Дунё янгиликлари

Грузия суди мусулмонларнинг ҳуқуқлари камситилганини тан олди

Грузиянинг Батуми шаҳри суди шаҳар маъмурияти маҳаллий мусулмонларнинг ҳуқуқларини камситганини тан олди. Бу ҳақда «Новости-Грузия» портали хабар (https://azon.uz/content/views/gruziya-sudi-musulmonlarning-huquqlari-k) бермоқда.

Гап шундаки, шаҳар маъмурияти мусулмонларнинг масжид қуришига рухсат бермаган. Суд қарорида мусулмонлар масжид қурмоқчи бўлган ҳудудда еттита черкаов қурилгани, бироқ шаҳар маъмурияти уларнинг ҳеч бирига қаршилик кўрсатмагани таъкидланган. Судьянинг фикрига кўра, шаҳар ҳокимлиги насронийлар ва мусулмонларга бир хил муносабатда бўлган деб бўлмайди.

Ваколатига кирмагани сабабли суд мусулмонларга масжид қуришга рухсат беролмаган. Суд қарорида айтилишича, шаҳар маъмурияти мусулмонларнинг мурожаатини қайта кўриб чиқиши зарур.

Батумида иккинчи масжид қуриш масаласи 2013 йилда кўтарилган эди. Шаҳардаги ягона – 1886 йилда қурилган масжид мусулмонларни сиғдира олмай қолган. Мусулмонлар янги масжид учун ер участкасини сотиб олган, бироқ шаҳар маъмурияти қурилишга рухсат бермади. Шундан сўнг улар судга мурожаат этишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2042 марта ўқилди

Янгиликлар

Top