muslim.uz

muslim.uz

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида “Йил имоми – 2017” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман босқичида ғолиб бўлган 16 нафар имом-хатиб ва ноиблар беллашдилар.

 “Йил имоми – 2017” кўрик танловига вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, бош имом-хатиб маслаҳатчиси Мустафоқул Меликов,  бош имом- хатиб ўринбосари Хайрулла Сатторов, Имом Бухорий халқаро маркази директори Шовосил Зиёдов, Республика маънавият тарғибот марказининг Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Ўткир Усмоновлар ҳакамлик қилдилар.

Танлов натижаларига кўра Пастдарғом тумани “Ошиқ ота” жоме масжиди имом- хатиби  Каримхон Азимов йил имоми деб  топилди. Шоҳсупанинг иккинчи поғонасини Самарқанд туманидаги “Янги масжид” жоме масжиди имом-хатиби Ҳалим Муҳиддинов ва Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом-хатиби Зафар Маҳмудов банд этишди. Учинчи ўринга эса Пойариқ тумани “Соғиш ота” жоме масжиди имом-хатиби Нодир Қобилов муносиб топилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва вакилликнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Среда, 26 Июль 2017 00:00

Яхши сўз

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши сўз садақадир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Яхши сўз асалдан лаззатли, жазирама иссиқда муздек сувдан ҳам тотли бўлади. Баъзилар асални ёқтирмаслиги ва совуқ сувдан сақланиши мумкин, лекин ширин сўзни яхши кўрмайдиган инсонни ҳаргиз учратмайсиз. Ёш болалар ва эмизикли чақалоқлар ҳам ширин сўзнинг гадоси бўлади. Яхши сўзни эшитиши билан ҳурсанд бўлиб, қалби фараҳ ва сурурга тўлганининг аломати юзида акс этади.    

Бирор инсонга мол берилса, унинг қалби сурурга тўлиб, ҳадия берган одамга нисбатан қалбида муҳаббат пайдо бўлади. Натижада унга бўлган баъзи гина-кудратларни ҳам унутади. Шунингдек, яхши сўз яхши ҳам инсон қалбигa ҳурсандчилик ва фараҳ бахш этади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши сўзни садақадир деганлар. 

Ҳадиси шарифда зикр қилинган яхши сўздан умумий маъно тушунилади. Оддийгина салом бериш ва унга алик олиш кабилар ҳам яхши сўздир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар билан ўтирган эдилар. Бир киши келиб: “Ассалому алайкум”, деди. Унга алик олдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ўн”, дедилар. Бошқа одам келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Унга ҳам алик олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “йигирма”, дедилар. Учинчи одам келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деди. Унга жавоб бердилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўттиз”, дедилар. Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар: “Ё Расулуллоҳ, ўн, йигирма ва ўттиз нима?” деб сўрадилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Битта яхшилик ўн баробар бўлади. Яъни, биринчи киши “Ассалому алайкум”, деди бу битта калима, иккинчиси “Раҳматуллоҳ”ни зиёда қилди, кейингиси “Баракотуҳу”ни қўшди ҳар бир калима яхшиликдир. Бир яхшилик ўн баробар бўлади. Яхши сўз қандай бўлса ҳам у садақадир”, дедилар (Имом Нававий ривояти).

Тилнинг яхши сўзларни гапириши Аллоҳ таолонинг буюк инъомидир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар доимо яхши сўзларни зикр қилиб, ҳақ бўлса ҳам ёмон сўздан сақланишлари лозим. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтонга ланат айтманглар! Унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!” деганлар. Тилимиз ланатга одатланмасин. Ҳар онда иблисга, шайтонга ланат айтилса, кейин инсонларга сўнгра бошқаларнинг ота-онасига, ланат айтилади. Шунинг учун банда тилини яхши сўзга одатлантирмоғи лозим. Баъзилар яхши сўзни одат қиладилар. Натижада узр сўрашга ҳаргиз муҳтож бўлмайдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“…одамларга ширинсўз бўлинг…” (Бақара, 83).

Яхши сўзнинг изи қалбда боқий қолади. Ёмон сўз эса ғазабни келтириб, унинг изи нафсда бўқий қолади. Тиғ билан берилган жароҳат вақт ўтиши билан битади. Тил билан берилган жароҳат эса абадий битмайди.

Инсон фарзандлар, эр-хотин, қўни-қўшни, ёру дўст кабилар билан мулоқотда бўлади. Улар билан чиройли услубда гўзал ва ширин сўз билан муомала қилмоғи садақадир. Уларга айтган ҳар бир ширин сўзи садақа деб ёзилади. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари мобайнида умматларга намуна бўлдилар.

 Бирор кишини сизда ҳожати бўлса, унга ёрдам беришга сизни имкониятингиз бўлмаса, яхши сўз билан тушунтиринг. Шунинг учун Али (розияллоҳу анҳу): “Инсонларга молингиз билан ёрдам бера олмасангиз, уларга чиройли хулқингиз билан ёрдам беринглар” деган. 

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир” (Бақара, 263).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дўзахни зикр қилиб, ундан паноҳ сўраб, юзларини бурдилар. Сўнгра яна дўзахни зикр қилиб, ундан паноҳ сўраб, юзларини бурдилар. Бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар! Агар уни тополмасангиз яхши сўз билан сақланинг!” дедилар.                    

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ тайёрлади

Среда, 26 Июль 2017 00:00

Қайтар дунё

  Йўл ибратлари

Яхшилик қайтади, дегани бор гап. Вилоятда ишлаб юрганимда бир ҳамкасбим айтиб берган қуйидаги воқеа бу гапимни тасдиқлайди...

Жума куни ишдан чиқиб туманга – уйимга кетиш учун  шоҳбекатда тургандим, яхшигина кийинган, кўриниши тиланчига ўхшамаган аёл уялиб-қимтиниб йўловчилардан пул сўрарди:

  • Яхшилар, илтимос, уйимга етиб олишга етарли пул беринглар, қопчиқимни йўқотиб қўйдим. Энди кетишга пулим йўқ, – дея зорланарди.

Инсон психологиясини озми-кўпми билганим учун бу аёлнинг баъзиларга ўхшаб ёлғон гапирмаётганини, шу тобда ҳақиқатдан ҳам йўлкирага муҳтожлигини сездим ва пул бердим. Аёл қайта-қайта миннатдорчилик билдирди ва қаердан эканлигимни сўради. Мен Қамаши туманидан эканлигимни айтдим ва автобусга томон кетдим...

Орадан кўп йиллар ўтди. Тақдир тақозоси билан ўғлим олий ўқув юртини битириб, Муборакдаги заводга ишга жойлашди. Дам олиш куни ўғлимдан хабар олиш учун у ижарада (аслида ижара демаса ҳам бўлади. Чунки уй эгалари ўғлимдан пул олмасди) яшайдиган уйга бордим. Эшикни тақиллатдим. Шу пайт эшикни ўша – бир пайтлар мен йўлкира берган аёл очди. Бу тасодифдан ҳангу манг бўлиб қолдим.

Ўғлим ишга жойлашиш учун келганида тасодифан шу аёлга учраган ва ижарада яшаш учун жой сўраган. Аёл унинг қаердан эканлигини сўраб билгач,

  • Ўғлим, мени ижарага одам қўйиб пулини олишга эҳтиёжим йўқ. Аммо сени уйимга оламан, пулинг керакмас. Мени бир қамашилик кишидан қарзим бор. У кишининг на уйини, на исмини биламан. Унинг қарзини шу йўл билан қайтармоқчиман, – деган экан.

Кўрдингизми, яхшилик изсиз кетмайди, унинг умри узун бўлади деб шунга айтадилар-да.

 

Зебо ОМОНОВА

Юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Муҳтарам президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тараққиётнинг янги бир босиқичига кўтарилди. Ҳар соҳада улкан ўзгаришлар, янги-янги ислоҳотлар давом этаётир.

Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар қаторида диний-маърифий, илмий-ижодий соҳаларда ҳам катта тарихий воқеалар бўлмоқда. Жумладан, Бухорода “Мир Араб” олий мадрасаси, Самарқандда Имом Бухорий номидаги ва Термиз шаҳрида Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг очилгани ҳамда пойтахтимизда Ислом маданияти маркази ташкил этилаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Маълумки, диёримизда Ислом дини асрлар мобайнида чуқур ўрганилиб, тадқиқ ва таълиф этилиб келинган. Натижалари бутун мусулмон оламининг олқишига сазовор бўлган. Қуръони карим, ҳадиси шарифлар араб тилида бўлгани боис ушбу тилни халқимиз томонидан алоҳида  эъзозланган.

Аллоҳнинг каломи Қуръони карим араб тилида нозил бўлиши ва ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари шу тилда баён қилингани араб тилининг “икки дунё саодатига элтувчи тил” деб эътироф этилишига асос бўлди. Қуръони каримда:

وَالْكِتَابِ الْمُبِينِ  إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

яъни “Аниқ Китоб Қуръонга қасамёд этаманки, албатта, Биз уни сизлар англашингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик!”, деб баён қилинади (Зуҳруф, 2-3).

Шу боис, Қуръони каримни тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганишнинг аҳамияти жуда ҳам беқиёсдир.

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши сўзлаётиб, гапида хато қилади. Шунда Ул зот:

أَرْشِدُوا أخَاكُمْ فَقَدْ ضَلَّ

яъни, “Биродарингизни тўғри йўлга солиб қўйинг, батаҳқиқ у адашди”, деб сўзида хатони тузатишга буюрдилар.

Ривоят қиладиларки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларидан камон отишни яхши билмайдиган бир қавм ўтаётиб, арабчада хато гапирди. Шунда Ҳазрати Умар уларга танбеҳ бериб бундай дедилар: “Албатта, сизларнинг тилингиздаги хатоларингиз камон отишдаги хатоларингиздан кўра ёмонроқдир”.

Ана шундай ўгитларни доимо ёдида тутган имони бутун халқимизнинг араб тилига бўлган қизиқиши борган сари ортиб борган. Маълумки, араб лисонини ўрганиш ва ўргатишда луғатларга эҳтиёж сезилади.

Ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб араб тили ихлосмандлари рус шарқшунос олими Баранов тузган луғатдан фойдаландилар. Ушбу луғат икки ҳисса меҳнат талаб қилар эди: олдинига арабча сўзнинг русчаси топилиб, кейин русча-ўзбекча луғатдан ўша сўзнинг ўзбекчаси қидирилар эди.

Ниҳоят, ўзбек шарқшунослигининг таниқли намояндаси, Қоҳира араб тили академияси аъзоси, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори, академик Неъматуллоҳ Иброҳимов бошчилигидаги арабшунос олимларнинг меҳнат маҳсули ўлароқ 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олувчи “Ал-Қомус” деб номланган тўрт жилдли мукаммал луғат тузилди.

“Ал-Қомус” луғатини тузишда муаллифлар, аввало, Халил ибн Аҳмаднинг “ал-Айн”, Жавҳарийнинг “ас-Сиҳоҳ”, Ибн Манзурнинг “Лисон ал-араб” асарлари каби асл арабча манбаларга, замонавий луғатлар ҳамда инглиз, рус ва бошқа тиллардаги таржима луғатларига таянган. Луғатнинг тузилиши ҳам бошқа қўлланмаларга қараганда янгича, фойдаланишга ўта қулайлиги билан диққатга сазовор. Сўзларнинг маъноси янада равшан бўлиши учун берилган мисолларнинг соф арабча экани, мақол, матал, айниқса, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан намуналарнинг кўплиги кишининг завқини оширади. Берилган мисол ва иқтибосларнинг ўзбекча таржимаси ҳам ғоят нафис ҳамда аниқлиги тузувчиларнинг ишга қанчалар ихлос ва самимият ила ёндашгани, ўз ишининг нақадар пухта билимдонлари эканига яна бир гувоҳ бўлинади.

Муаллифларнинг узоқ йиллар давомида машаққатли, айни пайтда ўта масъулиятли ишни ўз зиммаларига олиб, илм аҳли, тадқиқотчилар, талабалару маърифат ихлосмандлари хизматига бундай катта ва мукаммал луғатни тузиб, нашр этганлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Ушбу луғат айни вақтида нашрдан чиқди. Чунки муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан араб тилида ёзилган маънавий меросимизни кенг кўламда таржима қилиш ишлари бошланди, диёримиз ҳудудларида ҳадис илми, калом илми каби илмий мактабларни очишга киришилди. Айниқса, мадрасаларимизда биринчи курс талабаларига араб тилини пухта ўрганиб, эркин сўзлашиш даражасига етиш тартиби жорий этилди. Ана шундай ишларда “Ал-Қомус” дастуриламал бўлади, иншоаллоҳ.

Диний идора ахборот хизмати

 

Эмлаш ғоясини биринчи бўлиб Женнер ва Пастер эмас, мусулмонлар таклиф қилган. Эмлаш техникаси Европага  1724 йил Истамбулда касалликнинг олдини олиш жараёнига Англиянинг Туркиядаги элчисининг хотини эътибор қилгандан сўнг кириб борган. Европаликлар  вакцинацияни (эмлашлар) ихтиро қилишидан 50 йил бурун Туркияда болалар чечакка қарши эмланган. 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Мақолалар

Top