muslim.uz

muslim.uz

«Тафсири Ҳилол» дастурининг Android қурилмалари учун янги нашрида аудио тинглаш имконияти қўшилди. Янги 2.0 нашр дастурига қуйидаги янгиликлар киритилгани маълум қилинди. Бу имкониятлар қуйидагилардир:

– Аудио тинглаш имконияти қўшилди;
– Машҳур қорилар Маҳмуд Ҳалил Хусорий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мишарий Рошид ал-Афасий, Абдурроҳман Судайс қорилар тиловати;
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўқиб берилган «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси» аудиоси.

Дастурдан фойдаланишда қироатларни тинглаш учун рўйхатдан ўтиш кифоя экани маълум қилинган.

Шунингдек, ҳатчўп қўшиш жойи ҳам ўзгарди ва ҳар бир оятни ўз қаторидан туриб ҳатчўпга қўшишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, дастуримиздан iOS, Windows, Linux(Ubuntu) ҳамда MacOS жиҳозларда фойдаланиш мумкин.

«Тафсири Ҳилол» дастурини барча жиҳозлар учун юклаб олиш

(http://e-hilolnashr.uz/tafsirihiloldownload)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.

Илмий шаҳодатлари ва фаолиятлари:

• Азҳари шариф университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратурасини (усулул фиқҳ) тамомлаган;

• усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга;

• 2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заъим масжидида мударрис;

• 1989 йилдан буён Фатҳ ислом маъҳадида мударрис;

• Бир неча йил давомида Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги шаръий ўрта мактабларда мударрис;

• 2006 йилдан буён Фатҳ ислом маъҳадининг юқори университет қисмида мударрис;

• Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича мударрис;

• Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси ва мудири;

• Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги бир неча масжидларда мударрис.

Илмий ишлари:

• «Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи «Кашфул асрор» асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини аъло баҳога ҳимоялаган;

• «Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари» докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган;

Салаф уламоларнинг илмий меросидан қуйидагиларни таҳқиқ қилган:

• Суютийнинг «Саҳиҳи Муслим»га ёзилган «Дебож» номли шарҳининг таҳқиқи;

• Имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ» китобининг таҳқиқи;

• «Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ» китобининг таҳқиқи;

• Мерос илмига оид «Сирожия» китоби шарҳининг таҳқиқи;

• Мунзирийнинг «Арбаъийн фи истисноъил маъруф» китобининг шарҳи ва таҳқиқи;

• Имом Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобининг таҳқиқи;

• Имом Мусилийнинг «Ихтиёр» китобининг таҳқиқи;

• «Саҳиҳул Бухорий»нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш «Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий» китобининг таҳқиқи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жасур домла Раупов

ЎМИ Матбуот хизмати

Озарбайжонда 2006 йилдан бери нашр этилиб келинадиган “Тарихий шахслар” журнали анъанавий равишда дунё раҳбарлари, жамоат ва сиёсий ҳаётдаги таниқли шахслар орасидан “Йил одами”ни аниқлайди.

2017 йилда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон “Йил одами” этиб танланган эди. 2018 йилда ушбу номинацияга Россия Федерацияси Президенти В.В. Путинга берилганди.

Таҳририят кенгашининг бир овоздан қабул қилган қарорига биноан, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун, 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев “Йил одами” дея эътироф этилди, дея хабар бермоқда Uza.uz

Шу муносабат билан “Тарихий шахслар” журналининг навбатдаги махсус сони Ўзбекистон Президентига ва Ўзбекистонга бағишланиб, рус тилида нашр этилади.

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Бокудаги Озарбайжон Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази кўмагида тайёрланаётган “Тарихий шахслар” журналининг мазкур махсус сони тақдимоти Тошкентда ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Бугун муборак жума куни юртимиз мусулмонлари учун муносиб туҳфа ўлароқ Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолият юрита бошлади. 

Қоровулбозор туманида шу вақтгача масжид йўқ эди. Бугунги кунда туманда 19 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун тумандан 50 км масофада жойлашган Когон туманидаги масжидларга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат эди. “Туманимизда ҳам масжид бўлса эди”, дея орзу қилишар эди. 

Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди. 

Халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 450-500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид қурилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди.  Масжидга ислом оламидаги улуғ тобеинлардан бири  “Абдуллоҳ ибн Муборак” номи берилди.

Бугун, 27 декабр куни масжидда илк бор жума намози адо этилди. Шукрона сифатида элга ош дастурхони ёзилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, уламолар, имом-хатиблар ташриф буюриб, ҳудуд аҳолисини янги масжид билан муборакбод этдилар.

Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода.  Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари, имом-хатиблари бор. Қорвулбозорда яна азон баралла янгради. Ҳақ таолонинг раҳматлари азон садолари етиб борган жойларгача сакинат ила нозил бўлди, гўё. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлиб қайтиб келди. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади. 

Муҳаммадназар домла Қаюмов масжид жамоасига муфтий ҳазратларининг табриклари, эзгу тилаклари, дуои хайрларини етказдилар. Масжидларни барпо этиш, обод этишнинг улуғ ажри ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса зарурат бўлган ана шундай чекка жойларда қурилиши айни муддао эканлигини билдирдилар. Бу жойда тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати қиёматга қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган мутасаддилар, эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2066 тага етди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўзида 10 та янги масжид очилиб, фаолият юрита бошлади. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

Мақолалар

Top