muslim.uz

muslim.uz

Тарихий манбаларда келтирилишича улуғ бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг марказлашган салтанат барпо этишида дўстлари ва яқинларининг, айниқса шижоатли, ватанпарвар саркардаларининг ўрни беқиёс бўлган.

Жумладан, ҳазрат Соҳибқирон билан сиёсат саҳнасига чиққан вақтдан умрининг сўнгги онларигача унга садоқат ва вафо билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлган амир Сулаймон барлос, амир Жаку барлос, амир Ҳожи Сайфуддин нукуз, амир Аббос баҳодир қипчоқ, амир Довуд дуғлат, амир Шайх Али баҳодир сардорлар, лашкарбошиларни, шунингдек дўстлари, ўғиллари ва яқинларини мисол келтириш мумкин.

Ўша даврларда Соҳибқирон қўшинида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг орзуси бўлган. Шу сабаб аскарлар доимо ўзларида фахр ва ифтихор туйғуларини ҳис этиб ватанига хизмат қилган.

Ривоятларга кўра ҳазрат Темур бобомиз вақти-вақти билан мусофир, саёҳатчи ёхуд савдогар қиёфасида шаҳар ва қишлоқларни айланиб, оддий инсонлар билан мулоқот қилар экан. Шу орқали халқнинг дард-у истаклари, ўй-хаёллари ва фикрлари билан ошно бўлар экан.

Навбатдаги ташрифларнинг бирида ҳунарманд, темирчи, косиб ва толиби илмлар истиқомат қиладиган даҳага борибди. Кўпчилик билан суҳбатлашиб охирида этик чандитиш баҳонасида бир косибнинг гапини олибди. Косиб унга гўзал муомала қилиб, ҳаётидан, турмушидан, ҳунаридан мамнун эканлигини билдирибди. Бироқ, бироз ҳомуш кўриниб, ҳазрат Соҳибқирон сабабини сўраса, Амир Темур лашкари сафида хизмат қила олмаётганидан, мулозимлар уни аскарликка олмаганидан хафалигини, ватанига, Амир ҳазратларига хизмат қилишни жуда ҳам хоҳлашини айтиб хўрсинибди. Темур бобомиз бироз сукутдан сўнг унга шундай жавоб қайтарибди: Эй косиб йигит, сен улуғ ният устидасан ва ниятинга яраша икки дунё ажр-у мукофот олурсан. Аммо, ўйламаки ватанга хизмат фақатгина аскарлик, жанг-у жадалда иштирок этиш билан белгиланмайди. Сенингча ватанга хизмат фақат жангда бўладими? Асло. Тўғри қилич кўтариб от чоптираётган аскар ватани озодлиги ва ободлиги учун курашади. Аммо, ватаннинг қадри, қиймати ва энг катта бойлиги бу халқ яни сизлар ҳисобланасизлар. Халқсиз, миллатсиз ватан қуруқ тупроқдан бўлак ҳеч нарса эмас. Билингки, сиз каби косиб, темирчи, дурадгор, илм бераётган олим ва уни олаётган толиби илм, деҳқон, боғбон ва наинки аскарликдан бошқа, ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилаётган барча инсонлар, элининг ҳаққига дуо қилаётган кексалар, боласига Ҳақни танитаётган оталар ва ҳатто чақалоғига алла айтиб бешик тебратаётган оналар ҳам ватанига улкан хизмат қилмоқда. Унутманг, сизларнинг ҳарбларда қон кечиб жон бераётган лашкардан кўра хизматингиз ортиқ бўлса ортиқ, заррача кам эмас. Чунки, бу ватан сизлар билан гуллаб яшнайди, сизлаб билан обод бўлади. Шунинг учун ортиқ ғам чекма. Сен ҳам то ҳалол ва самимият ила халқнинг  хизматида экансан демак Темурнинг лашкари сафидасан. Сенга айтадиганларим, ҳеч қачон одамларнинг кўнглига озор берма, ўткинчи дунё ишларини деб, кишиларни дилини оғритма. Ўзингни ўзгалардан устун кўрма, атрофингдагилар ва қўл остингдагиларга ширин сўзли ва тўғри кўнгилли бўл. Сени доимо кузатиб турувчи борлигини унутма. Агар эшитганларингга амал қилсанг, Инша Аллоҳ мартабанг икки дунёда улуғ бўлади.

Дарҳақиқат, бугун ҳам чегарада турган ёки ўз хизмат бурчини сидқидилдан, халқ учун ватан учун адо этаётганларнинг ҳар бири эътирофга лойиқ. Айниқса шу кунларда, мусибат чоғларида уларнинг масъулиятли вазифалари янада ортган. Аммо, улар билан баробар, халқнинг оғир кунларида, эҳтиёжларини қондириш учун фаолият олиб бораётган ҳар бир касб ва ҳунар эгаси Ватан хизматидадир. Фақатгина ҳалол, холис ва самимийлик билан ишлаш энг асосий мезон бўлиши лозим.

Шунда, юртбошимиз таъкидлаганларидек “Худо хоҳласа ҳар қандай тўсиқни, муаммони, мусибатни жонажон ва меҳнаткаш халқимиз билан биргаликда енгиб ўтамиз!”

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Қуръони каримнинг қарийб учдан бир қисми аввалги ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг ҳаётларини баён қилувчи оятлардан иборатдир. Бу – жамият келажагини бунёд қилишда тарихнинг муҳим аҳамият касб этишига далилдир.

Аллоҳ таоло ўзи билган ҳикматлар туфайли кимгадир узун, кимгадир қисқа умр ато этар экан. Лекин кимдир инсонлар аср бўйи бажара олмайдиган ишларни қисқагина умри ичида уддасидан чиқа олади. Инсонларга, ватанига, жамиятга фойдали инсонлар бўлгани учун уларни ҳамма яхши кўради ва узоқ йиллар яхшилик билан ёдга олади.

Мана шундай улуғ инсонлардан бири, шогирдлари қалбида фахр ва ифтихор билан эсланиб, мангу яшаётган устоз  Элмурод ҳожи Ачиловдир. Элмурод домла Қашқадарё вилояти Китоб тумани Янгиобод қишлоғида 1961 йил 31 май куни туғилдилар. 1992 - йилгача Китоб тумани "Хожа Бухорий" жоме масжидида имом ноиби, сўнгра умрларининг охирига қадар "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти мудири лавозимида ишладилар.

Ақлини таниганидан то сўнгги куни, сўнгги нафасигача илм ўрганди, илм ўргатди. Элмурод домла кўп шогирд тарбиялаганига қарамай ўзи ҳам илм олишдан асло тўхтамади. 1998 йил Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини битирди. Ўзбекистон Миллий университети тарих факултети бешинчи босқичида сиртдан ўқиётган эди... Ҳаётининг сўнгги кунида ҳам вафотидан бир неча соат олдин билим юртида ўзи ташкил қилган дарсда билим юрти устозлари билан бирга иштирок этган эди.

     Домла шогирдларига доимо илм олишдан мақсадинг Аллоҳнинг ризолиги, кўз очган она диёринг ободлиги, инсонларнинг маърифат топиши бўлсин, ким билан гаплашсанг  ҳам, бой бўладими ёки камбағал доимо табассум билан муомала қилгин деб насиҳат қилар эдилар. Мақсадинг Аллоҳнинг розилиги бўлса Аллоҳ сенга мададкордир, дер эдилар.

  Устоз ниҳоятда тадбиркор, ишбилармон ва эҳтиёткор киши эдилар. У зотнинг бевосита ташаббуси ва ҳашар йўли билан 5 йил ичида билим юртининг 140 ўринли янги ўқув биноси қуриб битказилди. Яна, у киши туғилиб ўсган “Макрид” жамоа хўжалиги марказида ҳам устознинг саъй-ҳаракатлари билан катта бир жомеъ масжид бино қилинди.

Элмурод домла билим юрти учун  замонавий 2 қаватли ётоқхона қурилишини жуда ҳам орзу қилардилар. Ётоқхонанинг лойиҳалари тайёр бўлган, лекин маблағ муаммоси туфайли ишлар тўхтаб турган эди. У зот: “Менинг бир армоним ётоқхонани қуриб битказиш” - дер эдилар. Ҳақиқатан ҳам бу иш кейинчалик амалга ошган бўлсада ўша пайтда у кишига армон бўлиб қолган эди.

Камтар устоз, ҳаммани бир назарда кўрар, чақирилган жойга борар ва ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмасдилар. Савоб ишларга шамолдан ҳам тез эдилар. Тозаликни ниҳоятда севар, ён атрофдагиларга меҳрибон, энг керакли панд - насиҳатларни берар, ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамларини аямас эдилар. Инсонларни доим яхшиликка бошлар эдилар.

Талабаларга насиҳатлар қилиб чарчамас эдилар. Илғор ўқувчилар билан алоҳида, ўзлаштриши суст ўқувчилар билан алоҳида шуғулланишни ташкил этардилар. Мана шу саъй - ҳаракатлари натижасида билим юрти мударрислари ва талабалари мунтазам фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллашар, билим юрти Республикада мавжуд бўлган ислом билим юртлари ўртасида ўзининг юқори нуфузи ва ўрнига эга эди.

1992 йилдан 2005 йилгача 1000 га яқин ёшларнинг таълим олишига сабабчи бўлдилар. Билим юртини битирган юзлаб шогирдлари  бугунги кунда Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиб келмоқдалар ва соф ислом динини тарғиб  қилишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Жамоат ишларида фаол бўлиш билан бирга баракали ижод ҳам қилдилар. Имом Абул Муъин Насафийнинг "Ат-Тамҳид ли қовоид ат-Тавҳид" асарини таржима қилдилар, матбуотда юзга яқин илмий оммабоп мақолалари чиқди.

Юртимиз равнақи, ёшларимизнинг таълим-тарбия олишлари ва соф Ислом ақидасини тушуниб етишлари йўлида кўрсатган хизматлари учун Ҳожи Элмурод Ачилов "Мустақил Ўзбекистонимизнинг 10 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони", Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан намунали хизматлари учун "Мақтов ёрлиқлари", Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг бир неча бор ташаккурномаси ва бошқа мақтов ёрлиқлари билан мукофотланган эди.

Устоз Элмурод Ачиловдан бизга ибрат бўладиган кўп хислатлар қолди. У киши ишга бораётганда ҳам, қайтаётиб ҳам доим ота-оналари зиё­ратига шошарди. Оталари вафот этганидан кейин оналарига ёлғизлик билинмасин учун олдингидан ҳам кўпроқ хабар олганлар.

2005 йилнинг 21 декабрь куни Хожа Бухорий номли ислом билим юртининг асосчиси ва умрининг охиригача шу зиё масканига раҳбар бўлган устоз Ҳожи Элмурод домла Ачилов 44 ёшларида вафот этдилар.

Жаноза маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлаган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари устознинг вафотини, олимнинг ўлими – оламнинг ўлими, деб таърифладилар. Шунингдек таниқли олим, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эса домланинг вафоти оддий мусибат эмас, балки динимизнинг мусибати эканини таъкидлаб, таъзия изҳор этдилар. Устознинг қадрдон дўстларидан бири Абдулҳаким қори Матқулов дафн маросимида нутқ сўзлаб: “Устозимиз бир инсон асрлар бўйи қила олмайдиган ишни қисқа умрлари мобайнида бажара олдилар. У киши ҳар бир қадамларини Аллоҳ таолонинг розилиги, ислом динининг равнақи, ватанимиз фаровонлиги учун босганлар. У кишининг ҳаёти биз учун ибрат эди, ҳатто ўлимлари ҳам биз учун ибрат бўлди, ҳар биримиз ёмонликлардан узоқ бўлиб, солиҳ ишларга кўпроқ ҳаракат қилишимиз учун танбеҳ бўлди”-, дедилар.

Хотира – фақат инсониятга берилган улуғ бир туйғу. Инсон ўтган яқинларини вақти-вақти билан хотирлаб, руҳларини шод қилиши динимиз тавсияларидандир. Агар инсон умри давомида халқи, ватани, дини учун хизмат қилиб ўтса, унинг ҳар бир хизмати самараси сизни хотирлашга ундайверади.

Аллоҳ таолодан муҳтарам устозни ўз раҳматига ғарқ этиб, бизларга у кишига муносиб ворис бўлиш шарафини насиб этишини сўраймиз. 

 

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Ў. Ғузаров

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига 2020-2021 ўқув йили бўйича ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун жорий йилнинг 1-13 июнь кунлари давомида бепул масофавий тайёрлов курси ташкил этилмоқда. 

Тайёрлов курси учун абитуриентлардан ҳужжатлар 2020 йилнинг 2 июнига қадар Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. электрон почта ёки телеграмдаги @HIM_tayyorlovkursiBot манзили орқали қабул қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур тайёрлов курсига фақат ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирган абитуриентлар иштирок этишлари мумкин.

 Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  • паспортнинг электрон нусхаси
  • ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжатнинг электрон нусхаси 

Тайёрлов курси қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:

  • Ҳадис истилоҳлари
  • Ҳадис шарҳлари
  • Араб тили

 Тайёрлов курси абитуриентлари учун дарс машғулотларини Ҳадис илми мактаби ўқув жараёнларига Миср Араб Республикасининг нуфузли Ал-Азҳар университетидан жалб этилган 2 нафар профессор-ўқитувчилар Ҳадис илми фанлари доктори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ва Балоғат ва мунозара фанлари доктори Али Саад Али Саад ҳамда Мактабни малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Мурожаат учун телефон: (+99866) 240-20-51.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Кўпчилигимиз мусибат етганда нима қилишни билмай, ўзимизни ўққа-чўққа ура бошлаймиз. Билмаймизки, мусибатни берган Аллоҳ ундан чиқиш йўлини ҳам кўрсатади. 

Аслида, олов темирдан зангни кетказгани каби мусибат ва синовлар ҳам инсон қалбидаги қусурларни тозалайди. Фақатгина темирчи занги тўкилиб эриган темирдан ўткир қилич ясаганидек, биз ҳам тақдир қилинган мушкулотлардан фойдаланиб, хулоса чиқариб Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлмоғимиз мақсадга мувофиқдир. Чунки ҳар бир мусибат ва мушкила синовдир. Синов эса соврин учун, бўлганда ҳам мукофотини Аллоҳ таоло берувчи – икки дунё яхшиликлари, жаннат ва Аллоҳнинг розилигига эришиш учун берилади.

Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар). 

Бошқа бир оятда эса шундай хушхабар берилади:

“Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур” (Ҳуд сураси, 11 оят). 

Абу Ҳассон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Менинг иккита ўғлим вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизни тинчлантирадиган вафот этганлар ҳақида бирорта ҳадис айтиб бера олмайсизми?” дедим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ҳа, айтиб бераман. Болалар жаннатнинг энг кичик аҳлидир. Улар (Қиёмат куни) ота-онасини учратганида кийимидан ёки қўлидан ушлаб оладилар. Мен сенинг ки­йимингни мана бундай ушлаганимдек ушлаб олишади. Аллоҳ ота-онасини жаннатга киритмагунча қўйиб юборишмайди” дедилар (имом Муслим ривояти).

Уламолардан бири айтади: Саҳобалар ўзларига мусибат етганида Аллоҳдан учта нарсани сўрар эдилар:

  1. Сабр –Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар).
  2. Ажр – “...Ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур”(Ҳуд сураси, 11 оят)
  3. Мукофот –  “... Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10 оят).

Банда, ҳар қандай мусибат чоғида сабр-тоқат ила турса, фаришталар унинг “номаи амол”ига бу собирлардан дея битиб қўяди ва бунинг учун қиёматда улкан ажрларга эришади. Сўнгра, мусибатлар кўтарилгач Аллоҳдан мукофот тиласа албатта Аллоҳ уни бу дунёда ҳам ўзи ўйламаган кутмаган мукофотлар билан ризқлантиради.

Ҳақиқий сабр бу – мусибат етган заҳоти қадарга рози бўлишлик ва нолимасликдир!

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Ривоят қилишларича, бир мусаввир чиройли суратни чизди ва уни кўпчилик йиғиладиган жойга осиб қўйди. Расмнинг тепасига шу ёзувларни битди: “Ким бу расмда камчиликни кўрса, устига қизил қалам билан белги қўйсин”. Рассом кечқурун келиб қараса, расм қизил бўёққа тўлиб кетибди. У устозининг олдига бориб, бу расмдан воз кечмоқчи эканини айтди.

  • Йўқ, - деди устози унга. – Сен яхшиси, иборани ўзгартир: “Ким расмда камчилик кўрса, уни тузатсин”, деб ёзиб қўй.

Рассом устозининг айтганини бажарди. Буни қарангки, орадан бир неча кун ўтса ҳамки, расмга ҳеч ким бир чизиқ тортмади.

  • Кўрдингми, - жилмайди рассомнинг устози. – Бу ҳаётда ҳамма нарсадан хато топиш жуда осон, аммо шу хатони тузатиш – ислоҳ этиш ниҳоятда мушкул ишдир...

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган  “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонини ўқиб, менинг хаёлимга қаердадир ўқиганим – шу ривоят келди. Унинг мазмун-моҳиятини мушоҳада этарканман, кечиримлилик нақадар улуғ фазилат бўлса, хато йўлдаги бир инсонни тўғрилик сари йўналтириш шунчалар мушкул вазифа эканини ҳам идрок этдим.

Дарҳақиқат, кечиримлилик – халқимизга хос фазилат. Умумхалқ байрамлари арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, қонуний жазони ўтаётган фуқароларни Президент фармонига асосан авф этилиши ҳам ана шу фазилатларни юртимизда олий қадрият даражасига кўтарилганини англатади.

Президентимизнинг юқоридаги Фармони муборак Рамазон ҳайити арафасида имзолангани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки Аллоҳ ризолиги учун, гуноҳларимиз кечирилишини сўраб, ўттиз кун давомида холис ниятда рўза тутдик. Кўнглимиздан гина-кудуратларни ўчирдик, савобли амалларга шошилдик ва ўз-ўзимизни ислоҳ этишга ҳаракат қилдик. Шундай улуғ кунлардаги авф замирида ҳам ана шундай мақсад мужассам экани билан қалбларимизни тўлқинлантирди. Авф этилган шахслар хотирасида бу галги Рамазон ҳайити унутилмас бўлиб қолиши, шубҳасиз. Мазкур муҳим ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади. Эндиликда улар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, эркин ҳаёт кечирадилар. Улар келгусида ҳам эътибордан четда қолмайдилар. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак берилади. Бу юқоридаги фармонда белгилаб қўйилган вазифалардан биридир.

 

Мусохон АББАСИДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар

Top