Дунё янгиликлари

Булғорда Нақшбандия тариқати ва етти пир ҳақида монография нашр этилди

Булғор ислом академияси (Россия) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда Комилжон Раҳимовнинг «Хўжагон Нақшбандия тариқати ва етти пир» номли монографияси рус тилида нашр қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Фанлар академияси манбасига асосланиб.
Комилжон Раҳимов – тасаввуф илми бўйича етук мутахассис, олим ҳисобланади. Олим мазкур тадқиқотда тариқат асосчиси Хўжагон-Нақшбандийнинг ҳаёти ва фаолияти, Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган дастлабки етти пир ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил тўхталган. Шунингдек, тариқатнинг пайдо бўлиши ва тарқалиш тарихи, унинг ғоявий ва илмий асослари ҳақида аниқ, илмий асосланган тадқиқот натижаларини тақдим этган.
Тадқиқотчи, тариқатлар пайдо бўлишидан олдин, VIII – XI асрлардаги Марказий Осиё тасаввуф тарихи тўғрисида маълумот берган. Бу билан, Марказий Осиёда Хўжагон-Нақшабандия тариқатининг пайдо бўлиши тасодифий эмаслигини ва унинг тарихий асослари мавжудлигини исботлаб беради.
Фалсафа доктори Комилжон Раҳимовнинг ушбу монографияси маънавий-маърифий мерос борасида изланишнинг тарихий тажрибасини рўёбга чиқаришда, МДҲ мамлакатлари халқлари исломий меросининг кўп асрлик анъаналарини тиклаш ва ривожлантиришга ижобий ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Монография Марказий Осиё тасаввуфи Хўжагон-Нақшбандияга қадар бўлган даврда, Хўжагон-Нақшбандия тариқати (олтин силсила, Хўжагон-Нақшбандия тариқатининг пайдо бўлиши ва тарқалиши), етти пир (Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд) бобларидан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2123 марта ўқилди

Янгиликлар

Top