Дунё янгиликлари

Болгариялик профессор Исломни қабул қилди

София университетининг профессори Светан Теофанов мусулмон бўлди. Бунга Қуръон маъноларининг болгар тилига таржимасини тайёрлагани сабаб бўлди.

– Мен давлат буюртмаси билан Қуръонни таржима қила бошладим. Бундан мақсад мусулмонларга ёрдам бериш эмас, балки мусулмон давлатларига нисбатан сиёсат юритиш эди. Таржима бошлангандан сўнг бир муддат ўтиб давлат нашриёти ўз фаолиятини тўхтатди. Аммо мен таржимани ўз уйимда давом эттирдим. Аста-секин ушбу буюк китобни яхшироқ тушуна бошладим ва қалбим очилди”, – деди Светан Теофанов.

Олимнинг таъкидлашича, Аллоҳнинг инояти билан талабалигидан бошлаб араб тилига қизиқиб қолган. Бу унга нафақат илмий мартаба берди, балки ҳақиқатга йўл очган. Бу ҳақда олим бундай дейди: “Талабалигимда араб ҳарфи ва матнлари тартиби ёқиб қолганди. Бу муҳаббат умр бўйи давом этади, иншоаллоҳ. Бу тақдир. Ислом ҳаётимни бутунлай ўзгартирди. Ҳозир диним кўрсатмаларига амал қиляпман. Мусулмон камтар ва доно бўлиши керак. Буни менга Ислом ўргатди”.

Islamisemya.com хабар беришича, ҳозирда академик Светан Теофанов София университетида классик араб адабиёти, Қуръон ва ҳадисшунослик фанларидан дарс бериш билан бирга, тадқиқот ва таржимонлик фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2521 марта ўқилди

Янгиликлар

Top