muslim.uz

muslim.uz

Фото: ЎзА

2017 йил якунларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази “Global Go To Think Tank Index Report” дунёдаги тадқиқот ва таҳлил марказлари йиллик рейтингига киритилди. 

2018 йилнинг 31 январь куни дунё “ақл марказ”ларининг энг нуфузли рейтинги ҳисобланувчи «Global Go To Think Tank Index Report» тадқиқот ва таҳлил марказлари рейтинги эълон қилинди. Мазкур ҳисобот Пенсильвания университети (АҚШ) томонидан 2008 йилдан буён дунё миқёсида ҳукумат ва фуқаролик жамияти “ақл марказ”ларининг ролини ўрганиш ҳамда уларнинг салоҳиятини ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Таҳлилий марказлар ва фуқаролик жамияти” дастури доирасида мунтазам тайёрлаб келинади. 

Рейтингни тузиш жараёнида 7815 та “ақл марказ”ларининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинган. Унда турли номинациялар тақдим этилган бўлиб, улар, ўз навбатида, 4 та асосий гуруҳга бўлинган. Рейтинг TACTSP Global Think Tank Database маълумотлар базасига киритилган 62 мингдан ортиқ нуфузли экспертлар, журналистлар, сиёсатчилар ҳамда иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар соҳаси мутахассислари ўртасида ўтказилган сўров натижалари асосида тузилган. 

Ўтказилган сўров натижаларига кўра Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” маркази, “Америка сиёсати миллий жамғармаси”, Нидерландиянинг “Интеграция ва жамият илмий платформаси” каби қатор нуфузли институтлар қаторида “2017 йилнинг янги ташкил этилган энг яхши “ақл маркази” номинацияси бўйича элликталик рейтингида эътироф этилди. Ушбу номинацияда сўнгги 24 ой давомида ташкил этилган ва илғор хорижий тажриба ҳисобланадиган “ақл марказлари” кўриб чиқилди. 

Ушбу рўйхатга, қоида тариқасида, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун конкрет таклифлар ишлаб чиқадиган, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришларга жамиятнинг ўз ҳиссасини қўшишига ёрдам берадиган ҳамда давлатнинг дунёга юз тутишида фаол иштирок этадиган “ақл марказлари” киритилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз фаолиятини бир нечта йўналишларда олиб боради. Марказ, авваламбор, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиш ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот бериб боради. Шунингдек, турли форум, анжуман, жамоатчилик муҳокамалари ва ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали давлат ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ўрнатишга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, марказ Давлат дастурида кўзда тутилган ислоҳотлар амалга оширилишига кўмаклашиш мақсадида хорижий ва халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилади. 

Марказ мутахассислари қонун лойиҳаларига мунтазам экспертлик хулосаларини тақдим этади, Ҳаракатлар стратегияси доирасида таҳлилий маърузалар тайёрлайди, шунингдек, аҳоли фикрлари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижасида давлат дастурлари лойиҳаларига таклифлар киритадилар. 

Маълумот учун: “GlobalGoToThinkTankIndexReport” тадқиқот ва таҳлил марказларининг йиллик рейтинги “Экспертлик-таҳлилий марказлар ва фуқаролик жамияти” дастури доирасида 2008 йилдан буён эълон қилиниб келинади. Ушбу рейтинг минтақавий ва глобал сиёсий институтлар ҳамда ҳамжамиятлар тармоғини яратиш имконини беради. Бу эса жамият ҳаётининг турли соҳаларида рўй бераётган сиёсий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга ҳамда дунё миқёсида демократик ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Сўнгги йилларда Европа сиёсий стратегиялар маркази, Сиёсий тадқиқотлар институти (АҚШ), Алибаба ақл маркази (Хитой), Европа халқаро муносабатлар маркази, Америка тараққиёт маркази сингари дунёнинг етакчи институтлари “2017 йилнинг энг яхши янги “ақл маркази” номинациясида энг яхши ақл марказлари сифатида эътироф этилган эди.

Манаба: http://uza.uz

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида жорий йил 26—27 март кунлари ўтказиладиганАфғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик ва минтақавий алоқалар соҳасида ҳамкорлик» халқаро анжумани очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани сўзга чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ маълум қилди.

Анжуманда иштирок этиш учун БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамота, Европа кенгашининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Федерика Могерини, шунингдек Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари таклиф қилинган.

Форум қатнашчилари Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларсиз тўғридан-тўғри музокараларни тез орада бошлаш зарурати ҳақида фикр билдириши кутилмоқда.

Конференция якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.

Манба: https://daryo.uz

Кавказ мусулмонлари идораси раиси,
шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жаноблари!

Муҳтарам шайхулислом ҳазратлари,

2 март куни Озарбайжон Республикаси Боку шаҳрида рўй берган ёнғин натижасида кўплаб одамларнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида чуқур қайғу билан хабар топдим. Шайхулислом ҳазратларининг ҳамда дўст ва қардош озар халқининг ушбу қайғусига ўзбек халқи, айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси чин қалбдан шерикмиз.
Жаноби Ҳақ ҳеч бир ўлкага ва миллат халқининг бошига бундай мусибат солмасин ва қайғу-аламли ҳодисаларни кўрсатмасин. Жаноби Ҳақдан юртларимизни самовий ва арозий бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўраб қоламан.
Ушбу муносабат билан мўмин-мусулмонларимиз ва жамоа аъзоларим номидан Сиз ҳазрати олийлари орқали дўст ва қардош озар халқига чуқур қайғуларим билан биргаликда таъзияларимни билдириб қоламан.
Ушбу қайғули офат оқибатида вафот этиб раҳмати раҳмонга эришганларга, Жаноби Ҳақдан раҳматлар, мусибатли хонадон аҳлларига ва барча яқинларига сабру жамил тилаб қоламан.

Биродаримга энг эзгу тилаклар ва юксак эҳтиром ила,


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий Усмонхон АЛИМОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 06 Март 2018 00:00

Никоҳ маросимидаги бидъатлар

Никоҳ маросимидаги бидъатлар

ёхуд ғарбдан кириб келаётган урф-одатларга кўр-кўрона тақлиднинг салбий натижаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Жуфт-жуфт бўлиб истиқомат қилишимиз учун эркак ва аёл қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, шаръий йўл билан оила қуриб, ҳамжиҳатликда яшашимиз учун Аллоҳ таоло нозил қилган ҳукмларни бекаму кўст етказган икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.

Халқимиз ўз ҳаётини тўйсиз тасаввур қила олмайди. Демак, ҳар куни бўлаётган тўйлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, десак хато қилмаган бўламиз.

Аслида бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларга тўй қилиш борасида кўрсатмаларни бериб борганлар. Жумладан:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ فَقَالَ: مَا هَذَا قَالَ: يَا رَسُولَ الله إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ قَالَ: بَارَكَ اللهُ لَكَ أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб: 
«Бу нима?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у. «Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Бизни ташвишга солган ва сўз юритмоқчи бўлган мавзу мазкур тўйлар ҳақидаги тушунчани суиистеъмол қилиб, ундан душманларимизнинг усталик билан фойдаланиб қолишидир.

Қандай қилиб, дейсизми?

Буни тушунишимиз учун, тахминан, 80 йил орқага назар солишимиз керак бўлади. Инқилобидан кейин секин-асталик билан туб аҳолини ўзлигидан, маданиятидан, миллийлигидан ва динидан айириб, тарихини унутган, у ҳақда қизиқиши ҳам йўқ бўлган тайёр хизматкор, итоаткор қул ва чўриларга айлантириш сиёсати амалга оширила бошланди. Бу худосизлар тузумининг узоқ йилларга мўлжалланган, пухта режалар билан мустаҳкамланган асосий ғояларидан бири эди.

Биз сўз юритмоқчи бўлган никоҳ тўйлари ҳам уларнинг мазкур режаларини амалга ошириш учун жуда ҳам қулай ва жуда ҳам тез натижа берадиган имконият эди. Шўролар бу имкониятдан унумли фойдаландилар.

Биринчидан, никоҳ тўйларини тунда ўтказишни жорий қилдилар.

Иккинчидан, бу тўйда келин-куёвнинг бевосита иштирок этиши таъминланди.

Учинчидан, тўйда эркак ва аёлларнинг биргаликда, аралаш ҳолда бўлиши жорий қилинди.

Тўртинчидан, уларга русларни ўрнак қилиб, эркак-аёл биргаликда рақс тушиш одатини киритдилар.

Бешинчидан, мазкур ишларнинг барчаси кўнгилдагидек амалга ошиши учун даврани ўзларининг шаҳвоний куй ва қўшиқлари билан қиздириб турадиган санъаткорлар билан таъминладилар.

Олтинчидан, тўйларнинг вақтини чегараламай, балки тонг отгунгача давом этадиган қилдилар.

Еттинчидан, энг асосийси, зиёфатда солинган дастурхонлардаги ноз-неъматларнинг «кўрки» сифатида спиртли ичимликлар тортилди.

Бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Лекин шуниси ҳам етарли деб ўйлаймиз.

Натижа қандай бўлди дерсиз? Шўролар ўйлаганидан ҳам кўпроқ самара берди. Халқимиз бу бидъатларни чин қалбдан ва очиқ чеҳра билан қарши олди. Шунинг самараси ўлароқ, халқимизга: «Мазкур бидъатлар бизнинг миллий урф-одатларимиздан эмас, балки бизнинг маънавиятимизга, маданиятимизга, динимизга ёт нарсалар!» десангиз, улар сизга: «Бекорларнинг бештасини айтибсан, ота-боболаримиз шундай қилиб келишган», деб ёқа йиртиб талашадиган бўлиб кетдилар.

Бу борада ҳар қанча далил-исботлар келтирсангиз ҳам халқимизни асл ҳақиқатга ишонтириб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолдилар. Энг ачинарлиси, мазкур бидъат ҳали ҳануз ўз-ўзидан урчиб, халқимизнинг қон-қонига «ота-боболаримиз маънавияти» тарзида сингиб кетмоқда.

«Ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади», деганидек, мазкур ёмонлик ҳам кундан-кунга болалаб, кўпайиб бормоқда. Авваллари ушбу ёмонликни кўпайтириш учун шўролар жонбозлик кўрсатган бўлсалар, ҳозирда «оммавий маданият» ходимлари томонидан урчитилиб, юртимиз ёшларини ўз гирдобига тортмоқда. Қуруқ бўлмаслиги учун тунги базму жамшидларда пайдо бўлаётган баъзи бир ёмонликлардан мисол келтирамиз:

  1. Тасаввур қилинг, келин-куёв ҳашаматли тўйхонада шаҳзода ва маликалардек давра тўридаги тахти равонда ўтирибди. Уларни бу хурсандчилик билан табриклайдиганлар, муборакбод қиладиганлар сон-саноқсиз. Лекин нимадир етишмайди. Ҳа, тўғри топдингиз, фаришталар етишмайди. Келин-куёвни ўзларига ўхшаш инсонларнинг табриклари қониқтирмай қўйди. Тўғри-да, нима учун фаришталар келиб табрикламаслиги керак экан. Бу муаммо ҳам осонгина ўз ечимини топди. Ишбилармонлар тезда фариштадек бегуноҳ норасида қизалоқлардан «фаришта»ларни ясашди. Улар ўзларининг ноқис тасаввурларида фаришталарни қандай деб билсалар худди шундай қилиб ясашди. Ҳа, тўғри-да, тирикчиликнинг айби борми? Ҳаттоки, норасида қизалоқлар меҳнатининг эвазига бўлса ҳам. Халқимиз «мушук бекорга офтобга чиқмайди» деганларидек, сохта фаришталар ҳам бекорга саҳнага чиқмайдилар. Зотан, уларнинг ортидан мўмайгина даромадни кўзлаб тинмай меҳнат қилаётганлар бор. «Фаришталар»нинг ҳар бир чиқишлари тахминан 50-100$ туради!
  2. Тунги базми жамшид тугалланиш арафасида рақсга тушавериб тинкаси қуриган барча иштирокчилар хотима ўрнида келин-куёвни даврага тушиб, ҳамманинг кўз ўнгида бир-бирининг пинжига кириб рақсга тушишларини талаб қиладилар. Бу рақснинг алоҳида номи «вальс»дир. Бу аслида ғарбликларнинг машҳур рақсларидан биридир. Мазкур рақс халқимизга бегона бўлгани сабали уни келин-куёвлар билмасликлари аниқ. Лекин бунинг ташвишланарли жойи йўқ. Чунки уни ўргатадиган мутахассислар етарли бўлиб, уларнинг пулига чидасангиз бўлди.

Обрў керак бўлганидан кейин пулнинг юзига қарамайдиганлар кераклича топилади. Қарабсизки, бу иш ҳам битди. Келин-куёв сабр билан қимматли вақтларидан 2-3 ойни ажратсалар бўлди. Хизмат ҳаққи ҳам унчалик кўп эмас. 400-500$ бўлади, холос. Ҳа, нима қилибди, умрида бир маротаба бўладиган нарса-да, қарзга ботиб бўлса ҳам қилиши керак, ахир уларнинг бировдан кам жойи борми?

  1. Базми жамшидда келин-куёвларнинг никоҳ тўйигача бўлган вақт ичида нималар билан шуғуллангани, неча маротаба учрашгани, қайси истирохат боғларида айлангани, бозорларга бориб нималар харид қилгани, қандай қилиб танишиб, пинҳона учрашиб юрганларидан тортиб, қўйингки, барча майда-чуйда, икир-чикирларигача видео лавҳа қилиб, тўйхонада ҳаммага намойиш этиш одати ҳам пайдо бўлди.

Аслида, буларнинг барчаси ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти бўлиб, бу тўғрисида одамларга лавҳалар кўрсатиш пасткашлик, ориятсизлик ва даюсликдир.

Тўғри, бир неча йиллар олдин худди шунга ўхшаш ҳолат ойнаи жаҳон орқали алоҳида кўрсатув қилиниб, намойиш этилган эди. Кейинчалик бу бачканаликка барҳам берилганди ҳам. Лекин илдизи билан қўпориб ташланмаган, шекили, ҳозирда тўйхоналарда ўша иллат яна бўй чўзиб қолди.

  1. Тунги никоҳ тўйининг охирида келин саҳнада тўй иштирокчиларига тескари ҳолда туради, қўлида эса гулдаста. Орқасида бир гуруҳ ҳали турмушга чиқмаган қизлар саф тортиб туради. Келин гул дастани орқасига қарамаган ҳолда отади. Орқасида турган қизларнинг қайси бири гулдастани ушлаб олса, унинг бахти очилар эмиш!

Бу ҳам «оммавий маданият» номи ила ғарбликлардан кириб келган бир бидъат. Шу билан бир қаторда, ўлжани қўлга киритиш мақсадида қўйилган қопқондир. «Ваҳима қилмасангиз-чи, бунинг нимаси ёмон», дерсиз, эҳтимол. Тўғри, зоҳирий кўринишидан ҳеч қандай ёмонлиги йўқ, оддий хурсандчиликнинг бир кўринишига ўхшаб туйилади. Аслида-чи? Бир пайтлар турмушга чиқиш тўғрисида гап-сўз бўладиган бўлса, юзлари анордай қизариб, кўзлари ер чизиб қочгани жой топа олмай қоладиган Ўзбекнинг, Мусулмонларнинг ҳаёли, иболи қизлари ҳозирда бир неча эркак томошабинларнинг кўз ўнгида «Мен эрсираб қолганман», дегандек гулдастага ташланиши, тўғрими?

Балки бу одат кимларгадир фахр, обрўдир. Лекин бизларнинг миллатимизга эмас. Бизларнинг қизларимиз иймону ислом, дину диёнат, ахлоқу одоб, ҳаёю иффат ва ору номус билан безангандирлар. Ҳаттоки, улардан ўз оталари: «Фалончидан совчи келибди қизим, нима дейсан?» деб сўраганларида очиқчасига жавоб беришга ҳаё қилганлар.

Мазкур ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا فَقَالَ إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي يَذْكُرُهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا وَإِنْ كَرِهَتْ نَقَرَتْ السِّتْرَ فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқчи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, «Фалончи Фалонани зикр қилмоқда», деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар. Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Халқимиздаги «сукут аломати ризо» деган нақл ушбу ҳадиси шарифдан олингандир. Азизлар, бу маданият, маънавият, ахлоқу одоб, қизларнинг ҳаёси, иффатларининг қандай бўлганини томоша қилинг! Ўрганинг ва амал қилинг!

Мана азизлар, биргина бидъат бир неча маротаба болалаганининг гувоҳи бўлдингиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас! Мазкур бидъат болалашда давом этмоқда.

Энг ачинарлиси, унинг кундан-кунга кўпайиб боришига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар халқимиз ичидаги энг таниқли кишилар эканлигидир. Мазкур рўйхатнинг биринчи ва иккинчи ўринларида, албатта, ўйлаганингиздек хонандалар ва актёрлар туради (ҳозирги кунда бу икки тоифа аралашиб кетган).

Булар томонидан қилинадиган барча яхши ва ёмон ишлар халқимизга тезда етиб боради ва таъсир кўрсатади. Зотан, ойнаи жаҳон, матбуот ва кўпгина ахборот воситалари ҳам тинмай уларни ташвиқот қилишга хизмат қилмоқда. Лекин уларга бу воситаларнинг ҳам хизмати камлик қилмоқда, шекилли, ҳозирги кунда ўз никоҳ тўйларини ойнаи жаҳонда кўрсатишликнинг имконияти бўлмаганлиги туфайли алоҳида дискларга ёзишиб, уларни ноқонуний йўллар билан бўлса ҳам тарқатиш пайида бўлмоқда. Тўғрироғи, уларни «оммавий маданият»нинг жарчилари ҳамда ходимлари, десак адашмаган бўламиз. Бундан бошқа нима деб ҳам аташ мумкин?!

Мазкур иллатларнинг барчасини бошида илмсизлик ёки билсада унга амал қилмаслик турибди. Шу ўринда, билганлар учун эслатма, билмаганларга эса билиб амал қилишлари учун хулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифни нақл қилиб келтирамиз:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ، وَشَرُّ اْلأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٌ، وَكُلُّ ضَلاَلَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ واللَّفْظُ لَهُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар» (Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган. Насаийнинг лафзи).

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top