосат тегса, нажосат теккан жойи кесиб ташлансагина ўша кийим пок ҳисобланган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, шариатимизда бу ҳолатда нажосат устидан сув қуйиб, ўша жойни ювиб қўйиш билан кийим пок бўлаверади. Нажосат сажда қиладиган жойга текканми, кийимгами ёки бадангами, фарқи йўқ – барчасига ҳукм бир хил: пок бўлиши учун ювиб тозаланса кифоя.

 

  1. Ҳайз кўрган аёл билан бир дастурхонда ўтириб овқатланмаслик.

Яҳудий динида аёл киши ҳайз кўрса, у билан бирга ўтириб овқатланилмайди, бирга аралашиб юришга, ҳатто бир уйда туришига йўл қўйилмайди. Ҳайз кўрган аёлларга алоҳида хона ажратиб қўйилади. Имом Муслим ва имом Аҳмад бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматида эса ҳайз кўрган аёл билан бирга ўтириш, бирга еб-ичиш, бир ётоқда ётиш мубоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли аёллар билан жимоъдан, киндикдан тиззагача бўлган жойдан бошқа ҳар қандай мубошарат мумкинлигини айтганлар.

 

  1. Қасддан ёки билмасдан одам ўлдирган кишидан қасос олиш вожиблиги.

Бану Исроил қавмида қасддан ёки адашиб одам ўлдириб қўйган ёки бирон жароҳат етказган одамдан қасос олиш вожиб бўлган. Жабрдийданинг қариндошлари жиноятчини кечириб, ундан товон пули олишга рози бўлиб турса ҳам, барибир жазо ижро қилинган – ўлдирган бўлса, у ҳам ўлдирилган, жароҳат етказган бўлса, унга ҳам худди шундай жароҳат етказилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бундай жиноят учун қасос ёки товон пулидан бирини танлаш ихтиёри берилган. Ўлдирилган кишининг яқин қариндошлари рози бўлса, хун тўлаб, жазодан озод қилиш ҳукми жорий қилинган. Бу ҳукм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига берилган улкан енгилликдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилганлар учун қасос олиш фарз қилинди: ҳур учун ҳур, қул учун қул, аёл учун аёл. Биродари афв этса, хун тўлашга рози бўлинса, (у ҳолда яхшилик билан) бўйсуниш ва хунини яхшилаб тўлаш зарурдир. Бу ҳукм – Роббингиздан енгиллик ва марҳаматдир. Ким шундан кейин ҳам ҳаддидан ошса, унга аламли азоб берилур» (Бақара сураси, 178-оят).

Бу ояти каримадан чиқадиган хулоса шундай: Аллоҳ таоло бу умматга бошқа умматларга бермаган катта бир неъмат ато қилган.

 

  1. Гуноҳ қилган одамнинг тавбаси – ўзини ўзи ўлдириш бўлган.

Мусо алайҳиссалом Робби билан гаплашгани кетганида Бану Исроил бузоққа ибодат қила бошлайди. Мусо алайҳиссалом қайтиб келгач, бу аҳволни кўриб, қаттиқ ғазабланади. Сўнг уларга тавба қилиш йўли баён қилинади. Бу гуноҳнинг тавбаси эса бузоққа сиғинганлари учун ўзини ўзи ўлдириш қилиш эди. Бу ҳодиса ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган: «Роббингизга тавба қилинглар ва ўзларингизни ўлдиринглар» (Бақара сураси, 54-оят).

Бундан ташқари, Бану Исроил шариатида киши гуноҳни қайси аъзоси билан қилса, тавбанинг йўли ўша аъзони кесиб ташлаш бўлган. Мисол учун, ёлғон гапирган одамнинг тили, зино қилганнинг жинсий аъзоси кесилар, бегона аёлга қараб қўйганнинг кўзи ўйиб олинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, Аллоҳ таоло бизга тавба йўлини жуда осон қилиб қўйди. Тавбани бу уммат учун энг улуғ, қадри энг баланд неъмат қилди. Бу ҳол нимада кўринади? Ислом шариатида Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилган одамнинг гуноҳлари кечирилади! Ҳатто Аллоҳ таоло банданинг тавба қилишидан ғоятда хурсанд бўлади, худди боласини йўқотиб қўйиб, кейин топиб олган она хурсанд бўлганидан ҳам ортиқ даражада хурсанд бўлади!

Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилади: «Кимда-ким бирон ёмон иш қилиб ёки ўз жонига жабр қилиб, сўнг Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг қанчалик кечирувчи ва раҳмли эканини идрок этади» (Нисо сураси, 110-оят).

 

  1. Гуноҳкор кишилар шарманда қилинган.

Бану Исроил қавмидан кимдир бирор гуноҳ иш қилса, эрта тонгда унинг эшигига: «Фалончи фалон-фалон гуноҳ ишларни қилди, унинг каффорати мана бундай», деган ёзув пайдо бўлар эди. Бу шармандагарчиликни барча ўтган-кетганлар кўрар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бундай иқобдан халос қилинди. Аллоҳ таоло бу умматга марҳамат кўрсатиб, бандаларига хато-камчиликларни, гуноҳларни яширишни буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Умматимдан ҳар бирининг гуноҳи кечирилади, лекин гуноҳларини ҳаммага айтиб юрувчилар бундан мустасно. Шундай кимсалар борки, кечаси қандайдир гуноҳ ишни қилиб, эрталаб кўчага чиқиб, одамларга: «Кеча мен тунда фалон-фалон гуноҳларни қилдим», деб мақтаниб, Аллоҳ таоло ҳаммадан беркитган гуноҳни фош қилади» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадисда мана шундай кишилар гуноҳи кечириладиганлар сафидан истисно қилиняпти.

 

  1. Аъзолар билан қилмаган, лекин қалбдан ўтказилган ёмон фикри учун ҳам жазо берилган.

Олдинги умматлар нафақат бир гуноҳни қилгани учун, балки ўша гуноҳни кўнглидан ўтказгани учун ҳам гуноҳкор бўлиб, жазога мустаҳиқ бўлар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бу борада ҳам имтиёзга эга бўлди. Мўмин-мусулмон киши қалбидан ўтказган ёмон фикрларни, шубҳа-гумонларни юзага чиқармаса, гуноҳкор бўлмайди. Бундай ҳолатга тушган мусулмон киши кўнглидан ўтган ёмон ўй-фикр ва шубҳаларни дарров даф қилиши, сўнг истиғфор айтиши ва улар яна хаёлига келиб қолишидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиши лозим бўлади.

 

  1. Адашиб ёки унутиб қилиб қўйилган ишларга ҳам жазо тайинланган.

Бану Исроил қавми хато қилиб ёки унутиб бирон гуноҳ қилиб қўйса, бунинг учун дарҳол жазо келар эди. Масалан, бир гуноҳ содир этилган заҳоти уларга қайсидир ичимлик ёки егулик ҳаром қилинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати эса хато қилиб, адашиб ёки унутиб ёхуд мажбуран қилган ёмон ишларига астойдил тавба қилса, шак-шубҳасиз кечирилади.

 

  1. Байрам кунлари бирон иш билан машғул бўлиш ҳаром қилинган.

Шанба куни Бану Исроил қавми учун байрам қилиб белгиланган эди. Аллоҳ таоло уларга шанбани улуғлашга буюриб, бу кунда ҳеч қандай иш қилмаслик ҳақида ваъда олди. Жумладан, шанба куни балиқ овлаш ҳам тақиқланган эди. Лекин Бану Исроил қавми Аллоҳ таолога берган ваъдасига вафо қилмади – ҳийла-найранг ишлатиб, балиқларни жума куни кечқурун ёпиқ ҳавзага қамаб, якшанба куни овлай бошлашди. Аллоҳ таоло бундай ҳийла учун уларни жазолади: «Орангиздан шанба кунида ҳаддидан ошган кимсаларни билдингиз. Биз уларга «Бадбахт маймунларга айланиб қолинглар!» дедик. Биз бу уқубатни ўша вақт учун ҳам, кейин даврлар учун ҳам ибрат қилдик, тақволилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик» (Бақара сураси, 65-66-оятлар).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига бундай машаққат ва мажбуриятлар юкланмади. Мусулмонлар ўзларининг байрам кунлари, яъни жума куни намоздан олдин ёки кейин ўзаро муомала-муносабатда бемалол давом этаверишлари, касб-корларини қилаверишлари мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга азон айтилса, олди-сотдини тарк қилиб, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар. Агар билсангиз, мана шу (Аллоҳнинг зикрига, жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Намоз адо қилингач эса, ер юзи бўйлаб тарқалиб Аллоҳнинг фазлини (ризқ-рўзингизни) истайверинглар. Аллоҳни кўп эсланглар, шояд нажот топсангиз» (Жума сураси, 9-10-оятлар).

 

  1. Вабо (ўлат) ўтган умматлар учун азоб эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вабо (ўлат) касаллигининг ўтган умматларга азоб қилиб юборилганини айтганлар. Вабо (ўлат) касаллиги Бану Исроил қавмининг бир тоифасига ва бошқа қавмларга юборилган азоб бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати учун эса бу касаллик раҳмат бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вабо (ўлат) касаллигидан вафот этганлар шаҳидлар қаторида бўлишини айтганлар.

 

  1. Баъзи таомлар бошқа умматларга ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло Бану Исроилнинг хатолари, зулмлари ва шариатни эрмак қилганлари сабабли уларга бир қанча азоб-уқубат ва жазолар юборган. Жумладан, Аллоҳ таоло уларга баъзи ҳалол таомларни ҳаром қилиб қўйган: «Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик. Қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганлари ва одамларнинг мол-мулкиини ботил йўл билан еганлари учундир» (Нисо сураси, 160-161-оятлар).

Аллоҳ таоло уларга ҳаром қилган егуликларнинг турларини баён қилган. Улар – туя, туяқуш, ўрдак, ғоз кабилардир. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳайвонларнинг баъзи ёғларини ҳам ҳаром қилди. Сигир ва қўйларнинг қорин ва белидаги ёғлар (чарвилар) ҳам уларга ҳаром қилинган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса барча покиза нарсалар ҳалол қилинди, Аллоҳ таоло: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди» деб марҳамат қилди (Моида сураси 5-оят).

 

  1. Урушда тушган ўлжалар ҳам ҳаром бўлган.

Олдинги қавмларнинг шариатида душманга қарши жангда тушган ўлжаларни олиш ва ўзларича тасарруф қилиш ҳалол бўлмаган. Ўлжаларни бир жойга тўплашар, кейин осмондан бир олов тушиб, уларни ёндириб юборса, буни ушбу жанг Аллоҳнинг наздида қабул бўлганига аломат деб ҳисоблашган. Қуръонда бу ҳақда «токи бизга олов ейдиган бир қурбонликни тақдим қилмагунича...» дейилган (Оли Имрон сураси, 183-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан жангда тушган ўлжалар ҳалол қилинди. Бу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилинган: «ўзларингиз ўлжа олган ҳалол-покиза нарсаларни енглар» (Анфол сураси, 69-оят).

 

  1. Олдинги умматларга фақат хос жойлардагина намоз ўқиш мумкин бўлган.

Олдинги умматлар фақатгина махсус ажратилган жойларда – синагога, черков ва ибодатга мўлжалланган бошқа жойлардагина ибодат қилиши мумкин бўлган. Бундан бошқа жойда ибодат қилиш жоиз бўлмаган. Сафардаги одам ибодатхонасига етиб келгунича ибодат вақти ўтиб кетса, етиб келгач, қазосини ўқиган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдинги пайғамбарларнинг бирортаси ўз меҳробига бормагунича намоз ўқий олишмаган», деганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи масжид қилиб берилди. Аллоҳ таоло намоз учун бирор жойни алоҳида хослаб қўймади. Шунинг учун биз ер юзининг исталган нуқтасида намоз ўқишимиз мумкин бўлди. Қаер нажосатлардан ва ҳар хил сурату ҳайкаллардан пок ва холи бўлса, ўша жойда намоз ўқиш мумкин.

 

  1. Таҳорат фақат сув билан қилинган.

Олдинги умматларнинг шариатига кўра, таҳоратни фақат сув билан қилиш вожиб бўлган, сувдан бошқа нарса жоиз бўлмаган. Шунинг учун сув топилмаса, ибодат қила олишмаган. Сув топилгунича ибодат вақти ўтиб кетар, сув топилгандан кейин таҳорат олиб, қазосини ўқиб олишар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи покиза намозгоҳ қилиб қўйилди. Мабодо сув топилмаса, мўмин-мусулмонлар пок тупроқ билан таяммум қилиб ҳам намоз ўқийверадиган бўлишди...

 

Ушбу қиёсларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига бу дунёда берилган имтиёзлар ҳақида сўз борди.

 

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг шарафи” китобидан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ойбек Ҳошимов ҳамда Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

الإثنين, 26 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Ҳизбут таҳрирнинг залолати ҳақида фатво

Савол: Бизда бир “Ҳизбут-таҳрир” номли жамоа бор. Ислом халифалигини ўрнатиш ҳақида бонг уришади.  Уламолар ҳақида ҳар хил гаплар гапиришади. Уларга қандай раддия қилиш керак? Ўзи Ислом халифалигига қандай йўл тутилиш керак?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Инсонлар жамоаланиш бўйича икки жамоага ажрайдилар. Роҳманнинг жамоаси ва Шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси 159-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар  (Имом Абу Довуд  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия разияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа,  уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси 103-сура).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” – дедилар.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу пайдо бўлган ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг  ирода-истакларини яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат  умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар”, деса тўғри айтган бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. Мен сўзимнинг авалиданоқ шу сўзни айтсам балки сизларга ғариб туюлар. Аслида бу сўзни айтишдан олдин муқаддима келтиришим керакдир. Масалан қуйидагича: “Ушбу ҳизбут таҳрир жамоаси паскаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан.  Ихвончилар уларга бу йўлдан қайтсинлар учун ўзаро элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди. Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам улар азоби қабрни рад қиладилар, Масиҳуд-Дажжолни  чиқишини инкор қиладилар. Фазилатли аҳлоқлар ва илм ўргатишга бепарво бўладилар. Ҳизбчилар қуруқ сиёсатдонликка ўргатиладиган динга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисига: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатадиган мадрасалар кўринмайди?”, деб сўралганда шундай жавоб берган: “Мен дарвешлар чиқармоқчимасман”. Кўриб турганингиздек, улар фақат сиёсатга таянадилар. Илм, аҳлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ўзларига хос жиҳатлар бўлиб, уларга кўра эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади.  Шунингдек, шўрода кофир инсон ҳам бўлиши, ҳамда у умумий маънода волий, ҳоким бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Ҳизбут таҳрир жамоаси энг адашган тоифалардан биридир.

Мен Ҳизбут–таҳрирлик билан фахрланган, гердайганлардан таажжубдаман. Барча мўмин мусулмонларни ҳизбут-таҳрир жамоасидан огоҳликка, улардан узоқ бўлишга чақираман. Агар биз ҳизбут-таҳрир жамоасини таъвилчилар, деб ҳисобламасак эди, аслида уларни кофир дейишимиз ҳақли бўларди. Чунки улар азоби қабрни инкор қиладилар. Масиҳуд-дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Етакчилари эса: “Талабаларига Қуръонни ўргатиш лозим эмас. Улардан дарвешлар етиштирмаслик керак” – дейди.

Яман уламолар кенгаши аъзоси

Шайх Муқбил Ҳодий Водиий

السبت, 24 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ 75 ЁШДА

 

 “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

Қуръони Карим

Бақара сураси 208 оят 

Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс хуқуқларини химоя қилишни халқаро хуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий ахд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг мухим ахамияти хисобланадиган инсон хуқуқлари ва асосий эркинликларининг хурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Инсон хуқуқлари Умумжахон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро хуқуқий хужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон хуқуқлари сохасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда мухтарам Президентимизни рахнамоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуқ ва эркинликларининг ишончли химоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мухтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида  хукуматимиз,  Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз рахбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар хали хамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

 
 

 

Ҳалаблик аллома, шайх Абдуссаттор Абу Ғудда бугун (2020 йил 23 октябрь, ҳижрий 1442 йил 6 рабиул аввал куни) вафот этдилар.

Бу зот Ислом иқтисоди ва савдога доир илмларда кўплаб илмий тадқиқотлар ва мақолалар муаллифи эдилар. Шунингдек, ҳаётлари давомида турли фанларга оид илмий китоблар ёзганлар.
Бир қанча Исломий конференсиялар ва йиғинларнинг фаол аъзоси ҳам эдилар. Айниқса, машҳур "Кувайт Ислом фиқҳи энциклоаедияси"нинг ёзилишида узоқ йиллар илмий ҳамкорлик қилганлар.

Аллоҳ таоло барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, охиратларини обод қилсин! Фарзандлари ва шогирдларидан ўзларига ўхшаган буюк зотларни чиқишини таъминласин!

Видеолавҳалар

Top