muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 29 Ноябрь 2016 00:00

Тил одоблари ва уни сақлаш

Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Бу неъматларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири бу – тил (сўзлаш, нутқ) неъматидир. Берилган ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ керак бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган.

Аллоҳ таоло Ар-Роҳман сурасининг 4-оятида ҳам

لَّمَهُ الْبَيَانَ

Яъни: “Унга баённи (нутқни) таълим берди”, деб марҳамат қилган.

 Тил одоблари ҳақида, хусусан, уни фаҳш, беҳаё сўзларга эмас балки яхшиликка, тиловатга, зикрга, ибодатга Юртни, жамиятни, мўмин-мусулмонларнинг манфаати йўлида ишлатишга динимиз таълимотларида бод-бод такрорланган.

Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатлагувчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ҳадисдан ҳам тилни беҳаё фаҳш сўзларга ишлатмаслик лозимлиги маълум бўлади.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. У билан уришиш куфрдир”, деб марҳамат қилганлар. (Икки шайх ва Имом Термизий ривояти).

Анас (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради”, дедилар. (Имом термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳам кишилар тилни фақат яхши сўзларга ишлатиши лозимлиги келиб чиқади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): “Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ” деганлар. Яъни киши кўпроқ сукут сақлаб турса, соҳиби учун фойдалироқ бўлиши таъкидланмоқда.

Абу Дардо (р.а.): “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган” деб марҳамат қилганлар. Бундан бандалар тилларидан ҳар хил бўлар-бўлмас сўзлар чиқармасдан, балки кўпроқ эшитиб, фақат манфаатли сўзларни гапиришлари тушунилади.

Мухалад ибн Ҳусайн: “Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим” деганлар. Яъни кишилар узр сўрайдиган ишни, гапни айтишдан олдин ўша ҳолатни юзага келишидан эҳтиёт бўлишлари лозим бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшниси ва меҳмонини ҳурмат қилсин, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин” деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Инсоннинг бошига келадиган балоси, унинг тилидан келади” деганлар.

Луқмон Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: “Эй ўғлгинам, ким ёмонлик эгасининг суҳбатида бўлса, омон бўлмайди, ким ёмонлик кирадиган жойга кирса, туҳматланади ва ким тилига эгалик қилмаса, пушаймон бўлади”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Донишманднинг тили юрагигинг орқасида бўлади. Агар гапирмоқчи бўлса, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмасдан сукут сақлайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофида бўлади. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” деганлар. Яъни инсонлар гапирганда ҳам этибор билан, одоб, ахлоқ, динимиз таълимотларида келган тавсиялар ва кўрсатмаларга зид бўлмаган ҳолда сўзламак бу инсоннинг кўркидир. Аксинча бўлса, у инсонга зийнат эмас, балки кулфат олиб келади.

Ҳакимлардан марҳамат қилинади: “Жим туришлик (тилни сақлашлик)да етти минг яхшилик бор. Унинг ҳаммаси етти калимада жам бўлади. Ҳар калимада минг яхшилик бор”, деганлар.

  1. Жим туришлик чарчоғи йўқ ибодатдир;
  2. Безаксиз зийнатдир;
  3. Давлатсиз ҳайбатдир;
  4. Деворсиз қўрғондир;
  5. Бировларга узр айтишдан беҳожатдир;
  6. Яхшилик ва ёмонлик амалларни ёзувчи фаришталарга роҳатдир;
  7. Айблари учун беркитувчидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида Муоз: Эй Аллоҳнинг расули, менга васият қилинг деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) тилларига ишора қилиб, яъни тилингни сақлагил, деганлар. Муоз буни осон санаб, “Эй Аллоҳнинг элчиси, васият қилинг” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Онанг сени йўқотиб қўйсин. Одамларнинг юзлари билан дўзахга тушишларига сабаб тилларининг ёмонлигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Бундан кўринадики, инсонлар тилларини барча манфаатсиз сўзлардан сақламоқлари лозим экан.

Ҳасан Басрий айтади: “Кимнинг сўзи кўпайса, хатоси кўпаяди; кимнинг моли кўпайса, гуноҳи кўпаяди; кимни ҳулқини ёмон қилса, ўзига азоб беради” деди. Яъни гап-сўзи кўпайган инсон дунёда ҳам охиратда ҳа барака топмаслиги эслатилмоқда.

Аллоҳ барчамизни тилларимизни ёмон, фахш, беҳаё сўзлардан сақлаб, фақат Ўзини розичилиги мужассам бўлган сўзларни гапиришни насиб этсин. Умрларимизни охиригача тил одоблари ҳақида келган барча кўрсатмаларга, тавсияларга, таълим-тарбияларга амал қилиб ҳаёт кечиришдек бахтга сазавор қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин АХРОРОВ

Юртимиз имом-хатиблари бир неча йиллардан бери АҚШ, Россия, Украина ва бошқа чет эл мамлакатларининг таклифлари асосида халқаро анжуман, маърифий тадбирлар ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказишда иштирок этиб келмоқдалар. Юртимиз диний соҳа ҳодимларининг чиқишларини хорижлик мутахассислар юқори баҳолашмоқда. Бунинг эътирофини ҳар йили хориждан мамлакатимиз уламоларига бўлаётган таклифлар мисолида яққол кўриш мумкин. Масалан, Россия Федерациясининг Свердловск вилояти муфтиёти уламоларимизнинг бузғунчи ғоялар, хусусан, Ироқ ва Суриядаги жангариларнинг ботил ақидаларига берган раддияларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовни “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирлаган эди.

Ушбу анъанани давом эттириб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги имом-хатиблардан иборат делегация Свердловск вилоятига хизмат сафарига жўнаб кетганлари ҳақида аввал хабар қилган эдик. Шу кунларда делегация аъзолари Екатеринбург ва бошқа шаҳарлардаги тадбирларида иштирок этиб, аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш ва ботил эътиқодларга қарши кураш ишларида фаол қатнашаётганини Россия оммавий ахборот воситалари кенг ёритмоқда. Жумладан, Россия мусулмонлари ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, имом-хатибларимиз хизмат сафарининг дастлабки куни Свердловск вилояти мусулмонлари идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Абдул-Қуддусс Ашарин бошчилигида Урал тоғ-кон университети диншунослик кафедраси ўқитувчилар ҳамда диний соҳа ҳодимлари билан маънавий-маърифий тадбир ўтказдилар.

Россиянинг politsovet.ru интернет сайтида “В Екатеринбург прибыли имамы из Узбекистана. Всю неделю будут проводиться мероприятия по борьбе с экстремизмом” ва islamrf.ru интернет сайтида “Средний Урал и Узбекистан укрепляют духовные связи” каби сарлавҳаларда мақолалар эълон қилинган.

Шунингдек, ca-portal.ru интернет нашрида: “Имом-хатиблар бир ҳафта давомида Свердловск вилоятидаги масжидларда маърузалар қиладилар, Урал тоғ-кон олий ўқув юрти талаба ва мударрислари билан учрашадилар ҳамда маданий марказлар вакиллари, Свердловск вилояти раҳбарияти билан мулоқотлар олиб борадилар”, деб хабар берилган. Ушбу хабарда икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади. “Екатеринбургга Ўзбекистондан имом-хатиблар учинчи маротаба келмоқдалар”, дея бошланган маълумотда биринчи сафар 2015 йил “ИШИД фитнаси” китоби тақдимотлари ўтказилгани, иккинчи сафар имом-хатиблар 2016 йил февраль ойида халқаро конференцияда қатнашганлари баён этилган. Ўз навбатида Свердловск вилоятининг делегацияси аъзолари ҳам Тошкент шаҳрига ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорликни равнақ топтириш мақсадида мулоқотлар ўтказилгани қайд этилган.

Ўзбекистон делегациясининг Свердловск вилоятига сафари 2016 йил 1 декабргача давом этади.

Моҳира ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Вторник, 29 Ноябрь 2016 00:00

Икки юзламачилик...

Одамларнинг энг яхшиси бор ҳолича кўринади ва кўринганидай бўлади. Самимият, одамларга меҳр-оқибатли бўлиш ҳам асли шудир. Ёмон одам икки юзли, икки тилли бўлади. Бир тили ширин гапиради, бир юзи билан гўё дўст бўлиб кўринади. Узоқлашса, иккинчи юзидан заҳар томади ва тилидан ғийбат ёғилади. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  бундайларни: “Одамларнинг энг ёмони” деганлар. Бундай кимсалар одамлар орасини бузади. Иғво, ғийбат тарқатадилар. Бир кун дўст бўлиб кўринади. Иккинчи кун душманлик қилади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни ҳоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасизку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 12).

Демак, уларнинг оғир азобга дучор этилиши, қиёматда ҳам оловдан икки тили, оловдан икки юзи бўлишини айтилган экан, ундай кимсалардан узоқ юрган одам тинч, саломат ва хотиржам бўлади.

 

Ҳ. ХОЛБОЕВ,

Бекобод тумани

“Улуғбек”жоме масжиди имом-хатиби

 

Понедельник, 28 Ноябрь 2016 00:00

Конституция – жамиятнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига йигирма турт йил тўлди. Истиклолга эришгач, мамлакатимиз тараккиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуклар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади.

Асосий Конунимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Чунки бундай даражадаги ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш, қабул қилиш ва унча-мунча тасаввурлардаги ишлардан ҳам масъулиятлироқ ва мураккаброқки, буни англаш учун биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрларини яна бир бора ёдга олиш ўринли: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Асосий Қомусимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халкимиз тафаккури ва ижодининг махсулидир".

Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг конуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз истиқлолга эришди. Нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.

Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинди. Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ муҳокамасидан ўтганидан кейин, 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида буюк воқеа бўлди. Унга биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунга асосан диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди. Мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлиги, диний бағрикенгликка асослангандир.

Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада, асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, маънавий меъросни ўрганиш, аждодларимиз

қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тарққиёти учун қудратли куч-омил бўлди.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ... Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди ", деб алоҳида таъкидланган. Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Ватанимизнинг биринчи Президенти бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимйзга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар ўртасида, айниқса, хеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада, баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар бахонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёд бўдган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огох бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хисса ва хизматларимизни кўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Одилжон Нарзуллаев, «Жомеъ» жоме масжиди имом-хатиби

Понедельник, 28 Ноябрь 2016 00:00

Диний бағрикенглик – барқарорлик омили

Шу йил 24 ноябрь куни Бухоро Тиббиёт институти талабалари, 25 ноябрь куни эса Бухоро Давлат университети талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларда  Бухоро Проваслав черкови, Рим католик черкови вакиллари ҳамда Бухоро  вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев иштирок этиб, ўз фикр мулоҳазалари билан  ўртоқлашдилар.

М.Нуруллаев ўз нутқида: “Ислом дини аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни,  ислом аҳлига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган диндир”, дея эътироф этди.

 Шунингдек, Ўзбекистон заминида қадим замондан Ислом дини билан бошқа  динлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб, бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшиб келгани, ҳозирда республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувлик билан истиқомат қилиб келаётганини таъкидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

Мақолалар

Top