muslim.uz

muslim.uz

Среда, 23 Ноябрь 2016 00:00

Ҳаракатда баракат...

Ҳар бир нарсага эришишда озми-кўпми меҳнат талаб қилинади. Инсон Худога таваккул ва дуо қилиб, ризқ талабида ҳаракат қилса, албатта, ноумид қайтмайди, меҳнатлари бесамар кетмайди, иншааллоҳ.

Биби Марям билан бўлган воқеа ҳақида фикр юритсак, бу ҳаққиқат кўз ўнгимизда янада равшанроқ намоён бўлади. Марям онамиз Исони (алайҳиссалом) дунёга келтирар эканлар, бир томондан қавмдошларининг иғво ва ғийбат қилишларидан қўрқиб, бошлари оққан томонга юрсалар, яна бир томондан тўлғоқ азобларидан қийналиб, ўта аянчли бир аҳволга тушган эдилар. Шу тариқа юриб-юриб, қуриган ёки мевасиз бир хурмо дарахтининг тагига келиб қоладилар. Ундан уёғига юролмайдилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) орқали Марямга бундай амр қилади: «Мана шу хурмо дарахти танасини силкитгин, у сенга янги хурмо доналарини ташлар!» (Марям, 25).

Муфассирлар сўзига кўра Марям онамиз шу тобда эндигина кўзлари ёриб, Исони (алайҳиссалом) дунёга келтирган ва ўта заиф ва бемажол ҳолда мазкур дарахт танасига суяниб ўтирган эдилар. Аллоҳ таоло у кишига каромат тарзида ҳалиги мевасиз хурмо шоҳларида сархил пишган меваларни пайдо қилади, шундоқ ёнларида эса зилол сувли ариқчани жилдиратиб оқизиб қўяди.

«Мана шу хурмо дарахти танасини силкитгин, у сенга янги хурмо доналарини ташлар деб буюради. Одатда дарахт танасини қимирлатиб, мева тушириш учун катта куч талаб қилинади. Шу боис, одамлар дарахтни пастидан эмас, тепа тарафидан, бирор нарса ёрдамида ёки шох тепасига чиқиб силкитишади. Лекин Марям онамизга нифос вақтидаги дармонсизлик ҳолатида токи олдига мева тушиб, улардан ейишлари учун дарахтни силкитиш талаб қилинди. Ҳолбуки, мевасиз дарахтда бир зумда шиғил меваларни пайдо қилиб, дарахт остидан бир онда булоқ чиқариб берган Зот ўша меваларни Марям онамизнинг шундоқ кафтларида пайдо қилишга ҳам қодир эди. Бироқ ундай қилмасдан дарахтни силкитишга буюради. Бунда нима ҳикмат бор? Бунда бирор натижага эришиш учун сабабларни ишга солиш, қандайдир меҳнат қилиш лозимлигига ишора бор. Инсон ҳеч бўлмаса, ниманидир «силкитиши» керак, қандайдир ҳаракат қилиши керак, ана шунда ҳаракатига баракот берилади, иншааллоҳ. Лекин «олма пиш, оғзимга туш» қабилида ётаверса, тайёр нарсадан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Мазкур қуръоний қиссада жуда катта ибрат ва сабоқ яширинган. Ҳаракат бир сабаб, берувчи эса Аллоҳ таолодир. Бу Аллоҳнинг фоний дунёдаги қонуни. Лекин инсон ҳеч қандай сабабни ишга солмай, ҳатто дуо ҳам қилмай, ҳаракатсиз ўтираверса, нима учун Аллоҳ айнан ўша дангаса ва эркатой бандаси учун табиий қонунларни бузиб, мўъжиза кўрсатиши керак? Аллоҳ бунга мажбур эмас. Ахир Марям онамизга ҳам каромат тарзида берилган мевалар шунчаки берилмади, эвазига дарахтни силкитиш, таъбир жоиз бўлса, бир оз меҳнат қилиш талаб қилинди. 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Среда, 23 Ноябрь 2016 00:00

Ҳарамайнда супер Ой кўриниши

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 ноябрь, душанба куни супер Ой кўриниши номли ноёб табиий ҳодиса юз берди.

Барчамиз ушбу жараённи завқ билан кузатдик. NASA ходимларининг айтишича, 14 ноябрь куни Ой Ерга 1948 йилдан буён энг яқин масофага яқинлашди. Кейинги сафар бунақа ёрқин Ой фақат 2034 йилда кузатилади.

Бу ажойиб кўринишни дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилувчи фуқаролар тарих сафиҳаларига муҳрлаб қўйишди. Жумладан, мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳлари бўлган Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг масжидлари – Масжиун Набавий ва Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаром ҳам ёрқин Ой тасвири фонида суратга олинди. Қуйида суратларни томоша қилиб, завқланинг:

  

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

2016 йил 22 ноябрь куни Жиззах вилоятида фаолият юритаётган масжидлар имом-хатиблари иштирокида анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси давлат маслаҳатчиси ўринбосари А.Ахмеджанов ва Ўзбекистон Республикаси Президент девонидан Ш.Исломов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Йиғилишда юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бунда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифасига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, анжуманда неча-неча авлиёлар, олиму фозилларга бешик бўлган ана шундай жаннатмакон юртни ҳар хил хатарлардан асраш, айниқса, уламолар, имом-хатиблар доимо жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши лозимлиги таъкидланди. Анжумандан сўнг, М.Қаюмов Пахтакор туманидаги “Ҳидоят” жоме масжиди ва Мирзачўл туманидаги чегара ҳудудда жойлашган “Тожиддин ўғли Абдулаҳад ота” жоме масжидида намозхонлар билан учрашди.

ЎМИ Ахборот хизмати


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                                                                                          

18 ноябрь санасида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар билим юртида “Буюк ва муқаддассан, Ватан!” мавзуида ўқитувчи Хуршида Усмонова 1-курс талабаларига мустақиллик дарси ўтди. Унда барча ўқитувчилар иштирок этишди. Талабалар “Тинчлик” ва “Тараққиёт” гуруҳига бўлинишди. Дарс мустақиллик неъматини қадрлаш учун, аввало, мозийга назар ташлаш, бу йўлдаги қийинчиликлар батафсил баён қилинди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ватан эрки, халқ фаровонлиги учун кўрсатган жонбозликлари жонли мисоллар ила изоҳланди.

Сўнг мустақиллик йилларида эришган ва эришиб келаётган ютуқларимиз, хусусан, спорт, фан, маданият, таълим, иқтисод, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳалардаги марраларимиз слайдлар орқали намойиш қилинди. “Билар эдим. Билмоқчиман. Билиб олдим” технологияси асосида талабаларнинг фикрлари, мустақиллик шарофати туфайли эришган ютуқларимиз, дарсдан олинган фойдалар сўралди. Сўнг икки жамоа гуруҳ бўлиб, мавзу юзасидан тест, муаммоли вазият топшириғини бажардилар. Тараққиётнинг ўзбек модели ва унинг аҳамияти санаб ўтилди. Мустақиллик ҳақида видеофильм намойиш этилди.

Бундан ташқари, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти талаба қизлар амалиёт ўташ учун билим юртига ташриф буюришди. Амалиётчилар Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ, араб тили, сийрат, маънавият каби фанлардан билим юрти ўқитувчиларига бириктирилди. Қизлар маъҳадда олган билимларини янада мустаҳкамлаш учун ўқитувчилардан керакли тавсия, маслаҳатлар олмоқдалар. Амалиётчилар маърифий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, маънавият фан ойлиги учун “Маънавият юлдузи”,  байроғимиз қабул қилинганлигига 25 йил тўлгани муносабати ила “Давлатмиз рамзлари” шиори остида тадбир ўтказишди.

Зиёда АЛМЕДОВА,

билим юрти ўқитувчиси

 

Дубай шаҳрида умумий қиймати 272 млн АҚШ долларини ташкил этувчи Муҳаммад бин ал-Мактуб номли янги кутубхона қурилади. Ушбу кутубхона араб давлатларидаги маданий соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар ичида энг йириги ҳисобланади.

Ушбу кутубхонани қуриш лойиҳаси 2016 йилнинг бошида Дубай амири ва БАА бош вазири Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум томонидан имзоланган эди. Унга кўра, янги кутубхонанинг умумий майдони 650 минг квадрат метрни ташкил этади. Бир йилда ўртача 42 миллион кишини қабул қилиши кутилмоқда. Кутубхона фондидан 4,5 миллиондан кўпроқ китоб ўрин олади, шундан 1,5 миллионтаси босма, қолганлари эса аудио ва тасвирли китоблар бўлади. Китобхонлар ушбу имкониятлардан тўлақонли фойдаланишлари учун саккизта алоҳида махсус заллар қурилиши режалаштирилган.

Муҳандисларнинг айтишича, кутубхона биноси очиқ китоб кўринишида бўлади. Шунингдек, кутубхона ичида музей ва турли иншоотлар бўлади. Бу ерда ҳар йили 100 лаб маданий тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Хабарда айтилишича, ушбу кутубхонани қуришдан кўзланган асосий мақсад, ёшлар орасида китоб ўқишни кенг тарғиб қилиш ҳамда араб тили ва маданиятини сақлаб қолишдир.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кутубхона 2018 йилда китобхонлар ихтиёрига топширилади.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

Мақолалар

Top