muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 28 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Чивин ҳақида 20 та маълумот

Ёз кунлари чивинларнинг ҳужумидан қочишга уринамиз. Улар чақиб кетган жойни қашийвериб, ҳатто ярага айлантириб юборишимиз мумкин. Қулоғимиз остига келганда визиллаган овози эшитилади, чақиб кетганда қичишади, турли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Ушбу мақолада чивин ҳақидаги баъзи маълумотларни тақдим этамиз.

  1. Ер юзидаги энг хатарли жонзот.

Агар биз ер юзидаги хатарли жонзотларни санамоқчи бўлсак, хаёлимизга дарров асрлон, фил, акула кабилар келади. Лекин аслини олганда чивин сайёрамиздаги энг хатарли жонзотдир, ҳашаротдир. Қадим-қадимдан чивин миллионлаб одамларнинг вафот этишига сабаб бўлган. Чунки чивин ўзи билан кўплаб касалликлар вирусини олиб юради. Улар орасида инсоният учун ўта хатарли ва ҳалокатли бўлганлари бор. Чивин ташийдиган касалликларга мисол қилиб вабо, безгак, сариқ иситма, менингит, денге геморрагик иситмаси, “фил касали” ҳамда мушакларда, бошда оғриқ, иситма, терида тошмалар билан кечувчи Чикунгуня касаллиги кабиларни келтириш мумкин. Чивин тарқатган касаллик сабабли бир йилда 70 миллион одам касалланади, шундан 2 миллионга яқини вафот этади.

  1. Чивинларнинг фақат урғочиси чақади.

Эркак чивинлар гул нектари билан озиқланади. Фақат урғочи чивинлар инсонни чақади, қонини сўради. Бунга сабаб инсондаги оқсил моддаси урғочилар ичидаги тухумчалар учун жуда ҳам зарурдир. Шу боис урғочи чивин инсонга ёпишади.

  1. Чивин чақишидан азият чекадиганлар фақат инсонлар эмас.

Чивин нафақат инсонларга, балки қушлар, амфибиялар (сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшовчилар)га ҳам ҳужум қилади.

  1. Чивиннинг тезлиги.

Чивин бир соатда 1,5 – 2,5 километр масофани босиб ўтади. Инсон тахминан бир соатда 5 километр масофани босиб ўтади. Бошқа ҳашаротлар эса чивинга нисбатан анча тезроқ учади. Ҳа, чивин нисбатан секинроқ учадиган ҳашаротдир.

  1. Чивин қанотини бир сонияда 300 мартадан то 800 мартагача қоқа олади.
  2. Чивинлар орасидаги муҳаббат.

Эркак чивин имкон қадар урғочисини жалб этишга уринади. Бунда у урғочи чивин яқинига бориб қанотининг овозини эшиттиришга уринади. Шу йўл билан урғочисининг эътиборини тортишга ҳаракат қилади.

  1. Кўчманчи чивинлар ҳам бор.

Биз чивинлар ҳеч қаерга кўчиб кетмай, уйларда яшайди деб ўйлаймиз. Аслида эса чивинлар орасида кўчиб юрадиганлари ҳам бор. Масалан, ботқоқликларда яшовчи чивинлар 160 километрлаб масофаларни босиб ўтиб, ўзига муносиб жой ахтариб кўчиб юради. Одатда шўр сувли ботқоқликларни топганда, ўша ерда яшайди.

  1. Урғочи чивинлар тухум қўйиш учун сувга муҳтож.

Чивинларнинг ҳамма тури тухум қўйиш учун сувга эҳтиёж сезади. Сувнинг қанчалиги муҳим эмас. Озгина кўлмак ҳам кифоя қилади. Муҳими ўша жой нам бўлса бўлди.

  1. Чивин қўядиган тухумлар сони.

Урғочи чивин бир марта тухум қўйганида 100 – 300 донагача тухум қўяди. Умри давомида эса 3000 тагача тухум қўяди.

  1. Чивинларнинг умри.

Балоғатга етган чивиннинг ёши тахминан 5-6 ой атрофида бўлади. Чивин шу муддат давомида жуда кўп касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади.

  1. Чивинлар карбонат ангидрид газини топа олади.

Чивинлар карбонат ангидрид газини 75 қадам узоқликдан сеза олади. Маълумки, инсон кислород ютиб, карбонат ангидрид газини чиқаради. Чивин эса шу газ орқали инсонни топиб, ундан қон сўриш чорасини кўради.

  1. Чивин парвоздан олдин қанот қоқади.

Чивин ҳавога кўтарилишдан олдин 30 миллисония вақт давомида қанотини қоқиб туради. Кейин орқа оёғига таяниб юқорига сакрайди.

  1. Чивин қанча юк кўтара олади?

Чивин қон сўрганидан сўнг унинг вазни икки-уч баробар ортиб кетади. Кейин у шу оғирликда учиб кетади. Бу эса ўрта ёшли инсон ўз вазнидан уч баробар ортиқ юк – 200 килограммни кўтариб ўчишига тенгдир.

  1. Ер юзидаги чивин турлари қанча?

Ер юзида 3,500 турдаги чивинлар мавжуд. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам инсонни чақувчи, қон сўрувчи эмас. Юқорида айтганимиздек, фақат урғочи чивинлар қон сўради.

  1. Чивин қонни таҳлил қилади.

Ўрганишлар натижасида чивинни баъзи қон гуруҳлари ўзига кўпроқ тортиши маълум бўлди. Чивин ўзидаги қонни таҳлил қилувчи найча орқали қонни таҳлил қилади, қайси гуруҳга мансублигини аниқлайди.

  1. Чивин кимларга кўпроқ ёпишади?

Маълум бўлишича, ҳомиладор аёллар ва спиртли ичимликларни истеъмол қилувчилар кўпроқ миқдорда карбонат ангидрид гази чиқарар экан. Шу боис чивинлар ҳомиладорлар ва спиртли ичимликларни истъмол қилувчиларга кўпроқ ёпишиши аниқланди.

  1. Чивин чаққанидан кейин инсонларнинг реакцияси турлича бўлади.

Баъзиларнинг терисида кучли қичишиш сезилса, баъзиларда бу ҳол жуда кам сезилади.

  1. Чивиннинг хартуми.

Чивиннинг терини тешиб кирадиган хартуми бор. Хартумда эса 6 та қисмлар мавжуд бўлиб, ҳар бирининг ўзига хос вазифаси бор. Улардан тўрттаси жуда ўткир пичоқлар, қолган иккитаси эса ичи бўш найчалардир. Бундан ташқари урғочи чивин хартумида 47 та ўткир тиғлар (тишчалар) мавжуд. Бу унга терини тешиб киришда ас қотади.

  1. Чивинда юрак нечта?

Чивинда 3 та юрак бор. Бири марказий юрак, қолган иккитаси ҳар бир аъзо учун юраклардир.

  1. Чивин қон сўраётганини нега сезмаймиз?

Маълумки, чивин қон сўриш учун хартумини теримизга киритганида танамиздаги мудофаа тизими ишлай бошлайди ва қон ташқарига чиқиб кетмаслиги учун ферментлар ишлаб чиқарилади. Бу моддалар терининг тешилган жойида қоннинг ивиб, қуюқлашишига сабаб бўлади. Чивин эса бундай шароитда қон сўра олмайди. Аммо унда қон ивишига қарши модда мавжуд бўлиб, у ўша суюқликни қон ивиган жойга қуяди. Натижада, ўша ҳудуд сезгини йўқотиб, қон қуюлишининг олдини олади. Ана шу модда ўша ҳудуднинг шишиб, қичишишига олиб келади. Бу жараёнларнинг ҳаммаси бир неча сонияда амалга ошади. Инсон териси эса қон сўраётган чивинни сезмай қолаверади.

Жарроҳлик амалиётидан олдин беморга наркоз бериш яқинда, аниқроғи ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарида кашф этилгандир. Аммо чивинлар туғилганидаёқ шу хусусият билан туғилади. Инсон карахт қилувчи моддаларни лаборатория шароитида катта қийинчилик билан тайёрлайди. Аммо кичик махлуқ бўлмиш чивинда карахт қилувчи модда қаердан пайдо бўлди экан? Албатта, чивинга бундай қобилият, керакли аъзолар ва имкониятларни Аллоҳ таолонинг Ўзи бергандир!

У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلاً مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَـذَا مَثَلاً يُضِلُّ بِهِ كَثِيراً وَيَهْدِي بِهِ كَثِيراً وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلاَّ الْفَاسِقِينَ

“Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади” (Бақара сураси, 26-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло чивинни мисол қилиб келтирмоқда. Ҳа, чивин эслашга арзимайдиган ҳашарот эмас. Унинг тузилиши, қандай имкониятларга эгалиги ва танасидаги жиҳозлари ҳақида ўзингиз ўқиб билдингиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Бирлашган Араб Амирликларида талабалар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш хавфли эканини кўрсатувчи 1 дақиқалик видеолари учун 100 минг дирҳам (27.2 минг АҚШ доллари) ютиб олиш имкониятига эгалар.

Hemaya маркази ўтказаётган ушбу танлов Дубай полиция маҳкамаси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Марказ ижтимоий муаммоларни аҳолига етказиш билан шуғулланади.

Ушбу танловда фуқаролигидан қатъий назар БААда таълим олаётган талабалар иштирок этишлари мумкин.

2019 йилнинг 1-15 декабрь кунлари талабалар ўзларининг видеолавҳаларини Hemaya маркази сайтига тақдим этадилар. Танлов ғолиблари 2020 йилнинг февраль ойида эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Манчестер Юнайтед» футбол клубининг собиқ сардори Патрис Эвра ўзининг интервюсида Ислом дини ҳақидаги фикрларини билдириб ўтган. Бу ҳақда thenews.com.pk хабар берди.

Футболчи дунёда тинчлик ва бағрикенглик дини бўлган ислом ҳақида гапириб, расизм(ирқчилик)ни қоралади.

Ўзи насроний оилада улғайган бўлишига қарамасдан, Ислом динининг гўзаллигидан ҳайратланишини билдирган.

«Мен учун ислом тинчлик динидир. Менинг отамга исломга бўлган муносабатим маъқул эмас. Тўғри у менинг отам, бироқ мен ўз фикримда қоламан», – дея маълум қилган.

Футболчи футбол ирқчиликни йўқ қилишда кўмак бераётганидан жудаям мамнун эканини билдирган. 2017 йилда Эвра Қуръони каримни ўқишини ва маъноларни тушуниши айтганида кўплаб танқидларга учраган эди.

Футболчи "Мен яна бир бор Ислом тинчлик дини эканини таъкидлайман, у ўзаро ёрдам беришни тарғиб қилади" дейди. "Аллоҳ бизларни бегуноҳ инсонларни ўлдиришимиз учун яратмаган", дейди спортчи.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 25 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

“Чунки бандага ишонч йўқ”

Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом дарёнинг бўйида ўтирарди. Нигоҳи бир дона донни дарё томон кўтариб бораётган чумолига тушди. Сулаймон алайҳиссалом чумолини кузатишда давом этди. Чумоли донни сув бўйигача судраб борди. Шу пайт сув ичидан қурбақа пайдо бўлди ва оғзини катта очди. Чумоли дони билан қурбақанинг оғзига кириб кетди. Қурбақа оғзини ёпди ва сувга шўнғиди. Бир муддат ўтгач, қурбақа сувга шўнғиган жойидан пайдо бўлди ва оғзини яна очди. Ичидан чумоли ўрмалаб чиқди. Аммо бу сафар буғдой дони йўқ эди.

Сулаймон алайҳиссалом чумолини ёнига чақирди ва ўз амали асрорини сўзлаб беришни сўради. Чумоли тилга кирди:

 – Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Дарёнинг қаърида ичи бўш бир тош ётибди. Ўша тошнинг ичида бир қурт яшайди. Худо қуртни ўша ерда яратган. У дарёдан ташқарига чиқа олмайди. Менга унинг насибасини етказиб туриш вазифаси юклатилган. Қурбақага эса мени сувнинг тубига олиб тушиш амр этилган. Мен ҳар куни бир буғдой донасини дарё бўйига келтираман. Қурбақа мени оғзига солиб, сув остига, тош ёнига қадар олиб тушади. Мен у ердаги тешик орқали буғдой донини қуртнинг оғзигача олиб бораман. Сўнгра, қурбақа мени яна оғзига олиб қирғоққа қадар чиқариб қўяди.

Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом чумолига деди: – Буғдой донасини қуртга элтганингда ундан бирор гап эшитганмисан?

Чумоли жавоб берди: – Ҳа. У доимо шундай дейди: “ – Эй менинг ризқимни дарё тубидаги тош ичига қадар етказиб беришни унутмайдиган Худо! Иймонли бандаларингга нисбатан бўлган раҳматингни унутма”. 

***

Сулаймон алайҳиссалом бир чумолини кўриб ундан:

- Бир кунда қанча буғдой ейсан? - деб сўрабдилар. Чумоли:

- Бир дона, деб жавоб берибди.

Сулаймон алайҳиссалом унинг олдига бир дона буғдойни қўйибдилар-да, устидан бир косани ағдариб: "Кунлик ризқингни мен келтириб тураман!" дебдилар.

Эртасига келиб, косани олиб қарасалар чумоли бир дона буғдойнинг ярмини еб, қолган ярмини ушлаб ўтирганмиш. Сулаймон алайҳиссалом чумолига:

- Менга, бир дона буғдойни бир кунда ейман, деган эдинг. Ярми ортиб қолибди-ку, дебдилар. Чумоли у зотга қараб:

- Ризқим Аллоҳнинг зиммасида экан, У Зот менга кунлик ризқимни етказишни унутмайди. Бунга ишончим комил. Лекин куним сизга қолгач, эсингиздан чиқиб қолсам-чи, деган хавотир билан ярмини олиб қўйдим. Чунки бандага ишонч йўқ, – деб жавоб қилибди. 

***

Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний шундай деган:

– Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: “Агар  пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди”, деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди. 

***

Алихонтўра Соғуний шундай деганлар:

Ҳеч кимса энг сўнгги ризқини еб тугатмагунча дунёдан кетмас,

Ризқи тугамаган банданинг ўлиши мумкин эмас,

Унинг ризқини озайтириш ёки кўпайтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмас. Бандага ризқ келиши ҳар қанча кечикиб қолса ҳам,

Яна унга ўлчанган ризқи етмай қолмас.

Ҳалоллик билан касб қилинса,

Ҳалол ризқ етказишликка Аллоҳ кафилдур. 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

ЎМИ матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

Видеолавҳалар

Top