muslim.uz

muslim.uz

Муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари

 10. Баъзи зоҳидлардан ривоят қилинади:

“Ким бир гуноҳни кулган ҳолда қилса, Аллоҳ уни дўзахга йиғлаган ҳолда киритади. Кимки Аллоҳга йиғлаган ҳолда итоат қилса, Аллоҳ уни жаннатга кулган ҳолда киритади”.

Уламолар айтишадики, бази инсонлар қилаётган гуноҳларига тавба қилиш ўрнига ҳурсанд бўлиб, гуноҳлардан завқланади. Ана шундай тоифадагиларни Аллоҳ таоло қиёмат куни дўзахга афсус ва надоматга тўла кўз ёшлари ила дўзахга киргизади.

Агар банда бу дунёда Аллоҳга итоат этиш йўлида қийинчиликларга дуч келса ва азобда қолса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни қувончга тўла кулги ила жаннатга киритади.

11. Баъзи ҳаким зотлардан ривоят қилинади:

“Кичик гуноҳларни ҳақир ва паст санаманглар, чунки ундан катта гуноҳлар етилиб чиқади”.

Биз одатда кичик гуноҳларни писанд қилмаймиз ва эътиборсиз равишда қилаверамиз. Аммо, кичик гуноҳлар йиғилиб катта гуноҳларни келтириб чиқаради.

12. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:

“Доимий бажариш билан бирор амал кичиклигича қолмайди, истиғфор билан эса гуноҳ катталигича қолмайди”.

Банданинг гуноҳи  тоғдек бўлса ҳам истиғфорда бардавом бўлса ва гуноҳларни тарк этса, катта гуноҳлар ҳам кечирилади. Зеро, истиғфор банданинг Аллоҳга энг маҳбуб амалларидандир.

الأربعاء, 08 نيسان/أبريل 2020 00:00

Рамазонга мактуб

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бир неча ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон тароватинг, файзинг ва баракотинг ила бизларни ҳушнуд этиш, арафасида турибсан.

Рамазон, сени биз ҳудди ёлғиз фарзанди узоқ муддатга сафарга кетиб, қайтишини интизорлик билан кутаётган онадек, волидасини йўқотиб қўйиб уни интиқлик билан қидираётган гўдакдек соғинганмиз.

Айниқса, бугун бутун дунёни эгаллаб, одамларни ваҳимага солган “вирус” сенга бўлган иштиёқ ва муҳаббатимизни, интиқлигимизни янада оширди. 

Ўтган йилларда сенга бера олмаган меҳрим, сенла топа олмаган қалб ҳаловатим ва сен сабаб эриша олмаган Аллоҳ таолонинг ризоси ва марҳаматига, бу гал жидду жаҳд ва мухаббат ила барчасига муяссар бўлиш учун азми қарор қилдим.

Аллоҳ таоло сен ҳақингда бизларга Қуръони каримнинг Бақара сураси, 185-оятида   шундай хушхабар берганлар: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен келганингда саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедиларки: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг фазилатинг ҳақида сўзлаб: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.

Рамазон сен ўхшаши йўқ, фазилатда тенгсиз муборак ойсан. Умримнинг бутун бошли йилларини сенинг бир лаҳзалик таровеҳинг, бир онлик кундузинг ва  сониялик тунингга алмаштиришга розиман.

Биласанми нима учун сени яхши кўраман? Чунки сен Аллоҳ таоло ва Расулига маҳбуб, суюкли ойсан. Аллоҳ таолонинг Каломи ҳам айнан сенинг кунларингда Набий алайҳиссаломга нозил бўлган. Сон-саноқсиз мўминлар сенинг шарофатинг ила гуноҳлари кечирилиб жаҳаннамдан озод бўлган ва жаннатга кирган. Сен сабаб ночорларга кўмак, очларга таом, етимларга мурувват кўрсатилади.Фазилатинг ила инсонлар қалбига ҳидоят нури, меҳр-оқибат ва яхшилик уруғи сочилади. Рамазон сени яхши кўрамиз ва сени биз мўминларга тортиқ қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано, сени қадрлаган ва севган Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламга бехисоб саловату дурудлар айтамиз.

Умид ва ният қиламизки сенинг фазилатинг сабаб Аллоҳ таоло бало-ю офатлар, хасталиклар-у мусибатлар, хусусан айни кунлардаги вирусларни инсоният бошидан даф этиб саломатлик ва хотиржамликни насиб этсин!

Соғинч ва муҳаббат билан Саидаброр Умаров

 

 

 

Карантин таътили даврида диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари дарсларни талабаларга ўқув дастур ва тақвимий режа асосида видео ва аудио дарслар, маъруза матни ва слайдлар кўринишида масофавий тарзда олиб бормоқда.
Ушбу дарслар талабаларнинг “telegram” гуруҳлари ва “moоdle” дастури орқали офлайн шаклда, “Zoom” дастури орқали онлайн шаклда йўлга қўйилган. Ҳозирда талабаларнинг 20 фоизи онлайн, 80 фоизи эса офлайн тартибида дарсларни тинглашмоқда.
Шу йил 18-31 март кунлари диний таълим муассасалари томонидан жами 107 та онлайн, 140 та видео ва 743 та аудио дарслар ташкил этилди, 426 та маъруза матни ва 160 та слайд талабаларга тақдим этилди.
Ҳар бир фан ўқитувчилари талабаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш мақсадида масофавий дарслар бўйича берилган саволларга жавоб бермоқда, мутолаа учун қўшимча адабиётларни тавсия қилмоқда.
Карантин таътили давомида ўқитувчи ва талабалар бугунги кунга қадар жами 661 та “Хатми Қуръон”, 2 та “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами хатми, минглаб мўътабар дуо ва истиғфорлар қилинди.
Диний таълим муассасалари сайти ва телеграм каналлари орқали қуйидаги тавсиялар бериб борилмоқда:
– Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин ҚОИДАЛАРИГА ТЎЛИҚ АМАЛ ҚИЛИНГ;
– Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ФАТВОСИ ТАЛАБЛАРИГА ҚАТЪИЙ ИТОАТ ҚИЛИНГ;
– Ўз уйларида қолиб, ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан бу балони инсоният бошидан кўтаришини, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб, ИХЛОС БИЛАН ИЛТИЖО ҚИЛИНГ;
– Тинимсиз меҳнат қилаётган тиббиёт ва бошқа мутасадди идоралар ходимларининг хизматларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига ДУОЛАР ҚИЛИНГ;
– Масофавий таълим дарсларидан унумли фойланган ҳолда ўқув режада белгиланган билимларни ЎЗ ВАҚТИДА ЎЗЛАШТИРИНГ;
– Мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олиш учун ФАН ЎҚИТУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ;
✅УЙДА ҚОЛИНГ, ҚУРЪОН ХАТМ ҚИЛИНГ, КИТОБ ЎҚИНГ, ИСТИҒФОР АЙТИНГ, ДУО ҚИЛИНГ, БИРГАЛИКДА КАСАЛЛИКНИ ЕНГАМИЗ, ИНШОАЛЛОҲ.

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири

Карантин даври баъзиларга ноқулайдек туйилаётган бўлиши мумкин. Чунки фаол ҳаёт тарзидан уй тартибига мослашиш ҳаммада ҳар хил кечади. Шу боис карантин касалликнинг олдини олиш билан бирга кўплаб фойдали жиҳатлари борлигини эслатиб ўтамиз.
Карантин даври – келажакдаги режаларни қайта кўриб чиқиш учун айни муддаодир. Илгари вақт етишмаслиги боис кўнглимиз тусаган машғулотларга фурсат топа олмасдик. Энди бирор манзилга боришга кетган, беҳуда ишларга сарфланган вақтимизни оиламиз билан мазмунли ўтказишга, китоб мутолааси ёки фарзандимиз тарбиясига ажратишимиз мумкин. Кўпчилик аллақачон шундай қилмоқда.
Айрим кишилар каби тушкунликка тушиб ваҳима қилгандан кўра, ҳозирги вақтдан унумли фойдаланиб, келажак учун зарур режалар тузиш, бугунги имкониятлар-у эртанги фойдани таҳлил қилиш ўта муҳим ҳисобланади. Зеро, тўғри тузилган режалар эртанги ёруғ кунларда бизни янги ютуқлар сари етаклайди. Замонамиз кишиларидан бири: “Энг яхши бизнес яхши фарзанд тарбия қилиш”, – деган эди.
Карантин даврида ҳар бир ота-она учун ўта масъулиятли, зиммаларидаги омонатларидан бири – фарзанд тарбиясига яна бир бор танқидий эътибор берсак, жуда фойдали иш қилган бўламиз, иншааллоҳ. Ахир, карантиндан кейин ҳаммаси яна изига тушиши, ҳаёт жўшиши аниқ-ку!
Фарзанд тарбия қилиш ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳазани талаб қилинади. Боланинг феъл-атвори синчковлик билан ўрганилиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, кўзланган мақсадга эришилади, иншааллоҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Ибн Можа ривояти), дея биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Ушбу насиҳатларга амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга тарбияни салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу) яна бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Болага ёлғон гапириб ёки уни алдаб бўлмайди. Чунки ота-она унга намуна-андозадир. Абдуллоҳ ибн Омир (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарда унга бирор-бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”.
Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасидан энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак.
Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Ҳозирги фурсатдан ҳам унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда. Натижа эса жуда юксак!
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21-оят).
Бу дунёда иймон билан яхши солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар жаннатга кирганларида яқинларини қидириб, улар қаерда, қани деб сўрашар экан. Ўшанда агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фазли инояти ила уларни ота-оналарига қўшиб қўяр экан.
Аллоҳ таоло барчамизга ана шу бахтини насиб айласин. Синовли кунларда Яратган барчамизга ҳимоячимиз бўлсин. Барчамиз қалбан бирмиз. Уйда қолинг! Нидосига онгли амал қилувчилардан қилсин!

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент шаҳридаги“Навза” жоме масжиди имом хатиби

 

Видеолавҳалар

Top