muslim.uz

muslim.uz

Коронавирус пандемияси туфайли бу йилги ҳаж мавсуми юзасидан Саудия Арабистони шу кунга қадар якуний қарорни эълон қилмади. Хабарларга кўра, айни пайтларда вазият баҳоланаётгани ва якуний қарор яқинда қабул қилиниши кутилмоқда.
Бироқ, 10 нафарга яқин давлатлар Саудия Арабистонидан келадиган хабарни кутиб ўтирмай, ўз фуқаролари учун бу йилги ҳаж сафарини бекор қилди. Шулардан бири – энг йирик мусулмон аҳолига эга бўлган Индонезия бўлса, қолганлари Малайзия, Сенегал, Нигерия ва Сингапур, Ҳиндистон ҳамда Европа ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг баъзи мамлакатлари ўз зиёратчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида «Ҳаж–2020» мавсумини ташкил қилмаслик ҳақида қарор қабул қилдилар.
Ҳукуматлар бундай қарорга келишларининг асосий омиллари сифатида давлатлар ўз фуқаролари соғлиғи учун масъул экани, бугунги мураккаб шароитда уларнинг соғлиғини сақлаш жуда мушкуллиги ҳамда ҳажга борадиганларнинг аксари кексалар бўлгани боис улар касалликка чалиниш эҳтимоли жуда юқорилиги билан изоҳлаганлар.
Таъкидлаш лозимки, Саудия Арабистонида айни вақтдаги эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда, шу жумладан коронавирусга чалинган беморлар сонининг ортиб бораётгани, ҳар куни ўртача 3800-4500 нафар кишида коронавирус аниқланаётгани ва 40-45 та ўлим ҳолати қайд этилаётгани ҳаж сафарини ташкил этиш масаласида ҳар бир давлатни чуқур ўйлантириб қўймоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

عن جندب بن عبدالله رضي الله عنه قال: قال رسول الله ﷺ: قال رجل: والله لا يغفر الله لفلان، فقال الله: من ذا الذي يتألى عليَّ أن لا أغفر لفلان؟ إني قد غفرت له، وأحبطت عملك” رواه مسلم.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир киши - Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, фалончини Аллоҳ таоло кечирмайди, деди. Шунда Аллоҳ таоло: Ким у Менинг номимдан фалончини кечирмаслигимга қасам ичаётган. Билиб қўйки, Мен уни кечирди ва сенинг амалларингни бекор қилдим, деб айтди” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиснинг маъносидан бир нечта муҳим масалалар келиб чиқади:
Биринчи: Мусулмон киши ҳеч қачон бирор кимсага гарчи ҳазиллашиб бўлсада, Аллоҳ сени ҳеч қачон кечирмайди, Аллоҳ сени жаннатга киргизмайди, Аллоҳ сени дўзахга солади, деб қатъий қасам ичиб айтиши жоиз эмас. Чунки, бундай дейиш Аллоҳнинг номидан, ўзига маълум бўлмаган гапларни гапириш ҳисобланади. Бизнинг ҳеч қачон бирор кимсани Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилишга, Унинг марҳаматидан тўсишга ҳаққимиз йўқ. Шунингдек, бирор кимсани жаннатга кириши ёки дўзахга тушиши ҳақида қатъий гапира олмаймиз. Фақат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга кириши ҳақида башорат берган кишилар бундан мустаснодирлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Абус Соиб Усмон ибн Мазъун разияллоҳу анҳу вафот этганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Ёнида Уммул Ало разияллоҳу анҳу ўтирган экан. Шунда у: Эй Абус Соиб, Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Мен сизга гувоҳман, Аллоҳ таоло сизни икром қилади, деди. Бу гапни эшитган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Сен қаердан билдинг, Аллоҳ таоло уни икром қилганини, - дедилар. Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Расулаллоҳ, билмадим, деди Уммул Ало. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Усмонга ажали келди, Аллоҳга қасам, мен унга яхшиликни умид қиламан. Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг расули бўлатуриб ҳолим нима бўлишини олдиндан билолмайман, дедилар. Шундан кейин Уммул Ало: Аллоҳ номига қасам ичиб, бундан кейин абадул абад бирорта кимса ҳақида бундай демайман, деди. Уйқусида Усмонни кўрди, у томонга чашма оқиб борар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб кўрган тушини айтиб берган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: сен кўрганинг унинг амалидир, дедилар.
Иккинчи: Солиҳ киши ҳеч қачон гуноҳкор одамга нисбатан таҳқир назари билан, ўзига эса, мағрурланиб қарамаслиги керак. Бу ҳалокатга элтадиган энг ёмон ҳолатдир. Эҳтимол, бу обид банда у осий бандага нисбатан паст назар билан боқиб, уни таҳқирлаш орқали ўзининг солиҳ амаллари билан мағрурланиб, ужб ва кибрга берилиб кетади. Шунинг учун ҳам ҳикматда шундай дейилган: хорлик ва синиқликни келтирган маъсият, ужб ва кибрни пайдо қилган тоатдан яхшироқдир.
Учинчи: Одамларни Аллоҳнинг тоатига чақиришни истаган мусулмон киши улар билан муносабатда чиройли услубни қўллаши лозим. Яъни, мақсади уларнинг қалбларидан ўрин олиш бўлмоғи керак. Зинҳор, уларнинг пешвосига айланишни мақсад қилмаслиги керак.
Тўртинчи: Мусулмон киши зинҳор ҳеч бир инсонни бутун борлиқни қамраб олган Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаслиги керак. Чунки, осий банда қачонки тавба ва раҳмат эшиги унинг учун ёпиқ деб, тушкунликка берилиб қолса, аламидан яна гуноҳ қилишда давом этади. Балки, аввалгидан ҳам кўпроқ ва каттароқ жиноятларни қилишдан қайтмайди. Бу борада қуйидаги ривоят бизларга ибрат намунасидир. Тўқсон тўққизта жонни ноҳақ ўлдирган шахс тавба қилишни истаб дин илмидан хабари йўқ бир обиднинг олдига боради. Ундан тавба қилса тавбаси қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида сўрайди. Табиийки, жоҳил обид унинг қилган гуноҳларини катта санаб, тавбаси қабул бўлмаслигини айтади. Бу гапни эшитган қотил обидни ҳам ўлдиради ва ҳисобни юзтага етказади.
Валлоҳу аълам биссавоб.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Хабар беганимиздек Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовлар вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадкулов ҳамроҳлигида Қўшробод туманида жойлашган “Домла Камолиддин Оҳун” жоме масжидини қайтадан қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг масжид жамоаси билан дилдан суҳбатлашиб шундай дедилар қурилиш ишларини жадаллаштириб тез кунларда намозхонларга топширишини айтдилар.

 Ташрифларнинг аввалида Қуръони карим тиловат қилингач, жонлиқ сўйилиб ушбу масжидни то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.

   Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ташриф давом этмоқда...

https://sammuslim.uz

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Самарқанд вилоятига ташрифлари бошланди.

Ташриф давомида вилоятда маънавий-маърифий, хусусан, диний соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишларни кўздан кечириш, ва мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш назарда тутилган. Шунингдек, ташрифдан кўзланган яна бир мақсад шуки, жорий йилнинг 8 июнъ кунидан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда масжидлар ўз фаолиятини бошлаши муносабати билан жомеларда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, санитар чоралар билан яқиндан танишишдир.

Меҳмонларнинг ташрифи, дастлаб вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадкулов ҳамроҳлигида Иштихон туманида жойлашган “Орлот” жоме масжидида бўлдилар. Дастлаб, Қуръони карим тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилиниб, ушбу даргоҳда қўним топган барча ўтганларнинг руҳига бағишланди. Шундан сўнг меҳмонлар масжидда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ҳаммаларимизга маълумки “Орлот” жоме масжидида намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида сўнги йилларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал суратларда амалга оширилмоқда. Меҳманлар бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ташриф давом этмоқда...

 

http://sammuslim.uz

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Алишер Навоий” ва “Юсуф” жоме масжидларини қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этдилар.
Ушбу жоме масжидлар сув омборида юзага келган фавқулодда ҳолат натижасида катта зарар кўрган эди. Орадан кўп ўтмасдан ҳудуддаги масжидларни “Вақф” хайрия фонди томонидан қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ташрифларнинг аввалида Қуръони карим тиловат қилингач, ушбу масжидларнинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.
“Алишер Навоий” масжидини қайта қуриш учун туман ҳокимияти томонидан янги ер майдони ажратилди. Ушбу ҳудуд аҳоли учун қулайлиги, автотураргоҳ учун алоҳида жой мавжудлиги билан маҳаллий аҳолини хурсанд қилди. Шу куни мутасаддилар Сардоба туманида жойлашган “Юсуф” масжидида ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжидларнинг тамал тошини табаррукона қўйиб бериб, уларнинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча-барчасининг ҳаққига дуолар қилдилар.
Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжидлар биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top