Дунё янгиликлари

Халқаро Ислом академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали ўз фаолиятини бошлади

Нукусда Халқаро Ислом академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали мақомига эга бўлган муассаса шаклидаги Малака ошириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ томонидан Имом эшон Муҳаммад жомеъ масжидида имом-хатибларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил қилинган мазкур Марказда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги имом-хатиблар, ноиблар, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.

Диний соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ўқув-семинари олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва Муҳаммад ибн Ахмад ал Беруний номидаги ўрта махсус Ислом билим юртининг тажрибали ўқитувчилари томонидан ўқитилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг ушбу фармони билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2053 марта ўқилди

Янгиликлар

Top