Мақолалар

Эслаганни эслар Аллоҳ
 

Бир неча ояти карималарда зикрга тарғиб этилган бўлиб, кўп зикр қилувчи­ларга мағфират ва улуғ ажрлар борлиги баён қилинган. Дарҳақиқат, Аллоҳни зикр қилиш энг улуғ неъмат ва хайрли амаллардан саналади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларга амал­ларингиз ичида энг яхшиси, Под­шоҳингиз (Раббингиз) ҳузурида энг мақ­товлиси, даражаларингизни энг юқо­рига кўтарувчи, тилла ва кумушни ин­фоқ қилишдан ҳам яхшироқ бўлган амалнинг хабарини берайинми?” де­дилар. Саҳобалар: “Ҳа”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таолонинг зикридир”деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти)

Банда қачон Аллоҳ таолони эсласа, ўша заҳоти Аллоҳ таоло ҳам уни эслайди. Парвардигорни фақат бошга мусибат тушганда эмас, балки тинч ва фаровон кунларда ҳам эслаш керак. Демак, Парвар­дигорнинг назарига тушишни истаган банда доимо Уни ёдида тутмоғи лозим.

“Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман...” Ушбу ояти каримани шарҳлаб Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Агар бирор қавм Аллоҳ таолони зикр этиш учун йиғилса, зикр ва тасбеҳлар айтса, Аллоҳ таоло уларникидан ҳам азиз ва улуғ жойда, яъни фаришталар даврасида уларни эслайди. Агар бирор қавм йиғилиб, у ерда Аллоҳ зикр қилинмаса, бу улар учун қиёматда ҳасрат бўлади” (Абу Лайс Самарқандий, “Баҳрул улум”).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Бандам Мени хослаб эсласа, Мен ҳам уни эслайман. Агар жамоат ўртасида эсласа, Мен уни улардан кўра яхшироқ бўлган жамоат орасида (яъни, фаришталар орасида) эслайман”, деган (Муттафақун алайҳ)

Аллоҳни эслаш фақат тилда зикр қи­лиш билан чекланмайди. Балки Унинг буйруқларига амал қилиш, тоат-ибодатларда бардавом бўлиш ҳам У Зотни эслаш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Мусо алайҳиссаломга: “Мени эслашинг учун намозни тўкис адо қил!” деб буюрган (Тоҳо сураси, 14-оят). Зеро, банда тоат-ибодат ва турли солиҳ амалларни адо этаётганда Аллоҳ таолонинг ризолигини исташи, ундан савоб умид қилиши билан Аллоҳни зикр қилган бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «“Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман” оятини: “Эй бандаларим. Мени таот-ибодат билан эсланглар, Мен ҳам сизларни мағфиратим билан эслайман”, деб тафсир қилганлар» (Имом Дайламий ривояти).

Аллоҳ таолони У Зотнинг неъматларини эътироф этиш билан ҳам эсланади. Банда ўзи баҳраманд бўлиб турган неъматларни кўриб фикр ва мулоҳаза юритса, уларнинг барчасини Аллоҳ таоло бераётганини тан олса, албатта, унга шукр қилади ва беихтиёр “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳга шукр” деган зикрлар тилига келади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда бандаларини зикрга буюриш билан бир қаторда “Менга шукр қилинглар, ношукрлик қилманглар”, деб шукрга буюрмоқда. Шукр одатда бирор инъом эвазига бўлади. Банда Аллоҳнинг беҳисоб неъматларидан баҳраманд экан, албатта, уларнинг шукрини ҳар қанча адо этса ҳам, озлик қилади. Ношукрлик, ҳаётдан нолиш иймони суст кимсага хосдир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларнинг икки дунёси ободлигига сабаб бўладиган икки муҳим нарсага чақирган. Биринчиси, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-­ибодатда бардавом бўлиш охират ободлиги учун сабаб бўлса, иккинчиси, неъматларнинг шукрини адо этиб, нон­кўрликдан сақланиш бу дунёнинг ободлигига сабабдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” деб ваъда берган (Иброҳим сураси, 7-оят).

Инсон умри давомида бошидан ҳар хил синовли кунларни ўтказади. Ана шундай оғир вақтларда мўмин банда учун мусибатларни енгиб ўтишга энг яхши ёрдамчи, бу – намоз ҳамда сабрдир. Дарҳақиқат, сабр туфайли банда Аллоҳнинг назарига тушади, Унинг ҳимояси ҳамда кўмагига ноил бўлади. Зеро, “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”.

“Баҳрул улум” тафсири асосида

Фарғона шаҳар “Нур” жоме

масжиди имом-хатиби

Жаҳонгир ТОШТЕМИРОВ

тайёрлади.

Read 876 times

Мақолалар

Top