muslim.uz

muslim.uz

Юртимизда ўтказилган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумига келган хорижлик меҳмонлар – дин уламолари, ҳуқуқшунослар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари заминимизнинг диққатга сазовор жойлари, ташкилотлар, таълим муассасалари билан яқиндан танишмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди. ЎзА билдиришича, бу ҳақда мазкур академия матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Меҳмонларни академия Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев, «Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO кафедраси мудири Маҳфуза Алимова, кафедра ўқитувчиси Одилжон Эрназаров кутиб олди. Дастлаб меҳмонларга «Манбалар хазинаси»да сақланаётган нодир тошбосма асарлар, илмий ходимлар томонидан уларнинг тадқиқи борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. «Манбалар хазинаси» бўлими мудири Муҳаммадсидиқ Усмонов бу борада батафсил тўхталиб ўтди.

Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо ҳамда Индонезия Ислом университети профессори Амин Абдуллаҳ «Манбалар хазинаси» бўлимидаги фахрий ва ҳурматли меҳмонлар учун ажратилган "Эсдалик китоби"га ўзининг самимий тилаклари, дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Академия мажлислар залида учрашув ташкил этилиб, унда Индонезия ҳамда юртимиз вакиллари иштирок этди.
Академия илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов томонидан хорижлик меҳмонларга юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот, Малака ошириш, «Зиё» медиа марказлари, Академик лицей, «Зиё-зукко» мактаби фаолияти меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

"Ўзбекистон заминида ўтказилган «Декларациялар мулоқоти» форуми доирасида юртингиздаги кўплаб тарихий қадамжоларда бўлдим. Айниқса, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги сафарлар менда чуқур таассурот қолдирди. Жумладан, бугунги учрашув ҳам Халқаро ислом академияси фаолиятига бўлган қизиқишларимни оширди. Мамлакатларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Ўйлайманки, фикр ва таклифлари асосида келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаймиз", Матиус Ҳо.

Дўстона ўтган мулоқот давомида меҳмонлар ўзлари фаолият юритаётган марказ ва таълим муассасалари фаолияти, мақсад, вазифалари бўйича маълумот берди. Меҳмонларга академия раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.
Учрашувдан сўнг делегатлар академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Шайховантоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларини зиёрат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 23 Май 2022 00:00

Ҳар бир сонияга сўроқ бор

Таҳририятга турли мавзудаги хатлар келади. Шулардан бирида бундай дейилади.

Ассалому алайкум, “Ҳидоят” журнали таҳририяти. Сизлардан ёрдам умидида хат йўлламоқдаман.

Аксарият ҳамқишлоқларим деҳқончилик ва мавсумий ишлар шуғуллангани боис,  гоҳида ишсиз қолади. Бекорчиликдан эса турли номақулчиликлар юзага келади.  Айниқса, турли ёшдаги эр-йигитлар кўча-маҳалла бошларида тўпланиб, куни бўйи суҳбатлашиб, карта, нарда ўйнаб ўтиради. Уларнинг бирор кишига зиёни тегмайди. Лекин кўчадан ўтаётган аёлу қизларгаа қийин. Бир тасавур қилиб кўринг, 10-15 чоғлик йигит сизга бир назар солса қай аҳволга тушасиз. Ҳатто эркак киши ҳам бир сесканади. Аёлларнику қўяверинг. Қишлоғимизга бирор узоқроқдан меҳмон келса, бу манзарадан ҳайратга тушади. Наҳотки, “ Наҳот, шундай бекор юрасизларми?” дея.  Бир неча бор уларга вақтни беҳуда сарфламасликлари учун насиҳат қилдим. Гапим зое кетди. Шунга сизлардан мана шу каби инсонларга вақтни бекор ўтказиш, умрни бефойда ишларга сарфлаш ҳақида мақолалар бериб, панд-насиҳат қилсангизлар, дея илтимос қилмоқдаман”.

Дарҳақиқат, куюнчак журналхоннинг гапларида жон бор. Баъзи қишлоқларимизда бундай ҳолат одат тусига кирган. Бироқ ҳамма ҳам кўчанинг ўз одоблари борлигини билишмайди. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз,” дейишди. Шунда у зот: “Агар ўтирсангиз, йўлнинг ҳаққини адо қилинг”, дедилар. “Йўлнинг ҳаққи нима эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди.“Кўзни тийиш, озор бермаслик, амру маъруф ва нахйи мункар,” дедилар.

Бизнинг суҳбатларимизда шу одоблар бормикин?

Яна бир гап. Айрим жойларда ҳар кунини ошхўрликда ўтказаётган эркаклар ҳам бор экан. Уларга бирор нима деб кўрингчи, гоҳидаги тинимсиз меҳнатию ёки умуман иш йўқлигини пеш қилади. Бир қараганда уларнинг сўзлари тўғридек, гуё... Бироқ замон тезлашиб, инсоният илмда бутун коинотни забт этаётган бир пайтда биз қорин ғамида яшашимиз тўғримикин? Ўзимиз шундай бўлсак, келажакда фарзандларимиз ким бўлади? Мусулмон киши ҳар жабҳада ўрнак бўлиши лозим эмасми?

Афсуски, вақтдан унумли фойдаланиш борасида халқимиз анча нуноқлиги бор гап. Телеканалларнинг кўплиги, айниқса, интернетнинг кенг тарқалиши бу нарсани янада оширди. Чунки умрини телевизор, интернет қаршисида ўтказаётганлар кам эмас.

 Қадимда ота-боболаримиз  вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида кўпроқ диний илмлариини мустаҳкамлаш пайида бўлиб, имкони етгунча адабиёт билан ҳам ошно бўлган. Бу эса уларнинг маънавий оламининг юксалишига хизмат қилган. Бугун-чи? Бу саволга жавоб топиш ўта мушкул.

Динимиз таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир сўзи, амали ва умрини нима билан ўтказгани ҳақида Аллоҳ таоло олдида ҳисоб беради.  Бу ҳақда қуйидагича ҳадис келган: “Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёматда кунида банда оёқда турар экан, тўрт хислат борасида сўралади: умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, мол-мулкини қаердан ишлаб топгани ва қаерга сарфлагани, илмига қандай амал қилгани” ( Имом Баззор ва Имом Табароний ривояти).

Бир ўйлаб кўринг, ҳаётимизни нимага сарфлаганимиз ҳақида Ҳақ таолога қандай ҳисоб берамиз? Вақтимизни беҳуда суҳбатлару чойхоналарда ўтказдик дебми? Ёки илм хусусида сўраса-чи? Бирор китоб ўқимадим, шароитим йўқ эди, дея оламизми?

Шундай экан имкон борида, вақтнинг, умрнинг қадрини билайлик.

Бобур МУҲАММАД

 

“Ҳидоят” журнали

2022 йил 2-сон

«Декларациялар мулоқоти» форумида эксперт сифатида иштирок этаётган Буюк Британиянинг «CSW» (Христианлар бирдамлиги) инсон ҳуқуқлари ташкилоти президенти Марвин Томас ўз маърузасида “Бухоро декларацияси”ни тарихий воқеа деб атади, хабар бермоқда ЎзА.

– Аввало, Ўзбекистон томонига, ушбу нуфузли анжуман ташкилотчиларига самимий миннатдорлик билдирмоқчи эдим. Бухоро декларацияси қабул қилиниши – тарихий воқелик, Ўзбекистон ва бутун дунё ҳамжамияти учун катта ютуқ. Мазкур ҳужжат шунчаки фикрлар мажмуаси эмас, балки кўп йиллик фаол амалий саъй-ҳаракатлар натижаси, олдинги декларацияларнинг мантиқий йиғиндиси кўринишидаги аҳамиятли қўлланма сифатида амалий ҳаракатлар изчиллигини таъминлаши зарур.

Шу ўринда мамлакатингизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим.

Сўнгги йилларда эришилган кўплаб ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, бу ҳаракатлар тўхтатмаслигини истардим. Зеро, айниқса, бугунги тез ўзгарувчан глобал дунёда соҳага нисбатан шундай ёндашув жуда муҳим. Соҳада хизмат қилаётган мутахассис борки, умумий ишимизга ҳисса қўшиши керак, чунки олдинга ташланган ҳар бир ижобий қадам маъқулланади, қўллаб-қувватланади.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Музаффаржон домла
"Ҳазрати Умари Одил" масжиди имом-хатиби

Понедельник, 23 Май 2022 00:00

Алломанинг онаси

Ислом динида фарзанд тарбияси ибодат даражасидаги амаллар қаторига киради. Шу сабабли донишманд ота-боболаримиз, оқила оналаримиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берган. Тарихга назар ташласак, бунга жуда кўп мисолларни кўрамиз. Жумладан, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг буюк олим бўлиб етишишида ота-онасининг улкан хизматлари, узоқ йиллик машаққатлари мужассамдир.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим ўз даврининг етук муҳаддисларидан бўлиб, Имом Моликнинг шогирди эди. Манбаларда унинг Ҳаммод ибн Зайд, Имом Молик ибн Анас ва Абу Муовия каби йирик муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн Муборакдан тарбия олгани ҳақидаги маълумотлар қайд этилган. Исмоил ибн Иброҳим илм олиш ва уни тарқатиш қаторида, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.

Манбаларда зикр қилинишича, Исмоил Бухорий ўта тақводор, художўй, одил инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафс: “Абу Муҳаммад бандаликни бажо келтираётган маҳал уни зиёрат қилишга борганимда, менга: “Бор молу дунёимдан ҳаром, шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирҳамни ҳам билмайман”, деб илтижо қилганида, нафасим бўғилиб, бор вужудим унинг улуғворлиги олдида арзимас бир нарсадек туюлди”, деб ёзган. Буюк шоир Абдураҳмон Жомий “Батҳо (Макка атрофидаги тепаликлар номи) ва Ясрибда (Мадинада) ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди”, деган сўзлари орқали тақво ва илм билан зийнатланган насаб ортидан Бухорои шарифда буюк муҳаддис Имом Бухорий етишиб чиққанига ишора қилади.

Буюк муҳаддиснинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва оқила аёл бўлган. Унинг асл исми манбаларда учрамайди. Тақводорлиги ва кўп ибодат қилиши, илмли ва оқилалиги билан танилгани сабабли эл орасида асл исми унутилиб, каромат соҳибаси сифатида “Дуоси мустажоб аёл” номи билан машҳур бўлган. Имом Бухорийнинг улуғ аллома бўлиб етишишида отасининг тақвосию онасининг ихлос ила қилган дуо-ибодатларининг жуда катта ўрни бор.

Туғилганида ота-онаси гўдакнинг исмини Муҳаммад деб қўяди. Орадан бир неча йил ўтиб, ёш Муҳаммаднинг отаси Исмоил вафот этади. Имом Бухорий тўрт ёшлар атрофида кўзи жароҳатланиб, кўриш қобилиятини йўқотади ва табиблар ҳарчанд уринмасин, уни даволай олмайди. Турмуш ўртоғидан айрилган, ҳам фарзандига етган бундай мусибатдан ёш Муҳаммаднинг онаси ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, кундузлари ўғлининг таълим-тарбияси билан шуғулланиб, уни илм олишга рағбатлантирар, тунларини ибодат билан бедор ўтказиб, Яратгандан ўғлининг кўз нурини қайтаришни тинмай илтижо қилиб сўрар эди.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиз “Ота-она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир”, деб тўғри айтган. Оқила аёлнинг тарбияси билан, кўзи ожиз бўлишига қарамасдан, ёш Муҳаммаднинг илмга, айниқса, ҳадисларни ёд олишга рағбати кундан-кун ошиб борди. Кунлардан бир куни онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўради. У зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: “Эй, волида! Сенинг беҳисоб дуоларинг шарофатидан Аллоҳ таоло ўғлингга мукаммал кўриш қобилиятини қайтарди”, дея хушхабар айтади. Шу чоғ уйқудан уйғониб, ўғлининг қароқларида нур жилваланиб, кўзларига олам қайтадан нурафшон бўлиб турганини кўради. Оқила она Аллоҳ таолога шукрона ибодатини қилиб, фарзандлари ҳақига узундан-узун дуолар айтиб, тонг оттиради.

Таълим-тарбияни ибодат даражасидаги амал деб билган бир онанинг беқиёс хизмати сабаб бугун бутун олам мусулмонлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан, энг саҳиҳ ривоятлардан баҳраманд бўлиб келмоқда. Алломанинг 20 дан зиёд бебаҳо асари асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Муҳаддиснинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами бутун дунё мусулмонлари томонидан ҳадис илми соҳасида энг муҳим манба сифатида эътироф этилган.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақолалар

Top