muslim.uz

muslim.uz

Маълумингизким, 2018 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйевнинг ташаббуслари билан юртимиз бўйлаб кенг миқиёсда Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани бутун дунё мусулмонлари, ғарб-у шарқдаги Қуръон мухлислари катта қизиқиш билан кузатиб борди.

Уч босқичли ушбу мусобақанинг дастлабки икки босқичида ғолиб бўлиб, сўнгги босқичга чиққан юртимизнинг энг моҳир қорилари Республика босқичида беллашдилар. Сўнгги босқич мусобақаси тўрт кун давом этди. Ушбу Қуръон мусобақаси юртимиздаги ва бутун дунёдаги Қуръон мухлислари қалбида ўчмас из қолдирди. Тўрт кун давом етган якуний Қуръон зиёфатидан барча Қуръон мухлислари қайта баҳраманд бо'лиши учун ушбу мусобақанинг қорилар ўртасидаги беллашувларини тўлиқ видеотасвирини эътиборингизга тақдим этамиз. Ушбу тўплам хонадонингиз учун ажойиб туҳфа бўлади деган умиддамиз.

Дискнинг нархи 25000 сўм этиб белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация 2019 йил 19-21 декабрь кунлари Малайзияга ташриф буюради. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси “Миллий суверенитетни қўлга киритишда тараққиётнинг роли” мавзусидаги Куала-Лумпур саммитида иштирок этади.

Саммит 2014 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда мамлакат етакчилари, турли давлатларнинг жамоатчилик, ишбилармонлик, академик ва илмий доиралари вакиллари иштирок этиб, мусулмон олами олдида турган таҳдидларни бартараф этиш, бу борада илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда ислом тамаддунини ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини излаб топиш бўйича фикр алмашади.

Малайзия Бош вазири Маҳатҳир Моҳаммад Саммитнинг раиси ҳисобланади.

Тадбир ишида Осиё ва Яқин Шарқнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг юқори мансабдорлари иштирок этиши режалаштирилган.

Ўзбекистон делегацияси ташрифи дастурида Куала-Лумпур шаҳрида қатор вазирлик ва идоралар, Малайзиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг Малайзиянинг қатор етакчи ислом университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан амалий ҳамкорлиги тўғрисида битим имзолаш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг 16 декабрь куни юртимиз делегацияси Тунис Республикасига жўнаб кетди. Тунис Республикаси Маданият вазири ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим, фан ва маданият йўналиши (ISESCO) Бош директори С.ал-Малики томонидан таклиф этилган. Ўзбекистон делегациясига Маданият вазири Б.Сайфуллаев раҳбарлик қилаётгани маълум қилинган.

Ташриф мақсади 2019 йил Тунис Республикаси Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилиниши ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг маданият вазирларининг 11-конференциясида иштирок этиш эканлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг 17-19 декабрь кунлари давом этадиган бир қатор тадбирлар, яъни Маданият соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, 2019 йилда Тунис давлати Ислом маданиятининг пойтахти сифатида ёпилиш маросимида иштирок этиш, шу билан бирга, 2020 йил Бухорони Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги масалалари юзасидан режалаштирилаётган тадбирлар муҳокама қилинади.

Бугун Тунис давлатида “Ислом дунёсида замонавий маданий сиёсатни ривожлантириш йўлида” номли маданият вазирларининг 11-Исломий конференцияси бошланди. Унда Ислом дунёсида маданиятни ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг 17-йиғилишининг якуний ҳисоботи, ISESCO конференциясининг 10 ва 11- сессиялари орасидаги маданият соҳасидаги ютуқлари тўғрисида ҳисобот, Ислом дунёси мероси кўмитасининг ҳисоботи, “Рақамли инновацион маданият кўлланмаси лойиҳаси: истиқбол ва муаммолар”, маданий лойиҳаларни параллел молиялаштириш манбалари бўйича амалий таклифлар, Туниснинг “Ислом дунёсида замонавий сиёсатни ривожлантириш йўлида” декларацияси лойиҳаси ва жориж давлатларнинг маданият соҳасидаги ютуқлари борасида масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Абу-Даби (БАА) Миллий кўргазма марказида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг саккизинчи сессияси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон адлия вазирлиги делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Иштирокчиларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилган. Мамлакатда ушбу ўта салбий ҳодисанинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, ҳуқуқий ҳамда институционал асосларни мустаҳкамлаш бўйича қатъий қадамлар қўйилаётгани таъкидланди. Давлат сиёсати коррупция хатарларининг сабаблари ва шартларини ҳар томонлама ўрганишни, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни, жазонинг муқаррарлиги принципини назарда тутади.

Президент Шавкат Мирзиёев сайланганидан кейин имзолаган биринчи қонун бу - “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлди. Бу мамлакат раҳбарияти сиёсий йўналишининг аниқ белгисига айланди.

Ўз навбатида, давлат хизматларини тақдим этишда жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” асосида давлат хизматларини кўрсатиш тизими шакллантирилди. Бу фуқаролар ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ходимлари ўртасида давлат хизматларини кўрсатишда юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбой Жээнбеков ва қирғизистонлик бир гуруҳ маъмурият вакиллари Умра зиёратини бажаришди. Бу ҳақда saudi-arabia.ru нашри хабар берди.

Ал Ҳарам мажсидида қўшни мамлакат зиёратчиларини масжид махсус хавфсизлик кучлари қўмондони генерал Яхё ибн Абдул Раҳман ал-Ақил тантанали кутиб олган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал Сауднинг таклифиша биноан Қирғизистон делегацияси 15–17 декабрь кунлари расмий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлишган.

Ушбу ташриф доирасида Қирғизистон Республикасининг Ар Риёддаги элчихонасининг янги биноси очилиш маросими ташкил этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top