muslim.uz

muslim.uz

Среда, 04 Декабрь 2019 00:00

Роббимнинг раҳмати - Ҳабибим

(1-қисм) 

Оналарининг қорнида 2 ойлик бўлганларида оталаридан айрилдилар.

Таваллуд топгач, бир муддат оналари билан яшаб, кейин Ҳалима онамизнинг уйларига кетдилар.

4 ёшга етганларида яна оналари Оминанинг бағрига қайтдилар.

6 ёшга етганларида оналари билан Мадинага, оталарининг қабрини зиёрат қилгани бордилар.

Мадинадан қайтишда Абво деган жойда оналари ҳам вафот этдилар.

Маккага келганларидан сўнг 8 ёшларигача боболари Абдулмутталибнинг бағрида униб-ўсдилар.

8 ёшга етганларида боболари ҳам вафот этиб, амакилари Абу Толибнинг қарамоғига ўтдилар.

Абу Толиб ва унинг аёли кичик Муҳаммад алайҳиссаломни ўз болаларидан кўпроқ яхши кўрар эдилар.

12 ёшга етганларида амакилари билан Шомга савдо юмуши билан бордилар. Йўлда у кишига бир булут соя солиб борди.

25 ёшларида Макканинг бой ва покиза аёлларидан бўлмиш Хадижа бинт Хувайлид у кишини савдо ишларига таклиф этади.

Савдо юмуши билан яна бир бор Шом тарафларга борадилар. Хадижанинг хизматкори Майсара Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ажиб ҳолатларни кўради. Яъни устларида бир булут доим соя солиб юрганининг гувоҳи бўлади ва Маккага қайтиб, саййидаси Хадижага бу ҳолни сўзлаб беради.

Шу воқеадан сўнг Хадижа бинт Хувайлид у зот алайҳиссаломга оила қуриш таклифини билдирадилар. У зот алайҳиссам амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашгач, бу таклифни қўллаб-қувватлаб, Хадижанинг уйига совчиликка боришади.

Ажойиб тўй бўлиб ўтади.

Тўй ўтгач, дунёдаги энг бахтиёр оиланинг турмуши бошланади. Энг покиза қалблар биргаликда яшай бошлайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гўзал оиланинг соҳиби сифатида бутун дунё эркакларига ибрат бўладиган ҳаёт кечирадилар.

Рамазон ойида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида тафаккурга берилиб, бу оламнинг бежизга яратилмагани ҳақида фикр юритадиган одатлари бор эди.

40 ёшларида Рамазон ойида одатларига кўра Ҳиро ғорида ўйга берилиб турганларида, Жаброил алайҳиссалом келиб, “Ўқи!” дейдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом у зот алайҳиссаломни қаттиқ қисиб, қўйиб юборадилар-да “Ўқи!” дейдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом иккинчи марта ҳам қисиб, қўйиб юбориб, “Ўқи!” деганларида у зот алайҳиссалом яна “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Фаришта Жаброил алайҳиссалом учинчи марта қисиб, қўйиб юборгач, “Ўқи!” деганларида бу сафар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ўқишни билмайман” деб жавоб берадилар. Ана шунда улуғ фаришта «Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», (Алақ сураси, 1-5-оятлар) оятларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Бу оятлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида нақшланиб қолади.

Ҳа, Абдулмутталибнинг ёш вафот этиб кетган севикли ўғли Абдуллоҳнинг ёлғиз фарзанди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оламлар Роббидан нозил қилинажак Қуръоннинг илк оятлари ана шу тарзда нозил бўлган эди.

Муҳаммад Соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятлар нозил бўлгандан сўнг Набий бўлдилар. Набий Аллоҳ таолодан ваҳий келадиган киши деганидир.

Бу воқеадан ҳаяжонланган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севикли аёллари Хадижа бинт Хувайлиднинг ҳузурига йўл оладилар. Бориб, “Мени ўраб қўйинглар!” дейдилар. Аёллари у кишини титроқлари босилгунича яхшилаб ўраб қўядилар.

Аллоҳ насиб этса, давоми бор

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Ўйлаб кўринг, агар Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга синовларнинг бошидаёқ нажот берганида, у кишига Миср хазиналари келмаган бўларди.

Гоҳида синов неъматни, мукофотни каттароқ бериш учун чўзилиб кетади. Сиз Аллоҳ таолога бутун борлиғингиз билан ишонинг, “Нега бошимдан бу дард, синов, мусибат аримаяпти” деб шошқалоқлик қилманг!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Йиқилсам, фақат Аллоҳ таоло мени турғазиб қўяди.

Бемор бўлсам, фақат Аллоҳ таоло менга шифо беради.

Фақир бўлсам, фақат Аллоҳ таоло менга бойлик беради.

Гуноҳ қилсам, фақат Аллоҳ таоло гуноҳларимни мағфират қилади.

Қийин аҳволда қолсам, фақат Аллоҳ таоло менга ёрдам беради.

Эй Роббим, мени Ўзингнинг ҳидоятингдан айирмагин ва хотимамни гўзал қилгин!

*****

Қийин лаҳзаларда Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлинг!

Хотиржамлик пайтларида Аллоҳ таолони кўп зикр қилинг!

Оғриқли кезларда Аллоҳ таолонинг раҳматига ишонинг!

Сизни яратган Зот ўз ҳолингизга ҳам ташлаб қўймайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Сизнинг Аллоҳ таолога юзланишингизга, Унга қаттиқ берилиб дуо қилишингизга сабаб бўлган бало, синов аслида Аллоҳ таолонинг сизга ато қилган неъматидир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Баъзи одамлар “Айбларимни кўрмайман. Бошқаларнинг айблари ортидан югураман” деган позицияда яшайдилар.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Маълумки, шу йилнинг октябрь ойида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан «Меҳр-2» деб аталган операция доирасида 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келинган эди. Ҳукуматимиз томонидан ушбу норасида болаларга меҳр-мурувват кўрсатилиб, яқинлари бағрига қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари чоғида юртимизга олиб келинган ана шундай ўсмир ёшлар ҳолидан хабар олдилар ва ширин сўзлар, ҳадялар ила кўнгилларини кўтардилар.
Яқин Шарқдаги уруш жараёнларида сохта ғояларга алданиб иштирок этган айрим ота-оналарнинг нотўғри ҳаракати жабрини кўрган жажжи болалар ҳам борлиги инсон қалбини ларзага солади. Уларнинг мурғак қалблари қанча озор чекмади, мунгли кўзларидан қанча кўз ёшлар оқмади дейсиз?!
Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ мутасаддилар мана шундай оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказиб, Ватанга қайтган мурғак ўсмирлар хонадонига ташриф буюриб, унинг яшаш шарт-шароитлари билан танишиб, яқинлари билан суҳбат қурдилар.
Ота-онасининг босган нотўғри қадами оқибатида катта қийинчиликларни бошидан ўтказган маъсум ўсмирга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилиши, иссиқ кийим-бошлар, кир ювиш машинаси ва молиявий ёрдамлар берилиши уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Зеро, Ислом динимизда ҳам ёш болаларга меҳр-оқибат кўрсатишга тарғиб этилган. Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Демакки, бундай ёш болаларни оловли минтақалардан халос этиб, уларнинг вайрон бўлган кўнгилларини шод этиб, дилларига хурсандчилик улашиш дини мубинимиз нуқтаи назаридан энг савоби улуғ амаллардан эканига шубҳа йўқ.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари иштирокида етим болалар, кам таъминланган оилалар ва жисмоний имконияти чекланган кишиларга эҳсон дастурхони ёзилиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари улашилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали тарбияланувчилар қалбларига шодлик улашилди.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Подшоҳ вазирини чақириб бозорнинг баъзи жойларидан шикоят борлигини айтиб,  тартибга солишни топширди. Оқил вазир бозорни айланаркан, бир йигит қўли қўлига тегмай савдо қилаётганини кўрди. Синчиклаб қаради-да, унинг тижоратида хиёнат борлигини сезди. Ўзини танитмай бозорни назорат қилишда давом этди.

Бироз ўтиб, бояги савдогар йигитнинг олдига қайтиб келаркан: “Ҳорманг, савдолар жуда яхши-ку!” деди. Савдогар йигит: “Аллоҳга шукр”, деди. Унинг кўзларидаги маъюсликни пайқаган доно вазир яқинроқ келиб: “Аҳволинг қалай, оила тинчми, фарзандлар нечта?” деб сўради. Йигит тўлиб турган кўнглини бехосдан бўшатиб: “Эй отахон, бир кам дунё деганлари шу бўлса керакда, савдоларим кўриб турганингиздек яхши, бироқ оилам нотинч, хотиним тузалмас дардга чалинган, бир қизим ногирон туғилган, яқинда эса соппа-соғ ўғлим пастгина жойдан йиқилиб, у ҳам мажруҳ бўлиб қолди, кичик ўғлим эса тинмай йўталади” деди.

Ташвиши кўплигини билган вазир унга: “Юринг бозор айланамиз, кўнглингиз бироз ёзилади”, деди-да, ҳалол савдо қилаётган, лекин олдида харидор кам бўлган дўкондор олдига бошлаб борди. Ундан ҳол-аҳвол сўради. У ҳам Аллоҳга шукр айтиб: “Савдоларимиз Аллоҳ ризқ қилганича яхши бўляпти, оилам тинч, тўрт ўғил, уч қизим бор, ҳаммаси соғу саломат, ҳаммаси ўқимишли, онаси ҳам болаларим билан бирга кексайган ота-онам хизматида, бундан хотиржам, бахтли ҳаёт бўлмаса керак”, деди.

Бироз суҳбатдан сўнг вазир дўкондордан узр сўраб аввалги савдогарни четга тортди ва: “Эй ўғлим сиз бу йигитдан ўн баробар кўп савдо қиласиз, аммо тижоратингизда хиёнат бўлгани учун хонадонингизда барака йўқ, хотинингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам касалдан чиқмайди. Ҳасрату надоматингиз оламга сиғмайди. Бу дўкондор озгина бўлса-да ҳалол савдо қилади, шунинг учун ота-онаси, хотин, бола-чақалари ҳаммалари соғ-саломат хотиржамликда яшайди, мен вазир сифатида сизни огоҳлантираман, тижоратингизда яна бир бор хиёнатни кўрсам сизга қонуний жазо қўллайман, ўйлайманки кўзингиз очилди”, деб ўзини танитди...

Огоҳ бўлинг, ибрат олинг азизларим! Диёнат фақат ибодатда эмас, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида бўлиши керак!

Абдулмажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

Бугун, 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари бошланди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда Хоразм вилоятида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилди. Айниқса, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди янгича, замонавий кўринишда қад ростлади. Икки йил аввалги давлатимиз Раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифлари давомида “Охун бобо” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар берган эдилар. Орадан маълум вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт-шароитлар муҳайё қилинди ва “Охун бобо” масжиди Урганч шаҳрининг файзли масканига айланди.
Куннинг биринчи ярмида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилиш якунида "Вақф" хайрия жамғармаси томонидан имом-хатибларга Қуръони карим тарқатилди. 
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top