muslim.uz

muslim.uz

 

Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан 870 йили ҳозирги Самарқанд вилоятининг Мотурид қишлоғида туғилиб, 975 йили вафот этган. У Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган. Мотуридий хусусий муаллимларда, сўнгра эса Самарқанд мадрасаларида таҳсил кўрган. Олим умр бўйи Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Мотуридий “Китоб – ат тавҳид”, “Китоб ал-усул”, “Таъвилот ал Қуръон” (Қуръон тафсири) cингари ўнлаб илмий-назарий асарлар, “Насиҳатнома” асарлар муаллифидир. Буюк олимнинг ислом таълимоти софлигини асрашда хизмати катта. Навоий “Насойим-ул-муҳаббат”да Мотуридийнинг руҳий-илоҳий қудрати ҳақида алоҳида ҳикоят келтирган. Унинг “Насиҳатнома”си Х аср Насиҳатномасининг энг яхши намуналаридан бўлиб, китобхонни илм ўрганишга, касб эгаллашга, яхши хулқ эгаси, инсонпарвар, ширинсухан, саховатпеша бўлишга ундайди.

Қуйида ушбу асардан таржимани эътиборингизга ҳавола этамиз.

БИРИНЧИ БОБ 

- Худога такя қилмоқ керак. Нимани хоҳласанг У беради.

- Уни асра, У ҳам сени асрайди.

- У берганни ҳеч ким тортиб ололмайди.

- Унга ким итоат этса, ҳамма унга фармонбардор бўлади.

- Кимдаким Ундан қўрқса, бошқалар сендан қўрқишади.

- Тавҳидни умринг сармояси деб бил.

- Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.

- Чин эътиқод безавол ганждир.

- Мартабани сабрдан изла.

- Қуролингни илмдан яса.

- Саховатпеша бўл.

- Фақирликни фахр бил.

- Охират йўл озуқасини тақводон кўзла.

- Охират йўлини тақводан қур.

- Ибодатдан шодлик иста.

- Ростгўйликда камол изла.

- Ўлимни асло унутма.

- Шодликни ибодатдан кўзла.

- Ҳақ ҳукмига рози бўл.

- Фаришталар, Расули акрам ва Аллоҳ китобини ҳурмат қил.

- Ҳақ сўзини имон бил.

- Яхшилар билан дўстлаш.

- Ўзингдан қочиб Ҳаққа етгин.

- Ҳалолни-ҳалол, ҳаромни-ҳаром билишга ўрган.

- Душманга озор берма, аммо қўлингдан келса маҳв эт.

- Хорлик истасанг хиёнатчи бўл.

- Беъманилардан ҳазар қил.

- Нодонни тирик санама.

- Сабрли бўл, муродингга етасан.

- Ҳар бир ишда ҳамкор изла.

- Ўзликни англашни буюк хислат бил.

- Донишингни хор қилма.

- Кам гапир, оз егину кам ухла.

- Хилофкорликдан қоч, Аллоҳдан ноумид бўлма.

ИККИНЧИ БОБ

- Тақвони қўрқмас аскар бил.

- Доно кўринган нодондан ҳазар қил.

- Илмда ҳаммадан камтар бўл.

- Ўрган ва ўзгаларга ўргатгин.

- Эшитмаган нарсанг ҳақида гапирма.

- Бировга ҳаддан ташқари танбеҳ ҳам берма, беҳудага мақтама ҳам.

- Қулоғинг билан эшитганингни маҳкам тут.

- Рост гапиру ўзгаларнинг айбини ковлама.

- Сўрамасалар жавоб берма, айтмаган жойга борма.

- Харид қилинмайдиган нарсани сотма.

- Олинмайдиган нарсани сотма.

- Калтак емайин десанг, бегуноҳга қўл кўтарма.

- Яхшиликни жондан изла.

- Ўзгалар қалбини овламоқчи бўлсанг, яхшилик қилишга одатлан.

- Балони такобирлик натижаси бил.

- Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма.

- Балодан ибрат ол.

- Ҳамиша сир асровчи бўл.

- Жафопеша бўлма.

- Меъёри билан егин, низоми билан гапиргин.

- Хушхулқ ва беозор бўл.

- Тавфиқни Худонинг фазилати бил.

- Кишиларга қаттиқ гапирувчи бўлма.

- Бойликни иқбол бил, уни харж этмасликни эса бадбахтлик бил.

УЧИНЧИ БОБ

- Ҳар кимнинг нонини ея берма, аммо  ҳаммага нон едир.

- Молу давлат орқасидан югурувчи бўлма.

- Ҳақ хикматини илмингдан афзал бил.

- Илмингни эҳтиёт қил.

- Аллоҳ ҳикматини ўз билимингдан юксак бил.

- Ўзингни таъриф этишдан сақлан.

- Ҳамиша Аллоҳ шукронасида бўл.

- Жонни омонат бил.

- Аллоҳни ҳамиша бергувчи, деб бил.

- Умрингни иноят бил.

- Тадбирни тақдир билан боғла.

- Соғликни ғанимат бил.

- Охири зиён келтирадиган фойданинг атрофида ўралашма.

- Ажални ҳеч қачон фаромуш қилма.

- Илм ўрганишдан асло тинчима.

- Калондаҳанлик қилма.

- Насияни мол деб билма.

- Мартабаю иззатни илмдан изла.

- Шаҳват асири бўлма.

- Афв этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма.

- Рост йўлда енгилтаклик қилма.

- Сулҳнинг иложи бўлмаса, жанг¬дан қочма.

- Душманни ҳақир билма.

- Дўстинг минг бўлса ҳам кам.

- Ҳар қандай душмандан эҳтиёт бўл.

- Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ.

- Душманингнинг душмани билан дўст тутин.

- Дўстларингнинг дўстлари орасида бўл.

- Дўстингнинг душманидан ғофил бўлма.

- Раҳмсизга шафқат қилма.

- Нокасдан қарз олма.

- Аждодларинг қадрини эъзозла.

- Жоҳил зоҳидга инонма.

- Омонатга хиёнат қилгувчи бўлма.

- Синамаган одам билан сафарга чиқма.

- Ҳирсу хусуматни нажосат бил.

- Ўз мисқолингни ўзгалар ботмонидан афзал бил.

- Одамларнинг олдида нима десанг, орқасидан ҳам ўшани гапир.

- Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан.

ТЎРТИНЧИ БОБ

 - Беҳудаликни офатларнинг боши бил.

- Бировнинг миннатини кўтару, миннат қилгувчи бўлма.

- Тилингни ҳамиша дашномдан тийгил.

- Ҳожат чиқаришни буюк иш деб бил.

- Яхшилик қилганингни айтиб юргувчи бўлма.

- Ёмонликни офатларнинг боши, деб бил.

- Ёмонларга ёрдамлашма.

- Дўстларингни ёмонлагувчи бўлма.

- Ёмонларни ўзингга йўлатма.

- Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ.

- Ўзгалар ғамидан хурсанд бўлма.

- Сенга иши тушган одамни ранжитма.

- Туҳмат бор жойдан қоч.

- Ота хатоси учун танбеҳ берма.

- Султонга густоҳлик қилма.

- Дарвеш қардошингни шод тут.

- Ғамгусор бўладигангагина дардингни айт.

- Шаробу таомни кам е, кўпини ўзгага бер—эсин.

- Халқ билан шундай яшаки, улар ҳамиша сен билан бўлишсин.

- Шуҳратмандликда ўзингдан кетма.

- Бировларнинг ғамидан шодланувчи бўлма.

(давоми бор....)

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Қуръоншунослик йўналиши

1-босқич магистранти

Тожиддинов Абдусамад Абдулбосит ўғли

Понедельник, 24 Февраль 2020 00:00

Insoniy fazilatlar va goʻzal xulqlardan biri qanoatdir

Ulamolar uni shunday taʼriflaydilar: qanoat – oʻzidagi neʼmatga shukr qilish, boshiga tushgan musibat, qashshoqlik va qiyinchiliklarga sabr-bardoshli boʻlish. Qanoat Alloh taoloning taqdiroti va taqsimotiga rozilikdan paydo boʻluvchi koʻngil boyligi boʻlib, u hasad, tama, ochkoʻzlik, adovat, baxillik kabi illatlarning shifosidir. Abdulla Avloniy aytadi: “Janobi Haqning amriga itoat qanday saodat esa, taqdiriga qanoat ziyoda baxtiyorlikdur”. Demak, qanoat komil moʻminlikning belgilaridan ekan.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : “ عليكم بالقناعة ، فإنَّ القناعة مال لاينفد ” . [الجامع الصغير : ج2/ص 94] .

Rasululloh (sollallohu alayhi vasallam): “Sizlar qanoatni oʻzingizga lozim tuting. Chunki, qanoat tuganmas boylikdir”, dedilar. (Jaloliddin Suyutiy, Al-Jomiʼ as-sagʻir: 2-jild, 94-bet).

و قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : “ ليس الغِنى عن كثرة العَرَض ، ولكن الغنى غنى النفس ” . [الؤلؤ والمرجان : ج1/ص251] .

Boshqa muborak hadisda esa bunday deyilgan: “Boylik mol-dunyoning koʻpligida emas, balki, (haqiqiy) boylik koʻngil boyligidir”. (Muhammad Fuad Abdulboqiy, “Al-luʼluʼu val-marjan”, 1-jild, 251-bet).

Muhammad Husayn aytadi: “Qanoat aqlli odamlarning fazilatidir. Ammo qanoat rizq qidirish va kasb bilan shugʻullanishdan tiyilish degani emas. Balki, kasb tufayli topgan narsasiga shukr qilish va ortiqchasiga intilmaslikdir”. Buning boisini anglash uchun ulugʻ sahobiy Abdulloh

ibn Masʼud (roziyallohu anhu)ning ushbu soʻzlariga quloq tutishimiz lozim:

و قال ابن مسعود رضي الله عنه : “ ما من يومٍ إلاّ و ملَك ينادي : يا ابن آدم ، قليل يكفيك خير من كثير يُطْغيك ” . [مكاشفة القلوب المقرِّب إلى حضرة علام الغيوب ، في فضل القناعة : ص169-170] .

“Biror kun yoʻqki, bir farishta: “Ey Odam bolasi, senga kifoya qiladigan oz narsa seni tugʻyonga ketkazadigan koʻp narsadan yaxshiroqdir”,

deya nido qilmasa”. (Imom Gʻazzoliy, “Mukoshafatul-qulub al-muqarrib

ila hazrati allomil-gʻuyub, fi fazlil-qonaʼati”, 169-170-betlar).

Qanoatli inson umri mobaynida doimo baxtiyorlikni his etib yashaydi. Shu bilan birga, boshqalarga ham yaxshi muomalada boʻladi, ularni ham oʻzi kabi shodlik sari yetaklaydi.

Shuning uchun qanoatli kishini barcha hurmat qiladi.

و قال بعض الحكماء : “ وجدتُ أطول الناس غمًّا الحسود و أهنأهم عَيْشًا القَنُوعَ ...” . [مكاشفة القلوب المقرِّب إلى حضرة علام الغيوب ، في فضل القناعة : ص170] .

Hakimlardan biri aytdi: “Odamlar ichida eng uzoq gʻam-anduh chekuvchi kimsa hasadchi ekanini, hayoti eng baxtiyor kechuvchi kishi esa qanoatli inson ekanini koʻrdim”. (Imom Gʻazzoliy, “Mukoshafatul-qulub al-muqarrib

ila hazrati allomil-gʻuyub, fi fazlil-qonaʼati”, 170-bet).

Muhammad Zehniy shunday yozadi: “Qanoat nima?” deb soʻradilar. Javob berib aytildi: “Birovlarning qoʻlidagi narsani koʻrib, mayus boʻlmaslik va tamagirlikdan qochish. Chunki, tamagirlik, albatta, kambagʻallik sari yetaklaydi” .

Xulosa oʻrnida shuni taʼkidlash lozimki, yurtimiz tinch, hayotimiz osuda va farovon boʻlishiga qaramasdan, bugungi kunda jamiyatimizda turli huquqbuzarliklarning sodir boʻlishi, yoshlar orasida jinoyatchilikning ortib borishi, shuningdek, oilaviy kelishmovchiliklar va ajrimlarning koʻpayishi, aksar hollarda, qanoatsizlikdan kelib chiqayotgani bor haqiqat. Demak, ana shunday noxushliklarning muolajasi va oldini olish chorasini qanoat deb atalmish koʻngil boyligini hosil qilishdan izlashimiz zarur.

TOʻYMUROD SAYLIYEV

Четверг, 20 Февраль 2020 00:00

Келажакни террорсиз қурамиз!

Фарзандларнинг тарбияси ота-она зиммасига юкланган энг муҳим вазифа. Ёш авлод тарбияси эса бутун халқ ва давлат елкасидаги буюк масъулиятдир. Юртбошимиз айтганларидек: “Келажак ёшлар қўлида”, шундай бўлгани учун асосий эътиборимизни ёшларнинг тарбиясига қаратмоғимиз лозимдир.

Ҳозирги мафкуравий курашлар, маънавий таҳдидлар замонида ёшларни соф эътиқод, ота-боболар маданиятида сақлаб қолиш – жуда ҳам мушкул. Жадал ривожланаётган ахборот технологиялари асрида интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар, телевидение, радио каби оммавий ахборот воситалари орқали ёшларимизнинг маънавиятига, эътиқодига таъсир қилиш янада осон ва қулай бўлиб қолди. Олдинги замондаги каби инсонни эътиқодидан адаштириш учун шарт-шароит, юзма-юз кўришиш каби воситаларга эҳтиёж қолмади, интернет бўлса, бас.

Бежиз Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга икромли бўлинг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, дея таъкидламаганлар. Демак, ота-она фарзандининг тарбияси гўзал бўлишига масъулдир.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши биродарига қурол билан ишора қилса, иккаласи ҳам дўзах жарлигидадир. Агар ўлдирадиган бўлса, иккаласи ҳам дўзахга тушади”, - дедилар. Ахир қандай қилиб бир юрт, бир миллат фарзандлари бир-бирларига қурол кўтаришади? Буни қандай қилиб тасаввур қилиш мумкин? Ҳозирги тинчлик замонида, давлатлар ўртасидаги гўзал, дўстона алоқалар мукаммал ўрнатилган бир даврда инсонларга қандай қилиб дўстларига қурол кўтариш ёҳуд террорлик ҳаракатини қилиш мумкин?

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Моида сураси 2 оятида: “Яхшилик ва таво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”, - дея марҳамат қилган. Қўрқитиш, ўлдириш, инсон шаъни ва молига тажовуз қилаётганлар эса айнан мазкур оятга зид равишда ёмонлик, фасод, бузғунчилик ва гуноҳи кабиралар йўлида ҳамкорлик қилишади.

Демак, ёш авлодлар бундай оғир таҳликадан омонда бўлишлари учун уларнинг тарбиясига жуда ҳам жиддий эътибор беришимиз лозим. Уларнинг тарбиясига масъуллар, биз вазифамизни мукаммал адо этсак, иншааллоҳ, фарзандларимиз ҳам комил, эл-у юртига, миллатига гўзал хизматлар қиладиган ўғлон-у қизлар бўлиб етишадилар.

 

Аҳмаджонов Абдулазиз,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

 ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

Рубикнинг кучи Қандай қилиб жумбоқ муваффақиятга эришди Эрно Рубик дастлаб ҳайкалтарошликни, кейин эса Будапештда архитектурани ўрганган ва у ерда интерер дизайни ўқитувчиси бўлган.  У ўқитувчи бўлиб ишлаётган пайтда ихтиро бўйича дастлабки ишларни "Сеҳрли куб" деб номлаган.  Рубик хитой танграми, турли хил учбурчаклар, квадрат ва параллелограммлардан ташкил топган жумбоқ, турли шакл ва шаклларни яратиш учун бирлаштирилиши мумкин бўлган геометрик жумбоқлардан илҳомланган.  Бироқ, икки ўлчовли бўлган танграмдан фарқли ўлароқ, Рубик уч ўлчовли шакллар, масалан, кубларни бошқа шаклларни ҳосил қилиш учун қандай қилиб кўчириш ва бирлаштириш мумкинлигини ўрганишга кўпроқ қизиқди.  Унинг дизайни алоҳида кичик кублар қатламларидан иборат бўлган кубдан иборат эди ва ҳар бир кичик кубни ҳар қандай йўналишда диагоналдан ташқари буриш мумкин эди.  Кублар мустақил равишда, бир-биридан ажралмасдан ҳаракатланиши учун, аввал эгилувчан бантлар ёрдамида уларни бирлаштиришга ҳаракат қилди.  Бироқ, бу мумкин эмаслиги аниқланди, шунинг учун Рубик кейин юмалоқ ички қисмдан фойдаланган ҳолда уларни йиғиш орқали муаммони ҳал қилди.  Бу унинг силлиқ ва осон ҳаракатланишига имкон берди.  У кичик кубларни белгилашнинг турли усулларини синаб кўрди, аммо ҳар бир томонга ҳар хил ранг беришнинг оддий ечими билан якунланди.  ОбЪект кичик кубларнинг қатламларини буриш керак эди, шунда катта кубнинг ҳар бир тарафи бир хил рангда аэди.  Рубик 1977 йилда куб учун патент олди ва шу йили уни ишлаб чиқаришни бошлади.  Кубе венгриялик тадбиркор Тибор Латсининг эътиборига тушди, у кейин уни Нюрнберг ўйинчоқ кўргазмасида намойиш этди.  Британиялик ўйинчоқ мутахассиси Том Кремер буни кўрганида, бу жуда ажойиб деб ўйлади ва 1979 йилда ишлаб чиқарувчи "Идеал Тойс" ни 1 миллионта ишлаб чиқаришга кўндирди.  Бутун дунё бўйлаб ўйинчоқ ярмаркаларида.  Ўша йили Германияда "Энг яхши жумбоқ" мукофотига сазовор бўлди.  Рубик кубиги дунёдаги энг кўп сотиладиган, жумбоқ эканлигига ишонишади;  ихтиро қилинган вақтдан бери бутун дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ куб сотилган.

 

 Имом Бухоий номли Тошкент Ислом Институти Т

иллар кафедраси инглиз тили ўқитувчиси Қодиров Ф.

Самарқанд вилоят вакиллигида имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Ушбу тадбир жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуманга тайёргарлик доирасида ўтказилди.

Маърифий учрашувда Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов, Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази раҳбари Ш.Зиёдов, илмий ходимлари, имом-хатиблар иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, у кишининг ислом оламида тутган ўрни, аллома меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 2019 йилда Миср Араб республикасидан олиб келган буюк аллома қаламига мансуб қатор асарлар, шунингдек, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси, Марказ томонидан “Жаҳолатга қарши-маърифат” рукни остида нашр этилган “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу китоблардан Самарқанд вилоят вакиллиги ва масжидлар кутубхоналари фондига совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top