muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойида жуда катта тарихий воқеалар содир бўлган.  Бу воқеалар Ислом динининг нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Бу ўринда ўша муҳим воқеаларнинг баъзиларини санаб ўтмоқчимиз:

  • Милодий 610 йили, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қирқ ёшларида Рамазоннинг Қадр кечасида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида илк ваҳий – Қуръони каримнинг Алақ сурасидан дастлабки беш оят нозил бўлди.
  • Рамазон шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мабъус (пайғамбарлик) мақоми берилди.
  • Буюк Бадр ғазоти. Бу ғазот Исломда “фурқон”, яъни, “Ҳақ билан ботилни айиргувчи” деб номланади. Бу уруш мусулмонларнинг устунлиги билан ҳижратнинг иккинчи йили 17-рамазон, жума кунида содир бўлган. Исломнинг ашаддий душмани бўлган Абу Жаҳл шу урушда ҳалок бўлган.
  • Ҳижрий 2 йили Рамазон рўзасини тутиш ва закот бериш фарз қилинди.
  • Макка фатҳи. Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг 10-куни Макка озод этилди. Бутпарастликка чек қўйилди. Каъбадаги бутларнинг барчаси ер билан яксон этилди.
  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то Рамазон ойи тугагунигача кечалари ҳазрати Жаброил алайҳиссалом билан учрашиб, Қуръони каримни тиловат қилиб берар, шу тарзда ўзларини имтиҳон қилдирар эдилар.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Табук ғазотининг бир қисми бўлиб ўтди.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Тоифдаги Соқиф қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб Исломга кирганини эълон қилди.
  • Ҳижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида Яманга Ислом кенг кўламда кириб келди.
  • Испаниянинг фатҳи. Ҳижратнинг тўқсон иккинчи йили Рамазон ойининг 28-куни (милодий 711 йили июль ойининг 19 куни) Ториқ ибн Зиёд раҳбарлигидаги шиддатли урушда кофирлар раҳбари бўлган Рузрик устидан ғалаба қозонилди. Сўнгра Куртаба, Ғурната ва Испаниянинг пойтахти бўлган Тулайтилия фатҳ этилди.

Манбалар асосида

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Воскресенье, 04 Июнь 2017 00:00

Сув, шамол ва ростгўйлик

Қадим замонда сув, шамол ва ростгўйлик дўст бўлишар экан. Бир куни сув билан ростгўйлик шамолдан сўрашибди: "Эй шамол, сен жуда тез учасан. Агар сени топмоқчи бўлсак, қаердан қидирайлик?" Шамол: "Мени тоғлар орасидан топасиз", дебди. Кейин шамол билан ростгўйлик сувдан сўрашибди: "Сен  жуда тез оқасан, агар сени қидирсак, қаердан топамиз?". "Мени абадий музликлардан изланг", дебди сув. Кейин шамол ва сув ростгўйликдан сўрашибди: "Ростгўйлик, сени-чи, агар қидирсак, қаердан топамиз?". Ростгўйлик дебди: "Мен кимнинг ёнида бўлсам, унда ажралмайман. Мени тарк этганларни ёмон кўраман. Агар мени йўқотган қайта топмоқчи бўлса, юрагининг тубидан изласин, лекин у ерга етиш жуда мушкул".

Эй одам, билгинки, ростгўйлигини йўқотган одамнинг қалби тоғлар орасидай чуқур ва абадий музликлардай совуқ бўлади.

 

Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хизмат сафари билан Андижон вилоятида бўлиб турибдилар. Бугун Муфтий ҳазратлари Асака туманидаги "Холид ибн Валид" жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларни муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, улар ҳақига эзгу дуолар қилдилар. Сўнгра, жамоат билан бирга таровиҳ намозини адо этдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор уламолари ҳам Андижон вилоятининг турли ҳудудларида таровиҳ намозларини ўқиб беришди. Жумладан, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Андижон шаҳар “Девонабой” жоме масжидида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов Андижон шаҳар “Имом Аъзам” жоме масжидида, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов Андижон шаҳар “Эски Гумбаз” жоме масжидида таровиҳ намозларини адо этиб, намозхонларни Рамазони шариф билан қутлашди.

Ўз навбатида андижонлик мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ва уламоларимизнинг ташрифларидан бағоятда мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан чуқур жой олди.

Бир сўз билан айтганда, бу йилги Рамазон ойи юртимизнинг барча вилоятларидаги жомелар сингари, Андижон вилоятидаги масжидларда ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Буни намозхонларнинг юз кўзида балқиб турган миннатдорчилик ифодасидан ҳам билиш мумкин. Қуйида уламоларимизнинг сафарларига оид фотолавҳаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Мақолалар

Top