muslim.uz

muslim.uz

Ҳукумат, имомлар, оқсоқоллар, дин уламолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва киночилик соҳаси ўртасидаги ҳамкорлик ўз самараларини бера бошлаган.

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ёшлар орасида экстремизмга қарши кураш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар доирасида Ислом маданияти ва таълими маркази сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.

Ўтган ойда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш мақсадида оқсоқоллар, маҳаллалар, милиция инспекторлари, имом-хатиблар ва диний таълим маслаҳатчиларини «ҳамкорликда ишлашга» чақирди.

1news.uz нашрининг хабар беришича, «Биз мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни ҳар қандай йўл билан мустаҳкамлашимиз ва хавфсизликка бўлган турли таҳдидларга қарши курашишимиз зарур», деди президент 23 декабрь куни парламентга мурожаатномасида.

Ислом маданияти ва таълимини тарғиб қилиш

Ҳукуматнинг радикаллашувга қарши курашиш чораларидан бири, Ўзбекистонни Ислом маданияти ва таълими маркази сифатида тарғиб қилишдир.

Бу ҳаракатлар тобора жадаллашиб бормоқда.

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказиқурилиши давом этмоқда, Бухоро эса 2020 йилда Осиё минтақасида дунё Ислом маданияти пойтахти номини қозониш учун тайёрланмоқда.

Ҳар йили Марокашнинг Работ шаҳридаги исломий, илмий ва маданий ташкилот томонидан берилувчи ушбу номга 2007 йилда Тошкент шаҳри мушарраф бўлган эди. Ҳар йили бу ташкилот 3 та Дунё ислом маркази пойтахтини танлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизматининг 6 январдаги хабарига кўра, «Бухоронинг Ислом маданияти пойтахти номига сазовор бўлиши – шаҳар ва унинг олиму-уламолари Ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаларини тасдиқлайди», дейди Тошкент Ислом университети ўқитувчиси Азамжон Абдураҳмонов.

Ўзбекистоннинг Ислом маданияти маркази сифатидаги мавқеини ошириш учун қилинган ҳаракатлардан яна бири – мамлакат бўйлаб қорилар мусобақасининг ўтказилишидир.

Regnum.ru хабарига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ташкил этган ушбу мусобақа учун рўйхатдан ўтиш 15 январь куни якунланган ва мамлакат бўйлаб 5000 нафар иштирокчи рўйхатга олинган.

ЎМДИ раҳбари Усмонхон Алимов мусобақани юқори савияда ўтказишга чақирди ва бу воқеа келажакда Ўзбекистоннинг халқаро Қуръон мусобақаларига мезбонлик қилиши учун замин яратиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Мусобақа туманлар, вилоятлар ва мамлакат миқёсида босқичма-босқич ўтказилади, унинг якуний финал босқичи эса шу йилнинг апрел ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Кино саноати, масжидлар экстремизмга қарши курашда бирлашмоқдалар

Кинофилмлар ҳам экстремизмга қарши курашда ёрдам беради, жумладан IX асрда, Бухорода яшаб ўтган буюк ислом олими Имом ал-Бухорий ҳақида кино яратилмоқда, дейди Мирзиёев.

12 январь куни, Anhor.uz нашрининг хабар беришича, ўзбекистонлик режиссёр Рустам Саъдиев Имом ал-Бухорий ҳақида икки қисмдан иборат филмни суратга олиш ишларини бошлаб юборган. Кинолентани суратга олишни ҳукумат молиялаштиради. Продюсерлар филмни дунё бўйлаб намойиш этишни режалаштирганлар.

«Керак бўлса, энг замонавий техникани Ҳолливуддан сотиб оламиз», деди Саъдиев Anhor.uz нашрига. «Унда суратга тушиш учун халқаро кино юлдузларини ҳам таклиф этамиз.»

ЎМДИ матбуот хизматининг хабар беришича, Ислом уламолари ҳақидаги филмлар масжидларда кўрсатилиши ва таълим воситаси сифатида хизмат қилиши мумкин, дейди президент.

«Бугунги кунда, халқнинг, айниқса ёшларнинг фикри ва дунёқарашини эгаллаш учун ғоялар ва мафкуралар ўртасидаги кураш бутун дунёда кучайиб бораётган бир пайтда, энг асосий санъат турининг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз зарур», деган эди Мирзиёев 29 декабрь куни кино соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида.

«Имом ал-Бухорий энг таниқли Ислом уламоси ва муҳаддисдир», дейди Тошкентдаги Минор масжидининг доимий ташрифчиларидан бири Отабек Мамарасулов Карвонсарой нашрига.

«Агар Ўзбекистон унинг меросини ёйишда давом этса, бу ерга жуда кўп зиёратчилар кела бошлайди, ва жуда кўп мусулмонлар мамлакатимизнинг асл қиёфасини кашф қиладилар ҳамда бу ўзаро тушунишга кўмаклашади», дейди у.

«ЎМДИ турли мамлакатлардаги мусулмонлар учун Бухоро ва Имом ал-Бухорий билан боғлиқ бўлган жойларда кичик зиёрат ташкил қилишни режалаштирмоқда», дейди у.

Собиқ экстремистларнинг реабилитацияси давом этмоқда

Ўзбекистон, шунингдек, қамоқ жазосини ўтаб бўлган экстремистларни реабилитация қилиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтирмоқда.

«Биз экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларга нормал, соғлом ҳаётга қайтишда ёрдам бериш ишларини давом эттирамиз», деди Мирзиёев 23 декабрь куни.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Карвонсарой нашри Ўзбекистонда 16 000 нафар собиқ экстремистлар қора рўйхатдан чиқарилгани ҳақида хабар берган эди.

Улар орасида Ўзбекистон Ислом Ҳаракати асосчиси Тоҳир Йўлдошевнинг укаси Зоҳид Йўлдошев каби бир нечта таниқли шахслар ҳам бор эди. У 23 йил қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг, ўтган йилнинг октябрида озод қилинган эди. Бу ҳақда 10 январь куни оммага хабар берилган.

«Ўзбекистон собиқ экстремистларни реабилитация қилиш тизимини ривожлантирмоқда», дейди Тошкент шаҳрининг Янги Ҳаёт маҳалласида ишловчи Амир Файзуллаев Карвонсарой нашрига.

«У президент фармонига асосланган бўлиб, бундай одамлар билан ишлашнинг барча ўзига хос хусусиятларини очиб беради», деди у. «Маҳалла оқсоқоллари, Ёшлар иттифоқи ёки Хотин-қизлар қўмитаси собиқ экстремистларни реабилитация қилишга масъул бўладилар. Тизимли ишлар олиб борилади.»

Фармон тафсилотлари июнь ойига қадар тайёр бўлиши кутиляпти, деди у.

Манба: http://central.asia-news.com

Среда, 24 Январь 2018 00:00

Мазҳабимиз асослари

Мазҳабимиз мавзусида сўз юритар эканмиз, бунда унинг келиб чиқиш тарихи, хусусиятлари, бошқа мазҳаблардан фарқли жиҳатлари ва унинг дунё бўйича тарқалиш сабаблари ҳақида гапириш мақсадга мувофиқдир.

Мазҳаб сўзи луғатда йўл, йўналиш маъноларини англатса, истелоҳда шаръий далиллардан фатволар чиқаришда махсус усул ва қоидаларга таяниб иш кўрган мужтаҳиднинг йўлига айтилади. Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаблар мавжуд. Улар; Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Дарвоқе, бу мазҳаблар келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаблар мавжуд бўлиб, у мазҳаблар муайян бир шахс номи билан эмас балки, шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Ўз навбатида мазкур шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилишар эди. Айтайлик Мадина аҳли асосан саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Саид ибн Мусаййаб ва Урва ибн Зубайр (р.а)ларнинг фатволарига амал қилишган. Макка аҳолиси Абдуллоҳ ибн Аббосга ва у кишининг шогирдлари Мужоҳид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Робаҳ, Товус ибн Кийсонга, Куфа аҳолиси Абдуллоҳ ибн Масъудга ва у кишининг шогирдлари Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язийд, Масруқга, Басра аҳолиси Абу Мусо ал-Ашъарий, Анас ибн Молик, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрийнга, Шом диёри аҳолиси Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абу Дардога ва уларнинг шогирдлари Абу Идрис Ал-Хавалоний, Макҳул ад-Димашқий, Умар ибн Абдулазизга, Миср аҳолиси эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осга эргашишар эди.

Табиийки, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар мавжуд эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам Росулуллоҳдан ворид бўлган ҳадислардан бирдек хабардор эмас эдилар. Қолаверса, уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил эмас эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган муборак ҳадисни айтганлар ва бундан айнан мана шу хилдаги тафовутни назарда тутганлар. Имом Молик (р.а.) ҳам ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликга: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киргизган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.

Кейинчалик, забардас уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди.

Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.

Ҳанафий мазҳаби соҳиби Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййабларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”. Бундан ташқари Абу Ҳанифа ҳадисни ишончли кишилар орасида машҳур бўлмоғини, ровий ўзи ривоят қилган ҳадисига хилоф амал қилмаган бўлишини шарт қиладилар.

Ишончли ривоятларга қараганда Абу Ҳанифа билан Ал-Авзоъий ҳажда учрашиб қоладилар. Ал-Авзоъий Абу Ҳанифага: Нима учун Ироқ аҳли намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтармайдилар. Мен Аз-Зуҳрийдан эшитдим, у киши Солимдан, у киши Абдуллоҳ ибн Умардан эшитганларки: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда рукуъга боришда ва рукуъдан туришда икки қўлларини кўтарар эдилар”, - деди. Абу Ҳанифа эса: Мен Ҳаммоддан эшитганман, у киши Иброҳимдан, у киши Алқамадан, у киши Абдуллоҳ ибн Масъуддан эшитганлар: “Пайғамбар алайҳиссалом намозда фақат такбиротул эҳромда икки қўлларини кўтарар ва буни бошқа такрорламас эдилар”, - деди. Шунда Ал-Авзоъий: Абу Ҳанифага ҳайронман, мен Аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Ибн Умардан ривоят келтирсам, у менга Ҳаммоддан, Иброҳимдан, Алқамадан, Ибн Масъуддан ривоят келтиряпди?, - деб ўзи келтирган ҳадиснинг исноди “олий” эканлигига ишора қилди. Абу Ҳанифа эса, санаднинг олийлигига эмас, балки ундаги ровийларнинг фақиҳлигига эътибор берар эдилар. Шунинг учун ҳам Ал-Авзоъийга: “Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқ, Иброҳим Солимдан фақиҳроқ, агар Ибн Умарнинг саҳобий эканликларини эътиборга олмаганда Алқама у кишидан фақиҳроқ, Абдуллоҳга келсак, Абдуллоҳ бу – Абдуллоҳ”, - деб Ибн Масъуднинг даражаларини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг Ал-Авзоъий жим бўлиб қолди.

Абу Ҳанифа (р.а)нинг ва умуман ҳанафий мужтаҳидларнинг ижтиҳоддаги ўзига хослиги шундаки, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, улар қиёс ва истеҳсонни кенг қўллайдилар. Хусусан, “истеҳсон” тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.

Абу Ҳанифа (р.а.) биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий (р.а.): “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, - деганлар. Ривоят қилинадики, бир куни Абу Ҳанифадан устозлари Ал-Аъмаш бир масаланинг ечими ҳақида сўрайдилар. Абу Ҳанифа унга жавоб берадилар. Ал-Аъмаш: Сен бу ҳукмни қаердан олдинг? – деб сўраганда, Абу Ҳанифа: “ўзингиз айтиб ёздирган ҳадисдан олдим”, - деб жавоб берадилар. Шунда, устозлари: Мен бу ҳадисни сени ота-онанг ҳали бир-бири билан топишмасдан олдин ёдлаган эдим, аммо унинг ҳақиқий маъносини мана энди тушундим, - дейдилар. Демак, Абу Ҳанифа фавқулотда ўткир фаҳм ва заковатга эга инсон бўлганлар. 

Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари уч қисмга бўлинади: 1) аслий масалалар, 2) нодир масалалар, 3) фатволар. Аслий масалалар – ривоятларнинг зоҳири деб номланган масалалардир. Булар Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдлари, масалан Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа кишилардан ривоят қилинган масалалардир. Лекин бу масалаларнинг аксари Абу Ҳанифа ва у кишининг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан ёки улардан бирининг гапларидан иборатдир. Муҳаммад ибн Ҳасан аслий масалаларни “Зоҳир ар-ривоя” деб номланмиш китобга жам қилганлар. Нодир масалалар эса, Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган, аммо “зоҳир ар-ривоят” китобида келтирилмаган масалалардир. Фатволар – мутааххир Ҳанафий мужтаҳидларнинг Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда мазҳаб усуллари орқали чиқарган фатволаридан иборат. Мазкур қисмга оид биринчи китоб Абу Лайс Самарқандийнинг “Китоб ан-навозил” китобидир.

Мазҳабларни дунё бўйича тарқалишининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Тўртинчи ҳижрий асрга келиб уламолар ўзлари тақлид қилаётган мазҳабларини қўллаб қувватлаб, уни оммага ёйишга ҳаракат қилдилар. Мазҳаб бошлиғининг маноқибларини жамлаб китоб таълиф қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ихтилофли масалаларга хослаб китоблар ёзиб, унда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз мазҳабининг имоми келтирган ҳужжатни қувватлашга уруниш, уламолар ўртасида мазҳаблараро муноқашалар олиб бориш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Бундан ташқари мазҳабларнинг ривожланишида, уларнинг кенг тарқалишида сиёсий ва ижтимоий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Масалан, Ҳанафий мазҳаби асосан Аббосийлар халифалиги даврида гуркираб ривожланди. Бунда ўша даврнинг қозиси, Абу Ҳанифанинг катта шогирди Имом Абу Юсуфнинг хизматлари катта. У киши халифалик ҳудудидаги қозилик лавозимларига фақат ҳанафий мазҳабидаги олимларни тайин қилдилар. Имом Молик Мадиналик бўлганлари учун Ҳижоз аҳолиси у кишининг мазҳабларини тутишди. Шунингдек, ҳаж зиёратига келган кишилар Имом Молик ва у кишининг мазҳабидаги олимлар билан музокаралар олиб бориши натижасида Африка қитъасидаги давлатларга Моликий мазҳаби кириб борди. Шофеъий мазҳабининг ёйилишида аҳли ҳадисларнинг таъсири катта бўлди. Чунки, Шофеъий ишончли суннатни Қуръондек маҳкам ушлаган, оҳод ҳадисларни ҳужжат қилишни қаттиқ туриб ҳимоя қилар эдилар. Бу эса, аҳли ҳадислар учун айни муддао эди. Ҳанбалий мазҳаби эса фақатгина XIX асрга келиб Саудия ҳукуматининг юзага келиши асносида ривож топди. 

Фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков.

 

“Оёғингизга ботаётган тикон сиз излаб бораётган гулнинг хабарчисидир”.

Мавлоно Румий (қ.с.)

Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат юртимиз одамларини, балки ён-атрофимиздаги ҳамда узоқлардаги барча дўсту ёрларимизни ҳайратга солмоқда. Бу ҳайрат ичида олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик, қўллаб-қувватлаш, ҳар доим бирга бўлиш каби эзгу ниятларнинг мужассамлиги шундоқ билиниб турибди. Давлатимиз раҳбарининг сўнги бир йил ичида Республикамиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз йўлида бошлаган саъй-ҳаракатлари Марказий Осиё геосиёсий ҳолатини ҳам ўзгартириб юборди. Айниқса, қўшнилар билан иқтисодий, савдо-сотиқ, илмий-маърифий каби барча соҳаларга қаратилган тенг ва очиқ ҳамкорликни йўлга қўйилиши кутилмаган ҳодиса бўлди.

Бу ўзгаришлар орасида диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Бу бир йил бир асрга татигулик йил бўлди десак муболаға бўлмайди. Шу бир йил ичида қаранг қанча ўзгаришлар содир бўлди.

– Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади.

– Исломий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Бухорода Олий мадраса ташкил этилди. Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим очилди, диний ўқув юртлари қошида ўқув курслари юритилди, Қуръони карим қироати бўйича “Таҳфизул Қуръон” гуруҳлари фаолият бошлади, қабул квоталари 150 фоизга оширилди.

– Мамлакатимиз бўйича 15 та масжид қайтадан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди.

– Интернет сайтларида диний фанлардан онлайн дарслар ташкил этилди, тўғридан-тўғри саволлар-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий тарғибот жадал олиб борилмоқда.

– Ўтган йил охирида Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Унга кўра, академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланади.

– Яна шуни қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситаларида диний ходимлар чиқишлари кескин кўпайтирилди. “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари эфир сони икки бараварга оширилди. “Ўзбекистон-24” телеканалида имом-хатиблар иштирокида давра суҳбати қилинмоқда. “Маданият ва маърифат” телеканалида уламолар иштирокида кўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Шунингдек, “Зиё чашмаси” номли радио эшиттириш ва 50 га яқин диний маърифий веб-сайтлар иш олиб бормоқда.

– Яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарур. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан турли диний оқимларга аъзолар рўйхатида бўлган 16 минг нафардан зиёд киши рўйхатдан чиқарилди.

– Яна фахр билан айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлиги остида Мисрдаги “Дорус-салом” нашриёти ва Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия билан Қуръони каримни чоп этиш бўйича келишувга эришилиб, ўзимизда Қуръони карим чоп этилмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, кўзи ожиз мўмин-мусулмонлар учун брайль ёзувидаги Қуръони карим нусхасини чоп этиш бўйича Ўзбекистон дунёдаги учинчи давлат ҳисобланади.

– Ҳаж квотаси икки мингтага, умра квотаси 4 мингтага ошди, биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи бепул ҳажга юборилди. Шу кунга қадар жами 120 мингдан зиёд фуқаро ҳаж ибодатини, 92 мингдан ортиғи умра амалини адо этди.

Бу расмий кўзга ташланган рақамлар ва сонлардир. Энди одамларнинг шоду хуррамлигини, қувончини айтмайсизми. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришларни, ҳаяжонларини ифодалашга тил ожиз. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ошиб тушмоқда, десак ҳеч қандайига мубоғала қилмаган бўламиз. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч бир кишини четлаб ўтмаяпти. Мусобақа ўтаётган ҳар бир вилоят ўзгача қиёфа касб этаётгандек гўё. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Қуръони карим ўқилган, тиловат қилинган жойга раҳмат фаришталари тушади, балою қазолар даф бўлади, одамлар орасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади, ёшу қарининг қалбларидаги иймон янада мустаҳкамлашади. Қуръони каримнинг фазилатини ёзиб тугатиб бўлмайди. Буларни кўриб қувониш ҳам, Аллоҳга ҳамду сано айтишлик ҳам чин мўминлик сифатидир.

Лекин ҳамма нарса ҳам биз ўйлагандек силлиқ бўлмас экан. Демоқчимизки Ўзбекистондаги бу ўзгаришларни кўролмайдиган, қалблари ҳасад ва нифоқ билан заҳарланган кишилар ҳали ҳам топилиб тургани ҳам ҳақиқат. Афсус билан айтиш керакки, динимизнинг шиддат билан тараққий этиб бораётганини кўролмайдиганлар ғаразли ниятларини ҳар хил тусда намоён этмоқдалар. Хабарингиз бор, бир неча ҳафта илгари АҚШ Давлат департаментининг  Ўзбекистонни “Виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” мамлакатлар рўйхатига киритгани мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Мусулмонлар идорасининг бунга жавобан тарқатган раддияси нафақат мусулмонлар балки бошқа дин вакиллари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Сабаб бундай бирёқлама, ассосиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, улар орасига нифоқ солишдан бошқа нарса эмас.

Юртимиздаги мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, барпо этилаётган масжидлар, йўл ёқасидаги намозхоналар, ташкил этилаётган илмий мактаблар, халқаро марказлар, дунёни ўзига ром этаётган қорилар мусобақаси, шунингдек, масжидларда баралла айтилаётган азонлар, намозхонларнинг тўп-тўп бўлиб ибодат қилаётгани кимларгадир ёқмаяпти. Оқибатда улар ҳар қандай кишининг нафратини қўзғайдиган гап-сўзларни ёйишмоқда.

Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори муҳтарам Президентимиз экани бундай кимсаларни қаттиқ саросимага солмоқда. Айниқса, долзарб муаммоларни Давлатимиз раҳбари томонидан ҳал этилиши, кутилмаган ташаббуслар қилиниши, ислоҳотлар амалда ўз ифодасини топаётгани бундай кимсаларни эсанкиратиб қўйди. Натижада тирноқ ичидан кир қидиришга ўрганиб қолган нохолис нашрлар нима қиларини билмай қолди. Шундай бўлсада, “букрини гўр тўғрилайди деганларидек” улар қабиҳ ишида давом этмоқда.

Нима эмиш, “Эллик фоиздан кўп ўзбекистонликлар ўзини диндор, деб ҳисоблар экан”, деган мутлақо асоссиз хабарлар тарқатилди. The Telegraph.со.uk (Буюк Британия)  нашри эълон қилган бундай мантиқсиз мақолани ўқиб кўпчилик таажжубга тушди. Қандай қилиб, аҳолининг 94 фоизи Ислом динига амал қиладиган мусулмонларга бундай нисбат бериш мумкин. Асл вазиятдан хабардор бўлмай туриб, бундай ёзишга ким уларга ҳуқуқ берди?

Бу ўлканинг қандай эканини бугун дунё аҳли жуда яхши билиб турибди. Ҳозир бу заминга бир келган киши Ўзбекистонни севиб қолмасдан иложи йўқ.

Яна бир хорижий нашр хабарида: “Ўзбекистонда имомлар одамларни давлат газеталарига обуна бўлишга мажбур этмоқда”, деган маълумотларни тарқатди. Шу кеча кундузда бундай хабарни тарқатишдан “Озодлик”ка не наф? Бу нима дегани? Аслида, бу каби асоссиз уйдирма хабарларни тарқатишдан мақсад Ўзбекистондаги диний соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни ёмонлаб кўрсатиш, мўмин-мусулмонлар орасига фитна уруғини сочишдан ўзга нарса эмас. Турли кучлар таъсири остидаги бу каби нашрлар асл воқеликни бузиб, одамларимизни тўғри йўлдан чалғитишга интилаётгани яққол сезилиб турибди.

Мазкур хабарда имом-хатиб намозхонларни давлат газета-журналларига мажбурий обуна қилдираётгани ҳақида сўз кетади. Мақола эълон қилингандан кейин унда тилга олинган Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Эски Қовунчи” жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир Мадумаров билан суҳбатлашдик. Имом-хатиб “Озодлик” радиоси мухбири билан бўлган телефон орқали мулоқотни эътироф этди. Бироқ эълон қилинган материалда мутлақо бошқа нарсалар, қўшиб ёзишлар, бўҳтонлар борлигини таъкидлади. Айниқса, имом-хатиб обуна ёки китоб сотиб олиш бўйича одамларни мажбурламагани, балки тавсия этганини маълум қилди. Қолаверса, хабарда иддао қилинганидек ҳеч ким ўқимайдиган нашрлар эмас, балки одамлар керак бўлса олиб мутолаа қиладиган диний нашрлар, Қуръони карим тафсири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига оид адабиётлар эканини қайд этди. Мазкур нашрлар нархи ҳақида ҳам гап бўлмагани ва хабарда сўзлари келтирилган “Шарифжон” исмли шахс топилмаганини имом-хатиб қайғуриб таъкидлади. Имом-домла куйиниш билан сўзида давом этиб, мухбир мавзуни бошқа томонга буришга ҳаракат қилгани, ҳақиқатга зид, ғирт ёлғон гапларни тарқатишга уринганини айтиб, ёлғон гувоҳлик бериш динимизда қаттиқ қораланганини келтирди. Жумладан, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганларини баён этди. Имом-хатиб сўзининг якунида ушбу айтганлари ҳақида ҳар қандай баҳсга тайёр эканини ҳамда Озодликнинг бу хатти-ҳаракатидан мутлақо норози эканини қатъий баён этди.

Нима бўлган тақдирда ҳам имом-хатибнинг маърифатга, китобхонликка даъват этишининг қандай ёмон жойи бор? У ҳолда имом ёшларни бутунлай бузиб ташлашгача олиб келаётган тутуруқсиз, таг-туги йўқ “маданият”ларга, жоҳиллик ва бекорчиликка чақирсинми?..

Ҳар бир иш ниятга боғлиқ азиз дўстлар. Динимизда яхши биласиз ниятга жуда ҳам катта эътибор берилади. Ҳадиси шарифларда “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир” дейилган. Шу кунларда бўлиб ўтган бир воқеа эса юқоридаги ҳолатнинг бутунлай тескарисидир. Айнан ниятга боғлиқ жуда ҳам ажойиб ҳолатдир. Бир куни бўлимга қўнғироқ бўлиб қолди. Телефон гўшагини кўтарсам, мен Подробно.уз сайтидан бўламан, сизларга бир нечта саволим бор эди қандай гаплашсак бўлади, деди. Мен қўл телефонимни бериб, саволларини телеграмм орқали жўнатиш мумкинлигини маълум қилдим. Маълум вақт ўтиб саволларни олдим ва ички тартибга кўра  идоранинг фатво бўлими билан уларни ўрганиб, суҳбатлашиб олдик. Кейин мухбирга “Саволларингиз учун раҳмат. Бироқ бир жиҳатини маълум қилмоқчи эдим. Биз ҳамма саволингизга жавоб берамиз, фақат уларнинг аксариятига алоҳида шахсларга, алоҳида ҳолатлардан келиб чиқиб ҳукм чиқаришга тўғри келмоқда. Чунки динимизда айрим масалаларга маълум шарт-шароитдан келиб чиқиб, алоҳида ҳукмлар чиқарилади. Мумкин бўлса, шуни бир ўйлаб кўрсангиз. Иложи бўлса бундай тартибда берилмагани ҳаммамиз учун яхши бўларди”, деб ёзув қолдирдим. Шунда мухбирдан тушунарли деган жавоб келди. Шу орада Президентимизнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташки этиш ҳақида”ги Фармонлари чиқиб қолди. Бошқа томондан республикамизда Қуръон мусобақаси ҳам бошланиб кетган эди. Мен сайтимизга жойлаштирилган ҳар икки хабарни олиб мухбир телеграмига ташлаб, “маълумот учун” деб ёзиб ҳам қўйдим. Бир неча дақиқадан сўнг мухбир қайтадан алоқага чиқиб, ҳар икки мақола ҳақида янада тўлиқроқ маълумотлар сўради. Мен ҳамма сўраган маълумотларини бердим. Шу билан кечга яқин сайтларни кузатиб туриб, шу сайтга ҳам бир назар ташлай дедим, қарасам сайтнинг бош янгиликларида Ислом академияси ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Тезда телеграмга кириб мухбирга хабар учун “ташаккур” қолдирдим. Шунда бир зумда “бошқа яна битта янгилик ҳам берилган”, деб қорилар мусобақаси ҳақидаги хабарнинг электрон манзилини бериб юборди.

Мана сизга икки хил ҳолат, икки хил манзара. Бундай ҳолат ҳозирги кунда идорамизда тез-тез рўй бериб турсада айнан шу воқеа менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Чунки мухбирнинг нияти холис эди. У идорага, унинг фаолиятига объектив баҳо беришни ният қилган эди. Мана шу холислик унинг қаламини ножўя ҳаракатдан тўхтатиб турган эди. Агар ният нохолис бўлса эди берилган жавобимиздан ҳам бир нималар яратиб тарқатиши мумкин эди. Гарчи бу нашр русийзабон аудиторияга мос бўлсада, мавжуд ҳолатга объектив ёндашувни ўзларига мақсад қилиб олган эди. Ва у мавжуд ҳолатга холис баҳо бериб, тўғри ахборотни тарқатди. Мен бундан жуда ҳам таъсирландим ва ҳам хурсанд бўлдим.     

Кези келганда айтиш керакки, нохолис хабарларни эълон қилишда хориждаги қўштирноқ ичидаги “дўстларимиз” нашрлари аҳволини тушунса бўлади. Ўзимиздаги “uz” доменидаги айрим сайтлар амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб холисликни асосий принцип қилиб оладиган бўлсалар ҳеч қачон ташқи хабарлар бизнинг ахборот маконимизга таҳдид сола олмайди. Ахир ҳақиқий ҳолатни билатуриб, бузиб талқин қилиш очиқ-ойдин адолатсизликдир.

Азиз юртдошлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим. Ана шунда ҳар қандай салбий кучлар содир этмоқчи бўлган фитналарнинг олди олинади. 

Юртимиздаги бугунги ўзгариш ва янгиланишларни кўролмайдиган ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, турли уйдирмаларни фитна чиқариш илинжида оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга уринишади. Бунга алданиб қолмаслигимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги, дину диёнатимиз йўлида олиб бораётган хайрли саъй-ҳаракатлари Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати эканини ҳар доим ёдимизда тутишимиз лозим. Шу билан бирга бу неъматларнинг шукрини ҳар лаҳзада адо этишга, олдимизга қуйилаётган вазифаларни чин юракдан ихлос билан бажариб, Президентимизга камарбаста бўлишга ғайрат кўрсатишимиз даркор. Бизнинг бугунги танлаган йўлимиз кимларгадир ёқмаслиги аниқ. Уларнинг кўрсатаётган қаршилиги Мавлоно Румий ҳазрат айтганларидек, биз қидириб кетаётган гулнинг хабарчиларидир. Иншоаллоҳ, биз қидириб бораётган гул эса бу Аллоҳнинг розилигини топиш билан икки дунё саодатига эришишдан иборатдир.

Нохолис ахборот тарқатишда давом этаётган қўштирноқ ичидаги “дўстларимиз”га  эса ҳар бир хабарни тарқатишда унинг фақат бир томонини кўрмасада, эртага олиб келадиган оқибатини ҳам яхшилаб ўйлаб кўришни маслаҳат берамиз. Чунки инсонлар орасида таги пуч, уйдирма гаплар тарқатиб, иккиланишлар пайдо қилиб, низо чиқишига сабабчи бўлиш динимиз ҳукми бўйича оғир гуноҳ саналади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деб очиқ-ойдин айтилган.

Ҳар қандай фитнанинг тагида маълум кучларнинг манфаатлари ётишини ҳамма яхши билади. Унинг иштирокчилари эса фақатгина моддий манфаат учун бу ишга қўл ўрадилар. Ахир, бу каби фисқу фасод ишлар эвазига топилган маблағ билан қорин тўйғазиш ёки оиласи, фарзандларини боқиш ўта жоҳиллик, пасткашлик эмасми? 

Шуларни инобатга олиб, бундай фаолият билан шуғулланаётган оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳақида тарқатган асоссиз хабарлари учун узр сўрашларини талаб этамиз. Шунингдек, ҳар қандай ахборотни тарқатишдан олдин аввалу охирини яхшилаб ўйлаб кўришни, ҳаққонийлигини аниқлаб олишга чақирамиз.

Сўзимизни таниқли шоир Садриддин Салим Бухорийнинг қуйидаги тўртлиги билан якунлаймиз:

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

 

Улуғбек СУЛТОНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Котибият бўлими мудири

Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизлар ўртасида ташкил этилган Қуръон мусобақасида ғолиблар номи маълум бўлди.

Қуръон мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичлари ғолиблари қуйидагилар.

Тиловат йўналиши

18-25 ёш

1. Каримбоева Айнура
2. Садикова Ҳамида

26-40 ёш

1. Усмонова Нигорахон
2. Аминова Зевар
3. Шапиева Қизларгул

Ҳудудий босқичнинг ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 24 Январь 2018 00:00

Уламолар мазҳаббошимиз ҳақида

Мазҳабимизни ўрганамиз

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби имомларидан энг улуғи, Ислом миллатининг фақиҳи Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг саксонинчи йили Ироқнинг Куфа шаҳрида туғилганлар. Бир неча саҳоба билан суҳбатдош бўлганлари, хусусан, Анас ибн Моликни (розийаллоҳу анҳу) ва яна етти-саккиз нафар саҳобани кўрганлари ривоят қилинади. Имоми Аъзам улуғ чашмалардан – Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрган кишилардан баҳра олган зотдирлар. Ривоятларда яна Абу Ҳанифа тобеинлардан тўрт минг кишидан дарс олганлари ва шунча саноқдаги одам у кишидан дарс олиб, олим бўлиб етишгани айтилади. Шунинг учун у зотни барча тан олади, уламою фузало “Имоми Аъзам”, яъни, “Улуғ имом” дея, ўзларидан устун ва илгари қўяди. 

Замондошларидан Яҳё ибн Маъин бундай гувоҳлик беради: “Абу Ҳанифа ниҳоятда ишончли эдилар, қайси ҳадисни тўла ёд билсалар, ўша ҳадисни айтар, тўла ёд билмаган ҳадисни ривоят қилмас эдилар”.

Бундай сифат кам учрайди. Яъни, Абу Ҳанифа фақат ҳадисдан бир ҳарф бўлса-да ё нари, ё бери бўлишини кўтаролмас, ҳадис мазмунини тўлиқ билсалар-да, етказишда бирор сўз алмашиб қолишидан ҳавотирда уни ривоят қилишга ботинмас эдилар. Бу баҳо у зотнинг замондошлари томонидан берилган. Мана, орадан минг йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бугун у кишини яхши танимаганлардан: “Имом Абу Ҳанифа кам ҳадис ривоят қилган”, деган гаплар ҳам чиқиб қолади. Бу каби баёнотлар, албатта, билимсизлигимиз оқибати. Аслида Имоми Аъзам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадисларини худди Қуръон оятлари каби аниқ ёд билган кишигина тилга чиқариши мумкин, деган талабчанлик билан ёндашганларидан, кўп ҳадис билсалар-да, уларни ривоят қилмаганлар.

Демак, тарихда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини етказишда ишончли саналган бир неча киши бўлиб, шулардан бири Имом Абу Ҳанифа эканлар. Бу жуда катта мартабадир.

Шофиъий мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган эдилар: «Моликдан[1] “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўралди. У киши: “Ҳа, кўрганман. Мен шундай одамни кўрдим, агар у мана шу рўпарадаги устунни тилла экан деб айтса, албатта, шунинг тилла эканига ҳужжат келтирар эди”, деб жавоб берди».

Эътибор қилинг: бошқа мазҳаб етакчиси Абу Ҳанифа қандай одам бўлганига учинчи мазҳаб эгасининг сўзларини далил келтирмоқда. Бу ҳол уларнинг эътирофлари қанчалик кўламли ва самимий эканини кўрсатади.

Фақиҳ Абу Абдуллоҳ Ғомярий бундай дейди: “Абу Ҳанифа қозиликка буюрилди. Хато ҳукм чиқариб қўйиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қоламан, деган хавфда бу ишдан бош тортдилар. Қайта-қайта таклиф бўлди, қабул қилмадилар. Оқибат, қозилик мансабини олмаганлари учун ўн дарра урилдилар, сўнг зиндонга ташланиб, ҳибсда дунёдан ўтдилар”.

Қаранг, Имоми Аъзам жиноят учун эмас, адолатсизликка сабабчи бўлиб қолмаслик ташвишида обрўли мансабни эгаллашдан бош тортганлари туфайли зиндонда вафот қилдилар. Тақво шу қадар эди! Демак, у киши гаплари роса далилланмаса, аниқ ояти каримадан, саҳиҳ ҳадислардан, суннатдан, саҳобалардан ҳужжатлари бўлмаса, гапирмаганлар. У кишининг мазҳабидаги ҳар бир масала шу даражада ишончлидир.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари, Ислом оламида тан олинган улуғ зот Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Молик фақиҳроқми ёки Абу Ҳанифами?” деб сўралди. Шунда у киши: “Абу Ҳанифа”, деб жавоб бердилар.

Истилоҳда “фиқҳ” сўзининг маъноси – динни англаш, оят, ҳадиснинг тагига етиш, умуман, Ислом динининг мағзини тушунишдир. Билиш – “илм”, тагига етиб, бутун чуқурлиги билан моҳиятни англаш “фиқҳ” дейилади. Дунёда фиқҳ дарсини бошлаб берган зот Имоми Аъзамдирлар. Яъни, оят ва ҳадисларнинг лафзигагина асосланиб ҳукм чиқармасдан, айтилаётган гапнинг қачон ва қай ҳолатда, нима учун айтилаётганини ўрганиб, шу гап бошқа ўринда ҳам айтилганми ёки йўқми – ҳаммасини солиштириб, барча вазиятларни ҳисобга олган ҳолда “Бундан шу маъно чиқади”, деб англаб-англатиш Абу Ҳанифа тамал қўйган ишдир. Буни бутун дунё тан олади. Шу маънода, ким фақиҳроқ экани тўғрисидаги саволга Ибн Муборакнинг олимлар шаҳри бўлмиш Мадинаи мунавваранинг энг пешқадам олими Имом Моликдан ҳам Абу Ҳанифани фақиҳроқ деб жавоб беришлари бежиз эмас.

Ҳарибий айтади: “Абу Ҳанифага икки хил одам тош отади: ё ҳасадгўй, ё жоҳил...”

Замондошлари орасида Имоми Аъзамга кимдир тош отган бўлса, бу фақат ҳасаддан бўлган. Кейинги даврларда, жумладан, бизнинг замонимизда у зотни камситадиган одамлар фақат нодонлиги, жоҳиллиги учун, Абу Ҳанифа кимлигини, умуман, динни билмагани учун бу ишни қилади. Шу икки тоифадан бошқаси у кишига тил теккизмайди. Аксинча, унга ҳамма раҳмат айтади, эргашади, барча у зотни тан олади.

Улуғ олимлардан Яҳё ибн Саид Қаттан дейди: “Аллоҳни, Унинг динини ҳақ деб биламиз, Аллоҳ номи билан айтаман: биз Абу Ҳанифанинг фикридан чиройлироқ фикрни эшитган эмасмиз. Абу Ҳанифа бир масала ҳақида фикр айтса, энг тўғри, энг гўзал фикр шу кишиники бўларди. Бошқа олимлар у кишининг даражасига етолмасди. Шунинг учун биз у кишининг фикрларини олганмиз”.

“Агар Имом Абу Ҳанифанинг илмини унга замондош ҳамма олимлар илми билан тарозига солинса, Абу Ҳанифанинг илми оғир келар эди”, дейди Али ибн Осим.

У кишига замондош олимлар бизнинг замонамиздаги ёки бундан беш юз йил олдинги олимлар эмас, балки саҳобаларни кўрган олимлар эдилар. Қаранг, шуларнинг ҳаммасининг билими қўшилиб, тарозининг бир палласига, Абу Ҳанифанинг илмлари иккинчи паллага қўйилса, Имоми Аъзам ҳазратларининг илмлари оғирлик қиларкан.

Ислом оламида тан олинган олимларнинг буюк имомимиз ҳақидаги бу эътирофларини беҳуда келтирмаяпмиз. Қандай улуғ устозга эргашаётганимизни, имомимиз, мазҳабимиз раҳбари Қуръону ҳадисни, Ислом динини бизга бу даражада мукаммал етказган инсон эканини шояд яхшироқ танисак, жоҳил бўлиб қолишдан сақлансак, озгина бўлса ҳам кўзимиз очилса ва алал-оқибат, яхшиликлар қадрига ҳам етсак.

Етук олимлардан бири Ҳафс ибн Файёз диққатга сазовор бундай фикрни айтади: “Абу Ҳанифанинг фиқҳ ҳақидаги гапи шеърдан нафисроқ”.

Бир қарашда оддий туюлган бу сўзларни биз бежизга диққатга сазовор демадик. Назм жуда инжа сўзлар билан ифода этилиши ва шу тарздаги гўзал иборалар тўпламидан шеър туғилиши маълум. Абу Ҳанифа фиқҳ – масала ҳақида гапирар эканлар, худди илҳом билан шеър оқиб келганидек, балки ундан ҳам нозикроқ, ундан ҳам чиройлироқ қилиб етказардилар. Шунинг учун Абу Ҳанифани фақат жоҳил одамгина айблайди, ақли бор одам у кишини танийди ва албатта эътироф этади.

Тобеинлар улуғи, муҳаддис олим Аъмашдан бир масала ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Бу масалага энг яхши жавобни ипакфуруш (у кишининг шундай касблари бўлиб, ипак дўконлари ҳам бор эди) Нўъмон ибн Собит беради. Менинг ўйимча, Аллоҳ Нўъмон ибн Собитга илмда барака берган”, деган эдилар. Ислом оламида энг тан олинган инсонлардан бири “Бу масалани мендан сўрама, мен билмайман, жавоб қилишга ҳаққим йўқ. Бу масалага энг чиройли жавоб айтадиган Абу Ҳанифадир”, деяптилар!

Имом Шофиъийнинг машҳур сўзлари бор: “Фиқҳда барча олимлар Абу Ҳанифанинг оила аҳлидир. У зотга тенг келиб масала айта оладиган киши йўқ”.

Яна бир олим, Абу Ҳанифанинг афзаллигини исботлашга ҳожат йўқ, дея: “Ким кундузнинг кундуз эканига бир далил топиб бер, дейдиган бўлса, у ҳолда одамларнинг зеҳнида тўғри нарсанинг ўзи йўқ экан-да?!” деган мазмундаги шеърни келтирган экан.

Ажабо! Кундуз пайти, ёруғда туриб, кундузнинг кундуз эканига ҳужжат талаб қилиш қандай бўлади? Абу Ҳанифанинг қандай олим эканига ҳужжат айт, дейиш ҳам худди шундай иш. У кишининг олимлиги кундузнинг ёруғлиги каби очиқ-ойдин. Агар одамлар у зотнинг олимлигини тан олмасалар, унда улар ҳеч нарсани тўғри деб билмас эканлар-да, демоқчи олим.

Замондошлари ва улардан кейин келган уламолар – дунё тан олган шахслар Имоми Аъзамни мана шу даражада таърифлайдилар.

Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг юз эллигинчи йили, етмиш ёшларида дунёдан ўтдилар. Қабрлари Бағдод шаҳрида.

Алоуддин МАНСУР 

 

 

[1] Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ – моликия мазҳаби асосчиси, Имом Абу Ҳанифадан ёшроқ, Шофиъийдан каттароқдирлар. Шофиъий Имом Абу Ҳанифа вафот қилган йили туғилганлар.

 

Мақолалар

Top