muslim.uz

muslim.uz

Салоҳиддин Айюбийнинг отаси ёшгина ўғлининг кичик болалар билан ўйнаётганини кўрди ва уни улар орасидан шартта олдида баландга кўтарди.

Ота баланд бўйли киши эди. Ўғлини баланд кўтарганча: «Мен онангга гўдаклар билан ўйнаб юрадиган бола туғиши учун уйланмаганман. Онанг ҳам сени кичик болалар билан ўйнашинг учун туғмаган. Мен онангга Масжидул Ақсони озод қиладиган ўғил туғиши учун уйланганман. Онанг ҳам сени Масжидул Ақсони озод қилишинг учун туққан» деди-да, қўлини қўйиб юборди.

Бола баландликдан ерга йиқилди. Ота ўғлига назар солди ва унинг юзида оғриқ аломатини сезди. Ундан: «Йиқилиш сени оғритдими?» деб сўради. Болакай: «Ҳа, оғритди» деди. Отанинг «Унда нега бақириб, дод солмадинг?» деб берган саволига кичик Салоҳиддин: «Масжидул Ақсони озод қилувчи одамга бақириб, дод солиш ярашмайди» деб жавоб берди.

*****

Мурод Иккинчи ҳарбий юришларидан бирида Қустантания яқинида тўхтаб, чодир тикиб, бир неча кун ўша ерда турди. Ана шу чоғларда унинг аёли тонг пайти ўғли Муҳаммадга Қустантания деворларини кўрсатиб: “Эй Муҳаммад, мана шу деворларни бузиб кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу шаҳарни фатҳ қиладиган одам сенсан. Чунки, сенинг исминг Муҳаммаддир” дерди.

*****

Сафийя бинт Абдулмутталиб ўғли Зубайрнинг от устидан йиқилиб тушишига ҳеч қачон парво қилмасди.

*****

Араблар фарзандларини ойлаб, йиллаб саҳроларга юборар ва бу иш сабабли қалбларига қўрқув ораламас эди.

*****

Боланинг ёлғиз ўзи кечалари Макка водийларида қўйлар билан қолишидан отасининг юраги сиқилмас эди.

*****

Ўспирин йигитларнинг бир ўзлари тижорат сафарига, овга ва баланд тоғларга тирмашиб чиқишлари уларнинг оналарини қўрқувдан ўлдирмас эди. Масалан Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ёш йигит бўла туриб бир ўзлари арслон овига чиқар эдилар.

*****

Ислом дини инсониятга руҳий қувват бериш билан бирга жисмоний қувват ҳам бериб, инсонларни жисмоний баркамолликка тарғиб қилди. Натижада, Холид ибн Валид, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Қаъқаъ сингари паҳлавонлар етишиб чиқдилар. Улар ҳарбий юришга чиқсалар бўш қўл билан эмас, балки Кисро ва Қайсарларнинг мулки билан қайтар эдилар.

*****

Биз Зубайрдек ботирларни тарбия қиладиган Сафийядек оналарга ва Салоҳиддиндек арслонларни етиштирадиган Нажмиддиндек оталарга муҳтожмиз.

*****

Бу уммат номи эркак, қилиғи аёл бўлганлар билан эмас, балки ҳақиқий, мард, олийжаноб эркаклар билан пешқадам бўлади.

*****

Халқнинг келажаги бугунги ёшлари қўлидадир!

 

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 март Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Абдул Ҳамид ва Бош вазири Шайх Ҳасина Вазедни Бангладеш мустақиллиги куни билан муборакбод этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат юртимиз одамларини, балки узоқлардаги барча дўсту ёрларимизни хурсанд қилмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Ўтган вақт мобайнида Фонд томонидан жуда кўп хайрия тадбирлари ўтказилди, ёрдамга муҳтож оилаларга моддий кўмаклар берилди, ногиронлиги бор шахсларга аравачалар тарқатилди ва талабаларнинг ўқув контрактлари тўлаб берилди. Бундай хайрия ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Шу кунларда баъзи бир ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳақида асоссиз гаплар тарқалди.
Фонд фаолияти билан таниш бўлмаган ва унинг шаффофлик механизмларидан хабари йўқ баъзи инсонларнинг унинг фаолиятига нисбатан ўринсиз айбловларни билдириши мумкин.
Фонд фаолияти vaqf.uz сайтида яратилган электрон ҳисоблаш тизими орқали жамоатчиликка яққол кўриниб туради. Унда бир кун, бир ҳафта ҳаттоки бир ой мобайнида келиб тушган маблағлар ҳақида ҳисобот онлайн режимда намоён бўлади. Шунингдек, Фонд фаолиятини мустақил кузатувчилардан иборат махсус ҳайъат томонидан назорат қилиб борилади.
Фонд фаолиятининг доимий равишда ёритилиши орқали қанча маблағ қайси йўналишда сарфлангани, кимларга қанча миқдорда моддий кўмак кўрсатилгани ҳақида маълумотлар сайт ва телеграм каналлари орқали бериб борилмоқда.
Фонд раҳбари томонидан ҳар чоракда матбуот анжумани уюштирилган ҳолда жамоатчилик ва ОАВ вакилларига ҳисобот бериб бориш тизими эса фаолиятни таҳлил қилишда қўл келмоқда. Ҳатто Фонд фаолияти ҳисоботи Саудия Арабистони шаҳарларида ҳам амалга оширилди.
Фонд томонидан зиёратгоҳлардан келиб тушадиган маблағлар инкассация хизматлари ходимлари томонидан қабул қилиниб банкка топширилади, сўнг ўрнатилган тартибга асосан тақсимланган ҳолда эҳтиёжлар учун йўналтирилади.
Айрим ижтимоий тармоқларда бирёқлама, ассосиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, уларда ишончсизлик уйғотиш, юз йилдан кейин қайта тикланган буюк исломий қадриятни яна йўқ қилишдан иборатдир.
Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори муҳтарам Президентимиз экани бундай кимсаларни қаттиқ саросимага солмоқда. Айниқса, авваллари номини ҳам айтишга киши чўчийдиган, исломий қадрият бўлган “Вақф” хайрия жамоат фондинини Давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилиши, кутилмаган ташаббуслар қилиниши, ислоҳотлар амалда ўз ифодасини топаётгани бундай кимсаларни эсанкиратиб қўйди.
Инсон дунёга муккасидан кетиб, охиратини унутиб, ҳар ишга қўл урмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз”, деб огоҳлантирган (Ҳужурот, 6). Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганларини баён этди.
Азиз юртдошлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Кишининг ёлғончилигига ҳар бир эшитганини гапиравериши кифоя қилади”, деб айтганлар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу ёлғон хабар нафақат журналистик одоб-ахлоқ меъёрлари, балки инсонийлик тамойилларига ҳам умуман тўғри келмайди. Аниқ ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун журналистининг шиори бўлиши керак. Акс ҳолда, уни ўқувчининг ўзи элакдан ўтказиб қўйиши турган гап.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсофи тавфиқ берсин.


“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

2019 йил 25 март куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий иш қоғоси нусхасига ёзилган бир нечта шахслар тўғрисидаги маълумотлар сохтадир. Унда келтирилган маълумотлар ва ёзувлар қалбакидир.
Бу каби асоссиз уйдирма хабарларни тарқатишдан мақсад Ўзбекистондаги диний соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни ёмонлаб кўрсатиш ва мўмин-мусулмонлар орасига ишончсизлик уруғини сочишдан ўзга нарса эмас.
Инсон дунёга муккасидан кетиб, охиратини унутиб, ҳар қандай қабиҳ ишга қўл урмаслиги керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар. Яна бир ҳадисда "Ким бизни алдаса, биздан эмас" дейилган.
Азиз юртдошлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим.
Баъзи бир ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, фитна чиқариш илинжида турли уйдирмаларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишдан тап тортишмаяпти. Буларга алданиб қолмаслигимиз керак. Шундай ёлғон хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш қонун билан тақиқланади, Ислом динида эса қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

*****

Юрувчиларининг озлиги сабаб Ҳақ Йўлда юришдан қўрқманг!

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Агар хотираларинг орзуларингдан кўп бўлса, демак сенинг ёшлигинг қолмабди.

Муҳаммад Ратён

*****

Агар сен муваффақиятга эришмоқчи бўлсанг, битта асосий қоидага амал қил: иши юришмаганлар сенинг ҳаётинг тўғрисида ҳукм ўқишига асло йўл қўйма!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Жамиятимиз кўз билан эмас, қулоқ билан “кўради”.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Жирканчлик – мен ҳақимда тилинг қуриб қолгунча ғийбат қилиб, гўштимни еб, олдимга келганингда менга табассум қилиб туришингдир.

Хорлаш, менсимаслик эса шуларнинг ҳаммасини билиб турсам-да, сенга табассум қилишимдир.

Нажиб Маҳфуз

*****

Наполеон – Австрияни босиб олишга ёрдам берган австриялик зобит билан қўл бериб кўришишдан бош тортди. Унга қараб: “Хизмат ҳақингни ол. Лекин мен ўз юртига хиёнат қилган кимса билан кўришмайман” деди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Муҳаббат ҳақида ёзадиганларнинг ҳаммаси ҳам севувчилар эмас. Қамоқда ётган кишининг энг кўп ёзадиган нарсаси озодлик ҳақида бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ақлингнинг ҳажмини билмоқчи бўлсанг, сени ғазаблантираётган нарсаларга назар сол!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўзидаги касалликларга тўғри ташхис қўя олмаган халқлар нотўғри дори истеъмол қилиши натижасида ўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Душманингга қарши уни қўрқитадиган қурол билан жанг қил, ўзинг қўрқадиган қурол билан эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мақолалар

Top