Мақолалар

Зиёратгамас, саёҳатга келдик...

Диний эътиқод энг ҳассос туйғу. Шу боис оқиллар имон-эътиқод масаласида гап борганда ғоят эҳтиёткорлик билан мулоҳазали тарзда сўз юритади. Чунки улар билмасдан хато гап айтиб қўйилса, бунинг оқибати яхши бўлмаслигини билади. Хато гапириб қўймаслик учун эса, кишига фаҳм-фаросат ва пухта билим керак. Айтайлик, қайсидир дин ҳақида гапирмоқчи бўлган одам фақат ўша диннинг ўзининг мавжудлигини билиш билан кифояланган бўлса, у одам, албатта, хатога йўл қўяди. Бунинг сабаби унинг ўзи сўз юритмоқчи бўлган динда мавжуд бўлган йўналишларни билмаганидир.

Узоққа бормайлик. баъзиларимиз ўзимизнинг муқаддас динимиздаги мазҳаб, оқим, фирқалар ўртасидаги фарқнинг ҳам фаҳмига бормаймиз. Лекин бу нарсаларни билиш жуда ҳам муҳим. Илло, ана шулардан хабари бўлган одам бегона оқимлар таъсирига тушиб қолмайди.

Бу борада юртдошларимизга, айниқса, балоғат остонасидаги ёшларимизга муҳим қўлланма вазифасини исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби бажармоқда. Ушбу асар яна қайта чоп этилди. Бир неча бор нашр қилинган ушбу асарни ҳар сафар варақлаб кўрганда, албатта, нимадир ўрганиб олади одам.

Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Ундан зиёлилар ҳам, оддий китобхонлар ҳам бемалол фойдаланаверади. Унда худоликни, пайғамбарликни, валийликни даъво қилганларнинг асл қиёфалари маҳорат билан очилган. Шунинг баробарида бундай кимсаларга қаршилик қилиб, уларнинг манфур қилмишларини фош қилган аждодларимизнинг жасоратлари ҳам баён этилган. Масалан,  “Чароғкуш” фирқасининг асосчиси бадахшонлик Носир Хисравнинг пайғамбарлик даъво қилиб кўплаб содда одамларни тўғри йўлдан чалғитгани, бунинг салбий оқибатлар келтириб чиқаргани баёнида ёзганда, ўша ҳийлагарнинг фаолиятига бобокалонимиз Амир Темур 14 ёшида  барҳам берганига атрофлича тўхталиб ўтган.

Тўғриси, ушбу воқеани бир вақтлар Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”сида ҳам ўқиган эдим. Аммо бу ҳодиса тарихий ҳақиқатмикан ёки халқ оғзаки ижоди намуналаридан биримикан, шуни билолмай юрган эдим. Ана энди ушбу воқеа мисолида “бўлар бола бошидан” деганларидек, Амир Темурнинг ўсмирлик чоғидаёқ қанчалик зукко, эътиқодда собит, туғма дипломат, ўткир сиёсатчи ва жасур жангчи бўлганини яна бир бор кашф этдик.

Бир йили қишда Тожмаҳални зиёрат қилишни ният қилиб Ҳиндистонга борган эдик. Деҳлида бизга йўлбошловчилик қилган йигит саёҳатимизнинг иккинчи куни “Атиргулга ўхшаган бир бино бор, бугун ўша ерга сайҳат қиламиз”, деди. Машинада борарканмиз узоқдан баландликда оппоқ атиргулга ўхшаган бинога кўзимиз тушди. У жуда катта боғнинг ичида жойлашган экан. Боғнинг дарвозасида тумонат одам навбатда туриб киришга чипта оляпти. Боғ ичидаги атрофига анвойи гуллар экилган йўлакдан “атиргул”га қараб бораверсангсиз турли шакллар ҳосил қилувчи фавворалар, ғайритабиий шаклга солинган дарахтлар, анъанавий усулда жуда чиройли ўсган яна бир катта дарахт ҳам бор эди – мажнунтолмиди, садақайрағочмиди, эслай олмайман – руҳингизда ўзгача кайфият уйғотади. Секингина гаплашаётган, бир-бирига жилмайиб боқаётган турли миллат вакилларининг бир-бирига меҳрибонликларини кўриб, ўзингизни латофали, майин бир оламда пайдо бўлиб қолгандек ҳис қиласиз.

Бинога яқинлашганда белгиланган жойда пойафзалимизнида ечдик, тартиб шундай экан. У ер кўприкча экан-да, кўприк остида ходимлар тураркан, улар ечилган пойафзалларни узалиб олиб бир елим идишга солиб қўяркан. Бинога қараб мармар зиналардан кўтарилиб бордик. Бинонинг олдида зилол суви яримлаган чиройли ҳовуз бор экан. Негадир менга ҳовузнинг суви табиийдек кўринмади. Чунки у жуда ҳам кўм-кўк эди. Денгизнинг шўр сувмикан, деб ўйладим. Аммо денгиз сувининг ҳам бу қадар кўм-кўк бўлганини кўрмаган эдим.

Жуда қизиқиш билан бинонинг ичкарисига кирдик. оппоқ мармардан қилинган узун столлар (скамека) саф тортган. Одамлар ўтириб олишибди. Биз ҳам ўтирмоқчи бўлгандик, аммо менинг яланғоч мармарга ўтиргим келмайди. Саҳнага ўхшаган бир жой бор экан, ўша ерда уч-тўрт одам тик турибди. Театрга келибмиз, бу одамлар ҳозир роль ижро этса керак, деб ўйладик. Бир оздан сўнг биз саҳнада деб турган одамлар ташқарига чиқиб кетди. Нима бўлганини тушунолмай, нарироқда ўтирган йўлбошчимизнинг олдига бориб гап сўрай бошлагандик, хизматчи қизлар лабини бармоғига босиб “жим” ишорасини қилди.  Қаерга, нима учун келганимизни тушуна олмай чиқаётган эдик, устунлардан бирига араб, инглиз, рус тилларида  ёзилган бир матнга кўзим тушиб қолди. Адашмасам, маъноси “Кимки бу ерга келса, дўзахга тушмайди”, қабилида эди. Бу ёзувни кўриб Ҳиндистондаги уч юздан ортиқ динлардан бирининг ибодатхонасига келиб қолибмиз-да деб қўйдим. Шу вақт қаршимга бир хушбичим йигит ва сарвқомат қиз илдамлаб келди. Улар қўлида буклет ушлаб олган эди. “Еnglish?” деб сўрашди. “no, rushshin”, деб жавоб қилдим.  Қўлимга рус тилидаги буклетлардан бирини тутқазишди. Уни ўқиб кўрсам, биз “баҳоулло”чиларнинг “таъзим уйи” борибмиз. Улар бизга берган буклетда Баҳоуллоҳни ниҳоятда улуғлаб ёзишган эди. Аммо эътиқоди соғлом киши пайғамбарликни даъво қилган касни ҳурматлаши мумкинми?..

Йўлбошчимиз мураттаб қори бўлган ҳинд йигити қайсидир мамлакатдан келган меҳмонлар билан гаплашиб ортда қолиб кетган эди. Чиққани заҳоти:

– Нега бизни ақидаси чатоқ жойга олиб келдинг?! – деб заҳримни сочдим.

– Мен сизни зиёратга эмас, саёҳатга олиб келдим, ака! Мана бу бинонинг ҳашаматини кўринг, боғнинг чиройини томоша қилинг, гулларнинг гўзаллигига қаранг, уларнинг ақидаси билан нима ишингиз бор!..– деб жавоб қилди.

У ёш йигит. Эндигина 22 га тўлган. Ҳали кўп нарсани тушунмайди. Нимани қай ҳолатда кўрса, уни ўша ҳолича қабул қилади. У  ҳашаматли бинога, чиройли боққа, анвойи гулларга мафтун. Унинг эгаларининг ақидаси билан иши йўқ. Аммо у ўзи билмаган ҳолда уларнинг тегирмонига сув қўйиб бу ерга сайёҳларни олиб келмоқда. Сайёҳлар руҳиятига эса махсус ҳосил қилинган муҳит таъсир кўрсатади. Энг муҳими, улар  бу ерга кириш учун пул тўлайди. Ана шунинг ҳисобига баҳоийлар  қувватланади. Дунёнинг турли жойларидан ана шундай ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган “таъзим уй”лари барпо этади. Уларни ҳам одамлар томоша қилгани бориб пул тўлашади... Ҳозиргача уларнинг сони еттитага етди. Улар Чикаго, Сидней, Кампала, Франкфурт, Панама, Апиа ва Деҳлида. Сайёҳлардан йиғилаётган маблағ ҳисобига шу йўсинда кўпайиб бораверади. Диний-сиёсий ҳаракат бўлган баҳоийлик ана шундай қилиб қулоч ёзмоқда.

Айнан шу жойга борганимизни батафсил ёзганимнинг сабаби – диний оқимларнинг инсон руҳиятига таъсир қилишда тутган устакорликларидан бирини сўзлаб бериш эди. 

Ҳиндистондан қайтганим заҳоти “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” ва интернет сайтларидан баҳоийликка оид манбаларни очиб кўрдим.

Айдарбек Тулеповнинг ушбу асари мавзуга оид билимларимнинг янада бойишига ҳисса қўшди. Хусусан, икки масалада: “чароғкуш” фирқаси ва “баҳоийлик” диний-сиёсий ҳаракати тўғрисида билганларимизни тасдиқлаб олиб қалбимиз таскин топди. Шу вақтга қадар қулоғимизга ҳам чалинмаган хатарли оқимлар, тоифалар борлигини, уларнинг нимани исташлари, инсонларни қайси йўллар билан чалғитишга уринишларидан ҳам бирмунча хабардор бўлиб олдик.

Асарда ақидавий йўналишлар, фиқҳий мазҳаблар, диний оқимлар, тоифалар, худоликни, пайғамбарликни даъво қилган кимсалар ҳақида сўз юритилганки, буларнинг барчасини бугуннинг одами билиш керак. Ундан-бундан узуқ-юлуқ эшитиб юрган илм соҳибига ҳужжат бўла олмайди...

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

5180 марта ўқилди

Мақолалар

Top