Дунё янгиликлари

Россиянинг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғинда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оилаларига ҳамдардлик

Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар фуқароларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, аҳли оила нафақаси йўлида ҳалок бўлган ушбу йигитларимизнинг охиратлари обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган.
Мазкур ёнғинда вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз.
Ҳалок бўлганларнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз. Парвардигоримиз қурбонларни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, ортларида қолган аҳли байти ва фарзандларига сабру жамил берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

2899 марта ўқилди

Янгиликлар

Top