Мақолалар

Синовли кунлардан олинадиган сабоқлар
Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё. Дарҳақиқат, инсонлар дунё қарашлари, яралиш моҳияти ҳақидаги тушунчалари ва руҳий кечинмаларидан келиб чиқиб ҳаёт синовларини турлича қарши олади.
 
Кимдир қийинчиликдан имон-эътиқоди мустаҳкамланиб, муҳим хулосалар чиқарса, яна кимдир изтиробга тушиб, руҳий ва жисмоний хасталиклар гирдобига тушиб қолади. Аслида тақдир гардиши инсон боши узра қай томонга қараб айланмасин, киши ўзини муносиб тутган ҳолда, ундан бир ҳикматни ўрганиши, ҳаёти учун асқотадиган зарур сабоқларни ўзлаштиришга интилиши лозим.
 
Хўш, инсон нега парвардигори томонидан синалади? Бу ҳақда Қуръони каримда синов ҳақидаги баъзи оятларни қисқача ўрганиш орқали жавоб топишга интиламиз.
 
Оятларга эътибор қаратсак, дунёнинг яратилишидаги асосий ҳикмат – бу синовдир. Яъни, ким чин бандалик йўлидан бораяпти, ким эса, тўғри йўлдан оғишаяпти. Ўткинчи дунё агар синовлардан холи, тўла-тўкис ҳаётдан иборат бўлганда эди бу Аллоҳнинг инсониятни яратишдаги ҳикматига мос бўлмай қоларди.
 
Синовлар ҳақида фикр юритганимизда қуйидаги қимматли хулосаларга келишимиз мумкин.
 
СИНОВЛАР ОДАМИЙЛИКНИ ЎЛЧАЙДИГАН МЕЗОНДИР
 
“Анкабут” сурасининг иккинчи оятида шундай дейилади: “Одамлар: “Имон келтирдик”, – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйлайдиларми?!”.
 
Ушбу ояти каримада инсондаги энг катта камчиликлардан бири айтиб ўтилмоқда. Яъни, Аллоҳга иймон келтирдим, энди ҳамма нарса ўз-ўзидан яхши бўлади, ишларим фақат ўнгидан келади деган тушунча нотўғри экани, Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйганини баён қилмоқда.
 
Зеро, жамият орасида яшаётганлар фаровонлик кунларида аҳил-иноқ. Қийинчилик вақтида эса, айримларни ўзи учун қайғуриб, ўзгадан йироқ бўлишга ҳаракат қилаётганига гувоҳи бўламиз.
 
Демак, синовлар одамийлигимизни ўлчовчи, ҳақиқий мўмин-мусулмонмизми, ёки иймонимизда камчилик борми шуни ажратиб берувчи илоҳий мезондир.
 
СИНОВЛАР САБРЛИ БЎЛИШГА ЎРГАТАДИ
 
Синов етганда унинг биринчи муолажаси сабрдир. “Бақара” сурасининг 155-оятида “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” дейилгач, унинг ортидан “(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” деб айтилиши мусибат етганда биринчи галда сабрли бўлиш кераклигини уқтирмоқда.
 
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради”.
 
Мусибат келгач, биз ҳар қанча бетоқат бўлмайлик, унинг сояси Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бошимиздан кетмаслигини чуқур англашимиз лозим. Агар биз сабр қилиб, шукрда бардавом бўлсак, қийинчиликни ўз фойдамизга бурган, бундан дунёмиз учун яхшилик, охиратимиз учун заҳирани қўлга киритган бўламиз.
 
МУСИБАТ ИНСОННИ ТОБЛАЙДИ
 
Ҳаёт синовлардан ҳоли бўлмаслиги барчага аён ҳақиқатдир. Одатда биринчи келган синов жуда оғир туюлади. Вақт ўтиши билан эса киши унга мослашади, иродаси мустаҳкамланади. Бу эса навбатдаги синовларнинг нисбатан енгил кечишини таъминлайди. Шунинг учун қийинчиликнинг илк дамларида сабр қилиш ўта муҳим саналади. Кейинчалик унга кўникиб қолиш ҳам ҳақиқий сабр ҳисобланмайди. Ҳадиси шарифларда бежизга “Ҳақиқий сабр аввалги зарба пайтдагисидир” дейилмаган. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)
 
Луқмони Ҳаким шундай деган: “Болажоним! Олтин олов билан синалади. Солиҳ банда бало билан синалади. Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни бало билан синайди. Ким рози бўлса, унинг учун розиликдир. Ким ғазаб қилса, унинг учун ғазабдир”.
 
Абдулқодир Жийлоний ҳам: “Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади”, деб айтган.
 
СИНОВ ЕТГАНДА БИРИНЧИ ГАЛДА АЛЛОҲ БИЛАН АЛОҚАНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЛОЗИМ
 
Синов етганда инсон аввало Аллоҳ билан алоқани мустаҳкамлаш, унга янада қаттиқроқ боғланиши керак. Бу ҳам илоҳий таълимот бўлиб, юқоридаги оятнинг давомида “Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар” (“Бақара” сураси, 156-оят) дейиш билан мусибат етганда ўзига дуо қилиш, инсон унинг мулки эканини эслаши лозимлиги таълим берилган.
 
Бу дуо Қуръони каримда “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун” деб талаффуз қилинади ва қисқача “истиржо” дейилади. Бизга етган мусибат каттами ёки кичик, унга сабр қилиб, истиржо айтишни одат қилишимиз керак. Ҳадиси шарифда: “Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин” дейилган.
 
СИНОВГА САБР ҚИЛИШНИНГ ЭНГ БУЮК МУКОФОТИ
 
Хўш, синовларга сабр қилдик, бунинг натижасида нималарга эришамиз? Қийинчиликлар кетади, сабр қилганимиз учун мукофот тариқасида кўплаб неъматлар билан сийланамиз. Хусусан, Қуръони каримда “ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (“Шарҳ” сураси, 5-оят.), дейилган.
 
Шунинг билан бирга турли руҳий ва жисмоний дардлардан ўзимизни ҳимоялаган бўламиз. Яна талай яхшиликларга эришишимиз мумкин. Лекин, бу сабрнинг энг буюк мукофоти эмас. Сабрнинг энг буюк мукофоти “Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (“Бақара” сураси 157 оят), деб сифатланган бандалар сафига қўшилишдир. Яъни, сабрнинг энг буюк мукофоти Аллоҳнинг мағфирати, меҳрибончилиги ва тўғри йўлга бошлашидир. Банда бундан ортиқ мукофотга эриша олмайди.
 
Бугунги кунда дунё аҳли бошига турли синовлар келмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси осуда кунларимиз қадри нақадар юксаклигини ҳар дақиқа бизга эслатмоқда. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, бу касаллик ҳақида қанча кўп ўйласак, ундан бунданда кўпроқ ҳикматларни илғаб олишимиз мумкин. Хусусан, катор ривожланган давлатлар касаллик олдида ожиз қолаётган бир пайтда давлатимизнинг унга қарши қандай чоралар кўргани, шундай мураккаб вазиятда ҳам халқни беэътибор қолдирмасдан меҳр-муравват ва ғамхўрлик кўрсатгани, аҳолимизда эса, бирдамлик ва олийжаноблик, ўзгалар дарди билан яшаш ҳисси ҳалигача мустаҳкам эканига гувоҳ бўлдик. Энг асосийси, Аллоҳнинг чексиз қудрат соҳиби экани ва барча нарса унинг иродасига боғлиқлигини яна бир бор теран англаб олдик.
 
Демак, бугунги синовли кунларда биздан талаб этилаётган тартиб-қоидаларга риоя қилиб, ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасдан ўзимизни эҳтиёт қилсак ва озгина сабрли бўлсак, мусибат ортидан албатта ёруғ кунларга етамиз.
 
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
2423 марта ўқилди

Мақолалар

Top