muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда юртимизда Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация аъзолари расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бугун Эрон парламенти делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди.

Меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуаси билан танишдилар. Шунингдек, улар “Усмон Қуръони” сақланаётган Мўйи муборак мадрасасида ҳам бўлдилар. Делегация аъзоларига Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихи ва “Усмон Қуръони” ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказида ҳам бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишишди.

Эрон парламенти аъзоларининг ташрифи давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтидан турли сабабларга кўра ўқишдан четлатилган ва узоқ йиллар олдин диний таълим муассасасини тамомлаб, диплом олмаган фуқаролардан 2022 йил 15 июлдан 5 августга қадар ўқишга қайта тиклаш ва диплом олиш бўйича оффлайн режимда аризалар қабул қилинади.

 Тошкент ислом институтидан турли сабабларга кўра ўқишдан четлатилган ва узоқ йиллар олдин диний таълим муассасасини тамомлаб, диплом олмаган шахслар Тошкент ислом институтига келиб, қабул ҳайъатига ўқишга қайта тиклаш бўйича қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

  • институт ректори номига ариза;
  • ўқиган давридаги рейтинг дафтарчаси нусхаси;
  • паспорт нусхаси (асли кўрсатилади).
  •  Зарур ҳолларда қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
  • Тошкент ислом институти томонидан берилган маълумотнома (фақат ўқишни тугатиб, диплом олмаганларга берилган);
  • Фуқароларнинг ўзини қўлида мавжуд бўлган (ўқиганини тасдиқловчи) асосли бошқа ҳужжатлар.

 ЭСЛАТМА

Тошкент ислом институти кўриб чиққан ва етарли асосга эга бўлган ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус комиссиясига тақдим этади. Ўз навбатида Махсус комиссия аризаларни 10 августдан 25 августга қадар кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан ортиқ муддат бўлган шахснинг ўқиган давридаги фанлар билан амалдаги ўқув режадаги фанлар бўйича фарқлар 4 тадан ошган тақдирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус комиссияси бир семестр ёки бир курс пастга қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилади.

Фуқароларнинг ўқиган даври учун ўқув шаклидан қатъи назар, талабалар сафига қайта тиклаш кундузги таълим шаклига тўлов-контракт асосида рухсат этилади.

Ўқишини қайта тиклаш жараёнида мавжуд архив ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган, уларга ўзгартиришлар киритилган ва маълумотлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмаган ҳолатларда фуқаролар мурожаати рад этилади.

 

Мурожаат учун телефон: (71) 240-03-58, (99) 004-55-51

Тошкент ислом институти қабул ҳайъати иш вақти:

Душанбадан шанбагача. Соат: 9:00 – 17:00. Тушлик: 12:30 – 14:00. Якшанба дам олиш куни.

Тошкент ислом институти қабул ҳайъати манзили: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.

ТИИ Қабул ҳайъати

Четверг, 14 Июль 2022 00:00

Сурияда жиҳод борми?

498-CАВОЛ: Мен Тожикистонданман. Исломни ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қиламан. Мен Сурия ҳақида сўрамоқчи эдим. Интернетда баъзи ўзбек олимлари Сурияда жиҳод бор, ким инкор этса фосиқ, мунофиқ деб, чақиряптилар. Сиз бунга нима дейсиз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Интернетдаги даъватчилар маърузаларида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритади. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.

Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.

Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.

“Нисо” сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).

Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”

Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

Видеолавҳалар

Top